Суюмгул эрини сафарга кузатар экан, кўнгли негадир ғашланди. Балки 12 яшар ўғли Достонжоннинг ҳам у билан кетаётгани учунми, ёки Даврон ака сўнгги маротаба сафардан қайтганида унга унчалик рўйҳушлик бермай, қўпол муносабатда бўлгани учунми?! Нима бўлган тақдирда ҳам Даврон акасининг ўзгариб қолгани рост. Иши ҳам қурсин. Тирикчилик деб шу «КамАЗ»ни сотиб олди-ю, ҳаловати йўқолди. Россияга қатнагани, қатнаган. Ҳар кетганида салкам бир ой йўқ бўлиб кетади. Ҳозир замон нотинч бўлса, яхши-ёмон кўп. Ишқилиб эсон-омон бориб келсин-да. Суюмгул машина орқасидан кўтарилган чангнинг аста-секинлик билан тарқалаётганлигига бир зум қараб турди-да, сўнг чуқур хурсиниб, аста дарвозани ёпди.
- Ая, акамла дадамла билан кетдилами? - 6 ёшли қизи Сабиҳанинг жарангдор овози Суюмгулни ўзига келтирди.- Акам энди кемайдилами?
- Вой шириним-эй, бу нима деганинг. Даданг ҳам, аканг ҳам бир ойдан кейин қайтиб келишади. Сенга катта, чиройли қўғирчоқ олиб келишади,- Суюмгул чўккалаб, қизалоғини бағрига босди. Ҳовлида тўп ўйнаб юрган кенжа қизи Сурайёни бир зум кузатиб турди-да, ошхонага йўналди.
Мана орадан икки ой ўтди ҳамки, на эридан, на ўғлидан дарак бор. Бу орада бир неча бор қайнона - қайнотасини кўргани борган Суюмгул турмуш ўртоғидан хабар йўқлигини айтганида, улар ҳам хавотир олишаётганлигини, агар яна бир-икки хафтада қайтиб келишмаса, милицияга ёрдам сўраб мурожаат қилишларини айтишди. Бугун эрталабдан Суюмгулнинг қўли ишга бормади. Бирров қайнотасиникидан хабар олиб, иш изламаса бўлмаслигини ўйлаб, йўлга отланди. Қизалоқларини қайтишда боғчадан ола келишини ўйлаб, тўғри, турмушга чиққанидан сўнг бор –йўғи олти ой ишлаган мактабига борди. Мактаб директори ҳам ўзгариб кетибди. Янги директорнинг йўлини пойлаб, икки соатлар чамаси таниш ўқитувчи, фаррош аёллар билан суҳбатлашиб ўтирди. Янги директор ёши қирқлардан ошган бўлсада, ҳали жозибадорлигини йўқотмаган ўктамгина аёл экан. Суюмгулнинг дардини тинглагач, афсус дегандай бош чайқади.
- Сизга жон деб ёрдам берардим-у, синглим, аммо бирорта ҳам бўш жойим ҳам йўқ, ортиқча дарс соатим ҳам. Бир-иккита янги келинларимиз бор, ярим, бир йиллардан сўнг хабар олинг, балки уларнинг жойи бўшаб қолар,- директор маънодор жилмайиб, гап тамом дегандек, столи устидаги қоғозларни титкилашга тушди. Суюмгул миннатдорчилик билдириб, директор кабинетидан чиқар экан, яна қаердан иш қидириши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлади. Балки Сабиҳанинг боғчасида иш бордир. Ахир олий маълумотли педагог бўлса. Аммо боғча мудирасининг олдидан ҳам хафсаласи пир бўлиб чиққан аёл, қизчаларини олиб, қайнотасиникига йўл олди. Қайнонаси ҳовлида кўрпа қавиб ўтирган экан. Келини билан ўтирган жойида кўришгач, Тошбуви опа Суюмгулга бир оз тикилиб турди-да, кўзойнагини кўтариб, рўмолчаси билан ёшланган кўзларини артди.
- Қизим, тақдир экан, бу кўргулик ҳам бор эдими, мунча пешонам шўр бўлмаса.
-Аяжон, тинчликми? - Суюмгулнинг юраги увишди. – Ўғлингиздан хабар борми?
- Қизим, сизга нима дейишга ҳам ҳайронман, мана буни ўқинг.
Тошбуви опа нимчасининг чўнтагидан тўрт буклоғлиқ қоғоз олиб Суюмгулга узатди.
Суюмгул эрининг хатини дарҳол таниди. Хатнинг охирги сатрларини ўқир экан аёлнинг кўз олди қоронғилашди. Келинининг ранги оқарганини кўриб Тошбуви опа, Сабиҳага юзланди.
- Чоп болам, ошхонадан пиёлада сув олиб чиқ.
Сувни ичган Суюмгул қўлидаги қоғозга тикилар экан, харфлар айқаш-уйқаш бўлиб кетаётганлигини сезди. Бундан ўн йил олдин «сенсиз менга дуне қоронғу, менга тегмасанг ўзимни осаман» деб куйиб-пишиб юрган ўша Даврон акаси, ота-онасига Новосибирскдан йўллаган хатида шу ерда икки йил олдин уйланганлигини, хатто бир қизчаси ҳам борлигини ёзган, рус хотини бир фирманинг рахбари эканлигини, энди шу ерда доимо у билан бирга ишлашини билдириб, Суюмгулдан ажралишини айтган эди. Достонжон катта бўлса, ҳаммасини унга ўзи тушунтирармиш.
Энди нима қилади? Бир ўзи икки бола билан бошини қайси тошга уради.Ота-онаси ёшлигида автохалокат туфайли халок бўлиб, амакисининг қўлида катта бўлган эди. Янгаси ҳар бир гапида уни боқаётганлигини таъна қилар, вақти келса мактабга ҳам қўймай, уй ишларини қилдирар эди. Шундай бўлса ҳам Суюмгул аъло баҳолар билан мактабни битирди. Ўз билимига ишониб Тошкент Давлат педагогика институтига ҳужжат топшириб, институтни қизил диплом билан битирди. Институтнинг охирги курсида Даврон акаси билан танишди-ю, шу пайтгача чеккан азоблари-ю, кўргуликлари энди орқада қолганлигини тушиниб етди. Турмушга чиқса ўзининг оиласи, уйи бўлишини тасаввур қилиб, қувонганидан тунлари кўзига уйқу келмас эди. Даврон ўз сўзида турди. Ўзига тўқ оиланинг эрка фарзанди бўлишига қарамай, ота-онасининг раъйига қарши бориб бўлса ҳам, Суюмгулга уйланди. Онаси бошида Суюмгулни чиқиштирмагач, алоҳида ҳовли олиб, кўчиб чиқиб кетди. Аммо Суюмгулнинг хушмуомалалиги, меҳрибонлиги бора-бора қайнонасининг тошдай қаттиқ юрагини ҳам ийдирди. Кенжа қизини узатгач, у ўғлини ҳовлига қайтариб олиб келиш тараддудига тушган эди. Энди бўлса?! Нима қилади? Нахотки жигарбанди Достонжонини ҳеч ҳам кўрмаса. Суюмгул қуйилиб келган кўз ёшини тўхтата олмади. Тошбуви опа келинини бағрига босар экан, тинмай ўғлини қарғар эди.
-Ўғил туғмай ман ўлай, қариганимда юзимни ерга қаратди-я. Илоё ер ютсин уни. Гулдай фарзандларини етим қилган ўша қанжиқнинг оғзидан қони келсин.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 12