12- қисм
Улар вафот этгач , орадан кўп ўтмай онамга оғиз солувчиларнинг кети узилмай қолган экан . Аям ёш , боз устига жуда чиройли бўлганлар. Ўшанда бобо- бувим ёинки аямнинг ўзларилардан рад жавобини олган кўпчилик аламзадалар мақсадларига етиша олмаганларига хуморбости сифатида улар тўғрисида бўлмағур иғволарни урчитиб ташлашибди. Хуллас , дадамнинг қабрлари совимай туриб аямнинг номлари бузуққа чиқиб қолган экан. Аям бояқиш уйдан кўчага чиқолмай қолганларидан сўнг бобом уларни номларини оқлаш мақсадида ноилож яна иккинчи бор қайта турмушга беришга қарор қиладилар. Аяжоним бу сафар ҳам оталарининг қарорига қарши чиқмайдилар, тўғрироғи қарши чиқа олмайдилар. Аёли ҳиёнат устида ушланиб , битта ўғли билан қолган кишига турмушга узатилиб кетаётган вақтда мени у оила қабул қилмаслиги ҳақида хабар келганда аям учун барини ортга қайтаришнинг имкони бой берилган эди. Шу тариқа мен икки ёшга тўлар - тўлмас, бобо ва бувимнинг қўлларида қолдим. Улар тириклик чоғларида бағриларида эркатой бир қиз бўлиб яшадим. Аммо кўп ўтмай аввал бобом , сўнгра бувим оламдан ўтдилар. Ўгай дадам шунда ҳам мени қабул қилишни истамади ва мен ноиложликдан тоғамнинг қарамоғларига ўтдим. Тоғамнинг уч ўғли бор эди. Шу сабаб уларнинг аёллари келинойим мени бажонидил ўз бағриларига олдилар. Негаки у кишига рўзғор ишларида қарашадиган ёрдамчи қўл керак эди. Хуллас йиллар давомида туртиниб , суртиниб , кўпда гап эшитиб рўзғор ишларини чаққонгина уддалайдиган қиз бўлиб етишдим.
Кўриб турибсиз ,чиройим ҳам ўзимга яраша. Аям менга ҳаёт бахш этиш билан бирга чирой ҳам улашишда қизғанчиқлик қилмагандилар. Хуллас ана шу чиройим кун келиб бошимга бало бўлди .
Бир куни келинойимнинг акалари ўғил уйлантирадиган бўлди. Тўй куни оила аъзолари эрталабдан тўйга отланишди. Мен кечгача уйда қоладиган , кечки пайт уч нафар соғинди сигирни соғиб , сўнгра тўйга борадиган бўлдим. Шу куни тоғамнинг ўғли Равшан мени тўйга олиб кетиш учун уйга қайтганда мен белгиланган ишларни саранжом қилиб бўлган ва тўйга бориш учун озроқ пардоз қилиб , кийиниб тайёр бўлиб турган эдим.
Равшан уйга келиб менга бир назар ташлади- ю , кўп ўтмай хонасига чақирди :
- Тахмииин , мана бу кўйлагимни дазмоллаб юбор...
Мен унинг қўлидаги оч кўк рангли кўйлакни олиш учун хонасининг эшигидан бош суққанимни биламан...
Хуллас , ўша куни Равшанга кучим етмади...
У эса мени қаттиқ севишини, менга уйланишини айтиб кўнглимни тинчитди.
Шу тариқа орадан уч ой ўтди.
Касални яширсанг , иситмаси ошкор қилиб қўяр экан. Мен бошиқоронғи бўлиб еганимни ҳам , ичганимни ҳам ташлай бошлагач, келинойим шубҳага тушиб , мени текширтирдилар. Ана ўша куни бўлди тўпалон , бўлди жанжал. "Фоҳишанинг қизи нимаям бўларди , билсам қўйнимда илон асраган эканман" дедилар улар биқинимни чимчилаганча.
Мен уларга онамни ҳақорат қилмасликни , қорнимдаги гўдакнинг отаси ўз ўғиллари эканлигини айтдим. Аммо бу гапларни бошида турган тоғаваччам "Туҳматчи ! Бу менинг болам эмас" дея бақира кетди. У тўғри айтаётган эди. Сабаби боланинг отаси тоғамнинг тўнғич ўғиллари эмас , балки ўртанчаси эди.
Хуллас , ўша куни бўлган воқеаларнинг эртасига қаттиқ сиқилганимгами ёки келинойимдан еган зарблар таъсириданми ҳомилам тушиб қолди.
Равшан ёнимни олмагани , қилар ишни қилиб қўйиб ўзи бир четда томошабин бўлиб тургани учун , шунча йиллик ҳизматларим эвазига эшитганим ҳақорат бўлган бу уйдан кўнглим совиб , безиб кетган эди. Бир хафталарда соғлиғим ўзимга келиб олишни пойладим. Бу орада керакли ҳужжатларимни , онамдан қолган тиллаларни тайёрлаб қўйдим- у , хафта боши эрта тонгда мени таҳқирлаган ўша уйдан чиқиб кетдим. Шу бўйи мана икки йилдан буён Тошкентдаман.
Бу ерга келганимда уч- тўрт йилда йиғиб- териб бир квартира оларман деб мўъжал қилган эдим. Аммо топганимнинг кўпи ижара пули тўлашдан ортмайди. Шу чоққача тўрт марта иш жойимни ўзгартиришга мажбур бўлдим. Сабаби ўша сабаб ... Менга кўп йигитлар, хатто ёши ўтиб қолган эркаклар ҳам .
ҳуши бўлишни таклиф қилишди. Табиий- ки , бу таклифга рози бўлмагач , бошимга бир дунё бўҳтонларни ёғдиришди. Хуллас йиллар ўтиб аямнинг куни менинг ҳам бошимга тушди.
Биласизми , Фотима опа. Ўша куни ҳушингизни йўқотганингизда сизнинг ҳам тақдиринггизда мендака савдолар бўлса керак деган гумонга борибман.
Аммо кўриб турибман- ки, бир чиройли оилангиз бор экан. Кўз тегмасин. Хўжайинингизнинг сизга бўлган эътиборларини кўриб жуда ҳавасим келди. Аллоҳ насиб қилса қилса бир- биридан ширин фарзандларнинг ота- онаси ҳам бўласизлар. Мана мени айтди дейсиз , ҳали бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетасиз.
Фотима чуқур хўрсинди:
- Кеча улардан талоғимни сўрасам , жавобимни бермадилар.
- Қизиқсиз- а , Опажон ?! Сиздек аёлни жавобини бериб бўларканми ? Юрагингизга оғир ботса узрку- я , аммо фарзандли бўлишнинг ҳозирги вақтда йўллари кўп деб эшитганмиз. Мабодо сунъий уруғлантириш усулини синаб кўрмаганмисизлар ?! ЭКО дермиди ? Шуни айтяпман.
Фотима бошини сарак- сарак қилди :
- Фойдаси бўлмади. Икки йил аввал шу мақсадда Туркияга ҳам бориб келдик. Аммо натижаси кўринмади,- Фотима шундай деб Тахминага муҳим сирни айтаётгандек юзи ёришди,-бироқ Камрон акам тез орада бола асраб оламиз дедилар. Шояд шу билан армонларимиз ушалиб қолса...
- Ҳаа ,- дея ўйланиб қолди Тахмина ,- буям бир чора...
Яқинда биз билан ишлайдиган бир ёшгина аёл сизларга ўхшаган оилага фарзанд туғиб берди . Ўша оиладаги вазият худди сизникига ўхшаш экан. Бефарзанд аёл "Болада эримнинг қони оқади" дея у аёлни суррогат она бўлишига кўнибди. Бунақа воқеалар чет элларда жуда кўп учрайди . У ерда нафақат бўйида бўлмаётган аёллар , балки кўпинча машҳур юлдузлар шу йўлни тутишади. Кўпчилик мега юлдузлар қомати бузилишидан қўрқиб, вақтини қизғаниб , каръерасида узилиш бўлишидан чўчиб , хуллас бир талай сабаблар билан шу йўлни танлашади, - Тахмина хўрсинди ,- ана шунақа гаплар , Опажон.
Тахминанинг сўнгги сўзлари Фотимани ўйга толдириб қўйди. У қаршисида ўтирган бу жувонга қараб юраги алланечук орзиқди.
- Тахмина ... - деди у беихтиёр ,- мана сиз . Сал аввал шу ер пойтахтдан бир уй олишни , ҳаётингизни йўлга қўйишни орзулаётганингизни айтган эдингиз . Сиз ҳам кўнглингизга олмасангиз бир саволим бор эди . Мисол учун сизга ҳам худди бизникидек оиладан шунақа таклиф тушса ... Мабодо - де... Битта фарзанд туғиб бериш эвазига уч хонали квартира таклиф қилишса , нима қилган бўлардингиз ?
Тахмина кўп ўйланиб ўтирмади :
- Эҳ опажон , ажойиб экансиз- ку?! Бундай нарса билан хазиллашиб бўларканми ?! Тўғрисини айтайми ? Тилёғламаликни ёмон кўраман. Бундай таклиф билдирилса жон деган бўлармидим. Янаям билмадим. Тўққиз ой бир фарзандни қорнимда кўтарсам-у , эвазига йиллаб орзулаган ниятимга эришсам. Балки мени очофат ёки суллоҳ аёл деб ўйларсиз. Йўқ мен ундай эмас , мен мажбур аёлман. Мажбур аёлнинг бошқалардан фарқи бор. Ўзим орзу қилган нарсаларга бошқа йўл билан аллақачон эришам ҳам бўларди . Нимага шаъма қилаётганимни биларсиз. Аммо буни истамадим. Ахир оҳиратда бунинг жавоби оғир. Бу ҳолат эса бутунлай бошқа. Бу ҳолатга ҳам шунчаки кўнмаган бўлардим. Мен энг аввало фарзанд туғиб беришим керак бўлган ўша эркакнинг никоҳига кирган бўлардим. Сунъий уруғлантириш йўли билан кўпайиш таклифи берилганда ҳам . Ана ўшанда бари ҳалол бўларди. Қилаётган ишим ҳам , ўртадаги келишув ҳам , энг асосийси туғилажак фарзанд ҳам ...
- Тахмина , шу ишларни биз учун қила оласизми ? Яъни биз учун фарзанд дунёга келтириб бера оласизми ?
Фотиманинг қарашлари жиддий эди , кўзларидан ўт чақнаб Тахминага савол бераётган эди у.
Тахмина Фотиманинг кўзларига қараб бир сакраб тушди :
- Вой ўлмасам ,- деди у талмовсираб , - бефаросатлигим қурсин , опа. Сизни хафа қилиб қўйдимми ? Ўзи шунақа оғзимга келганини қўйиб юборадиган одатим бор. Айбга буюрмайсиз. Мени кечиринг.
- Сиздан саволимга жавоб кутяпман,- деди Фотима қатъият билан , - ҳижолатпазликни йиғиштирингда жавоб беринг. /33
Бизга фарзанд туғиб бера оласизми ? Ўша томирларида бегонанинг эмас , Камрон акамнинг қони оқадиган болани ?
Тахмина Фотиманинг кўзларига тикилди. Унинг дастурхон четларини ушлаган қўллари асабдан титрар эди.
▪️▪️▪️
- Оҳ, болам-а , оҳ болам ?! Мендан нимани илтимос қилиб келганингизни биласизми ? Ахир бу нарса аёл киши учун нима эканлигини биласизми ? Қайси аёл кўриб била туриб ўзини ўтга отади ?!
Йўқ !
Мени бунга кўндира олмайсиз ?! Сиз яхшиси Камроним айтган таклифга кўниб меҳрибонлик уйидан бола асраб олинг !
- Агар... , агар ўғлингиз бепушт бўлганларида шу қарорга кўнган бўлар эдим. Аммо улар бепушт эмаслар- ку , ойижон ?! - Фотиманинг кўзларидан шашқатор ёшлари маржондек тизилди,- мана сиз она бўла туриб мени ўйлаяпсиз , мени кўнглим учун ўғлингизни бошқа аёл билан бўлишгингиз келмаяпти. Бунинг номи- садоқат . Бунинг номи - фидойилик.
Мен- чи ?!
Мен жуфти-ҳалол бўла туриб сиз ва ўғлингиз учун шундай фидойилик қила олмайманми ? Бунга шубҳангиз борми , жооон Ойижон ...
Фотима юзини Ҳадича опанинг қўлларига босди . Ҳадича опа келинининг бир ховуч бўлиб қолган жуссасини бағрига олар экан ўзи ҳам кўз ёшларини тия олмай қолди.
- Онани яратмасин экан-а болам ? Сени бу кўз ёшларингни кўриш мен учун қанчалик азоб эканлигини биласанми ?
Фотимам- а...
Сен Камронимни шунчалар яхши кўрасанми- я ?
Ахир ўз тан маҳрамини ўзга аёлга топширишга қарор қилиш ...
Бу қарорга келиш учун аёл ўз жонидан кечиши керак... Сен учун жонинг шу қадар беқадр бўлиб кетдими-я , жон қизим ...
- Ойижон , менга айтиб берган тиланчи аёл воқеаси ёдингиздами ? Мен худди ўша тиланчи аёл бўлдим , Ойижон... Мен етти эшикдан эмас , тақдирдан тиланиб - тиланиб сўрадим.
Биласизми , Ойижон ?! Ўша аёл ...Тахмина ҳаётимда бекорга пайдо бўлмаган! Юрагим шундай демоқда . Ахир ўзингиз "Баъзи инсонлар умримизга тангрининг мукофоти бўлиб кириб келишади" дер эдингиз- ку ? Шундай эмасми ?
- Ҳа шундай деганман! - ҳуноби ошди Ҳадича опанинг,- аммо гапимнинг давомида "Баъзиларнинг ташрифи эса синов ҳам бўлиши мумкин" деганман. Буниям унутма!
Ҳадича опанинг юраги куйиб кетгандан Фотимани сансирай бошлаганини ўзи сезмай қолганди . Зеро Фотима ҳам ҳозир буни англаб етадиган ҳолатда эмас эди.
- Жон Ойижон ! Келинг, фақат яхшиликни ўйлайлик! Ниятимизга қараб мукофотимизни олайлик, жон Ойижон...
Илтимос сиздан... Камрон акамни бу ишга фақат сиз кўндира оласиз ! Жон Ойижон , мен ҳузурингизга тиланиб келдим. Илтимос ...
Сиз ҳозир "Бу қарорга келиш учун аёл жонидан кечиши мумкин" дедингиз . Мен ўша жондан аллазамон кечиб бўлдим.
Илтимос , шу зорманда жонимни яна қайта яшай бошласин десангиз , ўғлингизни шу ишга кўндириб беринг.
Сиздан бошқа ҳеч нарса сўрамайман. Тиланмаймааан, жон Ойижооон . Шу илтимосдан бошқа хеч нарса тиланмайди , тиланчи келинингиз, Ойижон... Илтимооос , мен ҳам яшааай ... Мен ҳам яшааай ...
- Бўлди , қизим. Бўлди ! Бас ! Кўз ёшларингни арт ! Сен нима десанг шу ! Жоним қизим. Сен нима десанг , шу болам ... Камронни кўндирганим бўлсин ...
Фақат ... Фақат сен айтган ўша жувонни бир кўрсам ... Фотимам ўз ўрнини вақтинча бўлса- да бўшатиб бермоқчи бўлган ўша аёлни кўрмоқчиман. У билан суҳбатлашганимдан сўнггина Камрон билан гаплашганим бўлсин ...
давоми_бор / 34
Муаллиф: Хазонрезги
#ТОКИХАЁТ
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев