Сертификатлаш ва техник назорат соҳасидаги ислоҳотлар: нималар ўзгаради ва бу бизга нима беради?
Озиқ-овқат хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимида енгилликлар жорий қилинмоқда. Айрим маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва импорт қилишда қатъий назорат тартибларига 2025 йил якунигача вақтинча амал қилинмайди.
Бу нима дегани? Авваллари озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар овқатлари, ичимликлар ёки ўсимлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва четдан олиб кириш учун турли хил рухсатномалар, санитария ва ветеринария хулосалари, сертификатлар олиниши шарт эди. Бу эса кўп вақт, маблағ ва ҳужжатлаштиришни талаб қиларди. Эндиликда: 1. Маҳаллий ва импорт озиқ-овқат маҳсулотлари учун лаборатория натижалари асосида алоҳида санитария-эпидемиологик сертификат олиш талаб қилинмайди. 2. Болалар овқатлари, парҳез маҳсулотлар, биологик фаол ёки янги технология асосида ишлаб чиқилган озиқ-овқатлар учун техник ҳужжатларни (рецепт, қадоқлаш, маркировка, ишлаб чиқариш шартлари ва бошқалар) Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан мажбурий келишиш шарт эмас. 3. Алкоголсиз ичимликлар учун қўшимчалар ёки бутловчи қисмларни мамлакатга олиб киришда ҳар бир партия учун алоҳида сертификат талаб этилмайди. 4. Фитосанитария сертификати фақат гигиеник ёки ветеринария хулосаси мавжуд бўлмаган ҳолларда сўралади. 5. Ўсимлик маҳсулотлари, матолар, ипак, ғалла, пахта, ўйинчоқлар ва спорт анжомлари учун ветеринария сертификатлаш вақтинча бекор қилинмоқда.
Бу ислоҳотлар нимаси билан муҳим? – тадбиркорлар учун қулайлик яратилади – ишлаб чиқариш ёки импорт жараёни соддалашади; – вақт ва харажат тежалади – бюрократик тўсиқлар камаяди, ҳужжатларни олишга кетадиган маблағ қисқаради; - маҳсулотлар тезроқ бозорга чиқади – янги рецепт ёки технология асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тез фурсатда истеъмолчига етказилади; - ички бозор фаоллашади – соддалаштирилган тартиблар бозор рақобатини оширади, натижада истеъмолчи учун маҳсулотлар хилма-хил ва нисбатан арзон бўлади. Хуллас, ушбу ислоҳотлар ортиқча ҳужжатбозликни камайтириш, ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар фаолиятини енгиллаштириш, шунингдек, бозор механизмларини фаоллаштиришга хизмат қилади.
Мы используем cookie-файлы, чтобы улучшить сервисы для вас. Если ваш возраст менее 13 лет, настроить cookie-файлы должен ваш законный представитель. Больше информации
Нет комментариев