ТОКИ_ҲАЁТ_ЭКАНМАН...
16 - қисм
Камрон шу топда ўзини ҳеч кимга кераксиздек ҳис қилди. Кўнгли қаттиқ оғринди. "Фотима бўлганда шу чоққача мени кутиб ўтирган бўларди ,- ўйлади Камрон,- у ҳеч қачон мендан аввал уйқуга кетмас эди. Қизиқ ... "Мен ҳам шундай бўлиши керак , бу одатий ҳол, аёлнинг эр олдидаги вазифаларидан бири бу" деб қабул қилган эканман.
Мана икки кундан буён Тахмина мени ухлаб кутиб олади. Ҳали ўзи мустақил бир пиёла иссиқ чой дамлаб тутгани йўқ. Менимча у аввал бошдан мени шу нарсага ўргатиб тарбиялаб олмоқчи шекилли.
Уни дангаса дейишга ҳам ҳайронман. Ахир Фотима ҳушидан кетиб қолган куни Тахмина ҳам биб-бинойи дастурхон тузагандек бўлувди-ку?! Ўшанда ресторанда идиш- товоқ ювгани учун у ердан келтирганлари билан кўнглимизни олган бўлса ҳам , пиширган маставаси ёмон чиқмаганди.
Очиғи Тахмина билан бирга ўтириб овқатланиш ўзимга ҳам малол. Унинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатидан Фотимам ёдимга тушиб кўнглим бузилиб кетаверади. Мана бугун Тахмина тайёрлаган манти ҳам қанча ҳотираларни ёдимга солиб юборди.
Фотимам...
У манти пиширганда ишдан келиб-ювиниб тарангунимча таомни дастурхонга иссиқ қилиб тортарди. Қизиқ , у манти пиширган кунлари кичкина қозончада эринмасдан шўрва пиширарди. Шўрва узоқ қайнагандан ичидаги савзавотлари хил - хил пишиб кетган , гўшти эса тола-тола бўлиб ҳалимдек маза тортиб қолган бўларди. Гоҳида эса шу шўрвани газ печида кўзачада тайёрларди. Унинг ҳам мазаси бошқача, ажабтовур бўларди,- Камрон хаёл аралаш ширин тамшаниб қўйди,- Фотима чуқурроқ тақсимчага аввал мантини сузиб устига ўша шўрвани сардак ўрнида қуйиб берарди. Яна бошқа тақсимчага мантини қатиқ ва устидан мурч сепиб тортарди,- Камрон хўрсинди,- аслида мантини ўзиям иликдек мазали бўлиб жуда ейишлик пишарди. Дастурхонни яна сирка қўшилган турли соуслар , кўкатлар , шарбатлар безаб турарди...
Ўша кунлар қандай ажойиб эди- я... Фотимамнинг менга бўлган муносабатидан уйда ўзимни гўё Амир Олимхондек ҳис қилардим. Менга шунча меҳр кўрсатган аёлни севмай бўлармиди ?
Инсонларнинг "Эркак киши уйидан топмагани кўчадан излайди" деган гапи топиб айтилган шекилли. Шинамгина уйимда ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўйгани учун ҳам мен Фотимамни ҳаётимдаги танҳо маликам деб билганман.
Аммо бу тақдир ...
Аллоҳнинг куни ҳамиша бир хил давом этавермас экан. Бандаси эртаси не бўлишидан буткул бехабар экан. Эртаси нима, керак бўлса бир соатдан кейин нима бўлишини билмаймиз- ку ?
Фотима... Мендан , уйингдан узоқда нималар қилиб юрган экансан ? Эҳ... Нима бўлганда ҳам босган изларингдан гуллар униб чиқиб очилаётгани аниқ...
-Камрон ака...
Кўзи алламахалда илинган Камрон Тахминанинг овозини эшитиб базўр кўзини очди :
- Ҳмм ...
- Турасизми ? Шунга қараб чой дамламоқчи эдим .
- Хўп, ҳозир ...
Камрон юз- қўлини чайиб , ошхонага кирганида Тахмина чой дамлаб бўлган экан.
- Кечга мантини қилгандим, емабсиз,- деди Тахмина аразлаганнамо, - униям иситдим.
Тахмина буғда кўп ушланганидан бўкиб қолган мантили ликобчани Камронни ёнига олиб келиб қўйди .
- Кеча кечроқ келгандим, шунга ётар қоринга хамир овқат ейишга қўрқдим. Ошқозонга босим тушмасин дедим-да .
- Ҳаа шунақа денг? Майли бўлмаса ,- чиройи очилди Тахминанинг ,- қани ҳозир татиб кўринг- чи ? Кейин баҳосини берарсиз.
- Татимасам ҳам мантининг шу туриши ўзи-ўзига баҳо беряпти- ку ?
Бу сўзлар Камроннинг оғзидан қандай чиқиб кетганига унинг ўзи ҳам ҳайрон қолди .
- Тушунмадим , - қошларига тугун тушди Тахминанинг.
Камрон беихтиёр айтиб юборган сўзларини силлиқлаш пайига тушди:
- Нимасини тушунмайсиз ? Ҳиди шунчалик кишини ўзига тортса , мазаси қанақа бўларкан деган маънода гапиргандим. Қани олинг, мантини иссиғида ейиш керак, совумасин.
Камрон битта мантини олиб, тишлаб оғзига солди ва ўзига савол назари билан тикилиб турган Тахминага бош силкиди:
- Бай , бай , бай. Анчадан буён бунақа мазали манти емагандим,- Камрон шундай деб ичида ўзича "Шўримга шўрва тўкилиб" дея захарханда қилди ,- мазасига гап йўқ...
- Ростдан ёқдими ? - Тахминанинг юзларига қизиллик югурди. У шундай деб жилмайганча ерга қаради, - сиз учун астойдил ҳаракат қилган эдим.
Камрон Тахминанинг бу сўзларидан ўзини дарровда айбдор ҳис қилиб қолди, "Бу бечора ҳам бизга ўхшаб вазият қурбони,- деб ўйлади у ўзича , - мен бўлсам унинг устидан кулишга ҳам улгурдим. Яхшиям буни ўзи сезмади.
Йўўўқ , Камрон!
Сенга фарзанд ҳадя этиши керак бўлган бу аёл муносиб ҳурматга лойиқ ! Қайтиб уни камситма. Келгусида она мақомини олиши керак бўлган бу аёл ўша оналиккача бўлган масофани иззат - икром билан босиб ўтмоғи лозим. Қолаверса энди ўртада никоҳ номли улуғ битим бор..."
Камрон шуларни ўйлади- ю ўзида Тахминага табассум қилишга ўзида куч топа олди :
- Катта раҳмат... Қўл-кўзингиз дард кўрмасин . Пиширган мантингизни **** мазза қилдим . Энди ишга боришим керак.
Ҳа айтганча , сизга у бу нарса керак эмасми ? Қайтишда нимадир олиб келайми ?
Тахмина бироз ўйланиб қолди:
- Ҳмм , ҳозирча уйда ҳамма нарса етарли. Мумкин бўлса озроқ пул бериб турсангиз кўча юзидаги супермаркетга чиқиб бир айланиб келардим. Ўзим учун ул- бул нарсалар ...
- Бўлди , - деди унинг сўзларини шарт кесди Камрон ва меҳмонхонага кириб , у ердаги жавон сейфини калит билан очиб бир даста тахи бузилмаган пул олиб чиқди ,- шуни ишлатиб туринг.
Камрон миннатдорчилик билдираётган Тахмина билан хайрлашиб чиқиб кетар экан , жувон унинг қўлидан ушлаб қолди :
- Ҳааа , яна бирор гапингиз борми ? - сўради Камрон унинг қўлдан ўз қўлини кўнглига тегмайдиган қилиб аста бўшатар экан
- Камрон ака , сиздан яна бир илтимосим бор ?
- Яхши , қандай илтимос экан ? - Камрон ўзидаги бу мулойимлик қаердан келганига ҳайрон бўлганча ,- эшитаман.
- Шу десангиз , - Тахмина аста ютинди ,- шу десангиз мени ҳам Фотима опа сингари сенсирасангиз. У кишини сенсираб мени сизлашингиз ўзимга бошқа таъсир қиляпти. Ахир мен у кишидан уч ёш кичикман. Мен у кишидан анча ёш бўла туриб сиз томондан сизлансам , қандайдир адолатсизлик бўлмасмикин ... Шунинг ...
- Яхши Тахмина . Сен дейишимни ҳоҳласангиз сенда... Мен энди ишга кетдим . Сен эса зерикмай ўтир.
- Бугун ҳам кеч қайтасизми ?
- Билмадим. Бир нарса дея олмайман. Биласиз- ку , эээ биласан-ку , ишимиз шундай. Олдиндан бир нарса деб бўлмайди.
- Яхши боринг. Сизни кутиб ўтираман.
Камрон Тахминага "Кутиб ўтиришинг шарт эмас" демоқчи бўлди- ю , аммо кетар чоғида унинг кайфиятини бузгиси келмади.
▪️▪️▪️
Фотима Каромат аммасиникига келган кунининг иккинчи хафтасида фарзандларининг туғруқхонадан чиқиши муносабати билан Соҳиб юртга ош берди. Эркакларга эрта сахардан дастурхон ёзилиб ош тарқатилганидан сўнг , қишлоқ аёллари пешиндаги бешик тўйи зиёфатига таклиф қилинганди.
- Бўлақол қизим, - деди Каромат амма таҳорат олишга шайланар экан, пешинни ўқиймиз- у , бешик тўйига чиқамиз.
Аммасининг таклифидан Фотима ер чизиб қолди :
- Аммажооон, мен ...
- Ҳа қизим ? Нимага чайналаяпсан ? - қовоғи тушди Каромат амманинг
- Мен у ерга чиқмай қўяқолай ,- хўрсинди Фотима , - биласиз бунақа йиғинларда менга ўхшаган аёлларни унчалик хушлашмайди . Шунга жимгина уйда ўтира қолай...
- Сенга нима бўлибди ?! - асабийлашгани овозидан сезилди Каромат амманинг,- нима моххов касалига чалинганмисан ?
- Йўғеей? Унақа касал эмасман ,- кўзлари катта - катта очилди Фотиманинг .
- Бўлмаса муаммо нимада ?
- Аммажон , ахир мен саккиз йилдан буён фарзанд кўрмаган туғмас аёлман. Бунақа чиллахона жойда кўпчилик касри уради деб мендайларнинг боришини унчалик хушлашмайди,- Фотима ўкинч билан ерга қаради ,- юр деб қистайверманг , аммажон. Соҳиб ака билан Ҳуснобод опалар ўзлари неча йилда топишган бўлса бу фарзандларини . Яна у, бу нарса бўлса мендан кўриб юришмасин.
- Эээ ассалому алайкум! Ана ўзинг ҳам айтиб турибсан- ку неча йилда кўрган фарзандлари деб . Улар сен босиб ўтаётган йўлни босиб ўтиб бўлишди. Илойим сенинг сафаринг уларникичалик узоқ бўлмасин. Менга гап қайтаравермай отланақол...
Одамлар эса нима деса деяверсин. Эл оғзига элак тутиб бўлармишми ? Ўша- чи ? Ўша оғзига кучи етмаганлар тилига келган гапни қайтармай алжирайверишади. Мундоқ ўйла , ўзинг истаб бу тақдирни сўраб олганмидинг ? Ахир бу нарсалар Аллоҳнинг иродаси бўлса. Икки елкаси устидаги думалоқ нарсани исмини хом ошқовоқ деб ўйламай , бош деб фаҳмлаганлар фарзанд неъмати билан синалаётган аёл кишига маломат қилишмаган бўларди.
Агар кимки маломат қилишдан тойилмаса , демак у ҳали ўзининг бандалик мақомини тўлиқ англамабди.
Шундайларга биласанми нима дегим келади :
- Эй сен! Аввали ва охири нажосат бўлган кибрли банда ! Ўзи келиб чиқишинг кўнгилни беҳузур қиладиган нутфа бўлсанг! Дунёга келишинг учун келган йўлларингни сифатини бир эслаб қўй. Отангни пуштикамаридан онанг раҳмига , ундан дунёга келган сафаринг алал - оқибати қора тупроқ эканлигини , сен арзанда азиз қилиб бошқариб юрган жисмингни охирги ҳволни ҳам бир кўз олдингга келтириб қўй ! Сенга ким қўйибди ўзинг каби ожиз бошқа бир банданинг бошига келган синов туфайли ўзингни баланд олишни ?! Ўзинг ҳам бепушт деб атаётганинг бу аёл каби биргина тирноқ ясай олмайдиган нотавон бўлсанг , яна кариллашинг оламни бузади... Унутма бугун бунинг ўрни фарзандсизлар рўйҳатида бўлса , эртага сеники шу ерда бўлиши ҳеч гапмас. Негаки Аллоҳ ўз синовига сабр қилганларнинг оҳига озор бермайди.
- Бўлди аммажон , сўзимни қайтиб олдим. Бешик тўйига чиққаним бўлсин. Фақат сиз асабийлашманг,- деди Фотима Каромат аммасининг таъбини тирриқ бўлишига ўзини сабабчи санаб ундан кечирим сўраш оҳангида ,- мен ҳозир ...тезда тайёр бўламан .
Каромат амманинг дарровда чеҳраси очилди :
- Ҳа энди гап бундоқ бўлибди. Ўзим айланай жоним қизимдан.
Каромат амма, Назира ва Фотималарнинг бешиктўйига чиққан вақтлари Соҳиб Ҳуснободни туғруқхонадан олиб қайтган вақтига тўғри келиб қолди. Соҳиб эгизакларидан бирини кўтариб ҳашаматли машинадан тушар экан кўзи Каромат аммага тушиб яйраб кетди :
- Воҳ, онам ўрнида онам! Набираларингизни кутиб турибсизми ? -Соҳиб илдам келиб қўлидаги чақалоқни Каромат аммага берди ,- фарзандларимни чиройли бир дуо қилинг ! Бу асал Фотима қизим бўлади .
Сохиб гўдак Фотимани Каромат аммага берар экан Ҳуснободга ўгирилди ,- Ҳусанбойни ҳам бер-чи ?
Соҳиб Ҳусанбойни қўлига олар экан Каромат аммага савол ташлади :
- Онажон , ёнингиздаги меҳмонни танимадим?
- У ...у ...у
Ҳуснобод эрининг енгидан тортиб қўллари ёрдамида қандайдир имо-ишора қилиб алланималарни тушунтира кетди.
Аёлининг изоҳидан Соҳибнинг юзларига офтоб тошиб чиқди:
У қўлидаги Ҳусанжонни қайтиб Ҳуснободга берди- да , шодон қиёфада Каромат аммага қайта юзланди :
- Онажон , бу ҳали ўша пучуқ Фотима синглим денг ?! Танимаганимни қаранг а?!
Соҳиб Фотимага қараб қош учирди :
- Ўзингмисан , Фотима ?! Оббо сен- ей , танимаганимни қара ?! - у Каромат амманинг қўлидаги гўдакни олиб Фотимага тутқазди ,- қани шу адашингни ол-чи ? Уям сенга ўхшаган солиҳа, оқила қиз бўлсин ...
Соҳиб гўдакни Фотимага бериб ўзи осмонга қараб кафт очди :
- Аллоҳим, илойим менинг ҳам Фотимам шу Фотима аммасига ўхшасин. Чин дилдан ният қилдим ...
Қизалоқни ушлаб турган Фотима уни аста ҳидлади.
"Оҳ, оҳ... ҳидларинг бунчаям ширин бўлмаса , кичкина адашим... Жаннат ифорингдан бошим бирам айланиб кетяпти-ки ... "
Фотима пастки лабини қаттиқ тишлаб олган , кўзларига қуйилиб келаётган кўз ёшларини тўхтатиш учун тинмай қулт - қулт ютинарди...
▪️▪️▪️
Камроннинг сабри кундан кун ўзанидан тўлиб тошарди. Тахмина унга меҳрибончилик қилиб атрофида гирдикапалак бўлгани сари у тобора Фотимани қўмсаб борар эди .
- Эҳ, Фотима ... Нималар қилиб қўйдинг-а ? Мен ахир Тахминани сен деб тасаввур қилавериб ўртаниб кетдим- ку...
Кел , Фотимам, кел...
давоми_бор / 47
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3