13- қисм
▪️▪️▪️
Тахмина Ҳадича опанинг ёнида ўзини кўрсатиб ўтирмади. Сохта мулозамат қилиб унга ёқишга учун минг хил турланмади. Гарчи Ҳадича опа у ҳақда "Фотима билан солиштирганда Тахмина келинимнинг соясида қолиб кетади" деган хулосага келган , дилини ўзига нотаниш бўлган аллақандай ғашлик чулғаб олган бўлса-да, алал -оқибат ўғлининг бу аёлдан фарзанд кўришига қаршилик қилмасликка қарор қилди .
▪️▪️▪️
- Ўйлаб гапиряпсизми , Ойи ?! - Ҳадича опадан Тахминани никоҳига олиш ҳақидаги таклифни эшитган Камроннинг фиғони фалакка чиққан эди,- ахир сиз эмасми "Фотимани қизимдан аъло кўраман" деган !? Аммо у ҳақиқатда ўз қизингиз бўлганда икки дунёда ҳам бундай йўлни тутмаган бўлар эдингиз. Куёвларингиз Доно ёки Раъноингизни "Устига хотин оламан" деса ўшандаям фотиҳа бериб , оқ йўл тилармидингиз? Фақат "Ҳа!" деманг , илтимос ...
- Тушунсанг-чи , ўғлим. Сизларнинг ҳолатингиз бутунлай бошқа-ча. Очиғи бу савдони мен ўйлаб топганим йўқ . Бу Фотиманинг ҳоҳиши . Сени анави жувонга уйланишга кўндириш ҳам унинг илтимоси ,- жони ҳалак бўлди Ҳадича опанинг
- Ва бу илтимос сизга ёғдек ёқиб тушди а ? Ўзиям айни вақтда қилинибди- да , бу илтимос!
Фотима- ку , майли. Уни тушунса бўлади. Аммо сизни ...( Камрон "Аммо сизни қайси жин йўлдан урди, Ойи ?!" демоқчи бўлди-ю , сўнгги дақиқаларда тилини тишлади) аммо сиз нима учун унинг оғзини ёпмадингиз ?
- Болам ... Мана бир неча кундир- ки , нима учун Фотиманинг оғзини ёпмаганим ўзим учун ҳам тушунарли бўлмаяпти ,- хўрсинди Ҳадича опа , - балки ... Бу балки менинг ҳам унинг қўлида гўдак кўргим келганидан бўлса керак ... Ахир шўрлик Фотима ҳам оналик бахтини тотишга ҳақли... Балки... Бундай имкон иккингизнинг ҳаётингизда яна қайта туғилмаслиги мумкин деб қизғанган бўлсам керак.
"Сизларга фарзанд туғиб бериб бўлгач , ҳаққимни олиб яна ўз йўлимга кетаман" деган аёл яна учрайдими , йўқми ?
Камрон , худо сийлаб фарзандли бўлиб қолсанг , у болада сенинг қонинг оқади , бошқа бировникимас ! Фотима ақлли аёл . Бу ҳақиқатни сендан аввал тушуниб етиб , ўзига қанчалик оғир бўлмасин ҳаракатга тушди у ! Ҳозир ўтмиш даврлари эмас . Билсанг ҳозир аёл зоти эрининг ўз устига бошқа хотин олишини "дунёнинг тугаши" деб қабул қиладиган замон. Ҳозир бундай ҳолат биринчи аёл учун энг оғир таҳқир дея қабул қилинадиган замон... Аммо шуларни кўра-била туриб, ўз танасида барини қабул қилишга тайёр бўлган жафокаш аёлингни мен ёқламай ким ёқласин ?!
Унутма ! Бу ишда энг кам азият чекадиган сенсан. Сенга нима ? Исми нима эди ? Ҳа ўша Тахминани никоҳингга олсанг , у сен учун ҳалол бўлади. Ва шундан сўнг виждонининг у қадар оғримаса ҳам ҳақли .
Бу ишда энг катта кўргилик Фотиманинг бошига тушади. Ўз қўли билан эрини ўзга аёлнинг қучоғига топширишдан ҳам оғирроқ жазо бормикан аёл киши учун , гарчанд барчаси минг бора ҳаққоний бўлса-да. Бўлди ўғлим , мени ортиқ қийнама . Сен минг бор йўқ десангда Фотима шаҳдидан қайтадиган эмас. Сен бу ўжарлигинг билан уни батамом йўқотишинг мумкин. У ҳозир уйланишингга рози бўлиб турибди , шу йўл билан дардингга малҳам бўлмоқчи . Шуни яхши билки даражагача кела олган аёл бундан ҳам ортиғига қодир бўлади . Сен ҳадеб шу тарзда қайсарлик қилаверсанг, кунлардан бир кун Фотима ҳеч бир из қолдирмай ҳаётингдан чиқиб кетишни уддалайди. Ана унда минг вой де , минг дод де - бари фойдасиз.
- Ойиии ... Бу нима деганингиз ? Фотиманинг мени ташлаб кетишига ишонмайман ,- қўллари мушт бўлиб тугилди Камроннинг.
- Ўғлим ... Мен нафақат онаман. Мен аёлман ... Ва аёл кишининг нималарга қодирлигини жуда теран англаганман. Мен бўладиган гапни айтдим . Фотимадан ажралмаслик учун унинг шартига кўн. Йўқса ўзинг биласан. Қаршингда икки йўл турибди . Танла! Усиз яшай оламан десанг , марҳамат билганингдан қолма...
- Ойиии ...
Ҳадича опа Камронга жавоб қайтармади. Унга ҳаво етишмасди. "Камрон ва Фотима" дея аталмиш икки ўт орасида қолган онаизор оғир қадамлар билан ташқарига йўл олди...
▪️▪️▪️
Пешонага тушганини кўз ,
Кўрар экан қандоқ қиламиз...
Келди...
Ўша кун ахири етиб келди...
Кутиб ..., кутилмаган ...
Истаб ..., исталмаган ўша кун...
Эртага Камрон билан Тахминанинг никоҳи ўқилади бу уйда .
Фотима квартираларидан ўзига тегишли бўлган кийим- кечакларни олиб чиқиб кетиб бўлганига бир хафта тўлди.
Фотима бугун ўз ётоғидаги ўрин - кўрпаларни алиштириб бўлди...
Фотима янги турмуш қураганлар учун оҳорли кўрпа- тўшакларни тўшаб жойларини ҳозирлаб ҳам бўлди .
Фотима шамдек эриб тугаб бўлди ...
Тугаб бўлди ...
Унинг қуруқ жасади қолган эди. Ана шу қуруқ жасад туни билан мижжа қоқмади. У саккиз йиллик тан махрамидан кўз узмай термулиб ётди. Жуфти билан ўтган барча яхши - ёмон кунларини ҳотирлаб чиқди.
Йўқ ...
Саккиз йил давомида уларнинг ҳаётида бирон марта бўлсаям ёмон деб айтишга арзигулик кун бўлмабди. Камрон акаси саккиз йил давомида бирон марта уни урмабди , сўкмабди , ҳаттоки бир оғиз кўнглига тегадиган қилиб "Ҳой" демабди.
Камрон акаси шунча йиллар давомида уни "Ўзимни Фотимам" дея эъзозлабди...
"Ўзимни Фотимам"...
Фотиманинг шаҳло кўзларига жиққа ёш тўлди.
"Фотимангиз токи ҳаёт экан сизники бўлиб қолади , Камрон ака, - кўнглидан ўтказди Фотима, - токи омонат бу жони танасини тарк этмас экан сизники бўлиб қолади"
Фотима эрта сахарда эри билан хайрлашди.
- Илтимос , - деди у ўзини тутишга ҳаракат қилиш илинжида жилмаймайишга ҳаракат қилиб,- илтимос , Камрон ака. Тахминанинг кўнглига қаранг. Ундан кейин кичик чиллангиз чиқмагунча бизникига борманг. Ҳа айтганча , қизил қутидаги узукни унга маҳр сифатида тақиб қўярсиз. Уни Тахмина учун атай сотиб олдим,- Фотима оғир ютинди.
- Фотима ... - деди Камрон унинг юзини кафти орасига олар экан ,- шу бўлаётган ишлар туш деб айтгин менга...
- Ҳа туш , - уйқусизликдан сўлғин бўлиб кетган кўзлари жавдиради Фотиманинг ,- бу тушдан уйғонганимизда бизни энг чиройли ҳаёт кутмоқда... Унда сиз , мен ва бўлажак фарзандимиз жуда бахтли яшаймиз...
Камрон индамади , оғир хўрсинди.
- Камрон ака...
- Ҳмм...
- Мен бугун кетяпман. Сизни бир кун бўлса- да ёлғиз қолдирсам дегандим. Бу ўзингизга келиб олишингиз учун керак бўлади . Илтимос , йўқ деманг.
- Яхши ,- оғир тин олди Камрон ,- фақат ишдан қайтгунимча кутиб тур. Сени ўзим олиб бориб қўяман.
- Хўп...
▪️▪️▪️
Камроннинг кўнгли сезганди . У кун бўйи Фотимага қўнғироқ қилди , бироқ аёли ақалли бир бор бўлса- да қўнғироққа жавоб қайтармади. Охирги сафар қўнғироқ қилганида эса тармоқдан "Телефон аппарати ўчирилган" деган жавоб келди.
Камрон уйга қайтганида Фотима хонадонни аллақачон тарк этган эди.
Ошхонадаги стол устида эса икки энлик хат ётарди:
"Шундай қилмасам бўлмас эди. Бу уччовимиз учун ҳам энг мақбул чора..."
Хатнинг давоми устидан чизиб ўчирилиб ташланган эди. Камрон узоқ уриниб ўша ёзувни ҳам бир амаллаб ўқиди:
"Мен сизга ишонаман... Ўзимдан ортиқ..."
Камрон қоғозни ғижимлаганча юзларига босди...
▪️▪️▪️
Фотима уйига келиб ота- онаси билан кўришди- ю , ичкарига кириб ўзини ётоққа отди. У аланг - оташ бўлиб ёнар иссиғи ҳаддан ташқари баландлаб кетган эди.
Аёл дардини , аёл кўнглини аёл тушунади. Мўмина Фотиманинг тоби нима сабабдан қочганини дарҳол фахмлади. У ортиқча гап- сўзларсиз қизига дори ичирди. Фотиманинг иссиғи тушгач , куйган юракнинг заҳрини олар деб томоққа тегмайдиган илиқликдаги туршакнинг сувини тутди.
- Сизларни ҳам қийнаб қўйдим- а , ая ? Болангиздан келган роҳат шу бўлдими сизга ? - ўксинганча ўпкаси тўлиб деди Фотима.
- Ундай дема , қизим,- деди Фотима ,- чивиндек жонинг омон бўлса , шундан ортиқ бахт йўқ бизларга.
- Ая... Мен ...Менимча мен ўз онамнинг кўксиларини қаттиқ тишлаган бўлсам керак ...- Фотиманинг кўзларидан дувиллаб ёш қуйилиб келди,- эсимни танимай она меҳридан мосуво бўлдим. Кейин опамдан айрилдим. Энди эса бошимда бу савдолар...
Аяжон ... Чидай олмаяпман. Рашкдан куйиб кетяпман...
/36
- Жоним болам ... Аввал бошдан шундай бўлиши , шу кунлар бошингга келиши кафтдаги чизиқларинг каби аён эди- ку. Сени бу қарорингдан қайтаришга қанча уриндим. Аммо ўзинг бунга унамадинг... Энди қандоқ қиламиз ?! Чидайсанда , қизим...
Чидашдан бошқа иложинг йўқ...
- Қизим , - эшик тарафдан Абдураззоқ муаллимнинг қисқа йўталган товуши эшитилди . Фотима отасининг овозини эшитиши билан узатиб ўтирган оёқларини йиғиштириб кўйлагининг кенг этаклари остига яширди.
- Болам , - Абдураззоқ муаллим аста Фотиманинг ёнига ўтириб елкасидан қучди ,- мен сен билан фахрланаман , болам ...
Мен...
Мен сендек қизни инъом этган Аллоҳга минг- минг шукр айтаман. Бахтимга доимо омон бўлгин жоним, қизим. Бир умр дуоларим сен билан.
Фотима индамади . У кўз ёшлари отасининг юрак - бағрини тилишини истамас эди. Фотима барини ичига ютди. Бор дарди унинг юрагига олов бўлиб қуйилди ...
▪️▪️▪️
Тахминани Тошкентда тутинган икки дугонаси эртаси куни асрдан сўнг Камроннинг квартирасига ясантириб олиб келишди. Уларни Ҳадича опа билан Сарвиноз кутиб олишди .
Сарвиноз йўлга чиқишдан олдин "Юрак-бағрим эзилиб кетяпти , бормайман , Ойижон" деганди , қайнонасидан яхшигина гап эшитиб олганди. Умри давомида келинига қаттиқ - қурум гапирмаган Ҳадича опа бу сафар Сарвинозга юзингда кўзинг борми демай бор овозини қўйганча бобиллаб берди :
- Мен сизга бекорчилигимдан юринг деяпганим йўқ. Келин деган ордона қайнона савил бир нарса деганда кетини торозига солмасдан "хўп , Ойи" деса хонликдан тушиб қолармикан ?!
Сарвиноз шундагина қайнонаси бўлаётган воқеалар сабаб ўзидан ҳам ортиқ куйиб кетаётганини ҳис қилиб, тилини ичига ютди. Бир тарафда қайнотасининг авзойи бир неча кундан буён бузуқлиги Сарвинозга бу икки нуроний учун Фотима қанчалар азизлигини англатиб бўлган эди.
Кўп ўтмай Камронга куёв жўра бўлган Моҳир никоҳ ўқиш учун домлани олиб келди. Домла Моҳирга қариндош экан , шундай бўлса- да , Камрон билан Фотиманинг ажралиш учун судга берган аризалари қайд қилинган ҳужжат нусҳасини кўргачгина , никоҳни ўқишга аранг кўнди.
Шомга яқин барча ишлар ўз поёнига етиб квартирада Камрон билан Тахминанинг ёлғиз ўзлари қолишди ...
▪️▪️▪️
Ярим кечада Абдураззоқ муаллимнинг деразаси дона - дона Тақиллатиб, чертилди. Бу Фотима хонасининг деразаси эди.
Ичкаридан жавоб бўлмагач кўчадан Камроннинг бўғиқ овоздаги чақиргани эшитилди :
- Фотима !
Фотима, ойнани оч ! Фотима , мен келдим...
Илтимос , ойнани оч...
Сенсиз ўлиб қоламан , Фотима ...
Сенсиз ўлиб қоламан , Фотимаааа!!!
Кўп ўтмай хонанинг чироғи ёқилди , дераза шитоб билан очилди:
- Ўғлим ... - деди Абдураззоқ муаллим деразадан қалтираганча ярим эгилиб,- Фотима йўқ ... У кетди ...
Муаллим шундай деди-ю , баралла овозда хўнграб йиғлаб юборди :
- У сизни келишингизни билар эди. Шу сабаб кетди...
давоми_бор / 37
Муаллиф: Хазонрезги
#ТОКИХАЁТ
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1