Ўзбекистонликлар учун Саудия Арабистонига электрон виза билан кириш имконияти берилди
Саудия Арабистони қироллиги саккизта мамлакат фуқароларига электрон виза тақдим этишни бошлаган. Бу ҳақда қироллик Туризм вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик қайдича, фуқароларига электрон виза бериладиган мамлакатлар қаторига Ўзбекистондан ташқари Албания, Грузия, Жанубий Африка, Малдив ороллари, Озарбайжон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари қўшилган. Бунгача Саудия Арабистони 49 та мамлакат фуқароларига электрон виза бериб келаётган эди.
Мазкур виза билан йил давомида Умра зиёратини амалга ошириш ёки мамлакатнинг бошқа жойларига саёҳат қилиш мумкин. Аммо e-Visa олган фуқароларда Ҳаж қилиш ёки Саудия Арабистонида яшаш ва ишлаш ҳуқуқи бўлмайди.
Ўзбекистонликлар бу каби визани қироллик Туризм вазирлигининг махсус сайтидан 146 АҚШ доллари тўлаган ҳолда онлайн тартибда олишлари мумкин. Электрон виза олганлар Саудия Арабистонида 90 кунгача қола оладилар.
Аввалроқ Ўзбекистон президентининг фармони билан 2023 йил 1 январидан Ўзбекистонга келаётган саудияликлар учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилганди.
Комментарии 9