Гавжум бекатда уч-тўрт ёшлар чамасидаги қизалоқ еяётган ширин кулчасидан ушоқчалар тўкилаётганини сезмай қолди.
–Эш–шак!
Навбатдаги луқмани ютаётган гўдакнинг юз–кўзи аралаш тушган шапалоқ ва хунук ўхшатиш уни тиқилтираёзди.
Ҳаммани ўзига қаратган ва фарзандининг ҳолатидан қўрқиб кетган она, энди бечоранинг икки кураги орасига қаттиқ уриб, кўкараётган дилбандининг оғизчасига қўлини тиқди. Маникюрли бармоқлари билан каттагина чайналмани олиб ёнгинасидаги ахлат челакка ташлаб яна жавранди:
–Нафсини қурсин сани! Яқинда егандинку! Амакиларингдай очофатсана, ҳеч тўймайсан. Шу туришинг бўлса биринг икки бўлмайди.
Бола халқумга тиқилган бўлакдан халос бўлди чоғи қарғишга эътибор бермай ойисини маҳкам қучоқлаб, йиғлаб юборди.
–Қоч, ойи дема ! Минг марта айтдим–а санга, кўчада нон ейилмайди! Кўр бўлиб қоласан деганмидим? Йў, деганмидим? Кап-катта бўлиб қолдину, қилиқларинг хали ҳам ғалати. Қара, ҳамма жойни ушоқ қилибсан. Одамлар босишса қўшнимиз Назира холага ўхшаб кўзинг кўрмай қолади!
Болани обдон қўрқитгач, атрофидагиларга арзи–хол билан юзланди:
–Вой буларни қанақа тарбия қилишни ҳам одам билмай қолади-а? Уйдан чиқмасидан обдон тўйдирсанг ҳам кўчада кавшанишади...
Севалаб ёғаётган ёмғирдан қочган баланд-паст одамларнинг аксарияти онанинг гапини маъқуллади. Фақат кимдир болага икки дона конфет бериб овутгандай бўлди.
Ўша куни кайфиятсиз юрдим. Кўз ўнгимдан "нафси" туфайли тиқилиб, кўкарган, сўнг жавдираб йиғлаб юборган болакай кетмади...
Ишдан қайтаётганимда яна бекатда автобус кутишимга тўғри келди. Эрталаб кайфиятим бузилгани учун одамларга эътибор бермасликка харакат қилдим.
Аммо, мулойим бир сас мени диққатимни жалб қилмай қолмади.
–Вой асалим, қорнинг очиб қолдими? Юр, чеккароққа чиқайлик қўлингдагини **** оласан. Дўкончадан сув ёки шарбат ҳам олиб бераман.
Беиҳтиёр эътибор бердим. Қўлида оғирроқ халта кўтарган она ширин гапириб, тўрт ёшлардаги қизчасининг қўлидан ушлаб, бекат орқасидаги ҳиёбонга бошлади. Бу эрталабки ҳолатдан буткул фарқ қиларди.
Уни ўриндиққа ўтқазиб тиззасига дасрўмолча тўшаб, бошини силади. Ўн қадам наридаги дўкончадан болалар учун махсус, чиройли қадоқланган шарбат олиб келиб очгач, фарзандига берди.
Оралиқ масофада у қадар узоқ эмас унинг гаплари эшитилиб турарди.
–Асалим, ноннинг ушоғи ҳам нон. Энди очиқсанг¸ дарҳол менга айтгин. Четга чиқиб, қоринчангни тўйдириб оламиз...
Бир пасдан сўнг нимадир ёдига тушди чоғи бекатга қайтди. Боласи тўккан ушоқларни битта қолмай териб олгач, яна қизчаси томон ошиқди.
–Мана болам, ушоқчаларни териб олдим. Юр, бир четга тўкиб қўямиз. Чумолилар еса, сени дуо қилишади...
Анча пайт ҳиёбон четида қурт―қумурсқага илтифот кўрсатаётган она–болани кузатиб, кўнглим баҳор қуёшидай ёришиб кетди.
Муаззам Иброхимова
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1