▪
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ибодат пайтида гўё ел чиққандек бўлиши ёки бавл (сийдик) томчилагандек туюлиши васваса, дейилади ва у шайтоннинг мўминларга етказадиган азиятидир. Шу билан шайтон мўминга дунё ва охират саодати бўлган намозни оғир ва машаққатли иш қилиб кўрсатади. Агар намозда ёки таҳоратда ел чиққанини аниқ билмасангиз, овози эшитилмаса, ҳиди билинмаса, унга эътибор қилинмайди.
Васвасанинг муолажаси уч енгил ишни амалга ошириш билан бўлади:
Васвасага эътибор қилмаслик;
Шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш;
Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлиш.
Васвасага эътибор қилмаслик – таҳорат қилиб намозга киришиш, кейин хаёлга келган ел чиққандек ва бавл томчилагандек бўлишини васвасага йўйиб таҳорат ва намозда бардавом бўлишдир. Зотан, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам васвасага тушган кишига шундай деганлар:
يَأْتِي الشَّيْطَانُ أَحَدَكُمْ فَيَقُولُ مَنْ خَلَقَ كَذَا مَنْ خَلَقَ كَذَا حَتَّى يَقُولَ مَنْ خَلَقَ رَبَّكَ فَإِذَا بَلَغَهُ فَلْيَسْتَعِذْ بِاللَّهِ وَلْيَنْتَهِ (رواه الامام البخاري عن أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
Яъни: “Шайтон бирингизнинг ёнига келиб, фалон нарсани ким яратган, фалон нарсани ким яратган дейди. Ҳатто Раббингни ким яратган, дейишгача боради. Шу жойга етганда, Аллоҳдан паноҳ сўранг ва тўхтанг” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ибн Ҳажар Хайтамий раҳимаҳуллоҳдан васвасанинг давоси ҳақида сўралганда у зот шундай жавоб қилганлар: “Васвасанинг энг яхши давоси унга эътибор қилмасликдир. Васвасага қулоқ тутиш уни зиёдалаштиради. Ҳатто киши охир-оқибат мажнунлар қаторига қўшилиб қолганига ҳам гувоҳ бўлдик”.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: васвасанинг давосида “Аллоҳдан паноҳ сўранг ва тўхтанг” дедилар. Васвасадан азият чекаётган киши мана шу набавий кўрсатмага амал қилиши керак. Чунки васваса шайтондандир. Шайтоннинг мақсади мўминни адаштириш, аросатда қолдириш, машаққатга солиш ва охир оқибат диндан чиқаришдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوًّا إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ
Яъни: “Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур” (Фотир сураси, 6-оят).
Имом Нававий баъзи уламолардан нақл қиладиларки, намоз ва таҳоратда васвасага чалинган киши “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни кўпайтириши мустаҳабдур. Чунки Аллоҳни зикр қилинганда шайтон ортга қочади. Бир сўз билан айтганда васвасанинг энг фойдали муолажаси Аллоҳга юзланиш ва уни тинимсиз зикр қилишдир (“Ал-Фатово ал-фиқҳийя ал-кубро” китоби). Валлоҳу аълам.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев