Давлат департаментига кўра, 2016 йилда Эрон, Конго Демократик Республикаси, Миср, Непал, шу жумладан, Ўзбекистон ватандошлари 2000 тадан кўп виза олишга муваффақ бўлган.
Полиция 31 октябрь куни бир ўзбек иммигрантини қўлга олди. У ижарага олинган юк машинасини велосипед йўлагидан ҳайдаб, 8 кишини бостириб ўлдирганлик ва яна кўп кишиларни ярадор қилганликда айбланмоқда. Трамп ўша қонли воқеага муносабат билдираётиб, зикр этилган талабни қўйди.
Ҳокмият идоралари вакилларига кўра, 29 яшар Саипов 2010 йили Иммигрантлар учун виза лотереясини ютиб олиб, АҚШда яшаш учун қонуний тарзда кўчиб келган.
Ҳужум содир бўлмасидан анча аввал ҳам демократ, ҳам республикачи парламент аъзолари ушбу дастурдан воз кечиб, унинг ўрнига иммигрантларни кўрсатган маълум хизматлари эвазига жалб этиш тизимини жорий қилишга таклифини илгари сураётган эди.
Айни дастур собиқ президент катта Жорж Буш 1990 йили имзолаб, кучга киритган қонун бўйича маданий ранг-барангликни қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган эди. Унга кўра, ҳар йили Diversity Visa дастури орқали 50 мингта виза лотереяда ўйналади. Ютуқ чиқан кишилар "Грин кард"ни олиб, АҚШда доимий тарзда яшаш ҳуқуқини қўлга киритади.
АҚШ Ички хафсизлик вазирлиги маълумотига асосан, Diversity Visa дастури орқали визани олувчилар сони барча иммиграция дастурларига асосан АҚШда доимий яшаш учун рухсат олган кишиларнинг жуда оз қисмини ташкил қилади. Масалан, 2015 йилда 1 миллион 50 минг киши ана шундай ҳуқуқни қўлга киритган эди.
Ким ариза бериши мумкин ва бунинг учун қандай талаблар бор?
АҚШ Давлат департаментидан олинган маълумотга кўра, бошқа иммигрантлардан фарқли ўлароқ, Diversity Visa дастури орқали ҳужжат топшираётган кишилардан бирор касб эгаси бўлиш ёки яқин қариндоши Қўшма Штатларда яшаши талаб этилмайди.
Аммо, ариза берувчилар ўрта мактабни битирган бўлиши, кейинги беш йил давомида кетма-кет икки йил бирор соҳада узлуксиз ишлаган бўлиши керак. Ариза бериш бепул, аммо ариза берувчилар Қўшма Штатларда ўзини-ўзи боқа олишини исбот қилиши керак.
Лотереяда ютуқ чиққан киши автоматик тарзда "Грин кард" ололмайди, фақат ушбу кардни олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлади.
АҚШ консуллик хизматлари ходимлари ютуқ чиққан кишилар ҳақидаги қўшимча маълумотни улар билан ўз мамлакатида суҳбат ўтказган пайт олади.
Виза олган кишилар эри/хотини ва вояга етмаган фарзандларини ҳам ўзи билан олиб кетиши мумкин.
Лотерея ўйинида қатнашиши учун йилига 15 миллионга яқин киши ариза беради. Лекин юқорида зикр этилганидай, фақат 50 мингта виза ўйналади. 2016 йили Ўзбекистондан ушбу дастур доирасида 2 минг 378 киши виза ютиб олди.
"Грин кард" ютган кишилар 5 йилдан сўнг АҚШ ватандошлигини олиш учун ариза бериши мумкин.
Яна қанақа ҳужжатлар талаб этилади?
Туғилганлик гувоҳномасининг асл нусхаси, яна иш ва ўқиш билан боғлиқ сертификатлар тақдим этилиши керак.
16 ёшга тўлган ва ёши ундан катта ариза берувчи консулликдаги суҳбат чоғида ички ишлар идорасидан маълумотнома, жумладан, ҳибсга олинган бўлса, ўша ҳақдаги маъулмотномани АҚШ консуллик хизмати ходимларига топшириши зарур. Ҳарбий хизматни ўтагани ва уйланганлик тўғрисидаги маълумотлар ҳам талаб этилади.
Қайси мамлакатлар ватандошларининг ариза беришга ҳаққи бор?
2018 йилги дастур доирасида ўйналадиган лотереяда 181 та мамлакат ва уларга тегишли ҳудудлар ватандошлари ариза бериши мумкин эди, энди у дастур ариза берувчилар учун ёпилди.
Сўнгги беш йил ичида иммигрантлар сони ортиб кетгани сабабли қуйидаги мамлакатлардан ариза қабул қилиш тўхтатилди: Бангладеш, Бразилия, Канада, Хитой, Колумбия, Доминикана Республикаси, Салвадор, Ҳаити, Ҳиндистон, Ямайка, Мексика, Нигерия, Перу, Покистон, Перу, Филиппин, Жанубий Корея, Буюк Британия (Шимолий Ирландиядан ташқари) ва Вьетнам.
Ўтган йили ким кўп лотерея визасини қўлга киритди?
Давлат департаментига кўра, 2016 йилда Эрон, Конго Демократик Республикаси, Миср, Непал, шу жумладан, Ўзбекистон ватандошлари 2000 тадан кўп виза олишга муваффақ бўлган. Энг кўп визани – 3247 та – непаллилар қўлга киритди.
Лотерея тугатилса, бу йилги қатнашчиларга нима бўлади?
Иммиграция бўйича тадқиқотлар марказининг Иммиграция сиёсати бўлими раҳбари Жессика Воганга кўра, шу кунга қадар Конгрессга муҳожирликни қисқартириш ёки бекор қилишга оид 5 та қонун лойиҳаси тақдим қилинган.
- Булардан 4 таси бу дастурни тугатиш ҳақида, бири эса кенгайтириш ҳақида. Лекин, бу террор ҳужумидан сўнг Конгресснинг бу лотереяни қисқартириш ёки тугатиш ҳақида бир қарорга келиш эҳтимоли катта. Аммо, қабул қилади, деб айтиш қийин ҳозир. Қабул қилган тақдирда ҳам, бу жараён узоқ давом этади ва "Грин кард" дастури, энг тез бўлганда, кейинги йилдан бекор қилинади. Яъни, шу кунгача лотерея учун топширилган ҳужжатлар, албатта, кўриб чиқилади. Бундан ташқари, "Грин кард" эгаларига бўлғуси ўзгаришлар дахл қилмайди, - дейди Жессика Воган.
Нега Трамп билан айрим парламент аъзолари дастурни тугатишни талаб қилмоқда?
Президент сайлови кампанияси вақтида Трамп иммиграция жараёнини қаттиқ назорат қилиш талабини қўйди. Унинг фикрича, бу потенциал террорчиларнинг Қўшма Штатларга кириши олдини олади ва жиноятчиликни камайтиради.
АҚШ президенти, асосан, мусулмон мамлакатларидан сайёҳлар ва иммигрантлар келишини чеклашга ҳаракат қилмоқда.
Иммигрантлар учун Diversity Visa танқидчилари ҳам у миллий хавфсизликка таҳдид қилаётганини айтмоқда. Аммо, дастурни ёқловчилар ҳам истаганча топилади.
Трамп Нью-Йоркда рўй берган террорчилик амалиётидан сўнг Конгресс олдига ушбу дастурни ёпиш талабини қўйди. https://www.ozodlik.org/a/28835948.html
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 238