Тошкентда таниқли кинодокументалист ва фотограф, Ўзбекистон кинематографлар уюшмаси аъзоси Умида Аҳмедова кўргазмаси 24 июлдан 26 августгача бўлиб ўтади. "Беғубор осмон" номи остидаги кўргазма ZERO LINE хусусий арт-галереясида бўлади.
Кўргазмада Умида Аҳмедованинг ўтган йили олган фото-видеоматериаллари намойиш қилинади. Уларда, асосан, Ўзбекистондаги ижтимоий-маданий ҳаёт манзаралари акс этади.
"Мен кўргазма қилаетган галерея шахсий. Унда Вячеслав Охуновнинг кўргазмасига борганимда, галерея раҳбари Белла Собирова билан танишдим. Ўшанда менинг кўргазмамни ҳам ўтказиши мумкинлиги айтган эди. Мана энди менинг кўргазмам бошланади. Ҳаяжондаман, сабаби, ўзимнинг ўзбекистонликларим ишларимни кўриб, айниқса ёшлар, ўйласин, аҳмоқона фотошопдаги манзараю, ширин-шакар тўйлар расмлари билан чекланиб қолмасин, дейман! Фотография ва видеоарт - бу замонавий санъат! Санъат нафақат ҳис-туйғу, у жамиятдаги муаммоларни кўтариб чиқувчи восита бўлиши керак!" дейди Умида Аҳмедова.
Бунга қадар Умида Аҳмедованинг шахсий кўргазмалари Фарғона шаҳри, хорижда Копенгаген, Нижний Новгород, Ростов-Дон, Тбилиси каби шаҳарларда бўлиб ўтган.
Аҳмедова "Пресс Фото Россия-2004" танловида "Марказий Осиёда замонавий фотография" номинацияси ғолиби, Москвада 1985 йилда Ғалабанинг 40 йиллиги муносабати билан ўтган танловда кумуш медал соҳиби бўлган.
Умида Аҳмедованинг "Аёллар ва эркаклар: тонгдан шомгача" фотоалбоми, "Бокиралик юки" ҳужжатли филмлари ҳам катта шуҳрат қозонган.
2016 йилда эса ижодкор Вацлав Ҳавел номидаги халқаро мукофотни ижодий норозилик ифодаси учун қозонган эди.
Умида Аҳмедова 2010 йили суратлари ва ҳужжатли фильмларида "ўзбек халқига туҳмат ва уни ҳақорат қилганлик"да айбланиб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-банди ва 140-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган, кейинроқ амнистия акти билан жавобгарликдан озод қилинган.
2014 йилда эса Аҳмедова, унинг ўғли ва яна бир неча нафар фаол Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида Евромайдонни қўллаб-қувватлаб акция ўтказгани учун Тошкент суди тарафидан катта миқдорда жаримага тортилган.
Шу йил Тошкентда Умида Аҳмедованинг фотосуратларини “Бир макон” фотокўргазмасида намойиш этиш ҳам тақиқланган эди.
https://www.ozodlik.org/a/28633565.html
Nima tirikchilini yig'ishtirib kurgazmaga boriymi. Nima bulyabdi uzi bu xalqqa, e bittasi uzini uzi tabriklayabdi televizorga chiqvolib men uzimi uzim 45 yoshli yoshim bilan tabrikliman hamisha baxtimga uzim sog' bulay. Qisqasi shunaqa gaplar.
Комментарии 13