Муаллиф: Хазонрезги
🌹Устоз ва мураббийлар кунига бағишланади ...
Ушбу туркум ҳикоялар мен билан бирга бир илм даргоҳида камарбаста бўлиб бирга фаолият юритаётган фидойи ҳамкасбларим ҳаётидан ҳикоя қилади. ( Исмлар ўзгартирилди)
НОДИРА
- Нодирааа ...
Нодира қайнонасининг инграган овозини эшитиб ерга омонатгина тўшаган ўриндан бош кўтарди. Орзугул опани яна ваража тута бошлабди. Нодира ўрнидан турди-ю, хонани ним қоронғи ёритиб турган тунги лампанинг шуъласига қаноат қилмай зудлик билан асосий чироқни ёқди.
Орзугул опанинг юзлари бамисли лолақизғалдоқ каби бўғриқиб, қип- қизариб кетибди. Нодира шошилиб унинг пешонасига кафт босди. Қайнонасининг иситмаси ўйлагандан кўра тез кўтарилиб борарди.
Нодиранинг юраги эзилди. Ойижониси бундан икки ой аввал бошидан жарроҳлик амалиётини кечирган эди. Ўшанда амалиётдан бир кун Нодира кўз ёшларини ичига юта- юта қайнонасини ногиронлар аравачасига солиб касалхонанинг ювиниш хонасига олиб кирган ва сочларини аввал қайчида калта қилиб қирқиб , сўнгра устарада авайлаб қирганча амалиётга тайёрлаб берган эди.
Деярли ярим йилдан буён Нодира ва Орзугул опа учун касалхона иккинчи уйларидек бўлиб қолганди. Бир кун уйда бўлишса , уч кун касалхонада эди улар. Орзугул опанинг яна икки нафар келини , уч нафар қизлари бўлса ҳам кўнгли ҳамиша шу тўнғичи ўн еттисида хонадонига келин бўлиб кириб келган Нодирага чопаверар эди. Нодира туни билан Орзугул опага кўз- қулоқ бўлиб чиқади. Кундузи эса овсинлари, гоҳида эса қайинэгачи, қайинсингиллари билан навбат алишганча мактабига чопади.
Нодира тезда шприцга пешоб ҳайдовчи дорини тортиб қайнонасига укол қилди . Унинг ортидан тинчлантирувчи ва иститма тушурувчи дорилар билан эмлади .
Орадан кўп ўтмай Орзугул опа тинчланиб қолди. Исиғғи ҳам аста- секин пасайиб меъёрига келди. У бир текис нафас олиб пинакка кетди.
Нодиранинг эса уйқуси ўчиб кетган эди. У тунги чироқ турган стол ёнидан жой олиб ўқувчиларининг дасталаб қўйилган дафтарини бирма - бир олиб текшира бошлади.
Йигирмадан ортиқ дафтарни текшириб бўлгунча Нодирани кўзлари ачишиб уйқуси келди.
"Текширишни охирига етказиб қўйишим керак"- у шундай деб ўйлади- ю , аммо чарчоқ ғолиб келди. У дафтарларини қўли билан четга суриб бошини столга қўйди-ю кўзларини юмди.
Нодира шу ухлашда қанча ухлади , ўзи билмади. Бу сафар ҳам ҳудди аввалгиси каби қайнонасининг инграш овозидан уйғониб кетди.
- Ойижон... - деди Нодира унга талпинар экан , - сизни нима безовта қиляпти ?
Орзугул опа уйқули кўзлари билан ингради , бироқ келинига жавоб қайтармади.
Нодира қўрқиб кетди :"Яна ўтган сафаргидек узоқ муддатга хушларидан кетиб қолсалар - а ?"
Орзугул опа кўзларини очмас , бироқ безовта бўлиб инграшда давом этаверарди. Қайнонасининг жарроҳлик амалиётидан сўнг бошидаги худди гўдак болаларнинг лиққилдоғидек суяксиз қуруқ тери билан кичикроқ муштдек жойини шишиб қолганини кўрган Нодиранинг эсхонаси чиқиб кетди , у қўшни хонада ухлаётган қайнотасини ва уйланмаган қайнисини чақиришга мажбур бўлди. Барчалари тез ёрдам чақириш ҳақидаги фикрда бир тўхтамга келдилар.
Тез ёрдам шифокорлари келиб Орзугул опани яхшилаб текширишди , бироқ диагноз қўйишда иккиланишар эди. Орзугул опанинг дарди улар кунда муолажа тайинлайдиган дардлардан кўра бошқача турли эди.
- Бундай ҳолатда онахоннинг ўзларини операция қилган шифокорга мурожаат қилган маъқул ,- деди тез ёрдам бўлимининг навбатчи шифокори ,- ҳарқалай улар онахоннинг касалликлари билан бир неча ойдан буён таниш. Бош барибир ҳам нозик масала-да...
Шу пайт Нодиранинг хаёлига қайнонасига икки соатлар аввал пешоб ҳайдовчи укол қилгани тушди :
- Тўхтанглар- чи ? - деди у шифокорларга ,- мен сизларга ойижонга фалон- фалон дориларни эм игнаси орқали юбордим дедим , тўғрими ?
- Ҳа ,- деди шифокор ва ҳамшира бир овоздан .
- Менга бу кўрсатмани ойижонни шифокорлари тавсия қилган эди ,- деди Нодира. У шундай деганича ўйланиб қолди ,- бироқ мен уларни енгиллашган ёки енгиллашмаганларини текширмабман.
Нодира шундай деб Орзугул опага яқинлашди . У эркаклардан хонани тарк этишларини сўраб, ўзи қайнонасини авайлаб текшириб кўрди
- Мен ҳозир ,- Нодира нариги хонадан катетор ва керакли анжомларини олиб келиб абжирлик билан қайнонасининг танасидаги ортиқча сувни чиқариб ташлади.
- Узр ,- шифокорларга ҳижолатли жилмаяркан Нодира ,-
бу ҳолатни назардан қочирибман. Азбаройи қўрқиб кетганимдан сизларни ҳам бекорга овора қилиб қўйдим.
Тез ёрдам машинасида келган ўрта ёшли шифокор аёл таажжубланиб сўради :
- Қизим , докторликка ўқийсизми ?!
Нодира қўлидаги перчаткани ечиб чеккадаги тоғорага ташлар экан аста жавоб қайтарди :
-Йўқ шифокор эмасман . Ўқитувчиман. Бошланғич синф ўқитувчиси ...
Кўп ўтмай Орзугул опа тинчланиб , осойишта уйқуга кетди.
Шифокорларни кузатиб қўйган Нодира эса овсинига тайинлади:
- Ойижонга яхшилаб қараб туринг... Тушлик вақти хабар олишга келаман.
Энди уйга бормасам бўлмас. Болаларимни нонуштасини тайёрлаб беришим , сўнг ишга боришим керак...
Нодира сахарлаб етиб келган эри билан икки кўча наридаги бўлак бўлиб чиқишган уйларига йўл олди.
Куз бўлишига қарамай ҳаво илиқ , тонг эса ёрқин шуълаларга тўлиб ёришиб келар эди...
давоми_бор /2
Муаллиф: Хазонрезги
#МУАЛЛИМНИНГБИРКУНИ
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1