...Нафснинг келажаги — зулмдир, зулмнинг келажаги эса — хорликдир. Биз ана шу
оддий ҳақиқатни баён қилмоқчимиз. Бадан поклиги баданга, руҳ поклиги руҳга
ҳаёт бағишлар...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«...Ана ўшалар ҳидоятга залолатни сотиб олгандирлар. Ва тижоратлари фойда
келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. Улар мисоли бир ўт
(машъала) ёқувчига ўхшайдилар. Олов энди атрофини ёритганида Оллоҳ
ёруғликни кетказиб, уларни ҳеч нарсани кўрмайдиган ҳолда зулматларда
қолдиради. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Бас, улар ҳидоятга қайтмаслар...»
(Бақара сураси, 16—18-оятлар)
МУАЛЛИФДАН
Бутун оламлар Парвардигори Оллоҳга беҳад ҳамд бўлсин ва пайғамбарларнинг охиргиси —
саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловот ва саломлар бўлсин.
Албатта, ҳамд Оллоҳга хосдир. Биз унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз. Ва Оллоҳдан
нафсимизнинг ёмонликларидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурмиз. Кимни Оллоҳ ҳидоят
қилса, уни адаштирувчи йўқ. Кимни Оллоҳ адаштирса, уни ҳидоят қилгувчи йўқдур.
Eнг улуғ сўзлару энг билимли суҳбатлар ҳам шубҳасиз, Тангри таолога шукримизни керагича
ифода эта олмайди.
Яратган Роббимизга шукрлар бўлсинким, сиз — азиз нафис адабиёт муҳиблари билан яна
диллашиш насиб этяпти. Бу сафар ҳам адашган бандалар ҳаётидан аянчли лавҳани баён
этишни ният қилдим. Чунки бу синовли дунёда адашган бандалар кўп. Улуғ ва қудратли
Роббимиз марҳамат қилиб дерки: «Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва
кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати
зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Оллоҳнинг ҳузурида эса ҳуснли қайтар жой
бор». (Оли Имрон сураси, 14-оят).
Тафсирчи уламоларнинг фикрича, «шаҳват» сўзи урфда жинсга оид маънода ишлатилса-да,
аслида ўзаги «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашини билдирар экан.
Шунга кўра, ояти каримада инсоннинг аёлларга, фарзандларга, бойликка иштаҳаси
мавжудлиги, яъни шу нарсаларга муҳаббати чиройли тарзда зийнатлангани таъкид
этилмоқда. «Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши
табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Оллоҳнинг ўзи
инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва
завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром
қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни
йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка
чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки уларнинг
ҳожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.»1 Ояти карима «Оллоҳнинг ҳузурида эса ҳуснли
қайтар жой бор», деб якунланади. Бу жой — жаннати наимдир!
Мозийда ўтган валилардан бири «Дунё — ўткинчи меҳмонхонадир. Дунёдаги энг улуғ бойлик
— дунёга берилмасликдир. Дунёни афзал билган киши зиллатга, хорликка ҳукм этилиб,
ҳалок бўлур», деган экан. Яна ровийлар дерларки: дунё ясатилган келинчакка ўхшайдир.
Кўзлар унга термулган, қалблар унга муштоқ, нафслар эса унга ошиқдур. У маккор эса, барча
ошиқларни шафқатсиз ҳолда бирма-бир ҳалок қиладир. Ҳаётдаги тириклар ўлганлардан,
кейингилар олдингилардан ибрат олмаслар...
Ҳисоб-китоб қилинмасдан бурун нафсини тийган киши ютади. Нафси билан ғафлатда
қолган эса, зарарга учрайди.
Ғафлатда қолиб надомат чекканлар қанча?
Қабристон бизга сукунат олами бўлиб кўринади. Аслида оҳу фарёдлар ўлкасидир! Биз бу
фарёдларни эшитмаймиз, билмаймиз. Шу боис биз маййитларнинг кечмишидан ибрат
олмаймиз. Агар тинглай олганимизда эди...
«Мурдалар гапирмайдилар», деймиз. Бизга шундай туюлар? Балки улар гапирарлар, биз
эшитмасмиз? Эшитсакми эди...
МУҚАДДИМА
Нафисани қарғадилар:
— Ўйнаши билан ётган экан, шарманда!
...шарманда... шарманда...
— Сўйиб ўлдирибди. Худонинг ўзи жазолабди!
...ўзи жазолабди... жазолабди...
Нафисага ачиндилар:
— Тирноққа зор ўтди, бечора...
...бечора... бечора...
Санжарни лаънатладилар:
— Суюқоёққа илакишиб юрган экан, йигит ўлгур!
...йигит ўлгур... йигит ўлгур...
— Тўрт боласи кўзига кўринмабди-да, ҳаромхўрга!
... ҳаромхўрга... ҳаромхўрга...
Санжарга ачиндилар:
— Қўй оғзидан чўп олмаган бола эди, бечора!
...бечора... бечора...
— Ўзи покиза эди, шайтон йўлдан урган!
...покиза эди... шайтон йўлдан урмаган... урмаган...
Икки мурда ўликхонада текширувчиларнинг ўткир тиғини кутиб ётибди. Ҳадемай ўткир тиғ
уларнинг қорни, кўкраги, бошини ёради. Ўлик ҳужайраларда яширинган ҳақиқатни ўқимоқчи
бўлгандай титкилашади. Сўнг, ёрилган ерларини тикиб, мурдаларни эгаларига берадилар.
Нима учун ўлим топганларидан бехабар қолган икки одам эса, қиёматни кутиб ётмоғи учун
қоронғу лаҳадга қўйилади.
Сўнг пичир-пичирлар:
«Хотинларга аралашадиган одати йўқ эди-ку?..»
«Ғаркўз эди бу жувон...»
«Ким ўлдирган экан?»
«Eри аввал ҳам бир-икки ушлаб, кечирган экан. Лалайган бир эркак-да! Бу сафар
чидолмабди, бояқиш...»
Биринчи баён: яшаш ҳуқуқи
АРРАЛАНГАН ДАРАХТ
Ўзини осмон тирговичи, деб фараз қилувчи кеккайган дарахт жазосини арра берди: у ўзидан
олдинги оғочлар қисматига етди — жон томири узилиб, ерга узала тушди.
Турсунали бу манзарани дастлаб кўрганида ўзининг кечмишини шу дарахт қисматига
ўхшатган эди. Унинг қадди ҳам шу оғоч каби адл эди. У макон топган дарахтзор, назарида
даҳлсиз эди. Бу дарахтзорда истаганича қуёшдан нур эмиши, ҳузурланиб чайқалиши мумкин
эди. Томирлари тоборо кучлироқ қудрат касб этиб борарди. Аммо кутилмаганда унинг
дарахтзорига болта оралади: бир чеккадан чопа бошлади. Навбат ўзига етганида унутилаётган
ривоятни эслади. Эмишки, бир ўрмонда болта пайдо бўлиб, дарахтларга қирғин келтирибди.
Оғочлар унга қарши чора тополмай, қари Эмандан маслаҳат сўрашибди. «Болта деганларинг
нима ўзи? У нимадан ишланган?» деб сўрабди Эман. «Болта — темирдан ясалган бир
матоҳдир», деб жавоб берибдилар. «Ўзи-ку, темир экан, дастаси-чи? Дастаси ҳам
темирданми?» деб сўрабди Эман. «Йўқ,— дебдилар, — дастаси — оғочдан, ўзимиздан».
«Дастаси ўзимиздан бўлса, унга чора йўқ», деган экан Эман.
Турсунали макон топган «дарахтзорда» «болта» пайдо бўлиши билан унга даста бўлишга
ошиқувчилар кўпайди. Оқибатда Турсуналининг илдизлари чопилди-ю, совхоз
директорлигидан райком саркотиблигига ўтаман, деб ният қилиб турган одам эгнига
маҳбусларнинг пахталик калта чопонини кийиб, узоқ совуқ ўлкадаги дарахт кесувчилар сафида
ўзини кўрди. Уйқусиз кечаларда бу балога мубтало бўлиш сабабларини кўп ўйлади. Тузини еб
тузлиғига тупурганларни лаънатлади. Дўст либосидаги илонлар бошини бирма-бир янчишни
дилига тугди.
Худонинг қарғиши теккан бу жойларга келгунича бўлган ўтмиш кунларини эсласа, кўз
олдини зулумот пардаси қоплайверади. Бу зулумотни гоҳи-гоҳида фақатгина бир нур ёритарди.
Бу нур Нафисанинг чеҳрасидан тараларди. Шундай пайтда Нафисанинг димоғидан таралган
илиқ нафас унга тириклик шуурини берарди. Азобли кечаларда ҳам фарзандларининг онаси,
ҳалол жуфтига нисбатан шу Нафисани кўпроқ ўйларди, уни қўмсарди. Бунга баъзан ўзи ҳам
ажабланарди. «Нима бу? Шунчалик қаттиқ севармидим?» деб ўйларди. Турсунали шаҳвоний
ҳирс билан севги фарқини ажрата олувчи ақлга эга эмасди. Буни синамоқ учун Нафисага
нисбатан ёшроқ, гўзалроқ, ишвалари ширинроқ қиз рўпара қилинса, бас. У «севги» деб ўйлаб
юрган туйғу ўларди-қоларди. Ҳозирча, Нафисанинг биринчи тунда шивирлаб айтган «Мунчалар
яхши экансиз», деган гапи қулоғи остида турибди. Ўзга илиқ нафас билан айтилиши мумкин
бўлган шундай сўз ўтмиш тотли кечалар юзига қора парда тортмоғи та-йин. «Аҳмоқ бўлиб шу
жувонга илакишиб юрган эканман. Дунёнинг лаззати бу ёқда экан-ку?» демоғи ҳам аниқ эди...
Аммо ҳозир, у буларни ўйламайди, орзу қилмайди. Унинг дарди ҳам, нияти ҳам бир —
тезроқ бу ўлаксазордан қутулиш! Қачон, қандай қутулади, — бандасига қоронғи. Юртида унинг
учун куйиб-еладиган, пул сарф қилиб озодликка чиқариш учун ташвиш чекадиган одами йўқ.
Демак, яна ўн тўрт йил маҳбуслик либосида юрмоғи ростга ўхшаб турибди.
Турсунали ана шу оғир дард тоғини елкасига ортган ҳолда ўринга чўзилади, саҳар чоғи шу
юк билан қаддини ростлайди. Баъзи эркаклар йиғлайдилар. Баъзилари дардларини айтиб,
ҳасрат қиладилар. Турсун-али дардини кимга айтсин, кимга йиғласин, кимга ҳасрат
дастурхонини очсин?!.
Бир йигит келиб эди. Истарали бу йигитнинг покиза одам эканини юзидан ёғилиб турган нур
ошкор этиб турарди. Турсунали «Бу йигитни менга Яратганнинг ўзи етказди», деб қувонган
эди. Бугун бу қувонч ҳам балчиққа қоришадиганга ўхшаб турибди. Турсунали шу ҳавотирда
дарё томонга қараб-қараб қўяди. Йигитни соҳилдаги қўлбола чайла томонга бошлаб кетганлар.
Бу ерга келган кунининг ё учинчи, ё тўртинчи куни Турсунали ҳам шу чайладаги суҳбатга
чорланган эди. Ўшанда қўлига болта олиб, арралаб йиқитилган дарахт шохларини энди бутай
бошлаган эди. Пачоқбурун бир маҳбус яқинлашиб, ҳе йўқ, бе йўқ:
— Эй, чучмек, юр бу ёққа! — деб буюрди.
Турсунали у дамда осиёликларнинг «чучмек» деб аталишини билмас эди. Шу сабабли
мурожаат кимга қаратилганини англамай:
— Менга айтяпсизми? — деб сўради.
Пачоқбурун ҳеч бир такаллуфсиз Турсунали томон чирт этиб тупурди-да, лабини кафти
билан артди:
— Сенга айтяпман! — деб тўнғиллади.
Чакалак орасидаги ёлғизоёқ йўлдан бораётганида Турсуналининг юрагига ваҳм оралади. У
қамоқ лагерларидаги одам ўлдиришлар ҳақида эшитган эди. Бу Пачоқбуруннинг сўхтаси
бунчалар совуқ бўлмаса! Онасидан туғилибоқ одамхўрликни касб қилиб олганини
башарасининг ўзиёқ айтиб турибди. Ана шу башара Турсуналини қўрқувга солди. Агар ҳозир
унга «бу одам қотил эмас, қулфбузарларнинг устаси», деб ҳақ гап айтилса ҳам ишонмаган
бўларди.
«Ўлдиргани олиб кетяптими?» деб ўйлади Турсунали. Сўнг «Нимага ўлдиради? Эндигина
келган бўлсам?..» деб ўзига ўзи тасалли берди. Қамалганидан бери мутелик жандасини эгнига
илиб, соқчи «юр» деб буюрганда юриб, «ўтир!» деса ўтириб, «қўлингни орқага қил», деса
қўлни орқага боғлаб туришга кўникиб қолган Турсунали бу сафар ҳам юввош қўй каби
«қассоб» — Пачоқбуруннинг етовида юриб борарди. Турсуналидан қўй ҳам тузук. Қўй қассобни
кўрганида маъраб қўяди. Турсунали эса, ақалли бир оғиз гап айтишга ожиз.
Чакалакзордан ўтиб, дарё соҳилига чиқишди. Шохшаббалардан ясалган қўлбола чайлага
яқинлашганда Пачоқбурун орқасига ўгирилиб:
— Шу ерда тўхта! — деб буюрди.
«Юввош соқов қўй» амрга итоат этди.
Ҳали қуёш кўтарилиб, борлиқни илита олмаган бўлса-да, чайла хожаларидан икки киши
ярим яланғоч ҳолда ўтириб тамадди қилишарди. Пачоқбурун уларга яқин бориб, буйруқ адо
этилганини маълум қилгач, ҳожалардан бири Турсунали томон қараб қўйди-ю индамай
лунжидаги таомни чайнайверди. Пачоқбурун у ерда, Турсунали эса йигирма қадам берида хода
ютгандай тик туриб, уларнинг таомдан бўшашларини кутдилар. Ниҳоят, қорин тўйиб, нафс
ором олгач, яқинлашмоққа ижозат бўлди.
Турсунали улардан бирини таниди: у ички қўшинлар маёри кийимида юрадиган, ошхонадаги
тартибни кузатувчи одам эди. Резина таёғини кўз-кўз қилиб, ўйнатиб юрувчи бу маёр тартиб
бузувчининг гарданига аямай уриб қоларди. Қўли қичиб турган бўлса-ю, тартиб бузилмаса,
шўрвасини хўриллатиб ичаётган одамнинг ҳам гарданига тушириб қолишдан тоймасди. Маёр
ошхонада кимнинг ёнига яқинлашса, ўша одам иложи бўлса, овқатни чайнамаёқ ютишга
ҳаракат қиларди. Чайналмаган овқатни ошқозон ҳазм қилиб юборар, аммо гарданнинг резина
таёқ зарбини ҳазм қилиши қийинроқ эди.
Турсунали яқинлашгач, маёр ўрнидан туриб, икки қадам наридаги кўкатлар устига
ташланган кийимлар ёнидан таёғини олиб, чап кафтига уриб қўйди-да, унинг орқасига ўтди.
«Уради шекилли?» деб ўйлади Турсунали. Орқадан зарб кутгани учун у беихтиёр букчайди.
Ўтирган одам унинг бу ҳолатини кўриб кулди-да:
— Қўрқма, урмайди, — деб овутди.
Бу одамнинг кулиши ўзига ярашарди. Тимқора кўзлари Пачоқбурунники ёки орқада турган
малла ма-ёрники каби ёвузлик билан боқмасди. Қалдирғоч мўй-лаби ҳам ўзига ярашган эди.
Шу сабабли Турсунали уни маҳбус эмас, шу ернинг катталаридан деб ўйлади.
— Мен — Тенгизман, ўтир, бугун сен менга қўноқсан.
Бу исмни эшитиб, Турсунали ажабланди. Чунки у келган куниёқ ётоқдаги қўшинисидан «Бу
ернинг асл хўжайини полковник эмас, ашаддий ўғрибоши Тенгиз бўлади», деган гапни
эшитганди. «Тенгиз» деганлари умри қамоқда ўтган, Пачоқбурун каби хунукбашара кекса одам
деб ўйлаган эди. Ўзидан ёшроқ бир йигитнинг «Мен — Тенгизман», дейиши шу сабабли ҳам
уни ажаблантирди.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2
http://m.ok.ru/dk?st.cmd=altGroupMain&st.groupId=53022322458868&_prevCmd=altGroupJoinRequests&tkn=5832