Самарқанддаги Гўри Амирни ёдга солувчи ушбу меъморий обида Санкт Петербургнинг қоқ марказида жойлашган.
Тарих саҳифаларида ёзилишича, ушбу жомеъ масжид қурилиши Бухоро амири Саййид Абдулаҳадхон ташаббуси билан бошланган.
Амир Олимхон ҳам отаси бош-қош бўлиб барпо эттирган масжиднинг ишга тушишига катта ҳисса қўшган экан.
Масжид 1913 йилда очилган ва ўша даврда, Туркия истисно, Оврўподаги энг йирик жомеъ саналган.
Масжид миноралари 49 метр, гумбази эса 39 метр баланд... Бир вақтнинг ўзида бу ерда 5000 киши ибодат қилиши мумкин.
1913 йилда шаҳардаги мусулмонлар сони бор-йўғи 8000 бўлгани ёзилади.
1940 йилдан 1956 йилга қадар масжид эшиклари мусулмонлар учун ёпиб қўйилган.
Бино бутун салобати билан сизни мозийга етаклайди. Аммо, бугуннинг манзараси ўзгача...
Бугун шаҳарда қанча мусулмон яшашига доир аниқ маълумотлар йўқ, аммо матбуот Санкт Петербургдаги икки масжидга Ҳайит намозига йиғилганлар сони қирқ мингдан ошиши, масжид сиғдира оладиганидан 5 баравар кўплиги ҳақида хабар берган эди.
Россия матбуотида бот-бот танқид қилинадиган, айрим россияликлар билан гаплашсангиз, ҳамма муаммоларига балогардон сифатида кўрсатадиган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлар кўпи шу масжидда ибодат қилишади.
Жума намозида бу масжид аксарияти меҳнат муҳожирлари бўлган мусулмонларни сиғдира олмайди.
Ташқарида тизилган ва намозхонларни кутиб-кузатадиган рус онахонлари бугунги манзаранинг бир қисмига айланган.
Садақага қўл очган ушбу рус онахонлари ўзбегу тожик тилларида дуогўйлик қилишлари ҳам гўё замона талабидек...