- MUSLIMA SOLIHA -
Азон бу муқаддас динимизнинг гўзал шиорларидан биридир. У ила мўминларнинг қалблари ларзага келиб, намоз учун шошилишади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда юртимиз узра азон садоси янграб, қалбларни масрур қилмоқда.
Ҳадиси шарифларда қандай инсонлар азон айтишлари ҳақида зикр қилинади. Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Сизларга яхшиларингиз азон айтиб берсин, қориларингиз имом бўлсин”(Абу Довуд ривояти).
Энди азон айтиш одобларини ҳам билиб қўйсак, фойдадан холи бўлмайди, иншааллоҳ. Азон намоз вақти киргач, таҳорат билан, қиблага юзланиб, тик турган ҳолда икки қўлнинг кўрсаткич бармоқларини қулоқ ичига қўйиб, баланд овозда, дона-дона қилиб айтилади. Муаззин “ҳайяъалас-солаҳ” деган жойга келганда бутун гавдасини эмас, фақатбошини ўнг томонга, “ҳайяъалал-фалаҳ”га келганида эса чап томонга буради. Бомдод намозида булардан сўнг икки марта “ассолатухойрумминан-навм” (“намоз уйқудан афзалдир”) дейиш суннат ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имом зомин(жамоатига кафил)дир, муаззин омонатдордир. Эй Аллоҳ! Имомларни иршод қил, муаззинларни мағфират қил”, дедилар” (Абу Довуд, Шофеий ва Термизий ривояти).
Шунингдек, азон ва иқомат ўртасида тўрт ракат намоз миқдорида вақт ўтиши керак. Фақат шом намозида азон ва иқомат бир-бирига яқин, кетма-кет айтилади, уч қисқа оят ўқигудек вақт ўтса, кифоя. Азон айтувчидан бошқанинг иқомат айтиши макруҳдир. Азонни эшитган киши ҳар қандай ишини тўхтатиши, масжиддан бошқа томонга юрмаслиги, гаплашишдан ҳам тийилиши керак. Балки, муаззиннинг ортидан азон калималари такрорлаб турилади. Муаззин “ҳайяъалас-солаҳ”, деганида эшитганлар “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил-аъзийм” (маъноси: “Олий ва Улуғ Аллоҳдан бошқада куч ҳам, қувват ҳам йўқдир”) дейди, “ҳайяъалал-фалаҳ”, деганида “маа шаа Аллоҳу каана ва маа лам яша-лам якун” (маъноси: “Аллоҳ хоҳлагани бўлур, хоҳламагани бўлмас”) дейди. Азон тугагач қуйидаги ҳадисда келтирилган дуони ўқийди. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким азонни эшитганидан кейин “Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит-тааммати вас-солатил қоимати, аати Муҳаммадан ал-василата вал фазилата вабъасҳу мақоман маҳмуданаллазии ваъадтаҳу” деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлур”, дедилар” (Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганларидек, яхшилардан бўлиб азон айтмоғимизни, намозини ўз вақтида ўқийдиган мўминлардан бўлиб, у зотнинг шафоатларидан баҳраманд бўлишимизни ва энг олий мукофот бўлмиш Жаннатдан жамолини кўриш неъматини насиб этсин! Юртимизда доимо азон садоси баралла янграсин, тинчлигимиз ҳам абадий бўлсин! Омин!
Умаров Саидолим
Zikr Tasbeh Salavot Azon
Зикр Тасбеҳ Салавот АЗОН
- МУСЛИМА СОЛИҲА -
______________________
Мазкур каналдаги видеоларни кўчиришга руҳсат йўқ!
Ҳурматли каналимиз аъзолари!
Видеоларни like тугмасини босиб, Инстаграм, Телеграм каби
Ижтимоий тармоқлардан
дўстларингизга жўнатишингиз мумкин.
________________________