БУ ДУНЁДА МЕНДАЙ ОДАМ БОР!
Умрим ўтди қилмасдан гина,
Умрим ўтди бўлиб умидвор.
Бу дунёда ғариб, жигина,
Яшаётган мендай одам бор!
Яшаяпман ҳар кун тинмасдан,
Термуламан ўзимга абгор.
Ҳатто кимлигини билмасдан,
Яшаётган мендай одам бор!
Оғрийверар, оғрийди жоним,
Осмонларга боқаман, ғубор.
Ҳеч кимсани тутмай уволим,
Яшаётган мендай одам бор!
Бир сас кутиб ҳар кун ҳар хасдан,
Юрагимни тутади хумор.
Худога ҳам арзин айтмасдан,
Яшаётган мендай одам бор!
Ўз-ўзимга куйиб, оғриниб,
Ўз-ўзимни қиламан беор.
Фақатгина суйиб, соғиниб,
Яшаётган мендай одам бор!
Умрим ўтди қилмасдан гина,
Умрим ўтди бўлиб умидвор.
Бу дунёда ғариб, жигина,
Яшаётган мендай одам бор!
БУ ДУНЁДА МЕНДАЙ ОДАМ БОР!