Кибора
(7-қисм)
Қамоқхонада осмон тўртбурчак бўлади. Бу Бакир озодликка чиққач ҳис қилган илк туйғу эди.
Акалари уни тўғри қишлоғига олиб кетди. Тўй бўлди қишлоқда. Қўйлар сўйилди, элга ош тортилди. Аслида, аламлар унут бўлиши учун озодликнинг ўзи кифоя эди, аммо Бакир безовта эди. Қизларини кўргиси келар, Киборанинг хиёнатини бир лаҳза унутмаган эди. Гарчи ўзи талоқ қилган бўлса-да йигитлик ори уни тинч қўймасди. Акалари, опа-сингиллари ақл билан иш тутдилар.
—Энди Тошкентга борма. Шу ерда, ёнимизда бўл. Яхши бир қиз топиб уйлантирамиз. Оила, рўзғор қурасан, ҳаётинг изига тушиб кетади ҳали...
Йигит қизларини соғинарди. Аммо унинг учун шунча жон куйдирган, зиндондан қутқарган жигарларидан ўтиб кета олмасди ҳам.
—Биламан, қизларингни соғиняпсан,-деди акаси,-эртага Тошкентга бориб келамиз. Фақат энди пойтахтда қолмайсан. Ёнимизда бўласан!
Бакир акасининг шартига кўнди.
Аслиддин йўқ бўлиб кетди. Киборанинг қўнғироқларига жавоб бермас, уйга умуман келмасди. Энди йигитда таҳдидли хабарлар жўната бошлади. "Мендан осонгина қутуламан деб ўйлаганмидинг!" "Қараб тур, шармандангни чиқараман!" Кейин ялина бошларди. "Илтимос, лоақал ўғлингизга памперс билан каша олиб келиб беринг", " Сутим йўқ, музлаткич бўм-бўш, қачон келасиз! "
Йигит Кибора билан ўтган кунларига ачина бошлар, у йўқ юртларга бош олиб кетгиси келар, унга янги гўзал, бокира ҳаёт ваъда қилаётган Маъсуманинг сокин, тиниқ кўзларига асир эди.
Кейинги пайтларда ўзига таскин қидириб, масжидларга чиқар, негадир ҳўнг-ҳўнг йиғларди. Киборага пул элтиб бераркан, бошқа кўрмасликни истарди. У умр бўйи излаган муҳаббатини топгандек эди. Маъсума уни ҳар сафар ҳайратга солар. Орзулари, ҳаётга муҳаббати, яхши энергияси билан, чиройли орзулари билан йигит қалбини бахтга тўлдириб борарди. Аслиддин унинг олдидан бахтиёр қайтаркан, яқин ўтмиши эсига тушиб, ўзидан жиркана бошлар, хатоларини тузатиш ҳақида ўйларди.
Малика ҳар доимгидек дарсдан чиқиб, мактаб дарвозаси олдида синглисини кута бошлади.
Ана, узоқдан Маъмура кўринди. Опасини кўриб, қадамини тезлатди.
—Қорним очди,-деди синглиси келиши билан.
—Мен ҳам очқадим, тезроқ юрайлик, ойим нимадир пиширган бўлсалар керак,- руҳлантирди Малика сўнг давом этди.
—Биласанми, нима ўйладим? Бизнес бошламоқчиман. Синглиси индамай эшитиб кетарди.
—Битта ўртоғим кеча йигити билан кафега борган экан. Ёнига саватда гул кўтарган битта қиз келиб
— Севгилингизга гул ҳадя қилинг,-дебди. Йигит гулни олиб, пулини сўраса ўттиз минг сўм берсангиз, етади депти. Кўряпсанми, битта гулдан 20-25 минг фойда қиляпди. Бир дона атиргул нари борса, беш минг бўлади!
—Зўр ғоя! Мен ҳам ёрдамлашаман!
Опа-сингил бора-боргунча тушадиган фойда ҳақида, пули кўпайса нима қилиши ҳақида гаплашиб кетдилар. Уйларига яқинлашганда қора машинада ўтирган, кўзойнак таққан бир одам булар томонга қараб кела бошлади. Қизлар қўрқиб, қадамини тезлатди.
—Малика! Маъмура!
Бу овоз жудаям таниш эди. Қадрдон эди. Малика беихтиёр ўгирилди. Қора кўзойнагини қўлига олган киши....
—Дада, дадажооон! Югуриб кетди!- Малика.
—Дадаааа! Қучоғини очиб борди Маъмура ҳам.
Икки қизини баравар қучоқлаган Бакир кўз ёшларини тиёлмасди.
Қизларини машинага солиб, емакхонага олиб кетди.
—Қаерда юрибсизлар? Соат неча бўлди? Кибора қизларини шундай кутиб олди.
—Ойи, дадам келди,-деди Малика, кейин ҳаммасини гапириб берди. Отасининг шу куниёқ қишлоққа қайтиб кетганини ҳам эълон қилди.
Кибора йиғлади. Пешонасининг шўрлигидан ўкинди. Аслидинни қарғади.
—Отанг яхши одам. Чиққани яхши бўпти,-деди охири...
Шу куни Аслиддинга "Бугун ўғлингни уйингга олиб бораман!" дея таҳдид қилди. Пинагини бузмади, жавоб ёзмади йигит сўнг қорасини кўрсатмай кетди.
Бир куни Манфаат яна ижара пулини сўраб келди.
—Ўғлимни қуда қилдим, бой жойга қуда бўляпман. Ҳамма ижара пулларини йиғиб беринг. Келинимга сарпо қиламан,-деди аёл, Киборанинг чопқиллаб юриб кетган ўғлига тикилиб. Пичоқ бориб суякка қадалган эди.
Кибора боласини аёлнинг қошига олиб борди
—Биласизми, бу ким? Бу—сизнинг набирангиз!
(8-қисм)
—Аслиддиннинг ўғли. Мен кимман биласизми? Ўғлингизнинг аёлиман. Беш йиллик хотиниман Бу—менинг уйим. Керак бўлса, сиз чиқиб кетинг!
Манфаат анқайиб қолди. Кейин болакайни итариб юбориб, важоҳат билан Киборага ўшқирди
—Ол ҳароми ўғлингни. Сен ифлос оғзингга қараб гапир. Туҳматчи! Ўғлим келиб-келиб сендай турқи совуққа уйланадими? Башарангни қара мендан ҳам қарига ўхшайсан.
—Ёқмаса ҳам шу!
Манфаат унинг башарасига туфлаб юборди
—Йўқол уйимдан, ҳозироқ бўшат уйимни! Сенга бериб қўядиган ўғлим ҳам, уйим ҳам йўқ.
У аёлни кўчага судрамоқчи бўлди, аммо кучи етмади. Ўзи ҳарсиллаб, диванга ўтириб қолди.
Кейин ўғлига телефон қилди. Ажабо, Киборанинг қўнғироқларига бир ойдан бери жавоб бермаган йигит онасининг чакириғига биттада "Лаббай" деди.
—Манави исқиртни бугуноқ уйдан қувиб чиқармасанг, берган сутимга розимасман!
Кейин ўрнидан туриб, ғолибона юриб чиқиб кетди. Йўқ, остонага етганда мункайиб кетди. Оёқ кийимини топа олмай қолди. Малика жуфтлаб бергачгина кийиб, эшикдан чиқиб кетди.
Кибора уввос солиб йиғлар, қизларнинг юрак-бағри эзилар, қисматидан ўксир эдилар.
Малика ўзини тутиб олди.
—Ойи, мен дадамга айтаман, бизга уй олиб берадилар. Мен гул сотаман, сизни ўзим боқаман, кетайлик шу уйдан. Илтимос, ойижон. У аёл милиса олиб келиб қувмасидан кетайлик... Ўзим боқаман сизни. Энди катта бўлдим, ойи...
Маликанинг гапига фаришталар "Омин" деган эканми, Бакирнинг ўзига тўқ жигарлари шу икки қиз учун шаҳардан икки хоналик уй олиб бердилар. Уй Маликанинг номига расмийлаштирди.
Қизларнинг омади чопди. Эрталаб улгуржи нархда гул сотиб оладилар. Кечқурун уларни бир донадан саралаб, безакли қопчиқлар кийдириб, шаҳарнинг энг машҳур ресторанларига олиб борадилар. Бахтиёр жуфтликларнинг қошигп бориб, йигитларга севгилиси учун гул ҳадя қилишини сўрайдилар. Ҳеч ким рад этмайди. Баъзи кунлари уч юз—тўрт юз минг фойда қиладилар. Пулларни йиғадилар. Отасининг қизлари-да, барибир, меҳнатдан қочмайдилар.
Бакир ҳам қишлоқда фермерликни йўлга қўйиб олди. Уйланди. Қўшни қишлоқлик ёши ўтиб қолган шифокор қиз тақдирига ёзилган экан.
Қизлар пул тўплаб, етмаганини отасидан олиб ойма ой тўлаш шарти билан "Дамас" сотиб олдилар. Бир пайтлар Кибора олган ҳайдовчилик гувоҳномаси мана энди асқотди. Ўғлини боғчага жойлаб, ишга киришиб кетди. Энди у тонг саҳардан машинасига ўтирар, гулчилар хонадонидан, улгуржи бозорлардан сара гулларни ҳарид қилар, қизлари билан уларни доналаб қадоқлаб чиқар, тушда ҳам, кечаси ҳам энг машҳур емакхоналарга саватини тўлдириб кириб борар, барча гуллар сотилиб кетар, бир кунда бир миллионлаб фойда қиларди.
Кибора меҳнатнинг роҳатини ҳис қилгач, ўзини хор қилган кунларига ачина бошларди. Пули кўпайган сари ўзига ишонч ортиб борар, янада кенгроқ қатламни эгаллаб олишга тиришарди. Ресторан эгаларини ҳам қуруқ қўймас, ҳаммасини жойида ҳал қилиб кетарди.
—Бугун уч га бўлинамиз. Малика сен Юнусободдаги турк ресторанларига борасан, Маъмура сен Олмазордаги ресторанларга тарқатасан. Қолганини ўзим эплайман. Телефонда хабарлашиб турамиз!
Ишчан аёл қиёфасига кирганди у.
Охирги мўлжаллаган, пештоқига "Муҳаббат ошиёни" дея ёзилган ҳашаматли ресторанга кириб кетар экан чарчаганини ҳис қилди. Оёқлари чалишиб кетаётгандек эди. Ана, бурчакдаги столда қўш кабутардек чуғурлаб чиройли жуфтлик ўтирибди.. У саватини ерга қўйиб, ичидан яшнаб турган бир дона алвон атиргулни қўлига олди.
Йигитга узатар экан табассум қилди
—Севгилингизга гул ҳаля қилинг..
Йигит унга ялт этиб қаради.
Ранги оқариб кетди. Кибора сал довдирагандек бўлди, аммо ўзини тез қўлга олди
—Гўзал севгилингизга гул ҳадя этинг!
—Ҳа, албатта! У жонҳолатда гулга қўл узатди.
—Эҳтиёт бўлинг, тикони бор-а!-деди Кибора.
Кейин қизга қараб
—Бахтли бўлинг, синглим, —деди.
Аслиддин чўнтагини титкилай бошлади.
—Шарт эмас, мендан совға-деди, сўнг кибор аёллардек шаҳдам юриб хонани тарк этди.
(9—қисм)
Ирмоқлар дарёларга, дарёлар денгизларга қўшилиб боравераркан, умр ҳам сув мисоли оқиб ўтиб кетади.
Кибора бирин-кетин қизларини узатди. У қизларга шунчалик суяниб қолгандики, ёлғизлиги билиниб қолди. Улар кетгач, баракаси ҳам учди. Бакир қизлари учун элга ош берди, ҳеч кимдан кам қилмай уўатди. Аёли иккинчисига ҳомиладор экан катта ўғлини етаклаб эрининг ёнида турди.
Киборанинг ҳаваси келарди унга.
Қизлар қандай тез узатилган бўлсалар, шундай тез уйга қайтиб келдилар.
Кибора шундагина ёшлик чоғлари йўл қўйган хатоларини эслади.
Хаёлига бот-бот ҳофизнинг
"Бахтсиз бўлади қизи
Аёл қилса хиёнат" деган сатрлари келадиган бўлди. Қани ҳаётини ортга қайтара олса!
Қизлари ҳам аввалгидек ишчан эмас, ҳаётдан совуб кетган, соатлаб телефон титкилаб ўтирарди. Кейин келишиб олгандек бир кечада иккиси ҳам чет элга чиқиб кетдилар. Ман бир неча йилки улардан ном-нишон йўқ эди. Қаерда? Ким билан? Нима иш қиляпдилар? Дарак йўқ!
Ёшлик зувиллаб ўтди-кетди. Кибора элликка кирмай тўшакка михланиб қолди.
Кечаси билан емакхоналарда гул сотиб чарчади. Бир ҳафта бўлдики, қаттиқ ишлаяпди. Ўша куни кечаси деярли ухламади. Тонгда буюртма қилган гулларини олиш учун "Дамас"га ўтирди. Йўлда ўз- ўзидан кўзи илиниб кетаверди. Эсида қолгани баланд чинқириқ ва ағдарилиб бораётган машина....
Ҳаммаси тугади.
Ўғлини уйлантирадиган ёшида соғлиғи ҳам, ҳоли ҳам йўқ эди. Ўша Бакир олиб берган икки хона уйнинг шифтига термулиб ётаркан бир куни ўғли ўзидан ёши катта жувонни етаклаб келди.
—Бу-келинингиз,-деди у. "Хайрият, ўзи хотин топибди", — ўйлади Кибора аввалига.
Келин келин эмас бало чиқди. Оёқ қўли қимирламай қолган Кибора унинг илтифотига муҳтож эди. Кун бўйи бир қошиқ оби ёвғон илинжида кўзлари мўлтираб ётарди. Ўғлининг иши тайинсиз, бунинг устига ҳамма бахтсизлиги учун тинимсиз ва шафқатсиз тарзда онасини айбларди.
Аслиддин Маъсумага уйланди, аммо узоқ йиллар фарзанд кўра олмади. Ўша йиллар бир сабаб бўлиб ўғли борлиги, аввалги ҳаёти ҳақида аёлига гапириб қўйди. Маъсума кетиб қолди. Негадир эрини кечира олмади.
Аслиддин яна икки марта уйланди. Бу сафар ҳар иккала оиласидан ҳам фарзанд кўрди, аммо аёлларининг бири онаси билан чиқиша олмай кетган бўлса, иккинчисини хиёнат устида ушлаб олди Кўп тавба қилди йигит. Гуноҳлари учун садақалар берди. Ҳаётини изга солишга кўп уринди... Ҳамон Яратганнинг марҳаматидан умидвор яшайди у.
Аллоҳ меҳрибон. У ҳеч кимга зулм қилмайди, аммо инсонлар ўзларига ўзларига зулм қиладилар.
" Оққан дарё оқаверади" деганларидек Бакирнинг ишлари яна ривожланиб кетди. Учта ўғли бирин-кетин ёнига кирмоқда. Ўзидек ғайратли, аёлидек меҳрибон улар.
Бу—синовли дунё. Меҳрибон Аллоҳ ўзининг Саттор сифати билан гуноҳларимизни яшириб бораверар экан инсон зоти кимлигини унутиб қўяди.
Дунё ва Охиратда зарра қадар яхшилик ҳисобга олинганидек, зарра қадар ёмонлик ҳам жазосиз қолмайди.
Ҳикоя реал воқеалар асосида ёзилди, ким учундир ибрат бўлган бўлса, кимдир бироз бўлса ҳам мушоҳада қила олган бўлса мақсадимизга етибмиз.
Доно халқимизда "Ким қилмағай, шул топмағай" деган пурҳикмат мақол бор. Аллоҳ ҳар биримизни ўзининг муҳаббатига ошно қилсин.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Уларда қалблар бор, лекин улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, лекин улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, лекин улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179)
Сабр билан ўқиганингиз учун, ташаккур
(тугади)
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8