Урганчлик аёл эндигина дунёга келган чақалоғини каналга чўктирди. Божхона текширувида ўнлаб фуқаронинг уяли телефонидан беҳаё фото ва видеоматериаллар топилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.
Ҳ.Кетмонов: Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган масала
Ўзбекистон президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод қилиб кўрсатилган Ҳотамжон Кетмонов ҳар йили мамлакат касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ярим миллионга яқин йигит-қизни иш билан таъминлаш кечитириб бўлмайдиган масала эканини таъкидлади (“Ўзбекистон овози”, 3 ноябрь). Сайловолди кампанияси доирасида Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашган Ҳ.Кетмонов коллеж битирувчиларига имтиёзли кредит бериш, уларни муайян йиғимлардан озод қилиш лозимлигига эътибор қаратган. Номзодга кўра, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун меҳнатга лаёқатли кишилар муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлиши лозим.
“Қишлоқ қурилиш банки” бошқарувчиси порахўрлик учун 11 йилга қамалди
“Қишлоқ қурилиш банки” Самарқанд минтақавий филиали бошқарувчиси Ғанишер Маманов порахўрлик ва маблағларни талон-тарож этгани учун 11 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 3 ноябрь). Банк мансабдори “Кристал Самарқанд” ва “Кристал Жомбой строй” фирмаларига 250 миллион сўм кредит ажратиш учун 4 минг доллар, “Фаровон” масъулияти чекланган жамиятига 100 миллион сўм кредит ажратиш учун 2 миллион сўм пора талаб қилган.Тадбиркорлар тамагир банкирнинг талабини бажаришга мажбур бўлган. Бундан ташқари, Ғ.Маманов кредит сифатида ажратилган маблағни талон-тарож қилган, банкка гаров сифатида қўйилган мулкни ноқонуний йўллар билан ўзлаштиришга уринган. Қайд этилишича, тамагир банкирнинг барча қилмишлари судда исботланган.
Қайнота куёвига тўйдан олдин ваъда қилган машинани олиб бермагани учун куёв ажрашмоқчи бўлди
Республика бўйича энг кўп ажрашиш Тошкентда (32 фоиз) кузатилмоқда (“Оила даврасида”, 3 ноябрь). Масалан, жорий йилнинг 9 ойида шаҳар бўйича 3442 та ажрашиш қайд этилган. “Бугун бу борадаги лоқайдликка нуқта қўйишимиз ва бир қатор ишларни қайта кўриб чиқишимиз зарур. Жумладан, оилани мустаҳкамлаш ва ёшларни турмушга тайёрлаш бўйича қиладиган ишларнинг кўпчилиги расмиятчилик учунгина бўлиб қоляпти” дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова. Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаевга кўра эса, кўп ҳолларда ёш келин-куёвлар арзимас сабаблар билан ажрашиб кетмоқда.
“Яна бир аризада қайнота куёвига тўйдан олдин ваъда қилган автомашинани олиб бермагани учун куёвтўра ажрашмоқчи эканини билдирган. Белида белбоғи бор ўзбек йигитининг шу даражага боришининг ўзи нақадар уятли ва шармандали ҳол эмасми?” дейди Сенат қўмита раиси З.Низомхўжаев.
Урганчлик аёл эндигина дунёга келган чақалоғини каналга чўктирди
Хоразм вилоятидаги “Давдон” каналидан чақалоқ мурдаси топилди. Суриштирувлардан кейин болани ўз онаси ўлдиргани маълум бўлди (“Даракчи”, 3 ноябрь). Исми ошкор этилмаган урганчлик аёл турмуш ўртоғидан ажрашгач, фоҳишалик йўлига киради ва шу тариқа ҳомиладор бўлиб қолади. Енгилтак аёл биринчи фарзандидан воз кечиб, туғруқхонага ташлаб кетади. Ахлоқсизликни давом эттирган аёл иккинчи бор ҳомиладор бўлади. Жорий йилнинг апрель ойида у овлоқда – “Давдон” канали бўйида чақалоқни дунёга келтиради, сўнгра шармандаликдан қутулиш учун саноқли дақиқа яшаган мурғак гўдагини каналга чўктиради. Жиноят ишлари бўйича Урганч тумани суди судьяси Баҳром Ҳайитбоевга кўра, жигарбандини ўлдирган аёлга тегишли жазо тайинланган.
Милицияга ёлғон хабар берган навоийлик аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи Д.Моҳира ички ишлар идорасига ёлғон хабар бергани учун жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди (“Постда”, 29 октябрь). Д.Моҳира номаълум шахс уйига очиқ қолган дераза ойнаси орқали кириб, ётоқхонасидан 4100 доллар ўғирлаб кетгани ҳақида хабар беради. Суриштирув чоғи эса аслида пуллар ўғирланмагани, балки аёл пулни ўз мақсади йўлида ишлатиб юборгани маълум бўлади. Қилмишини оила аъзоларидан яширмоқчи бўлган Д.Моҳира ИИБга ёлғон хабар берган.
Божхона идораси ўнлаб фуқаронинг уяли телефонидан беҳаё фото ва видеоматериаллар топди
Ўзбекистон божхоначилари жорий йилнинг 9 ойида 67,8 мингдан ортиқ беҳаё мазмундаги материалларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди (“Ҳуррият”, 2 ноябрь). Масалан, Санкт-Петербургдан Самарқандда учиб келган фуқаронинг қўл телефонидан 72 дона, Москвадан Урганчга учиб келган фуқаронинг қўл телефонидан 94 дона, Москвадан Бухорога учиб келган фуқаронинг қўл телефонидан 173 дона беҳаё фото ва видео материал топилган. Қайд этилишича, қонунбузарликда айбланган шахсларга нисбатан суриштирувлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, порнографик, шунингдек, зўравонликни тарғиб қилувчи маҳсулот олиб кириш ва тарқатиш жарима билан жазоланади. http://www.ozodlik.mobi/a/ozbekiston/28098484.html
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 253