Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Қисса
26-қисм
Қизалоқ хаёлларга кўмилиб қачон ухлаб қолганини ҳам сезмади. Эрталаб холасининг овозидан уйғонди.
— Эсинг киргандир, кўзинг очилгандир, дебман сени. Кимга ишониб шаҳарда яшамоқчисан? — шанғилларди холаси.
— Ўзимга. Мана, яшаяпман-ку!
— Бир ҳафта яшайсан, бир ой яшайсан. Эртага бозорнинг хўжайини билса, сени қўядими савдо қилгани? Индамай эринг билан кетавермадингми?
— Ўзим ҳам манзилни сиз бергансиз деб ўйладим.
— Қанақасига яшираман, ахир. Ҳалиям “дом”, уй рақамингни айтмадим. Эсимдан чиқиб қолибди дедим.
— Опа, энди мен у одам билан яшай олмайман. Кетишида нима деб кетганини биласизми? “Мунисани ўлдираман”, деди. Агар бормасам шундай қилармиш... Шундоқ ҳам Муниса ўлар бўлса, ўлиб бўлди.
— Қачондан буён қизингни ўйлаб қолдинг. Аввал хаёлингга ҳам келмасди-ку!
— Опа, энди Муниса бола эмас. Вояга етяпти. Икки-уч йилда совчи келади. Агар келса... Оиламиз бу аҳволдалигини била туриб биров сўрармиди? Ўзим ҳам уяляпман элдан. Ахир энди ёш эмасмиз...
— Шу ёшингда яна эрдан чиқиш ҳам уят... — борган сари холасининг жаҳли чиқарди. — Бозор ҳам вақтинчалик, қўшниларинг ҳам бир бугун ёрдам берар, эрта берар, кейин улар ҳам ўзи билан овора бўлиб қолади. Тинчгина уйингга кет. Отам ҳам ўйланиб ўтирибди. Кетдим, мен. Ишга кетаётгандим. Кириб ўтай дедим. Эсингни йиғ. Рўзғоринг ўйла. Болаларингнинг келажагини ўйла. Эртага қиз чиқариш, ўғил уйлаш бор. Бошингда эринг бўлмаса, қўлингдан ҳеч нарса келмайди.
Холаси жавраб-жавраб чиқиб кетди. Онаси эса ўйга толиб қолди.
— Ойи, уйга кетмайлик, — юрак ютиб деди Муниса. — Ўзим сизга ёрдам бераман.
— Бошимни оғритма, сенам! Ҳаммаси ўзи сени деб бўляпти... — ўшқирди онаси.
Муниса буни кутмагани учун чўчиб тушди. Бўғзига нимадир тиқилгандек бўлди. “Ҳа, ҳаммасига мен сабабчиман. Мен туфайли ойим калтак ейди, укаларим дадасидан йироқда. Мени деб дадам аламзада. Аммо менда нима гуноҳ? Нега ҳеч кимга керак эмасман!” У югурганча кўчага чиқиб кетди. Ортидан онаси ҳай-ҳайлаганча қолди. Қизнинг йиғлагиси, ичидаги бор алам ва қайғуни чиқариб ташлагиси келди. Аммо йиғламади.
“Йиғламайман! Ҳеч қачон йиғламайман! Яхшиси, ўзимни ўлдираман. Шунда ҳамма қутилади. Машинанинг тагига ўзимни отиб юбораман...”
— Муниса аянг бозорга кетдими? — майда-чуйда сотадиган кампир унга кўзи тушиши билан саволга тутди.
— Ҳали кетмади. Холам келиб қишлоққа кетинглар, деди.
— Балки, кетганларинг яхшидир? Оила дарров бузилиб кетадиган оддий нарса эмас. Муқаддас у. Онангга ҳам қийин. Сени ўйласа, ўғиллари тирик етим бўлади. Ўғилларини ўйласа, сенга озор етади. Онанг икки ўтнинг орасида. У томонга юрса ҳам ёнади, бу томонга ҳам. У бармоғини тишласа ҳам оғрийди, бунисини ҳам. Шунинг учун сен онангга ёрдам бер. Кўнглига қара...
Ҳозиргина ўзини ўлдиришга жазм қилган Муниса бирдан фикридан қайтди. Ўзидан, аразчилигидан хафа бўлиб кетди.
— Ойим сиқилиб ўтиргандир, мен борай... — у шундай дея уйига югургилади.
Уйга кира солиб ўзини онасининг бағрига отди:
— Ойижон!
— Нима жин урди сени? — жеркиб берди онаси.
“Биламан, ойи. Мени ёмон кўрмайсиз, фақат ҳимоя қила олмаганингиз учун ўзингизни айбдор санайсиз. Шунинг учун мендан ўзингизни тортасиз. Сизни яхши кўраман...”
— Бозорга борайлик, кеч бўлиб кетяпти... — у дилидагиларни онасига айта олмади.
Бозорга бирга боришди. Онасининг умуман чеҳраси очилмади. Ўйчан ва ғамгин эди. Кутилмаганда “икки кундан кейин келаман”, деган отасининг кечки пайт яна йўлларида пайдо бўлиши эса...
— Кетасанми, ўласанми? — йўлини тўсди уларнинг.
— Энди бирга яшай олмаймиз, ажрашамиз. Шунча чидаганим... — онасининг гапи оғзида қолди. Отаси роса дўппослади. Дарров томошабинлар тўпланди. Ҳеч ким ажратишга ҳаракат қилмас, ғийбат авжига чиққанди:
— Биров билан ушлаб олган шекилли...
— Тўғри, айби бўлмаса бунақа калтак еб ўтирмасди!
Ким билсин, агар ижарачи хола келиб қолмаганида онаси хушини йўқотармиди?
— Бўлди-да! Ҳамма нарсада ҳам чегара бор. Ўлдириб қўясиз ҳозир. Одамлар ушланглар, бу эркакни! Нега мунча урасиз? Болаларингизнинг онаси-ку, бир нима бўлса ўзингизга қийин!
27-қисм
— Сиз бурнингизни суқманг! Болаларимнинг онаси бўлса, болалар билан уйимда ўтирсин! — бор овози билан бақирди отаси.
— Ажрашамиз, ажрашамиз, дедим-ку, — йиғлаганча деди онаси. — Шунақа тарзда яшаб бўладими? Айтинг, ўзингиз!
— Қанақа эркаксиз, боринг, кетинг! — яна аралашди ижарачи хотин.
— Сизга нима? Кими бўласиз, бунинг? Аралашманг, ишимизга! — бақирди отаси.
— Улар менинг уйимда. Бирор нима бўлса, менам жавоб бераман. Шундай экан, би-и-ир жўнаб қолинг-чи?
— Э-ҳа, уйнинг хўжайиниман денг. Унда сиз билан гаплашаман. Ўнг қулоғингиз билан ҳам, чапи билан ҳам эшитиб олинг, — отаси ўдағайлаб аёлга яқинлашди. — Бугун, қоронғи тушгунча уларни уйингиздан чиқариб юборасиз. Бўлмаса...
— Нима бўлмаса? Мени ҳам калтаклайсанми? — табиатан ўзи қўпол Муяссар опа беписанд қаради.
— Уйингизга ўт қўяман! Тушундингизми? Ўт қўяман! — тишланиб деди отаси.
Мунисанинг оёқларидан жон кетди.
“Нега дадам бунақа одам? Наҳот, бировнинг уйини ҳам ёқиб юборади. Ҳаммасига мен айбдорман. Энди мени деб Муяссар опа ҳам азият чекади...”
Йўқ, адашибди. Муяссар опа ўз ҳақини бериб қўядиганлардан эмас.
— Яхши, ўт қўйиб қаерга борасан? Мана, шунча гувоҳ олдида айтдинг, бу гапни. Агар уйимнинг деворидан бир чимдим тупроқ тўкилса ҳам сенинг ёқангдан оламан. Жавоб берасан! Нима, сенга шаҳар бедарвозами? — дадил гапирди у.
— Опа, бировнинг оилавий можаросига аралашманг! Урсам ҳам, уришсам ҳам хотиним ва болаларим. Ҳаққим бор, — отаси энди овозини пастлади.
— Ажрашаман, деяпти-ку! Кет, бор! Тинч қўй, буларни! Ҳозир милиция чақириб, маҳалланинг тинчини бузяпти дейман...
Бу гапдан кейин отаси сўкиниб нари кетди. Сўнг ортига қарай-қарай жўнади. Шу билан отаси бир ҳафта кўринмади. Улар учун яна тинч ва осойишта кунлар бошланди. Муниса ҳам, онаси ҳам анча хотиржам тортиб қолишган. Камол ва Жавлон эса ўйинқароқ. Гўё уларга қаерда яшаётганларининг фарқи йўқдек.
— Ойим бугун ҳам кеч келадими? — текис гилам устида машиначасини юрғизаётган Камол Мунисадан сўради.
— Ҳа, кечки пайт бозор яхши бўляпти. Ишдан қайтаётганлар роса мева, сабзавот олишяпти.
— Эртароқ келса, “парк”ка борайлик демоқчийдим. Биздан сал нарида бор экан. Қўшнимизнинг ўғли айтди.
— Ойим келса айтиб кўрамиз, — Мунисанинг гапи тугамай туриб эшик тақиллади. Камол ва Жавлон унга қўрқув тўла нигоҳ билан қаради.
— Дадам... — деди Жавлон кўзларини катта-катта очиб.
Мунисанинг ўрнидан туришга ҳам мажоли қолмади. Яна тақиллади ва асабий овоз эшитилди:
— Муниса?!
— Ойим-ку! — енгил нафас олди қиз. Югуриб бориб эшикни очаркан, онасининг авзойини кўриб, ғамга ботди.
“Дадам келганга ўхшайди. Бўлмаса бозордан бунча тез қайтмасди...”
— Шўримиз қуриб қолди, — тушкун кайфиятда диванга чўкди онаси.
— Дадам келдими? — хавотир билан деди Камол.
— Йўқ, бозор дарвозаси ёнида савдо қилишимга қўйишмаяпти. Мумкин эмас, дейишди. Қандай кун кўрамиз?
Онасига қўшилиб, уч бола ҳам чўкиб қолди.
— Энди шаҳарда яшамаймизми? — сўради Жавлон.
— Яшамаймиз, шекилли... — хўрсинди онаси.
Кечки пайт улар бобосиники меҳмонга боришди. Тўғрироғи, онаси маслаҳат солгани борган экан. Холаси яна қишлоққа қайтишга, ярашишга ундади. Тоғаси ҳам маъқуллади. Фақат бобоси жим ўтирарди. Онаси эса фақат битта гапни такрорларди:
— Озгина қўлланглар, шу ерда яшаб қолай...
— Нега бу гапга тушунмайди, а? — яна шанғиллашга тушди холаси. — Энди сен аразлайдиган, ажрашадиган ёшда эмассан. Ажрашадиган ҳолинг ҳам йўқ. Биттаси билан ажрашганинг етади.
— Опа, мен ҳам тинч яшашни истайман. Лекин, бўлмаяпти-ку! Анув куни келганда, Мунисани ўлдираман, деди. Сизга шунақа деса нима қилардингиз?
— Очиғини айтсам, Мунисани ўз отасиникига жўнат. Уларни ҳам билсин, танисин! Ўзинг уйингга бор. Мана, сенга тинч ҳаёт.
Мунисанинг кўзлари катта-катта бўлди. Наҳот, уни ўлган дадасиники юборишади? Ахир у ерда ҳеч кимни танимайди-ку!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8