"Тўхтатинг!!! Акс ҳолда 2-3 йилдан кейинги оқибатларни бартараф қилиш имконсиз!!! деб бошланади хат. Хавфсизлигини ўйлаб исм-фамилияси кўрсатилмаслигини сўраган тингловчи, ёзаётган гапларига исбот сифатида, суратларни ҳам илова қилган. Муаллифга ишонмасликка асосимиз йўқ. Шундай бўлса-да, Озодлик фарғоналик бир неча фермер билан боғланиб, хатда айтилган гапларнинг тасдиғини эшитди. Биз бу мавзуга яна қайтамиз. Ҳозир эса, мактубни ўқинг. Уни таҳрирсиз бераяпмиз.
***
"Тўхтатинг!!! Акс ҳолда 2-3 йилдан кейинги оқибатларни бартараф қилиш имконсиз!!!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёв халқнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, арзон ва сифатли маҳсулотлар, шу жумладан қурилиш материаллари билан ички бозорни тўлдириш, эҳтиёжманд оилаларга арзон уйлар қуриш борасида бир қанча ташаббус кўрсатиб, халқнинг меҳрини ва ишончини қозонган бир пайтда Фарғона вилоятида айрим раҳбарларнинг топшириғига кўра, дала четларида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва аъзолари томонидан экилган тераклар аёвсиз равишда кесилмоқда.
Ҳашаротларга қарши кураш, пахта атрофига тут экиш баҳонаси билан кесилаётган тераклар шундоқ ҳам молиявий аҳволи ёмон бўлиб, давлатдан қарзи бўлган фермерларнинг молиявий аҳволини бутунлай ёмонлашишига олиб келмоқда. Энг ёмони бу тераклар фақат фермер хўжаликлари эгалари эмас, балки, аксарият ҳолда ойлик маош олмасдан ишлаётган хўжалик аъзоларига ҳам тегишлидир. Халқнинг ризқи бўлган теракларни кесилиши аҳоли орасида жуда кучли норозилик, давлат амалдорларига нисбатан нафрат туйғусини уйғотмоқда. Лекин, андишали халқ ўз ғазабини фақатгина раҳбарларни ғийбат қилиш билан сўндиряпти.
Маълумки, терак бу ўзбек халқининг миллий қурилиш материали бўлиб, кейинги 15 йил ичида шахсан Ш.Мирзиёевнинг Бош вазир бўлиб ишлаган пайтидаги ташаббуси туфайли кўплаб экилиши натижасида уй ва бинолар қурилиши учун зарур бўлган ёғоч қурилиш материалларининг арзонлашишига олиб келди ва четдан сосна ва бошқа ёғочлар олиб келиниши кескин камайди. Чунки, арзон ва чидамлилиги туфайли терак ёғоч қурилиш материали сифатида деярли 99 фоиз ҳолатда аҳоли томонидан уй қурилишида ишлатилади. Четдан олиб келинган ёғочлар деярли 4-5 баравар қимматлиги туфайли аҳоли фақатгина теракни ёғоч қурилиш маҳсулоти сифатида ишлатади.
Шу сабабли, ҳозирги кунда теракларнинг аёвсиз кесилиши узоғи билан 2-3 йилдан кейин ёғоч қурилиш материалларини ўта қимматлашувига олиб келади, ёғочга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун чет давлатлардан ёғоч маҳсулотларини олиб келиш, ўз навбатида эса кўплаб валюта бойликларимизни четга олиб чиқишга шароит ва зарурат яратилишига олиб келади. Халқнинг қиммат қурилиш материали сотиб олишга мажбур бўлиши туфайли моддий аҳволи, турмуш шароитига кескин ёмонлашувига ҳам олиб келади. Чунки, Фарғона вилоятининг ўзида кесилаётган тераклар БИР НЕЧА МИЛЛИОНДАН ошади. Бундай терак кесиш албатта ўзининг акс ва салбий таъсирини кўрсатади ва унинг оқибатларини бартараф этиш имконсиз бўлиб қолади.
Ҳозирда теракларни кесилиши терак олди сотдиси, теракдан мева терадиган яшик ва бошқа халқ истеъмол моллариишлаб чиқариш билан боғлиқ жараёнга ҳам салбий таъсир кўрсатиб, бу маҳсулотларни ўта қимматлашувига олиб келади.
Бундан ташқари, теракни кесилиши табиий муҳитни бутунлай ўзгаришига, қишлоқ ҳудудлардаги ва далалардаги табиий манзараларни, гўзалликларни йўқолишига олиб келади ва барча далаларда саҳро, чўл манзарасини вужудга келтиради.
Фарғона вилояти шамол кўп эсадиган ҳудуд бўлгани учун тераклар ихота вазифасини ҳам бажаради, шамолларни тўсади, қум кўчкисидан сақлайди.Терак билан ихоталанган пахта майдони билан терак экилмаган яланг экин майдонидаги пахтанинг ривожланиши ўртасидакатта тафовут бўлиб, яланг жойдаги пахтанинг ҳосилдорлиги кескин кам бўлади. Чунки, ихоталанмаган ҳудудда шамол пахтани баргларини тўкиб, хатто кўчатни янгилиги пайтида учириб юбориб, тупроқ босиб қолишигача олиб келади.
Шу сабабли, эй амалдорлар терак кесишни ТЎХТАТИНГ!!!Президент сиёсатига зид иш қилманг!! Халқни ризқини қийманг, уволидан кўрқинг!!! Акс ҳолда оқибатларни бартараф этиш учун йиллар керак бўлади!!!" http://www.ozodlik.mobi/a/sizdan-telegram-daraxtlar/28497774.html
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 161