--------
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тамаъ қилинмайдиган ўринда тамаъ қилиб, қалбнинг муҳрланиб қолишидан паноҳ сўрар эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Тамаъчалик инсоннинг ақлини кетказадиган нарса йўқ», деганлар.
Умар ёки Ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Каъб розияллоҳу анҳуга: «Инсонлар илмни ўргангач, нима уни уларнинг қалбидан чиқариб юборади?» дейишди. У киши: «Тамаъ ва ҳожатларни инсонлардан сўраш», деб жавоб бердилар. Каъб розияллоҳу анҳу яна шундай деганлар: «Олимларнинг оёғи мустаҳкам турмай, тойилиб кетишга сабаб бўладиган нарса тамаъдир».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Одамларнинг қўлидаги нарсадан умидни узишда бойлик бор, тамаъда фақирлик бор, узлатда эса ёмонликка аралашишдан узилиш бор», деганлар.
Амр ибн Убайд айтади: «Мўминда учта хислат бор: ўзига зарар берадиган сўзни эшитиб, уни эшитмагандай кетади. Ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўради. Одамлардан бирон нарса тамаъ қилмайди».
Абул Атоҳия шундай деган:
Тамаъга бўйсунсанг, бўлдинг унга қул,
Қаноат қилмасанг, обрўйинг бир пул.
-------- //// ------- //// -------
ШАЙТОН ВАСВАСА ҚИЛГАНДА...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шайтон бирингизга келиб: «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳатто: «Роббингни ким яратди?» ҳам дейди. Қачон шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан эканлиги баён қилинмоқда.
Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда. Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан буён одам боласига душмандир. У Қиёмат кунигача одамзодни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам, инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак. Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «уни ким яратган, буни ким яратган» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап. Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда дарҳол: «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм», деб Аллоҳдан паноҳ сўрасин, мазкур хаёлларни миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда оқибати чатоқ бўлиши мумкин.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шайтон васвасасининг ҳақлиги.
2. «Уни ким яратди, буни ким яратди?» деб бориб, «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориб қолиш ҳам мумкинлиги.
3. Бундай ҳолатларда Аллоҳдан паноҳ сўраш лозимлиги.
4. Бундай саволларни дарҳол тўхтатиш лозимлиги.
Сиртдан содда кўрингани билан бу ҳадисда зикр қилинган масала ўта муҳимдир. Васваса кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақийда бобида зарар етказади. У туфайли инсон дидан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас. Ушбу ҳадисда ана шундай катта муаммони ҳал этиш йўли тақдим этилмоқда. Ҳозирги кунда мусулмон оламида ҳам, ундан ташқарида ҳам васваса хасталигига учраганлар кун сайин кўпайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканлигини кўрсатади.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев