ТОКИ_ҲАЁТ_ЭКАНМАН...
14- қисм
Камрон бўшашиб тушди :
- Кетди ?! - талмовсираб сўради Камрон , - қаерга кетади ? Нима учун кетади ? Шундан шунга кетаверадими ?
- Мен ҳозир...
Абдураззоқ муаллим хонадан чиқиб кўча эшикни очди :
- Киринг , болам...
Камрон электр нури остида чароғон бўлиб кетган ҳовлига қадам қўйиб, қайнотаси таклиф қилган ўриндиққа чўкди.
Унинг дилини бир вақтлар онаси Ҳадича опанинг "Фотима истаса ҳаётингдан бутунлай , бир из қолдирмай чиқиб кета олади" деган сўзлари ёқмоқда эди.
- Ахир биз Фотима билан бунга келишмаган эдик... - бемажол шивирлади Камрон.
- Ҳаа шундай . Келишувингиздан хабарим бор. Унга кўра сиз қизимни йигирма кунча безовта қилмаслигингиз керак эмасми-ди ? - оғир уфф тортди олдингидан кўра ўзини бироз тутиб олган Абдураззоқ муаллим, - Фотима "Ада, юрагим куёвингиз мени излаб келиб қолади демоқда. Шунинг учун кетмасам бўлмайди. Улар келганларида мана шу мактубни бериб қўйинг" деган эди.
Муаллим кўкрак чўнтагидан тўрт букланган қоғоз чиқариб Камронга тутди ва ўзи уни ҳоли қолдириш зарурлигини фаҳмлаб нари кетди .
Камрон титроқ қўллари билан Фотима ёзган хатни очиб , уни энтикиб ўқий кетди :
"Камрон ака ...
Келибсиз-да ахири...
Ахир нима деб ваъда бергандингиз менга ? Нима учун сўзингизда турмадингиз ?!
Қаранг, билганимдек мен ҳам бу ерларни тарк этиб кетяпман. Аммо ҳавотир олманг. Бутунлай кетаётганим йўқ ...
Мен озгина ўзимга келиб олмасам бўлмайди.
Камрон ака... Сиздан илтимос , ўзингизни қўлга олинг. Биз иккимиз ҳозир тақдирнинг синовларидамиз .
Бу дунёнинг охири эмас.
Ҳали кўп яхши кунларимиз бизга интизор...
Мен телефонимни ўчиряпман. Уни бир ярим ойдан кейин ёқишга қарор қилдим . Ҳа тўғри тушундингиз. Мен ана шу муддатда қайтмоқчиман.
Келгач эса барини бошдан бошлаймиз...
Камрон ака ... Тахмина юкли бўлса ...фарзандли бўлгунча ундан хабар олиб туришингиз керак бўлади. Шу сабаб қайтганимдан сўнг у яшайдиган жойга яқин ердан ижарага квартира олсак яхши бўларди. Қолганини эса мавриди билан маслаҳат қилармиз.
Айтганча , мени излаб овора бўлманг. Бу мактубни ўқиётганингизда аллақачон Тошкентдан чиқиб кетган бўламан.
Камрон ака ... Ўзингизни мен учун асранг.
Аллоҳимга омонатсиз ...
Ўзингизнинг Фотимангиз ..."
Камрон Фотиманинг мактубини ўқиб бўлганда юзига нимадир чак этиб томди. У ўзини йиғлаяпман деб ўйлади. Ҳақиқатдан ҳам Камрон йиғлаётган эди. Фақат осмон унга қўшилиб йиғлай бошлаганди . Кўп ўтмай атрофни шиддат билан тасира- тусур ёғаетган ёмғир овози тутиб кетди...
Абдураззоқ муаллим Камронни пана жойга таклиф қилиш учун ҳовлига чиққанида у аллақачон ҳовлини тарк этиб кетиб бўлган эди.
"Камрон ака ,- Камрон ёмғирда шилтаси чиқиб кетар экан Фотиманинг сўзларини эслади,- биласизми нима ? Мен ёмғирни жуда яхши кўраман. Негалигини айтайми ? (Фотима ўшанда ҳудди ҳозиргидек ёмғир остида туриб маҳзунгина жилмайганди) Негаки ёмғир остида бемалол , тўйиб - тўйиб йиғлаб олишингиз мумкин. Ҳеч ким сизни "Нега йиғлаяпсан?" дея сўроқ қилмайди. Сирингизни ёмғир беркитади. Чунки атрофдагилар кўз ёшингизни ёмғир томчилари деб ўйлашади. Ана шунақа..."
Камрон одамлари ухлаб ётган бўм- бўш пойтахт кўчасида кетар экан Фотиманинг ночоргина жилмайиб турган , ёмғир томчилари бирин- сирин оқиб турган чеҳраси кўз ўнгига қадалиб туриб қолди .
"Фотимам ... Ўшанда юрагинг шунчалар оғриган экан- да?! Айт, қандай чидаган эдинг ? Қандай... ?!"
Камрон кўча юзида ҳосил бўлиб улгурган қатор кўлмаклардан бирига тиз чўкди . Мушти билан кўлмакни жони борича урди. Қўли оғриқни сезмади . У елкалари силкиниб - силкиниб осмонга қараганча ўкираб йиғлар эди :
- Аааааа...
Ааааа...!!!
Камроннинг юзларини ёмғир томчилари мўл- кўл, сийлаб-сийлаб қучар эди...
Гўёки ...
Гўёки Фотиманинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилаётган , овунтирмоқчи бўлаётган каби ...
▪️▪️▪️
Фотима туни билан "Рашк азобига чидай олмай шу бугун ўлиб қолсам керак" деб ўйлаб чиққан эди. Аммр эрта сахарда бошини бир амаллаб ёстиқдан кўтаргач , айнан бугунги Камрон акаси ва Тахминанинг никоҳи ўқиладиган ҳамда иккиси ёлғиз қолишадиган навбатдаги тун кўнглига кечагидан минг чандон кўра кўпроқ азоб беришини англаб етди ва бир қарорга келди:
- Шаҳардан вақтинча бўлса ҳам кетмаса бўлмайди !
Ота уйидан эрта сахарда чиқиб кетган Фотима аввалига Камрон акаси билан ҳар сафар яхши кўриб айланадиган ўзларининг сўлим ҳиёбонларига борди. Августнинг танга роҳат берадиган тонги салқин ҳавосида ҳиёбонни узоқ кезди. У Камрон акаси билан "Бизнинг мажнунтол" дея суядиган ўша меҳр берган дарахтларининг ғадир- будир танасини узоқ силади, ўзларининг бахтли кунларига гувоҳ бўлган узоқ йиллик тилсиз даркашига ҳасратларини тўкиб солган каби унга суянганча , бағрига юзини босди . Фотиманинг назарида дарахт ҳам мунғайиб қолгандек эди.
Асли инсоннинг табиати шундай. Ўзини бахтли санаса атрофидаги барча унга ўзидайин ҳушҳол, хушбахт кўринади. Акси бўлса ... Дили вайрон инсонга ҳамма ўзи каби бахти қаро бўлиб кўринади.
Фотима битта-битта қадам босиб йўл юзига чиқди. У такси тўхтатиб ҳайдовчига шаҳар чеккасидаги вилоятга жўналадиган бекатга олиб бориб қўйишини сўради.
Фотима Бурчмуллада яшайдиган Каромат аммасиникига кун пешиндан оққанда кириб борди.
Каромат аммаси ёши олмишлардан ошган бўлса-да, ҳали замон ўктамлигини йўқотмаган дилбар аёл эди.
- Вооой , вой, воей , болажоним- а ? Бунча игна ютган итдек бир ҳовуч суяк бўлиб қолмасанг, қизим ? - аммаси шу тариқа мехрини Фотимага изҳор қилиб кутиб олди,- рангингда ранг қолмабди- ку ?! Аммо заб келибсан- да! Сени ўзим бир боқмасам-ми ?
Фотима аммасининг ялпиз ҳиди келиб турган қучоғига сингиб кетгудек бўлди :
- Билгандек келибман-да унда , аммажон ?! Айтиб қўяй , ўзингиз олдингизга солиб ҳайдамагунингизгача ҳеч қаерга кетмайман?
- Сени- я ? Сени ҳайдарканман-ми ? Мен-а? Қара-чи , жиннига ўхшайманми мен ? Ким ким , ҳамма қолиб онамга қуйиб қўйгандек ўхшайдиган гўзал қизимни ҳайдарканман-ми мен ? - аммаси Фотимани қучоқлаб дарахтларга тўла ҳовлисидаги супага бошлади :
- Ҳооов Назира- ююю? Келинпошша қаердасиз ? Бу ёққа қаранг ? Тошкентдан азиз меҳмон келди.
Назира Каромат амманинг ёлғиз ўғли Райимжоннинг аёли бўлиб , қайнонаси каби дилида кири йўқ беғубор жувон эди.
Кўп ўтмай икки қават қилиб солинган баланд иморатнинг жимжимдор тўсиқлар билан безатилган зинасида Назиранинг ўзи кўринди. У ўттиз беш ёшлардаги дуркун гавдали , дўмбоқлиги ўзига ярашган очиқ чеҳрали жувон эди. У зина саҳнига қадам қўйиб кўзи Фотимага тушгач "Воой!" деди-ю , изига бурилиб овоз берди :
- Моҳларойим, Муниба , Мунира , дарров дастурхонга қараб юборинглар, бўлақолинглар ! Чаққон , чаққон !
Назиранинг беш нафар фарзанди бор эди. Уч қиз , икки ўғил. Бир дона ўғил кўриб қайтиб фарзандли бўла олмаган Каромат амма этагини набирага тўлдирган келинини қиздан аъло кўрар эди.
Назира гавдасига муносиб бўлмаган чаққонлик билан келиб Фотима билан айланиб , ўргилиб кўришди. Унинг изидан ўн , ўн икки , ўн уч ёшлар чамасидаги бири - биридан хушрўй қизлари қўлларидаги патнисга тоғни тоза асалидан тортиб ёнғоқ , бодом, пистасигача , олма-узумидан тортиб қаймоқ, сарёғигача олиб келиб дастурхонни тўлдириб ташлашди. Қизлар ҳам Фотима билан сўрашиб, бувилари дастурхонга фотиҳа қилгач , қандай чаққонлик билан келишган бўлишса шундай илдамлик билан тизилиб изларига қайтиб кетишди .
Каромат амма Фотиманинг синиқиб турган чеҳрасидан кўп нарсани фаҳмлаб турган бўлса ҳам ўзи ёрилмагунча гапни айлантириб ҳангома қилиб ўтираверди.
- Аммажон , дастурхонингиздаги барча ноз- неъмат бошқача маззали-я ? - деди Фотима ушатилган нондан тишлар экан,- бу ноннинг хамирига нима қўшгансизлар, еган сайин келади-я одамнинг?!
Каромат аммаси келинига қараб кулимсиради :
- Нонгами ? Аввало меҳр қўшганмиз , болажоним, меҳр. Ундан кейин озроқ эритилган сариғ ёғ, қаймоғи олинмаган сут, ун ва масала ҳал... Қолаверса Назира янгангнинг қўли гул-ку , ёдингдан чиқдими ? У оддий сувни қайнатса ҳам бошқача таъм киритиб юборади. Ичган одам анча вақтгача тамшаниб юради. Раҳматли поччанг ҳам "Шу келинимизнинг пахта ёғидан чучитиб дамлаган оши , ўнта қўй ёғига тайёрланган ошдан мазалироқ чиқади" дердилар.
- Вой Ойижон , жуда унақа мақтаб юборманг,- ёйилиб кулимсиради Назира , - шунча мақтовдан кейин битта ош дамламасам бўлмаса керак...
Назира қўлини кўксига қўйганча ўрнидан қўзғалди.
- Келинойи ,мен сизга қарашиб юбораман ,- деди Фотима ўзини ўнғайсиз ҳис қилиб .
- Болам , сен қимирлама, узоқ йўлдан толиқиб келгансан. Ҳозиргина кўрдинг- ку, қиз жиянларинг биб- бинойи дастёр бўлиб қолганини.
- Фотимахон , ойижоним тўғри айтяптилар. Сиз оёғингизни узатиб улар билан бемалол гурунглашиб ўтиринг. Ош пиширишни қизлар билан ўзимиз дўндирамиз...
Назира супадан узоқлашгач , Каромат амма Фотимага синчков боқди :
- Акамга келдим деб қўнғироқ қилиб қўйсанг бўларди. Шу вақтгача уч бор "Етиб бордим?" деб сўрадилар.
- Ҳавотир олманг, аммажон. Такси маҳаллангизга кириб келганда уларни тинчлантириб қўнғироқ қилиб қўйганман.
- Унда яхши ,- хўрсинди Каромат амма, - Фотима... Жоним болам. Мен барини эшитдим. Агар буларни бошидан билганимда сени ...сени бу йўлдан қайтарган, ўзингни кундош балосига тутиб беришга астойдил қаршилик қилган бўлардим. Негаки сен бунчалар эзилишга , юрак- бағринг тилкаланишга муносиб жувон эмасдинг. Нетай жигаримсан. Сени бармоғингга қадалган битта тикан, менинг бош- оёқ вужудимга тиғ азобини тотитади. Қадимгилар бекорга "Эр бермоқ- жон бермоқ" дейишмаган. Бошидан ўтказганларнинг гапи-да бу. Эрини бошқа аёл билан бўлишиш жон таслим қилишга тенг эканлигини ўз танида ҳис қилиб кўрганлар ҳавасакга айтишмагани аниқ бу гапни ...
Аммо ...
Аммо кўриб турибман- ки ғишт қолипдан кўчиб бўпти , бўлар иш бўлиб бўёғи ҳам синиб бўлибди. Бу ишлар пешона- тақдирингга ёзилган экан- ки , шу даражага етибди . Хаттоки ўзинг ҳам бу ишнинг бош ташаббускори бўлибсан.
Болам ... Шундай экан бўлиши керак бўлган ишлар учун кўнглингни тиғлаб , ўртанма. Сенга битта гапни айтаман.
Танангга нохос санчилган бир дона тикан ҳам кўпгина гунохларинг тўкилишига ва берган азобидан бир неча маротаба ортиқ мукофот ҳадя олиш учун каффорат бўлар экан.
Сен чекаётган бу азобларнинг ҳали ўз ажри бўлади , ин шаа Аллоҳ. Болам , сенга аталган қаймоқнинг юзи ҳали бузилмаган. Илойим ҳар бандани охиридан суюнтирсин. Сениям...
-Аммажон ..+Фотиманинг кўзларида ёш ғилтиллади ,- сўзларингиз бунчаям жонга малҳам бўлмаса-я...
Кўнглим бекорга шу тарафга етакламабди ўзи ...
- Бу ерга келиб тўғри иш қилибсан . Мана мени айтди дейсан. Дардингни шу кенгликлар ютиб кетади, - Фотимани юпатган бўлди Каромат амма,- ҳа айтганча сенга бир хушхабарим бор.
- Хушхабар?! - жонланди Фотима ,- қанақа хушхабар , аммажон ?
- Соҳиббой бор- ку ?
- Соҳиб аками ? Анави мени ёшлигимда "самалёёёт" деб арғимчоқда учирадиган?
- Ҳаа , ҳудди ўзи ! Ўша Соҳиббой кеча фарзанд кўрди ! Йигирма икки йилда ! Эшитяпсанми ? Соҳиббой билан Ҳуснобод йигирма икки йилда фарзандлик бўлишди . Яна нима дегин ?! Эгизаклар ! Бир қиз , бир ўғил ! Ана сенга умид билан билан кўтарилган кафтларнинг ноумид қайтарилмаслиги ! Ҳозир бутун қишлоқ арининг инига чўп суққандек тўзғиган.
Соҳиббой чақалоқлар туғруқхонадан чиқишига юртга каааатта ош бераркан...
Фотима хабарни эшитиб бўшашиб кетди :
- Аммажооон ... Бунча яхши ? Бунчалар яхши- я бу хабарингиз ? Мен Соҳиб аканиям , Ҳуснобод опаниям жудаям яхши кўрардим. Соҳиб ака тахминан элликларга ҳам чиқиб қолган бўлсалар керак.
- Бу йил қирқ еттига бўларкан. Ҳуснобод эса қирқ учга.
- Соҳиб ака келинойини жуда яхши кўрар эдилар а ?! ... Мен муҳаббат борлигини шуларга қараб англаганман,- деди Фотима хаёлга берилиб ...
Соҳиб қишлоқнинг энг олди , энг кўркам йигити эди. Ҳуснобод ҳам тоғнинг исми жисмига монанд таърифига тил ожиз бўлган қизи эди .
Фақат ...
Фақат Ҳуснобод безабон эди. Унинг онасининг айтиши бўйича қизига ҳомиладорлик вақтида қаттиқ шамоллаган экан. Кейинчалик мунчоқ кўзли, беҳад гўзал "Қизалоқнинг тилсиз туғилишига ҳомиладорлик вақтида ичилган кучли дорилар сабаб бўлган" деган ташхисни ўша дориларни ёзиб берган докторларнинг яна ўзлари қўйишган экан.
Соҳибнинг Ҳуснободни севишига қизнинг безабонлиги тўсқинлик қила олмаган эди. Фотима эсини таниб аммасиникига мехмонга келганда Ҳуснобод уч- тўрт йиллик келин эди.
Йиллар ўтган сари Фотима Ҳуснобод келинойи эри учун янада севимли аёл бўлиб боравергани , Соҳибнинг ҳам давлати чек- у чегара билмай тобора ошиб-тошиб бораётгани , шу билан бирга тақдир бу жуфтликни биргина "тирноқ"дан қисаётганига гувоҳ бўла борди. Фотима ўша кезлари ва кейин ҳам Соҳибнинг атрофида йўлдан уриш ниятида турли қиз- жувонлар жуда кўп ўралашганини биларди.
Аммо Соҳиб учун яшашнинг энг биринчи шарти Ҳуснобод эди. Йигитнинг оила аъзолари аввал бошдан ёлғиз ўғилларини соқов қизга уйланишига қарши бўлгандилар. Йиллар ўтиб улар ўғиллари бу дунёда ўзи учун энг муносиб жуфтни танлаганини тан олдилар, бироқ уларнинг фарзанд кўришларига илхақ бўла- бўла дунёдан ўтиб кетдилар.
- Эгизак дедингизми , аммажон ? - сўради Фотима юқоридагиларни хаёлидан ўтказар экан.
- Ҳаа. Фотима ва Ҳусанжон,- тантанали эълон қилди Каромат амма, - насиб қилса бешик тўйига сени ҳам олиб чиқаман. Чиройли ниятларингни қилиб оласан...
Фотима аммасининг сўзларига индамади. Унинг ёдига Камрон акаси ва Тахмина тушиб кўнгли яна бузила бошлаган эди...
Кечги овқатдан сўнг оила аъзолари билан алла- паллагача суҳбатлашиб ўтиришгач, Фотима аммасининг ёнида тунайдиган бўлди . Ичкарида аммаси пиш- пиш ухлаб қолгунча у ҳам ўзини пинакка кетганга солиб ётди. Каромат амманинг қаттиқ ухлаб қолганига кўзи етган Фотима секин ўринидан турди. Овоз чиқармай аста ҳовлига чиқди. Ҳовли сокин , атроф сув қўйгандек жим- жит . Фақат тоғнинг эрка шабадаси аҳён- аҳёнда азим ёнғоқ баргларини қиқирлатиб чапак чалишга мажбурлаб қитиқлайди. Янги тўлган ой эса Фотимага "Сен учун қўлимдан келгани шу" дегани каби атрофга сутдек ойдинлик тўшаб турибди.
Фотима қайтиб супага бориб ўтирди. Тоғнинг салқин ҳавосидан ўпкаларини тўлдириб симирди. Гўёки шу йўл билан юрагидаги ҳовур заҳрини кесмоқчи бўлди.
У тиззаларини қучоқлаб , ғужанак бўлиб ўтириб олди.
Фотима хаёлан ўзига гапира бошлади :
- Камрон ака... Сиз шу топда у билан... Бу нарсани ўйлашнинг ўзи даҳшат...
Қандоқ чидайман энди...
Шу бугунгача "меники" эдингиз а ?
Энди эса "биз иккимизники ..."
Айни дамда эса "уники..."
У н и к и ...
Ўз қўлим билан ўзгага топширганим...
Дунёда ўзини чоҳга отган мендек яна бирорта бахтиқаро аёл бормикан ? Балки сабр қилганим яхшими эди ? Ана Соҳиб акалар шунча йил сабр қилишибди- ю ...
Мен...
Нималар қилиб қўйдим мен нотавон ...
Нималааар ?! ...
Фотиманинг ичидан нимадир узилиб тушди . Ўша нимадир бутун борлиғини қайтадан куйдиришга тушди.
Фотима рашк, алам , изтироб исканжасида ўртаниб - ўртаниб йиғлай бошлади...
давоми_бор / 41
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3