Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукур қил!
*****
Учинчи курснинг иккинчи ярми “ана суд –мана суд” билан ўтди. Унгача эса Мақсадали ва хонадошлари уникига тез–тез бориб, вазиятни ўрганиб туришар, гохи уй юмушларига хам қарашиб келардилар.
Квартирада сухбатлашиб ўтирганларида хам асосий мавзу Хуршид ва унинг ночор оиласи хақида бўларди.
–Биз нолимасак хам бўларкан,–Жамшид бошини сарак–сарак қилганча ўз муаммоларини эслатди.–Озроқ қарз бўлсак дунё кўзимизга тор кўриниб кетади. Омоновни фанидан бахо оломай қолсак институтдан хайдалаётгандек вахима босади.
–Ўшанчун доим Омоновга пахта қўйиб юраркансанда,–кулди Шухрат.–Домла, попкангизни беринг хонага олиб кириб қўяман. Домла, бизга хизмат йўқми. Домла хонангизни тозалаб берайми...
–Айёр вазирдекми?–Мақсадали мийиғида кулиб қўйди.
–Қанақа вазир?–Турсунали Мақсадали гапириб берадиган ибратларни доим мириқиб тингларди. Сўнгги пайтларда эса ўртоғи жудаям камгап бўлиб кетганди. Хозир эса янги хикоя эшитиш имкони пайдо бўлиб қолганидан унумли фойдаланмоқчи бўлди.
–Қадимда , бир подшоҳ хато қилган вазирларини жазолаш учун ўнта ёввойи итларни боқишни буюрган экан.–Мақсадали сўзлай бошлади.– Агар вазирларидан бирортаси ҳато қилса, ўша вахший итларига ташлар, қутирган итлар эса, уни тилка пора қилар эдилар.
Кунларнинг бирида вазирларининг бири подшоҳга ҳато кўрсатма берди. Бу албатта подшоҳга маъқул бўлмади. Вазиридан дарғазаб бўлган шоҳ, уни ёввойи итлари олдига ташлашга амр қилди. Вазир подшоҳга юзланиб:
– Эй шоҳим! Мен ўн йил сизнинг ҳизматингизда бўлдим. Шунча ҳизматим эвазига менга шуни раво кўрдингизми?!! Сизга қилган ҳизматим ҳурмати, хукмингиз ижро этилишидан олдин менга ўн кун муҳлат беришингизни сўрайман”, – деди.
Подшоҳ унинг талабини бажарди.
Вазир подшоҳнинг ёввойи итларига масъул итбоқарни олдига бориб унга:
– Итларингни ўн кун давомида мен парвариш қилишни истайман, – деди.
Итбоқар вазирнинг гапидан ҳайрон бўлиб:
– Бундан сизга нима фойда? – деб сўради.
– Бунинг сабабини сенга кейин айтаман, – деди. Итбоқар:
– Ихтиёрингиз..., – деди–да, вазирга итларни топшириб кетди.
Вазир итларни боқа бошлади. Уларни ҳар куни овқатлантирар, чўмилтирар, уларнинг роҳати учун барча чора–тадбирларни кўрар эди.
Ўн кун ўтгач, подшоҳнинг ҳукмини ижро этиш учун вазир келтирилди. Уни итларнинг олдига ташладилар. Подшоҳ буни мулозимлари билан кузатиб турар эди. Вазир ва ёввойи итлари билан бўлган ҳолатни кўриб, подшоҳ кўзларига ишонмас эди. Чунки итлар унинг оёқлари тагига келиб, суйкалар эди. Ҳайратини ичига сиғдира олмаган подшоҳ:
– Итларни нима қилдинг? – деб сўради. Шунда вазир:
– Бу итларга ўн кун ҳизмат қилдим. Улар буни унутмадилар. Сизга эса, ўн йил ҳизмат қилдим. Буларнинг ҳаммасини бир лаҳзада унутдингиз, – деди.
Вазирини гапини эшитган подшоҳ бошини қуйи солдида, уни авф этди.
–Бу ривоят фақатгина вазирнинг айёрлиги хақида эмас шекилли?–Турсунали ўйга чўмганча сўради. Бу ерда вазирнинг тадбиркорлиги билан бирга Ўткинчи ҳолат сабаб, ёр–биродарлардан воз кечадиганлар, ёки ёқмаган бир маносабат қаршисида гўзал ўтмиш кечинмаларини ўчириб юборадиганлар хақида хам сўз бораркан.
–Ха, албатта!–тасдиқлади Мақсадали. – Тушунганга хикмат кўп бу ривоятларда.
–Мақсад, сен шунча хикояни қачон ўқиб улгургансан а?–Шухрат хавас билан унга тикилди.
–Хаммасиниям китоб журналлардан ўқийвермаганмиз дўстим. Эшитганларим хам кўп. Айниқса Вали отам ва оғайниларининг сухбатларида бўлсам шунақа воқеаларни кўп гаплашишарди.
–Ундай бўлса,–Шухрат Жамшидга бир қараб олди.–Қўрқоқлар хақидаям бирон нима айтиб бер.
–Майли, унда сизларга қуёнлар ва қурбақалар хақидаги масални айтиб бераман. Биласлар эртаклардаям аникдотлардаям қуёнларни қўрқоқлиги хақида гапирилади. Ўша қўрқоқ
қуёнлар бир куни ўзларининг қўрқоқликларидан норози бўлишибди. Бу кунимиздан кўра сувга чўкиб ўлганимиз яхши, деган қарорга келадилар ва кўл ёқасидаги жар лабига борадилар; кўлдаги Қурбақалар Қуёнларнинг оёқ товушини эшитишиб, чўчиб кетадилар ва чўлп–чўлп этиб сувга шўнғийдилар. Буни бир қуён кўриб қолади ва ҳамжинсларига: «Шошманглар, биздан ҳам баттарроқ қўрқоқлар бор экан–ку дунёда, шартмикан ўзимизни сувга ғарқ қилиш?» дейди.
Қиссадан хисса шуки, одамлар ҳам шундай: мушкул аҳволдаги кишиларни кўришганда ўз қайғу–ҳасратларини унутиб, кўнгиллари таскин топадилар.
Мақсадалининг охирги гапи хамхоналарига тарсаки туширгандек бўлди. Чунки, сухбат бошида Хуршид бошига тушган фожеа олдида ўзлариники арзимас гап экан дея ўзларига тасалли бериб туришганди.
–Ха–а,–Шухрат дўстлари орасида биринчи бўлиб ўзига келди.–Ёмон бўлди. Айниқса анави учови очиқда юрганига нима дейсизлар. Бир қизни олиб қочади, номусини топтамоқчи бўлади, хатто ўлимига сабабчи бўладию, эмин–эркин юраверади. Адолат учун кафтини мушт қилганларга жазо қўлланади. Буни отини ўйнашмагин арбоб билан арбоб урар хар боб билан, дейишадими?
–Камбағални туяни устидаям ит қопади дейилса керак,–Турсунали хам мақол билишини кўрсатиб қўймоқчи бўлди.–Ёки, бой бойга боқар, сув сойга оқар.
–Қайтар дунё бу жўраларим!–Мақсдали ўйчан холда иягини силаб ўтирарди. –Ҳамма нарса қайтади... Қайтар дунё бу...
Бир куни эр хотин машинада кетаётган экан. Катта тезликда келаётган машина тўсатдан қаттиқ тормоз бериб тўхтабди.
—Нима бўлди, одамнинг юрагини ёрдингиз? –сўрабди аёл эрига қараб.
—Йўлимдан нимадир чиққандек бўлди... –эркак аста машинадан тушиб олд тарафга юрди. Хотини ҳам ортидан борди.
Машина ғилдираклари тагида кичкина кучукбола инграб ётарди. Оёғини босиб кетган кўринади... Эркак “аҳ” деганча бош чайқаб, , хотинига нима қилдик, дегандек боқди.
—Хайрият, одам эмас экан, –ёқасига туфлади аёл. –Юринг кетдик, кечикяпмиз...
Шу пайт йўл четида катта ит кўринди. Лўкиллаб улар томонга чопди. Аёл кўрққанидан машина эшигига суянди ва эрини шоширди. Аммо ит одамларга қиё боқмай, кучукчани искади. Сўнг аламли бир алфозда увлади.
—Боласи шекилли... –бошини қашлади эркак. Аранг нафас олаётган лайчага қўлини теккизди.
—Дилноз, қара, ҳали тирик... балки шу атрофда бирор мол дўхтири...
—Эй, бунча кўнгилчан бўлмасангиз! Битта итга шунчами? Бўлсангизчи, ота–онам кутиб қолишди!
Ҳомиладор аёлини бетоқат қилмаслик учун эркак мажбур машинага ўтирди. Кетаркан, кўзгу орқали орқага қолиб кетган маҳзун она ит ва норасида кучукчадан кўзини узолмади.
—Ишқилиб, омон қолсин...
Ўша воқеа анчагача эркакнинг эсидан чиқмабди. Орадан беш ой ўтиб хотини ўғил туққач эса унутиб ҳам юборди... Аммо тўрт йилдан кейинги бир мудҳиш воқеа унга ўша кунни эслатди.
Кўчада ўйнаб юрган ўғилчасини машина уриб кетибди. Ҳайдовчи қўққанидан қочиб қолибди. Бир киши уни шошилинч касалхонага олиб борибди. Ота–она жон ҳолатда жонлантириш бўлимига келишди.
—Ўғлингизнинг жони омон, фақат... бир оёғи... ногирон бўлиб қолиши мумкин.
Онаси аюханнос солди, ота эса бошини чангаллаб ерга чўкиб қолди. Боши гир айланиб кўз олдига инграб ётган кучукча келди.
—Бахтингга... ўша кучукча омон қолган бўлса керак, йўқса... –дод солаётган хотинига пичирлади у.
Аёл ҳам бирдан сергакланди. Эри нима демоқчи эканини пайқади ва ўзини эрининг оёқлари тагига ташлади...
–Тўғри, қайтар дунё бу,–Турсунали маъқуллагандек бош силкитарди.–Авваллари қирқ йилда хам қайтади дейишарди. Хозир қирқ кунда қайтаётган экан. Ўтган йили катта тоғам қўшнисидан қўй сотиб олган экан. Эгиз туғади деб эгаси мақтагани учун сал қимматроққа олишгаям рози бўлган. Пулни кузда беришга келишиб, насияга савдони битиришибди. Тоғам қўй эгиз қўзилаганда битта боласини кичкина тоғамни уйига яшириб келибди. Кейин қўшнисига қўйинг эгиз туғмади деб қўйни ярим пулини берибди. Қўшни тағинам мард экан, индамай қўя қолибди.
Кейин тоғам орадан ўн–ўн беш кун ўтказиб бояги қўзини қайтариб олиб келмоқчи бўлибди. Энди бунақа ишни тунда қиладию, хеч ким кўрмаслиги керак. Қоронғулатиб машинада кўчага чиқибдию, кўча бошида бир болачани туртиб юборибди. Ўн кун реанимацияда касал боқди. Катта пул сарфлади. Кичкина тоғам роса сўкди, сени палакатинг мегаям урмасин, бориб қўшнингни рози қил, деб. Катта тоғам узр сўраб қўшнисига келишилган пулнинг қолганиниям олиб кириб берди.
–Э, яхши бўпти–е,–Деб юборди Жамшид.
–Нимаси яхши,–Норози ўқрайди Турсунали.
–Нимаси бўларди, қизча тирик қолгани яхшида. Келишилган пулни қайтаргани яхши.
–Жамшидни яхши бўпти деганига бир масал ёдимга тушиб кетти,–деди Мақсадали.
Қадим замонда Африкада бир подшоҳ бўлиб, унинг дўсти бор экан. Дўстининг бир одати бор эканки, у нима иш содир бўлса, яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам, "Бу яхши!" дер экан.
Подшоҳ овга чиққан пайтида дўстини ўзи билан олиб борар, у шоҳга милтиғини ўқлаб бериб турар экан. Бир куни милтиқни нотўғри ўқлагани сабабли подшоҳ ундан отганида бош бармоғи узилиб кетибди. Буни кўриб подшоҳнинг дўсти ҳар доимгидек "Бу яхши!" дебди. Оғриқдан ғазабланган подшоҳ: "Йўқ, бу яхши эмас", деб дўстини қамаб қўйишни буюрибди.
Орадан бир йил ўтиб, подшоҳ яна ов қилиб юрганида одамхўр қабила аъзолари уни ўғирлаб кетибди. Подшоҳни устунга боғлаб, ўтин ҳозирлай бошлашибди. Одамхўрлардан бири тасодифан подшоҳнинг битта бармоғи йўқлигини кўриб қолибди. Улар ирим қилиб ногиронларни ейишмас экан. Шу сабабли подшоҳни қўйиб юборишибди. Подшоҳ одамхўрлардан қутилишига сабаб бўлган воқеани эслаб, қилган ишидан уялиб, тезда зиндонга бориб, дўстини чиқариб олибди ва унга бўлган воқеани айтиб берибди. Дўсти унинг гапларини тинглаб "Бу яхши!" дебди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб сўрабди: "Нега яхши бўлади, ахир мен сени бир йил зиндонда сақладим–ку?!"
"Яхшилиги шундаки,–дебди дўсти,– агар мен зиндонда бўлмаганимда сиз билан овга борар ва одамхўрларга ем бўлар эдим".
–Шунақа жўраларим,–Мақсадали ўз жойига ёнбошлаб олди.–Нима яхши нима ёмон ўз вақтида билмаймиз. Вақт олий хакам, хаммаси вақти келиб ойдинлашади.
Хуршиднинг синглиси вафот этди. Биз ёмон иш деб ғамга чўкяпмиз. Тагини ўйлаб кўрсак, қиз умри завол бўлди аммо, номуси, ғурури ўзида қолди. Умр нима дўстлар, беш кунлик дунё. Ёхуд ёқилган бир шам, ким тонггача ёнар ким тунгача...
Хуршидчи, хўп иши судда дейлик. Эхтимол бир–икки йилга қамалар хам! Лекин орият учун хеч нарсадан қайтмадику! Биз уни институтда юввошгина бўлиб юрганини кўриб, қўлидан бунақа иш келишини кутмагандикку, тўғрими. Ана шунақа, сокин дарёнинг туби тезоқар бўлади. Агар...
Мақсадали гапириб туриб бошини чангаллади. Ўртоқлари аввалига бунга эътибор қилмадилар. У гапини давом эттиравермгач унга тикилишди. Йигит гўёки бошини чангаллаганча ухлаб ётарди. Аммо, кўз ва оғиз атрофидаги мушаклари оғриқдан тиришиб қолгани уларни хушёр тортишга ундади.
Мақсадали тез ёрдам машинасида касалхонага кетаётганда хушига келди. Лаблари гапиришга қийналиб, тортишиб қолибди деса, ўнг қўл ва ўнг оёғи хам акашак бўлгандек қотиб қолибди. Бу холат касалхонага етгунча ўтиб кетти.
Касалхонага етиб борганда яна бояги холатига қайтиб бўлганди. Бироқ, шифокорлар унинг холатини жиддий кўришиб, касалхонада олиб қолдилар. Турли анализлар олиб, асл холатини текшириб кўриш керак экан.
Эртасига қишлоқдан дадаси хам етиб келди. Мақсадали ахволим оғирмикан деб хайрон эди. Ўзи эса ўнг қўли бироз увишиб турганини айтмаса хеч қандай оғриқ хис қилмасди. Нима гаплигини эртасига сал–пал англагандек бўлди. Дадаси коридор бошида бош шифокор билан тортишиб турганида уларнинг баъзи гапларини тушуниб қолди.
–Ўғлимни хеч қачон тутқаноғи бўлмаган,–дедрди Толибжон.
–Хамма нарсаям қачондир бошланади ака. Эхтимол аввал сезмагандирсизлар?
–Бўлса сезаманми? Спортчи мени болам, чемпион у, тушуняпсизми?
–Энди ака, спортчиям одам, иссиқ жон– иссиқ қон.
Мақсадали бу гапларни эшитиб жиғибийрон бўла бошлади. “тутқаноқ эмишда” дерди тишлари гирра бўлиб.
Толибжон ўғли билан яна икки кун касалхонада қолди. Шифокорлар йигитдан хеч қандай касаллик тополмадилар. Мақсадали негадир бошидаги ўқтин–ўқтин тутиб қоладиган оғриқ хақида хеч кимга айтмади.
Йигит касалхонадан чиққандан сўнг хушдан кетиш холати анча вақтгача рўй бермади. Мақсадали касалхонаад ичган дори–дармонлар фойда берди деб юрганди. Ёзги имтихонлар яқинлашган кунлари яна касали қайталанди. Аниқроғи, Хуршиднинг суд бўлиб ўтгандан сўнг, дўсти икки йилга озодликдан махрум этилгани маълум бўлганда юз берди. Бу сафар холати тез тикланди. Кўчада йиқилиб тушгани учун одамлар уни маст деб ўйлаб, четлаб ўттилар. Йигит эса ўтириб–ўтириб ўзига келди–да, квартирасига йўл олди.
28.09.2023
Дониёр Аҳмаджонов

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев