(11-qism)
Отаси Исмоилни қабристондан топган кундан эътиборан унинг ҳаёти яхшиланишга юз тута бошлади, аммо бу бир йилгина — отасининг вафотига қадар давом этди. Отаси ҳам онасидай бир уюм тупроққа айланди. Саниҳахоним, Исмоил ва Салима қолдилар. Уйни идора этиш мутлақ Саниҳахонимнинг ҳокимиятига ўтди.
Исмоил отаси топширган бошланғич мактабни амаллаб тугатган бўлса-да, ота-онали болалар учун бутунлай ёт бўлган қийинчиликларга дуч келди. Битта дафтар учун ҳам Саниҳахонимдан пул олишни истамаганидан Чорсуда тешиккулча сотди, бозордан қайтаётганларнинг юкларини уйларигача элтиб берди. Шундай йўллар билан тирикчилик қилишга киришди.
Мактабда ҳар кун истаганини олиб ейдиган бой болаларининг ёнида улардай овқатланолмас, лекин узун изтиробли ҳаёт тажрибаси ўзини тўқ кўрсатишга мажбур этиши шунга ўхшаш турмуш кечирганларга маълум.
Танаффусларда ўйнаб-кулаёган синфдошлари орасидан секин сирғалиб бир четга чиқиб, маҳзуиллгини кўрсатмаслик учун уларни томоша қилгандай бўлар, аслида онасининг қабри томондан эсаётган шамолдан кўксини тўлдириб нафас олар, кўзлари ёшланарди. Бу ҳолни кўрганлар нечун кўзи ёшли эканини, ўйинларга қатнашмаётганини сўрашарди. Исмоилнинг кўзига шамол туфайли тупроқ кирганмиш, шу сабабли ёшланибди. Балки кўриб чиқариш мумкиндир». Айни мақсаддаунинг кўзларига синчиклаб қараган синфдоши қанчалик тикилмасин, кўзида чангдан нишон кўрмасди.
Баъзан уни доим томоша қилаётган ҳолда кўрган синфдошлари нечун ўйнамаётганини билишни истардилар. Жавоб оддий: «томоша қилишни яхши кўраман, ўйнамоқни хушламайман». Баъзан бир жўраси уни кўлидан тутиб боғчанинг бошқа тарафига олиб ўтарди. Буни қасддан қилмасди. Шунчаки, айланиш учун... Лекин Исмоилнинг бир пасда боғнинг аввалги, ўзи турган тарафига ўтиб қолганини билмай қоларди. Қабристон тарафда лайдо бўлган булутлар унга ғалати завқ бағишлар, лекин у бу ғариб завқ табиатини тушунолмасди. Мактабдан қайтаркан, ҳар куни бўлмаса-да, ғамгин қунларида «қабристон томондан Чорсуга бориш кулайроқ экан», дея айланиб кетган бу боладаги нозик туйғуларни англайдиган бормиди? Ташқаридан юзаки қараганларга кўлида сумка кўтариб мактабдан чиққан, Тим тагидан ўтиб кетаётган бир бола. Лекин у қабристон эшигига яқинлашиши билан томоғига тугилган аччиқ туйғуларни, эгик бошини, муштдек, балки ғунчадек юрагида қўзғалган ҳаяжон тўлқинларию тошқинларни ва шуларнинг барчаси бир бўлиб кўксидан кўтарилиб келаётган йиғини босиш учун тишини тишига кўйиб туришларини англайдиган кимса борми?
Унинг бу ҳолини кўргувчи, бнлгувчи ёлғиз бир Борлиқ бор... Ҳар кимнинг ҳолини билгувчи, ҳатто кимсанинг ўзи учун-да махфий бўлган ҳар нарсадан хабардор Аллоҳдир. Ўзини бу ҳолда кўрса, нималарнидир сезадиган, унинг дардига ҳамдард бир инсон бор ёруғ дунёда... Бу инсон шу онда нималар қилаётган экан, ўзи қай ҳолда экан? Хабари йўқ. Орадан шунча йиллар ўтди, балки у ҳам унутгандир? Ёки кўрса танирмикин? Буни билмайди. Лекин Чорсуда, бозорда кезаркан ҳар аёлга эътибор берар, уни ахтарар, қайси маҳаллада, қай уйда эканини билишни истарди.
Бир кун тешиккулча сотаётиб бир дераза пардаси ортддан кўзга чалинган бир бош унинг ақлини шоширар даражада севинтирди. Ўша кундан сўнг бошидаги тешик-кулча солинган тахта билан кўчадан ўтаётган юз-қўли кир кулчачининг бошқа сайёҳ сотувчилар каби бақириб- чақирмаслиги Фотимахонимнинг диққатини нега тортмади? Эшик олдида ўйнаб юрган Одилага тешиккулча узатганда олмади. Балки бу онаси берган тарбия сабабли, балки сотувчининг юз- кўли қоралиги туфайлидир.
Исмоил нечун ўзини танитишни истамади, аксинча, юз-кўзини танимас ҳолга солиб, ўша кўчадан ўтишни афзал кўрди? Бунинг сабаби ундаги ғариблик, ёлғизлик туйғусидир. Балки Фотимахонимдан аввалги меҳрни кўрмас... Бу униумидсиз ҳолга бошларди. Балки таниса ичкарига таклиф этар, балки киришини бошқалар истамас ва у ҳам тез-тез келишдан уялар?! Ҳолбуки, танимасдан келиб-кетган бу кўчада унга аҳамият берган йўқ. Юз-кўли кир бир кулчачи... Ҳа келибди, ҳа кетибди, Кимнинг нима иши бор?!
Унинг иркитлигини кўрганлар кулча ейиш мақсадидан дарҳол воз кечардилар. Унинг эса парвойи фалак. Зотан, у бу тарафларга тешиккулча сотгани келаётгани йўқ-ку... Унинг ягона муддаоси дераза олдида ўтиришини Худодан ёлворган бир кимсасининг олдидан ўтиб, унга узоқдан, икки лаҳза бўлсин боқмоқ, унга яқинлашгач эса бош эгиб секин-секин узоқлашмоқдир.
Унинг эшиги олдида уймалашишга жасорати йўқ. Гўё таниб, чақириб қоладигандай. Унинг эшиги олдида бошқа кўчаларда бақиргани каби бақириш йўқ. Балки овозини бир неча йил олдинги Исмоилнинг товушига ўхшатиб юборар. Аммо қайғуга чўмган кечалари чиқиб шундоқ қабристон эшигигача ва ўша кўчагача келиш, бу кимсасиз кўчада кезиш, Фотимахоним босган излардан юриш, Фотимахонимнинг оёғи теккан остона ёнида туриш, уйқуга кетганида уйи олдида қоровуллик қилиш ҳоллари йўқ эмас эди. Бунга ким нима дерди?! Борми бунга монелик қилгувчи?!
Бир кун шу кўчадан ўтаётганда ўзидан кичикроқ бир бола тирғалди. Фотимахонимнинг қўшниси бўлгани учун уни авф этди.
Одилбекнинг дўконини билиб олди. Кўп вақт у ерда «балки уйига бирор нарса бериб юборар», деган умидда айланиб юрадиган бўлди. Кейин Фотимахоним таниб қолишини ўйлаб бу фикрдан воз кечди. Бошланғич мактабни синфда қолмасдан битирди. Аммо тирикчилик тўрларига банди этилганидан бундан буёғнга ўқиёлмасди. Зеро, ўқишни давом эттириш учун фақат истакнинг ўзигина кифоя қилмасди. Бунннг имкони йўқ эди. На ота-онаси тирилади, на Саниҳахоним тушунади. Тушунса ҳам ўқитишни хоҳлаши гумон эди, Тешиккулча билан қорин тўйдириб бўлмайди, шунинг учун бошқа бир иш қилиш керак деган ўйда эди.
Бир косиб қариндошига шогирд тушди, Уйдаги аҳволи билан солиштирганда, шогирдлик унга унчалик оғирлик қилмасди. У ердан тегадиган бир неча тийин унинг учун муҳим эмас. Касбни яхшироқ ўрганиш учун жон ҳолатда тиришар, Саниҳахонимнинг осилган қовоғи, тунд важоҳатидан кутуладиган кунларини хаёл этиб ишга киришарди. Устози намоз ўқшаса таёқ ейишини, иш учун урмаса ҳам намоз учун уришини аввалдан огоҳлантиргани сабабли ибодатни канда қилмас, уларда ота-онасини дуо қилишни унутмасди. Бу дуолар уларга фойда келтиришини, онасининг руҳи дунёда қолдирган етимидан борган ҳадя билан севинишини ўйлаб, бир оз бўлсада кўнгли роҳатланар эди. Баъзан орттирган бир неча чақаси билан бир фақирнинг кўнглини олмоққа чиқар, ота-онаси учун дуо қилишини сўрарди
Кунлар шундай ўтарди. Жомеъда Ҳусайиннинг хутбасини эшитиб изтироб чеқди, ҳавас қилди. Шундай бўлмоқни қанчалар истаганди. Балки Фотимахонимдай бир онаси бўлганда ана шу хутба ўқиган ўзи бўлиши ҳам мумкин эди. Жамоат чиқкунча кутди. Ҳусайин оёқ кийимини олмоқчи бўлганда Исмоил аввалроқ ҳаракат қилиб, тўғрилаб қўйди. Бу оёқ кийимларга Фотима онасининг ҳам қўллари теккан бўлиши мумкин. Зотан, унинг ўғли бўлишининг ўзи етарли эди. Унга қилинган хизмат, Фотимахонимга қилинган хизмат демакдир.
* * *
Боласига етарлича мол-мулк қолдирган, катта бойлик тўплаган ота ўзи яратишга масъул бўлган келажакни таъминлаган саналадими?
Инсоннинг руҳ ва бадандан пайдо бўлган бир мавжудот эканлнгини қабул қилган, унинг фақат оддий бир моддий борлиқ эмаслигини тан олганлар бу саволга ҳа деб жавоб беришлари мумкин эмас. Оқшом тушгач, ҳисобсиз мол-мулк устида бойўғлидек тунаганлар бунга мисолдир. Аммо боласини қолдирган молига, ундан ҳам муҳимроғи шахсига, нафсига ҳоким бўладиган одоб-ахлоққа ўргатганларга эътироз йўқ. Булар зурриётлари истиқболини таъминлаш йўлида илк қадам ташлаганлар, уларни боришлари зарур мўлжал, манзил сари йўллаганлар. Фарзандига таом ейиш одобини ўргатиш ўрнига овқатни ўзи едириб қўйган, велосипед ҳайдашни ўргатиш учун гўдагини велосипедга миндириб қиялиқдан пастга қўйиб юборган отанинг ҳаракатлари қанчалик хато бўлса, мулкни бошқаришни билмаган боласини бойлигага бошлиқ қилиб қўйиш ҳам шунчалик хатодир. Тўғри, бола йиқилиб-туриб велосипед минишни ўрганар, аммо у ўргангунича велосипеднинг мингулик ҳоли қолмайди. Отаси қолдирган бойликдан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмаганлар хушларини бошларига тўплашлари, қўлларидагини сочиб-совурмасликлари учун яна бир бойликка эхтиёжмандларки, бу бойлик осонгнна қўлга кирмайди. Бу: «Яна келин бўлсам, рўзғор тутишни ўрганардим», — деб иккинчи марта келин бўлишга кўз тутган тул хотиннинг ҳолатини эслатади.
Отанинг фарзандига қолдириши мумкин бўлган энг гўзал, қимматли мероси одоб ва тарбиядир. Бу ҳақиқатни билганлар, болаларини уриш ўрнига адаб хивичи билан тартибга чақиришади, интизомга келтирадилар.
Фотимахоним Ҳусайин, Одила ва Самиҳага нима бера олиши мумкин? Отасидан қоладиган катта бойликними? Йўқ. Ундана отасидан қоладиган бойликка, на бундай бойликнинг инсонга саодат келтиришига ишончи бор. Агар бойлик саодат дейилса, фақирлардан бадбахтроқ кимсалар бўлмасди. Фотимахоним эртага уларни жамият олдида ва Яратган ҳузурида уялмайдиган даражада тарбиялаб егаштирса, энг қимматли меросни қолдирган бўлади. Жамият авлодига, фарзандига мол-мулқ бойлик қолдирганларни муборакбод этмайди. Лекин уларни одоб-ахлоқсиз, виждонсиз қилиб етиштирса, танқид ва таҳқир этади.
Фотимахоним шунисига ишонади. Ишонгани учун ўғлини ҳақиқий ўғил бола, ҳақиқий фарзанд, қизларини ота-онасига гап теккизмайдиган тарзда ўстириш, тарбиялаш йўлидан боради. Бу осон йўл эмас. Акс ҳолда, ҳамманинг боласи ҳам ҳақиқий фарзанд бўлиб етишарди. Ҳамма ҳам қошиқ ясай олади, аммо фақат устасигина унинг сопини қоқ ўртасидан чиқаришга қодир. Барча аёллар ҳам Фотимахоним каби фарзанд тарбиялашнинг, уни ифтихор крлингудек бир тарбияга соҳиб қила олишнинг лозимлигига ишонмайди. Бир она боласи оч қолса касалланиши ва охир-оқибат нобуд бўлишига ишонади. Шу ишонч туфайли ҳар кеч, ҳар сахар уйқудан қолиб унга кўкрак тутади. Иссиқ тўшагини тарк эттирадиган, уйқудан кўз очолмайдиган, уйқудан тотли нарса бўлмаган пайтларда кўз очдирадиган бир туйғу ва ишонч бор — бу шафқат, «агар эмизмасам болам қийналади», деган ишонч. Бу ҳис, шу туйғу онани иссиқни-иссиқ, совуқни- совуқдемас-дан бола хизматига йўллайди. Фотимахонимнинг фикрича, бешикдаги бола сутга қандай эҳтиёжманд бўлса, бешикдан тургач тарбиягаҳам шундай эҳтиёжи бордир.
Тарбия ҳеч кимга ҳеч қачон зарар келтирмайди. кесилган дарахт меҳмонхонага киритилмайди.
У дарахт махсус дастгоҳларда қайта ншланиб, жиҳоз шаклида меҳмонхонага кириши мумкин. Тарбия ҳатто ҳайвонга таъсир кўрсатар экан, нечун у инсонни фариштага яқинлаштириб, улардан ҳам юксак мақомларга кўтармасин?!
Фотимахоним тарбиянинг аҳамиятига қисқача шундай изоҳ беради. Шунинг учун болаларининг дарс тайёрлашидан тортиб, то яхши ахлоқ соҳиблари бўлгунга қадар қўлидан келганича ғайрат қилишига шубҳа йўқ. Масалан, Ҳусайин «тайёрлайдиган дарсим қолмади», деб ўйинга берилганда шундай дерди:
— Отанг дўконни очиб, уч соат ишлаб кейин ёпиб, айланиб юрса, бўладими? — Она, дўкон ҳам ёпиладими?
— Нега ёпилмас экан?! Ахир уч соат ичида ўша кун тирикчилигига етгулик пул ишлаш мумкнн. — Мумкин, аммо бу билан иш битмайди. Эртага чиқадиган қўшимча эҳтиёжлар ёхуд дам олиш кунларидаги харажатлар учун ҳам ишлаш керак-ку.
— Баракалла, сен ҳам эртага бир мусулмон муҳтож бўладиган билимга ҳозирдан тайёрлан. Бир мусулмон учун бугунга қадар олган билимларинг етиб-етмаслигини ўйлаб кўр. Билим инсонга фойдадан бошқа нарса эмас. Ўғлим, ўйнамоқ ҳар кимнинг қўлидан келади, аммо ўтириб Аллоҳнинг қулларига Аллоҳга элтгувчи юлни кўрсатиш нияти билан ҳаракат қилмоқ ҳар ким бажара оладиган иш эмас. Инсон қанча ҳаракат қилса, баракати ҳам шунча, — деб Ҳусайинни дарс таерлашга ўтқизарди.
Бошқа кун дўконлардаги шогирдларни мисол келтиради. Уларнинг эртадан-кечгача тинмасликларини, ҳатто баъзан овқатланишга ҳам вақт тополмасликларини, уларнинг ҳам оналарининг жондек боласи эканини, ундан ортиқ, ё кам жойи йўқлигини айтиб, улар қандай ҳаракат қилсалар, талаба ҳам шундай қилиши кераклигини уқдиради.
Ҳусайин онасининг ташвиқи билан дарсларни синфдошларига қараганда яхшироқ ўзлаштирди. Мактаб дарслари тугаши билан маслагига алоқадор китоблар ўқир, баъзи нарсаларни дафтарига қайд этиб қўяр, онаси айтганидай бундан доим фойдаланарди. Баъзан бир синфдоши дарсга эмас, маслагига алоқадор савол бериб синфдошлари жавоб беролмаса, билганларини айтар ёки шу саволга дахлдор китобларни тавсия қиларди. Бошқа ўртоқлари каби дарс тугар-тугамас ўйинга чопмас, ўқир, дарсда жавоб бериш учун эмас, Аллоҳ ризоси учун, Аллоҳ қулларига ёрдамчи бўлайин деб ўқирди. Уйининг супуриб-сидирилишини Аллоҳ ризосига боғлаган, бундан дафтарига савоб битилишини умид қилган самимий онанинг ўғли бўлиш шуни тақозо этмайдими? Бир кун онасидан сўради:
— Она, уй супуриш ҳам Аллоҳ ризосига боғлиқми? Ҳамма нарса Аллоҳ ризоси билан изоҳланадими?
— Ўғлим, Аллоҳ покиза бўлганларни севади. Тозаликни амр этганини тушуниб, уйни супуриш нега унинг ризолигига сабаб бўлмасин?! — деб жавоб берди ва Ҳусайин қаноатланди.
* * *
Фотимахонимнинг Самиҳа ва Одилага муносабатини: бири ҳақиқий, бири ўгай бўлган, фақат ҳар иккиси ҳам ўзини ҳақиқий ҳисоблаган икки опа-сингил ва бир она деб тасвирлаш мумкин. Улар ҳамма болалардан фарқ қилишмасди ва Фотимахоним ҳам баъзан яхши, баъзан талабчан бўларди. Болалари орасида рақобат пайдо бўлмаслиги учун қилни қирқ ёргандек нозиклик ва эҳтиёткорлик билан адолатли муомала юритарди. Бу адолатли муомала туфайли ҳеч бирининг хаёлига «онам мени бошқалардан камроқ ёки зиёдароқ яхши кўради», — деган ўй келмайди. Агар кимнингдир қалбида шубҳа туғилса, бунга сабаб Одиланинг кўзлари бошқачароқ, Самиҳанинг кўзлари эса Фотимахонимнинг кўзларига ўхшашлиги бўлиши мумкин, ҳолос. Уларнинг мактабга бориб-келишлари ҳам Ҳусайинга ўхшаш тартиб-интизом ичида кечди. Синфдошларига ўрнак бўладиган тоза қиёфада ўқишларини давом этгирдилар.
Бу уйда икки қиздан бирига олинган кийимдан бошқасиники асло ортиқ ёки кам бўлмаслигига қаттиқ эътибор қилинарди, ҳеч қачон «Самиҳа кичикроқ-ку, унга мана буни олақолайлик», — деганга ўхшаш айирмачиликларга йўл қўйилмасди. Ҳатто Фотимахоним қизларига кўйлак тикишни бир кунда бошлаб, бир кунда тугатарди. Ҳеч қачон олдин бирини битириб, сўнг иккинчисини бошламасди.
Бу уйда кийимлари бир хил бўлган опа-сингил бор. Опа-сингилнинг аҳил яшашлари учун ҳар қандай шароит мавжуд, аксига хизмат қилиши мумкин бўлган нарса эса йўқ.
Агар Фотимахонимдек оналари бўлмаганда улар шу қадар осонлик билан аҳил яшай олармидилар? Фотимахонимдан бошқаси уйдаги ўгайлик масаласини шу хилда билдирмасдан ҳал этиши мумкинмиди?
Фотимахонимни ҳамма қатори оддий бир банда, унинг ишлари ҳам бир инсон қиладиган иш, деб қаралса, бошқа ҳар қандай аёл ҳам ақлини ишлатиб, иродасига ҳоким бўлиб, Аллоҳ розилиги йўлида унингдек бўла олишига шубҳа борми? Инсон виждонсиз бўла олганидеқ агар хоҳласа виждонли ҳам бўлиши мумкин. Ёмон иш қилганидек, яхши иш бажариши ҳам мумкин. Иродасига қул бўлганидек, ҳоким ҳам бўла олади. Қисқаси, бир ўгай онанинг етимларга ёмонлик қилганчалик яхшилик қилишга ҳам кучи етади. Яхши ўгай она бўлиш учун на осмондан тушишнинг, на замзамда ювинишнинг ҳожати бор. Аммо бирон аел акдидан кўра ҳисларига тобе бўлса, виждон азобига туширадиган гуноҳ қилишини ҳисобга олмайди.
Ўз фарзандини кечирган она, етим боласини авф этишга қодир эмасми? Фарзандини бағрига босган аёл оналигини исбот этса, етимни бағрига босган она иксонлигини исбот этган бўлур. Оналик юксак тушунча. Худди унинг каби яратилиш пайтидаёқ феълига сингдирнлган марҳамат ҳисобига у билан оналик мартабасида тенг мавқеда турувчи саноқсиз махлуқоту мавжудотлар бор, Етимни бағрига босиш эса улардан фарқимизни — инсонликни исботлаш демакдир. Бу мартабада инсонга тенглашадиган бошқа мавжудот йўқ. Ҳатто фаришталар ундан пастда, таъзим этган ҳолдадирлар. Яратилганларнинг энг шарафлиси инсондир. Инсондан бошқа барча махлуқлар ҳам ўз боласини бағрига босишда инсонга тенглашиши мумкин. Лекин ўз боласидан бошқасини шафқат ва марҳамат билан куча олиш фақат ннсонга хосдир. Ҳар қандай аёл она бўлиши мумкин, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам яхши ўгай она бўлолмайди. Чунки баланд тоғнинг энг юксак чўққисига чиқиш ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас. Она ўғил-қизидан ҳурмат кўриши табиий, у бунга ҳақлидир. Яхши ўгай онани ҳурмат қилиш эса уни билган ҳар бир кишининг вазифасидир. Оналик шафқати инсондаги очлик, чанқашга ўхшаш табиий ҳол. Боласига шафқатсиз ҳайвон ҳам деярли йўқ. Ўгай оналик эса иродани ишлатиш натижасидир. Ахлоқ 6у иродани яхши ва ёмон томонга қўллаш учун хизмат қилади. Аёл фақат она бўлганлиги учун жаннатга киришига ақл бовар қилмайди. Қандай она бўлганига қараб ва, айниқса, етимни ўз боласидай кўргани учун жаннатда пайғамбарлар билан бир қўлнинг ёнма- ён икки бармоғичалик яқинликда қўшни бўлиши ҳақида эса муждалар бор. Фотимахоним Самиҳага нисбатан қандай она бўлса, Ҳусайин ва Одилага нисбатан ҳам шундай она эканини ва инсон эканини исбот қилаолган. Ўн тўққиз ёшидаги қарорида қатъий турди, йиллар давомида қийинчиликларга қарши жасорат кўрсатди. Унинг учун бу болаларга яхши муомала қилиш осон, аксинча, ёмон муомалада бўлиш қийин. Унинг фикрича, оқибатда яхшилик келтирувчи қийинчилик заҳмат саналмайди. Бу дунёда хайрли ишлар учун чекилган барча заҳматлар сўнгги нафас билан барҳам топади. Етимларга соя бўлганлар у Кун сояда бўладилар. Етимлар соя бўладилар. Оналарининг нажотларига сабаб бўладилар. Фотимахоним излаган нарса мана шудир.
Ҳусайин Имом Хатиб мактабини етти синфини яхши битирди.
Бир кун Фотимахоним Хусайинни ёнига ўтқизди. Унинг нима тўғрисидадир махсус гаплашмоқчи эканлиги яққол сезилиб турарди. Одила ва Самиҳа боғда эди.
— Ўғлим, бугун сен билан Одила ва Самиха эшитишини истамаганим бир масалани гаплашамиз.
— Гаплашайлик она, марҳамат. Фотимахоним дона-дона қилиб сўз бошлади: — Бу йил ўн тўққизга кираяпсан, ўғлим. Болалигинг ортда қолди. Энди азамат бир йигит бўлдинг. Паст-баландни ўргандинг, яхшини ёмондан ажратадиган бўлдинг. Энди бир ҳақиқатни билишингни истайман. Йиллар давомида бу ҳақиқатни сендан, Одиладан ва Самиҳадан махфий тутдим, яшириб келдим. Менимча, бундай қилинишида фойда бор эди. Бугун эса бу ҳаққатнинг очилишида фойда бор деб уйлайман ва шунинг учун ҳам айтмоқчиман. Ҳусайин ташвишланиб тингларди. Фотимахоним давом этди:
— Бундан анча йиллар аввал бўлиб ўтган икки ҳрдисани эслайсанми, йўқми, билмадим. Бир куни: Бир аёл менга етимлигимни, онамнинг оти Хайрия эканлигини айтди», — дегандинг. Ундан кўзинг менинг кўзимга ўхшамаслигини эшитган экансан. Ўша кун отангдан менинг иккинчн исмим Хайрия эканини билгандинг ва масала ҳал бўлганди. Бир гал: «Самиҳанинг кўзлари бошқача, бизникига ўхшамайди», — деганингда, мен сенга отангнинг сочларининг бир қисми қора, бир қисми оқлигини кўрсатгандим. Буларни эслайсанми? — Бироз эслагандай бўляпман, она.
— Эслаёлмаслигинг ҳам мумкин. Аммо билишинг лозим бўлгани шулки, ўша аёлдан эшитганинг, ҳар қун ҳолам деб ҳаққига дуо қилганинг Хайрияхоним сенинг ва Одиланинг ҳақиқий, ўзингизнингоналарингиздир. Вафот этганига ўн тўрт йилга яқин вақт ўтди. Мен эса сизнинг ўгай онангизман, болам.
Хусайин ғалати бўлиб кетди. Кўз ўнгида юз-кўзи ўзиникига ўхшаш аёл пайдо бўлгандай бўлди. Фақат бошланғич мактабдаги сннфдоши етим Йилмаз хаёлида ундан аниқроқ гавдаланди. Демак, ўзи ҳам унга ўхшаш. Лекин унинг етимлиги билан ўзининг етимлиги орасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин? Фарқ эса ер билан осмонча. Айтгани икки бўлгани йўқ. Йилмаз чеккан жафолар эса, эҳ-ҳе... Нимаси ўхшаш бунинг?! Унинг онасидаги инсонийликдан узоқ феъл билан ўз онасининг фаришталарга яқин сифатлари орасида тоғларча масофа бор. — Она, ҳазиллашмаяпсизми? — Нега хазиллашай, ўғлим?! — Аммо, бизнинг нимамиз етимга ўхшайди? Самиҳанинг нимаси ўзингизникию, бизнинг қаеримиз ўгай?! Ўгай бўлсак шунча вақтдан бери билинмасмиди?! Сизнинг исмингизХайрия эмасми?
— Менинг асосий исмим Хайрия эмас, ўғлим. Бу уйга келгач, онангни Хайрия эканини эшитсанг, ҳайрону хафа бўлмагин деб ўзимга Хайрия деган иккинчи исмни олдим. Сизнинг ўгайлардай ўсмаганлигингизга келсак, отангга турмушга чиқишимнинг асосий сабаби сизнинг етимга ўхшамаслигингизни, яхши униб-улғайишингизни таъминлаш эди. Йиллар давомида сизни ўз зурриётим сифатида бағримга босиш, сизга етимликларингизни сездирмаслик учун кўлимдан келганини қилдим. Агар ўзим бехабар қусурларим бўлса, Аллоҳ кечирсин, сен ҳам менга буни англашим учун ёрдам бер, қўзичоғим.
Ҳусайиннинг қўзлари ёшланди, Бу онанинг ўгай эмас, ўз онаси бўлишини шу қадар истардики... — Энди нима бўлади, она? Бундан кейин биз ўгай бўламизми?
— Нега ўгай бўласизлар, ўғлим? Бугунгача сен ўзимнинг ўғлим эдинг, бундан буёғига ҳам шундай бўлади. Одила бугунга қадар ўз қизим эди, қизим бўлиб қолаверади. Бугун ушбу сирни хақиқий онасини танисин ва унинг ҳаққига дуо кдлсин деб очдим. Бутунгача ушбу вазифани мен бажариб келдим. Унинг ҳақига ҳар кун тиловат қилдим, дуо ўқндим. Истагим, бугундан бошлаб сен ҳам шундай қилсанг.
Фотимахоним бир-икки лаҳза нафас ростлаб, яна давом этди:
— Бугунга қадар буни билишингиздан бирон-бир фойда йўқ эди. Бўйни эгик, кўнгли синиқ бир етим сифатида улғаяр эдингиз. Балки мени она деб атамасмидингиз?! Хуллас, бундан ютқизадиган фақат сиз эдингиз. Шу сабабдан бугунга қадар бу сирни сизларга очмагандим. Одила яна бир неча Йил бу сирдан воқиф бўлмай тургани маъқул. Сен ҳам бу ҳакда унга ҳеч нима демай тур! Ҳозирча бунинг пайти эмас. Унинг билишидан ҳеч қандай фойда йўқ. Мана, сенга сўзлашни хоҳлаганларим шулардан иборат, ўғлим. Онангни тани ва унннг учун тиловат қил.
Хусайин таъриф этиш мушкул бир аҳволда қолди. Демак, қаршисидаги йиллар бўйи ўзларини гул каби етиштирган, балки исталган бир ҳақиқий онадан кўра анча-мунча кўпроқ меҳр кўрсатган бу хотин ўгай эди. Ақлини таниганидан бери яшаб ўтган ҳаётини кўз олдида жонлантирди. Масалан: Самиҳанинг Одиладан фарқли тутилган бирон ҳодисани эсламоқчи бўлди. Муомалалардан бирон-бир белги ахтарди, фақат булар ҳеч бир наф бермади. Мана ишониш мумкин бўлмаган икки хулоса: Ё бу хабар хато бўлиши керак ёки шунча йиллик ўгайлик даврида ўзни ўгайдан айирган, сохта ва ясама ҳаракатлар топилиши даркор. На униси, на буниси. Ўртада бир виждон бор эди ва бу виждонга ҳеч бир бўяб-бежашсиз олий даражадаги оналик меҳри, тарбияси кўрсатилгани маълум зди. Ҳусайин ўртадаги муносабатларда бирон-бир сохталик бўлганлигини айта олиши учун ёлғон сўзлаши лозим. Ўгай эканлигини бугун айтган онанинг исталган кимсанинг онасидан кўра хурматга лойиқроқ эканлигини жуда яхши тушунар эди. Ўз боласининг ўқиши, ёмонлар билан дўст бўлмаслиги, одамлар орасида уялмаслиги учун қай она бу қадар ғайрат қиларди?! Қайси онанинг қўлидан келарди бу иш?! Агар кўлларидан келса, ҳаммасининг фарзанди ҳам тарбияли бўлмасмиди?! Ўша куни дўконга борганда отаси ундан онаси билан баъзи нарсаларни гаплашган- гаплашмаганини сўради. Хусайин бор гапни айтиб берди. Сўнг ақлига келган бир саволни берди:
— Хўш, онам билан марҳум онамнинг қариндошлиги бормиди? — Йўқ, ўғлим. — Танирмиди? — Билмадим. Билганим шуки, кўпчилик ўз опа-сингилларининг етимларига ҳам бунчалик қарай олмайди. Кўпинча сизни урмоқчи бўлганимда, сизни ҳимоя қнлиб, мени уялтирган. Сизларга мендан кўра меҳрнбонроқ бўлди. Мен сабр қилолмаган, сабрим етмаган пайтларда у сабр қилди. Хаста бўлганингизда мендан кўпроқ куюнди. Сизлардан шикоят қилганини эслолмайман. Яхшилигини юзга солмади. Бугунги ҳолга келишингга, Имом Хатиб мактабида ўқишингга сабаб бўлган ҳам удир. Ўлган онанг сени туғди, сутини эмдинг, аммо сени шунчалар тарбия қила олармиди, йўқми, бунисини билолмайман.
Одилбек қанча йиллар давомида инсонийлик ва мурувватдан бошқа ҳаракатига шоҳид бўлмаган Фотимахонимнинг бир вақтлар Қуръони Карим ўқимоқни ўргатганини айтганида Ҳусайиннинг кўз олдида бу нурли сиймо юксалиб, ҳақиқин оналарнинг яхши жиҳатлари мужассам бўлган шараф тожини киярди.
Аср намозини бирга ўқигач, Одилбек ўғлига онасининг қабрини зиёрат қилишларини айтди ва йўлга тушдилар. Қабристон эшигидан киришаркан маҳзун қиёфали бир аскарнинг чиқаётгакини ва салом бериб узоқлашганини кўришди. Ҳусайин бу аскарни танигандай бўлди. Кейин хутба ўқиган жума қуни оёқ кийимини олиб келиб тўғрилаб қўйган йигитни эслади. Орадан тўр? йил ўтганди, шу пайтгача учрашиб қолишганларида сўрашиб-саломлашиб ўтишарди. Демак, аскар бўлибди.
Ҳусайин онасининг мозоридан ғамгин ҳолда кетмади дейиш инсофсизлик бўлар эди. Тўғри, Фотимахоним ўзига муносиб оналик қилди, аммо ўз онасининг лоақал юзини хотирлашни нақадар истарди. Зеҳни шу ўйлар билан бир муддат машғул бўлди. Унннг кўзлари намланди. Қайғурншнинг марҳумга фойдаси йўқлигини, унга раҳмат тилаш маъюсликдан, ғуссадан фойдалироқ эканини ўйлади.
Davomi bor...


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев