1 КИСМ
Тўқсоной Шарипова.Туғилган йиллари 1900 йил.Иккита ўғил Зариф амаки ва Умид амакини вояга етказган аёл.Ниҳоятда озодаликлари ва пазандаликлари билан қўни қўшни орасида ҳурмат топган аёл.Саксон ёшдан ўтган пайтлари ҳам тароватли, ёқимли, тенгсиз гўзал бўлганлари билиниб турарди. Турмуш ўртоқлари билан олтмиш йил умргузаронлик қилиб саксон олти ёшда вафот этганлар.
-Мен ўн беш ёшда эдим.Бувим менга атлас кўйлак,адрас калтача бичиб тикдилар.Ўша куни мени Амир сўратганини айтишди.Бувим ва холам билан бир ҳафта олдин Ҳаммоми Кунжакка борганимизда менга қараб бадани қолипга қуйилган кумушдай экан деб ёшимни, исмимни ва дадамнинг исмлари, манзилимизни сўраган кекса аёл Амир Аркининг кайвониси бўлиб мен ҳаққимда Амирнинг Ҳарам бошисига айтган экан. Арк, Амир, у ердаги ҳаёт биз учун азалдан сирли ва қизиқарли эди.
Наҳотки мен Аркда яшасам? Наҳотки Олимхонга хотин бўлсам? Юрагим гупиллаб урарди.Дадам жиддий,камгап,илмли киши эдилар.Онам ҳам илмли аёл эдилар.Бувим бир ҳафта мен билан суҳбатлашиб,суҳбат асносида эр ва хотин ўртасидаги нозик муносабат,аёл назокати ва одоби,эрга итоат борасида ниҳоятда фаросат ва одоб доирасида тушунтирардилар.Амир Аркидаги тартиб ва қоидалар,у ердаги муҳит ва интизом ҳаққида ҳикоя қилар,мен мароқ билан эшитардим.Амир Олимхоннинг бўй басти ва кўркамлиги,унинг билимли ва ақли зукколиги ҳаққида айтаётган маҳаллари мен юзим ловуллаб,ҳаяжондан тез тез нафас олардим.
Кўп ўтмай уйимизда эрталабдан одам йиғилди.Эркакларга ош дамланиб Наҳор оши берилди.Пешинда аёллар йиғилишди.Мени ясантириш учун махсус Аркдан икки чўри келган эди.Аввал бибим тиккан оқ атлас кўйлак ва адрас калтача,кундал(зарбоф мато)дўппида бошимга оқ ғижим рўмол ташлаб аёллар олдига чиқаришди.Мен уялганим ва ҳаяжондан кипригимни кўтариб қаролмасдим.Ёнимга бир бир келиб юзимни очиб кўриб совға бериб кетаётган аёлларнинг,қиз жувонларнинг чиройи,кийган кийимларининг қиммат ва ҳашамдорлигини кўриб
ҳайратга тушиб қолдим.Энг охирида учта бошқача либос кийган ўн саккиз-йигирма ёшлардаги қизлар келишди олдимга.Енги йўқ қора каштали нимча,кенг гулоби тусли атлас шалвор кийиб,нимча остидан ҳам атлас калта курта(блузка бичимдаги кийим бўлса керак)кийган қизларнинг қўллари яланғоч бўлиб қарийб тирсагигача ингичка-ингичка билак узуклар тақилган эди.Бошларига қора рўмол ташланган,улар ҳам бир биридан гўзал эдилар.Кейинчалик уларнинг Яманистон(Арабистондаги Яман бўлса керак) дан келтирилган канизаклар эканлиги ва Амирнинг суюкли аёллари қаторидаликларини билдим. Ёнимда жажжи ялтироқ мис сандиқча тутиб турган аёлни юзини кўролмадим.Лекин сандиқча тилла тақинчоққа тўлиб кетганини кўз қирим билан кўриб қолдим.Кейин ранга-баранга либослар кийдириб яна олти марта чиқаришди.Олти марта ҳам сандиқча тўлди.Ҳар сафар янги янги меҳмонлар билан уй тўла бўларди.Намозидигарга (пешиндан кейин)яқин аёллар тарқалишди.Эртасига эрталаб иккита от қўшилган фойтун келиб уйимиз ёнига тўхтади. Кайвони дугоналаримни айттириб эрталабдан тўплаган, улар менинг тақинчоқларим ва либосларимни ҳайрат ва ҳавас билан тамошо қилар эдилар. Мени ўша икки чўри қиз билан дугоналарим ҳамроҳлигида ҳаммомга жўнатишди.Ҳаммомдан чиққунимизча Ҳаммоми Кунжакдаги хос аёллар шўрва,патир ва қанд қурс,ёнғоқ майиз билан дастурхон тузаб қўйишган экан.Ўтириб шўрва ичдик.Менга бошқаларга нисбаттан озроқ шўрва солиб патирсиз ичишни айтди чўрилардан ёши каттаси.Шўрвадан кейин ўз ёғида қовурилган гўшт сузилди.Яна менга озроқ,бир бурдагина патир билан беришди.Шундан сўнг махсус хонана икки чўри билан кирдик.Қошларимни териб,сочларимни майда ўришди улар.Юзимга мен умримда кўрмаган упа эликлар суриб,баданимга гулоб пуркашди.Кўзларимга сурма тортиб қошимга ҳам сурма билан ишлов беришгач кўзгу тутди улардан бири.Ўзимни танимай қолдим.Уйимизга келганимда яна анчагина одам йиғилган эди. Мени Амир Олимхоннинг пичоғига никоҳлашди. Ўша куни намозшомда мени фойтунга солиб олиб Аркка олиб келдилар.У ерда ҳам куй қўшиқ,базм бўлди.Ёнимдаги ўша чўрилар менга бир бўлак олма билан икки дона қандолат беришди.
-Ўлуклик қилиб ўтурупти демагин,хайми бачам?Қорнунг шишиб амирга ямон курунма дейман.
Улар икки кун ичида биринчи бор гапириши эди манга.Талаффузидан бизнинг миллат эмаслигини билдим.Базмдан кейин мени яна баданимни гулобга ботирилган дока билан артиб чиқишди улар.Қайтадан пардоз қилишди.Майда сочларимга уланган тўф (жамалакнинг тури,қора ипакдан тўқилиб тилла,кумуш ёки мис мунчоқлар,кўзмунчоқ,марварид,садаф ва баъзида давлатмандлигига қараб олмос билан безатилган) ечиб олинди.Эгнимга новвот ранг ипак кўйлак кийдириб,бошимга юпқа ҳарир рўмол ёпиб бир чоғроқ хонага олиб киришди.Деворлари зар нақшли,шаҳнишин ва равоқли,шамдонларда хушбўй шамлар ёниб турган хонада мен ва ёши катта чўри қолдик.Бироздан сўнг эшик очилиб Амир Олимхон кириб келди.Мен унга қарамасам ҳам чўри аёлнинг икки букилиб таъзим қилганидан билдим.
Амирнинг сояси деворга тушиб турарди.У чўри аёлга тангалар жиринги эшитилиб бир кичикроқ сиёҳранг духоба халтача узатганини кўрдим.Чўри аёл таъзим қилиб чиқиб кетди.Юрагим дукурлаб урарди.Мен ахир ҳамма қизиққан,Шаҳар бо даруни Шаҳар(шаҳар ичидаги шаҳар)да,боз устига Туркмандан то Ўратепага,Кешдан Сурхонга қадар ўз ичига олган Амирликнинг Амирига ҳасми ҳалол,тан маҳрам бўлиб қаршисида тургандим.Титроғим оёқ қўлларим,иягимда яққол билиниб,тишларим бир бирига теккудай эди гуё.Амир тўнини ечишим учун қўлини узатди.Мен ўргатилгандек аввал қўлни ўпиб кўзимга сурдим,сўнг оҳиста енгини тортдим.Иккинчи енгни ҳам шу тахлит ечдим.Тўнни илгакка илиб,Амирнинг қўлидан дасторни олиб уни ҳам илдим.
-Рўмолингни ол Пошшо.Кел ўтир.
Амирнинг товуши ўктам,шу билан бирга жаранги баланд,хуш овоз эди.Сўзсиз итоат этдим.Унга чой қуйиб,ўрнимдан туриб узатдим.Шу пайтда кўз қирим билан унинг юзини кўрдим.Воҳҳҳҳ....Воҳ қизим!Қизжоним....Унингдек хушрўй мардни кўрганим йўқ эди.Шам ёруғида оппоқ юзи,кўркам соқоли,қора бирешим(ипак)дек қалин ва чаккага етай деган узун қош,кўзлари дилкаш....Мен осмонларга учдим
қизжон.Бахтдан сармаст бўлдим.Лекин ҳаё кучли,билдирмадим ҳеч нарсани.Саййид Олимхон ундан бундан тотинган бўлди.Менга ҳам муръат қилди.Илтифот кўрсатиб олдимга ширинлик ва меваларни суриб қўйди.Сўнг икки кафти орасига ғалвирак ёнғоқни олиб қарсиллатиб чақиб мағзини лабимга тутди.Ниҳоятда уялдим.Лекин едим.У юзини юзимга яқинлаштириб юзимни,сочларимни,томоғим остини чуқур чуқур нафас олиб ҳидлади.Амирнинг ўзидан эса исириқ ва мушк иси уйқашган ажиб хуш бўй келар эди.
Ўша тун,мен Амирга хотин бўлган илк тун менинг ёдимда то сония,дақиқаларигача қолган қизим.Унинг ҳар нигоҳи,сўзи,нафаси,ҳатто киприк қоқишларигача...
Эрталаб саҳарда Амир чиқиб кетди.Пешонамдан,юзларимдан ўпиб,эркалаб чиқиб кетди.У кетгани ҳамоно ўша кекса чўри аёл кириб келди.Мени таҳоратхонада енгил ғусл қилдириб,кийинтириб олиб чиқиб кетди.Олди катта,узун айвонли ҳарам бўлмасидан менга бир хона ажратилиб,ўша ерда яшай бошладим.Аста секин Арк-Шаҳар ичидаги Шаҳар ҳаётини ҳам ўзим ўрганиб,ҳам унга ўргана бошладим.Ҳарам дейилганда фақат Салтанат Ҳукмдорининг айш ишрати учун аёллар тўпланиб ушлаб турилган маскан тушуниларкан сен айтишинг бўйича.Асло ундоқ эмас,она қизим.Мен ҳарамда беш йил умрим кечди.Ҳарамда ўша пайтда уч юздан ошиқ чўри,каниза,жория бор эди.Никоҳланиб олинган аёллар саноқли бўлиб улар алоҳида бўлмада яшашар эдилар.Қатъий тартиб интизом ўрнатилган ҳарамда яширин рақобат,фитна,ҳасад ва ҳавас ҳукмронлиги билан бирга тўкин ва ташвишсиз ҳаёт ҳам бор эди.Амир ҳам жисмонан бир эркак кучи бор одамда.Ҳар қанча бақувват бўлмасин ҳар кеча айш ишратга давлат ва салтанат юмушидан ортиб вақт ажрата олармиди?Шу сабаб турли юртлардан келтирилган каниза ва жорияларнинг ўз вазифа ва юмушлари бор эди.Ҳарамдаги бир бўлмада зардўзлик буюмлари тикиларди.У ерда олтмиш нафар қиз кишини ҳайратга солувчи зардўзи сўзона,ковуш,этик,пеш курта,тўн,дўппи,жойпўш хулласки турли туман санъат асари даражасидаги нарсалар яратишарди.У қизларни Бухоролик зардўзлар махсус ўргатишар,ҳинди,эрон,черкасс,араб,турк ҳар миллатдан бор эди.Яна бир бўлмада пахталик кўрпа,ёстиқ,тўн тикилиб,қавиларди.Қандолатпаз қизлар,саррофлар,тикувчилар бор эди.Энг нуфузли бўлма эса хаттотлар бўлмаси эди.Ҳусни хати чиройли илмли қизлар танлаб олиниб,китоблар ва нодир қўлёзмалар қайта кўчириларди бу ерда.Мана шу ишлаб чиқарилган нарсаларнинг бари бозорга чиқариларди.Амалдорлар,уларнинг аёллари шу ернинг ўзидан ўзларига тўн,кўйлак,дўппи,пеш курта харид қилишар,китобларга эса навбатда тургувчи ниҳоятда кўп,битгани ҳамоно эгаси сотиб оларди.
Ҳарамдан ташқари биз яшайдиган бўлмада ҳам текинхўр, еб ётарлар йўқ эди. Каштадўзлик, зардўзлик,қандолатпазлик билан шуғулланардик. Энди қизим, ҳар мамлакатда ҳозир ҳам бор бўлган саноатнинг ҳар тури жамланмаси Арк ичида ташкил топтирилган эди.
Улус бозорга олиб чиққан бирешим(ипак), бўз, шойи, тақир бахмал, зардўзлик учун теридан қирқилган нақш нусхалари , тўқима жияклар, пахта пилик, ипак пилик, дўпилар тайёр ҳолга келтирилиши учун зарур астарлик, пилик қоғоз, ширеш(махсус елим, ун, сув ва суяк қайнатмасидан тайёрланган) нинг энг сифатлиси Арк ичи учун,қиммат нархда сотиб олинарди. Аксарият бизнинг бўлмадаги хотин қизлар кашта ва зар тикишарди. Барча аёл борки бу бўлмадаги Амирга шаръан тегишли ва ўз хеш ақраболари эди.Хешлардан ташқари барчамиз Амиримизни бир карра бўлсада яна кўриш,суҳбатидан баҳраманд бўлиш умиди билан яшардик.Амирнинг катта хотини Назира биби ўттиз беш ёшлардаги тўладан келган,кўзлари шаҳло,оқ юз ва ёноқлари ол гўзал аёл эди.Яна бир Амир Олимхон суйган ниҳоятда гўзал,Фозил Савдогарнинг қизи Биби Ҳамро,Ҳамрохон ҳаққида кўп гапиришарди.Инсон ақли бовар қилмас ҳусну малоҳат соҳиби эканини таърифлашарди. Канизаклар бўлмаси билан унча ҳам муносабат қилишмас, у ерга келтирилган янги чўри ва книзаклар ҳақида ҳарам бекаси ёки бирор хизматчидан билиб олишарди. Нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам ўз касб корларига эга эдилар. Косибчилик, дурадгорлик, тахтага нақш солиш бўйича энг моҳир усталар шу Шаҳар ичидаги Шаҳарда эдилар. Очиқ айвондаги, кираверишида икки шер ҳайкали бор ёзги қабулхонанинг ўнг томонида зарбхона бўлгучи эди.
Зарбхонада тилла ва кумуш тангалар Амирлик муҳри билан зарб қилинар эди. Бу зарбхонага ман эшитишимча қатъиян бегона кишилар киритилмас, ҳатто Қушбеги ҳам фақат зарбхона бошлиғининг рухсати ёки Амирнинг ёзма рухсатномаси билан кира оларкан.
Энди ҳарамга қайтсак. Ийд, айёмларда ҳарамда базмлар, рақс ва ғазалхонликлар бўлгучи эди.Шу дилбар давралардаги иштироким энг бахтли кунларим бўлиб қолган ҳаётимда. Энг катта ойнаванди айвоннинг тўрида Амирнинг хос аёллари яъне биз, сўнгра ҳарам бекалари ва ҳарамдаги Амир назарига тушган турли миллат парирўй гўзаллари, яна ҳам қуйироқда хизматдаги чўри ва жориялар ўтиришарди. Улардан ёши улуғлари, садоқат билан хизмат қилганларини Поччолар(ҳарамдаги юқори нуфузли ва амирлик оиласига таалуқли аёллар исмига Поччо қўшиб айтилган. Пошшо сўзининг бузилган шакли бўлса керак манимча) тўрга чақириб ёнларидан жой беришар, ҳар турли егуликларни уларнинг олдига суриб илтифот кўрсатишарди.Барча аёллар энг қиммат матолардан кўйлак,калтача (енги кенг,олди кўкрак қисми очиқ,узун,бичими ниҳоятда чиройли аёллар устки кийими.Асосан тақир бахмал,духоба,зар тафта,зарбоф матолардан тикилган)кийишган,бошларида ёки тоқи (дўппининг тури,баландроқ дўппи),зардўзи ёки тилло,кумуш,пешонабанд,баъзилари кундал ва зардўзи гирда каллапўш(айлана дўппи),ёшроқ аёллар энди урфга кира бошлаган чоркунж(тўртбурчак)дўппи кийишган эди.Деярли барча Бухоро заргарлари бор маҳоратини ишга солиб яратган тилло тақинчоқлар твқишган,бир аёл таққан зеби гардон,катмола ёки тапиш бошқа аёлда такрорланмас эди. Айвондан чиқишдаги даҳлизда ёш ва янги жорияларга дастурхон тузаларди.Бу ерда, яъне ҳарамда Исломни қабул қилиш мажбурий эмас эди. Яна Яман, Эрон, Черкасс ва Фаранги,хуллас ҳар миллатдаги қизлар ўз миллий либосида юришарди. Оҳ у ердаги гўзаллар... Оҳу кўз, париваш санамлар... Нафақат жория ва канизаклар, балки хос аёллар, яъне шаръий никоҳда бўлган аёллар орасида ҳам Амирни ҳали бир бора кўрмаган, у билан қовушмаган, иффати ўзида бўлганлар бор эканини эшитиб улгурган эдим.Ўша куни уларни кўрдим. Улар никоҳлангандан сўнг ёки Амир бошқа юртда бўлган, ёки ҳарам бекасининг синову саволларидан ўтолмаган ва шу бўйи қолиб кетишган.Нигоҳларида алам, умидсизлик қотиб қолган, юз ифодалари ҳам маъюслик ва ғазаб қоришиғидаги бир номини мен тополмаган ифода, тақдирдан, дунёдан, атрофидаги ҳаммадан ўч олишга имкон қидириб юрганга ўхшаб сал хатолиғ сезилса бировдан таъна дашном ёғдиргувчи уч жувон эди
улар. Уларга ҳам барча хос аёллар каби эҳтиром кўрсатилсада барибир назардан қолганга қараладиган беписандлик сезиларди нигоҳларда хизматчидан тортиб жориягача, барининг.
Об-ошдан сўнг уд, гармон, доира, тор ва таблон каби мусиқа асбобларини кўтариб мусиқачи аёллар кириб келишарди.Энг хуш овоз хонанда,Амирнинг онаси махсус қишлоқдан олиб келтиртирган Анбари Ашкни ўшанда кўргандим.Қорамағиз,қотмадан келган,баланд қомат қуюқ қошли,бодом қовоқ аёл эди у.Қалин,дўрдоқ лабини туртиб икки тиши олдинга чиқиб тургани бироз ҳуснини бузмаса бинойидек кўзга яқин эди.Қолган мусиқачилар жория қизлардан,уд ва таблонда икки Эронлик қиз чалар эди.Мусиқа секин аста Пироварддан Шахдга ўта бошлаганда даврада жонланиш сезила бошланди.Аёллар бир бирларига савол бериб,жавоб ола бошлашди:
-Бугун Шишахон хизмат қиладими?
-Ниникал манимча.
-Ээээ,шу Шишахонни бир кўргим бор эди.Ваҳ ваҳ, унингдек гўзал йўқ.
-Ниникал,Шишахон ва Онабиби уччовлари хизматда!
Шу пайт қўл оёқларига қўнғироқ таққан,бошига атлас Жадиди рўмолни шокилаларини пешонасига тушириб боғлаган,Бухорча кенг кўйлакда бир аёл кириб келди.Анбари Ашкнинг ва мусиқанинг оҳангига мутаносиб эшилиб рақсга тушаркан унинг қўл ва елкалари худди дарё мавжидек тўлғанар,бели ва оёқларининг ҳаракати ҳам ажиб нафис эди.Бу раққоса Ниникал эканини айтди менга ёнимдаги чўрим.
Ундан сўнг Онабиби раққоса зону(тизза)ва қайроқ рақсини намойиш қилди.Кейин даврага айтганларидек парилардек чиройли,йигирма беш ёшлардаги яҳудий раққоса кириб келди.Аёллар чувиллашиб уни қаршилашди.Бу ўша машҳур Шишахон эди.(Асли исми Балўр.Яҳудий миллатига мансуб.Балўр,яъне Биллур дегани.Шундан келиб чиқиб халқ орасида Шишахон номи билан
танилган.Афсонавий гўзаллик соҳиби бўлган)Бу гўзал Бухорча Мавригига шунақанги маромига етказиб рақс қилдики,мен оғзим очилиб қолган эди.Мен кимлигини билолмаган,нуфузли аёллардан бири (амалдорлардан бирининг аёли бўлса керак) ўрнидан туриб бармоғидаги узугини мис патнусга қўйиб даврага узатди.
-Биз ҳаммамиз биламизки Шишахон камондек эгилиб ердан узук,билакузук ва таппишни тиши билан олиб бизни ҳайратда қолдирди.Энди шу узукни киприги билан олармикан?Ололса мана шу Бухорий тиллодан Ҳабашистон инжуси қадаб ясалган узук Шишахонники!
Аёллар яна чувиллашиб Шишахонни қўллаб қувватлашди.Доиранинг дилни қитиқловчи оҳанги янгради.Шишахон эшилиб,сузилиб оҳиста рақс қилар эди.У патнусга яқин келганда орқасини ўгириб патнус устига эгилди.Жингалак сочлари патнус устига тушиб турарди.Шу сабаб узукни ололдими,йўқми кўришнинг имкони бўлмагани учун даврада жимлик чўкди.Аста секин нозик ҳаракатлар билан гавдасини тиклаган раққоса бир кўзи билан узукни қисиб турарди!Доирачи аёл гиж бада банг қилиб авжига чиқди.Шишахонга олқишлар,тилла ва кумуш тангалар сочилди.
Мен ҳам кўнглимда Амирни қайта кўрармиканман деган савол, ҳам хавотир, ҳам умид билан яшардим.
Лекин мен каби Амиримизнинг бир назарига интизорлар кўп эди. Улар ичида биргина санам бундан мустасно эди. Бу аёл Саййид Олимхоннинг энг севикли аёли, ҳам одоб, ҳам назокат, ҳам латофат, ҳаммасидан ҳам ақлни шоширгувчи гўзаллик соҳибаси Бибиҳамро Фозилбой қизи эди. Бибиҳамро ҳарамдаги хос аёллар бўлмасидан ҳам ташқарида, Амир Олимхоннинг бўлмасида уч хона ва бир даҳлиз, ойнаванд айвон ва очиқ айвондан иборат қисмида яшарди. Менгача ҳам Амир Олимхоннинг онасига заҳар берилган фитнада Бибиҳамро айбдор деб унга туҳмат қилингани, Амир уни талоқ қилиб туҳмат эканлиги исботлангач қайта никоҳига олгани етиб келган эди. Ҳали ота уйимдалигимда бизнинг қишлоқ Бухоро шаҳрига яқин жойлашгани учун Амир Саййид Олимхоннинг чиройда тенгсиз хотини ҳақида турли шов шувли гаплар эшитганим ҳам бор эди. Ҳарамда яшаётганимга олти ой бўлсада Бибиҳамрони кўрмагандим. Аркдаги бир аёллар зиёфатида ҳам Бибиҳамро ташриф буюрмади. Шунда билдимки Бибиҳамро туҳматдан сўнг ўз ошёнидан чиқмас, ўша ерда хизматкор ва чўрилари билан яшаб, ипак матога кашта тикиш билан шуғулланар экан. Баҳорнинг бошидан то кеч кузгача Қарши Дарвоза томондаги оқ тошдан қурилган Ширбудун қароргоҳига Олимхон билан бирга кўчиб кетишар экан. Унинг ширингина Шукрия Роҳат исмли қизалоғи бўлиб, қизалоқ Амирнинг катта хотини Назира поччони кўришга келганида уни кўрдим.
Агар унга отасидан қошу кўз ўтган бўлса, оқ юз, ол дудоқ, бежиримгина иякчаси онасидан ўтган деб ўйладим.Назира поччо Амирнинг илк уйланган аёли. Амир ўн етти, Назира ўн тўрт ёшда бўлишган экан ўша маҳал. Назира тўла гавдали, қорамағизгина, чиройи ҳам ўртача бўлсада суҳбати ширин, ўз ҳадди ва меъёрини билгучи, ўқимишли аёл эди. Бундан ташқари ўта ҳозиржавоб ва хуш хандон, ҳазилкаш ҳам эди. У бор даврада кулги тинмас эди. Амир Назира поччони хобгоҳига чақирмай қўйган бўлса ҳам, унинг ошёнига кундуз кунлари тез тез ташриф буюражаги, Назира поччо тимсолида дўст ва сирдош, маслаҳатгўй топгани ҳаққида менга ўша ҳарамга келган кунимдан хизматимда бўлган Ҳисорлик кекса чўри Сафармо айтиб берган эди. Сафармони мен оя деб чақирардим. Ҳарамда ўн ёшида келтирилиб, ҳозир олтмишдан ошган бу аёлчалик кўп нарса биладиган кам эди ҳарам ҳаққида. Оям менга меҳрибон бўлсада, айёрлиги ҳам, шафқатсизлиги ҳам бор эди унинг. Кунларнинг бирида, Мезон ойининг бошида Аркда тўй бўладигани ҳаққида гап тарқалди. Амирнинг жияни чиқарилармиш. Бу пайтда мен ҳарамга келганимга саккиз ой тўлган бўлиб, мен Амиримни ҳали қайта кўрмагандим.
-Тўқсаааан, зардўзи куртангни(кўйлак) ни кий бачам. Тўйга Бибиҳамро ҳам келаду. Ширбудунга хабар кетду-деди оям ўз лаҳжасида.
Тўй уч кун давом этди. Биринчи кун элга ош берилди. Иккинчи кун эркаклар учун базм.
Учинчи кун аёллар йиғини ва келинни кузатиш маросими. Ўшанда мен Бибиҳамрони ва у билан бирга кириб келаётган Амиримни кўрдим. Мен ҳаётимда илк марта рашкни ҳис қилдим қизим...Юрагим гупуриб урса ҳам барча аёллар қатори таъзимга эгилдиму,кўзим қири Бибиҳамрода. Бибиҳамро, Ҳамрохон шу қадар чиройли эдики, мен ҳам, уни кўрмаган кўрган барча унга маҳлиё бўлиб қараб турарди. Бошида энди урфга кира бошлаган тўртбурчак шаклдаги садбарг нусха сиёҳранг бахмал зардўзи дўппи, худди шундай рангдаги зардўзи калтача,калтача остидан оппоқ шойи кўйлакнинг бурма ёқаси кўриниб турибти. Узун сочлари майда ўрилган, қулоғида Усмони балдоқ.Чеҳрасини кўрсанг... Бу чеҳрани одам боласи асло. Устоди Арш бу сиймони бор маҳорати ила чизган экан қизимжон. Юзи сутдек оппоқ.Қарашлар, ибога йўғрилган ноз, меъёр даражасидаги таманно, жиддийлик ва илжайиш чегарасидаги маъсум табассум, хуш тавозеъ ила барча аёлларга бироз бошини эгиб қўли кўксида салом бериб ўтишлари...Хуллас у мукаммал эди ҳуснда. Қомати баланд, елкалари тик.Кўксига қўйилган, билак узук, узуклар тақилган қўллари оппоқ. Овозини айтмайсанми қизим? Мен бунчалик мафтункор ва ёқимли сасни эшитмагандим. Назира поччонинг қаршисига келиб Олимхон тўхтадилар.
-Ваалейкум ассалом Назир поччо. Шумо дуруст?(Сиз яхшимисиз?)-Амиримизнинг меҳр ва бироз қувноқлик билан берган саволларига Назира поччо ҳам қувноқлик билан жавоб берди:
-Шумоя дидаги бемори рў жо дуруст мешаваду, моҳон нодуруст мешавемми? Дийдаҳам нур гирифт, хуш омадед Амирам!(Сизни кўрган тўшакка михланган бемор тузаладию, биз нодуруст бўлармидик? Кўзим нур олди. Хуш келибсиз Амирим)
Шундан сўнг Назира поччо Бибиҳамрога юзланди:
-Парирўй, Сиз яхшимисиз? Тан сиҳатингиз яхшими? Бошимиз кўкларга етди. Нега биздан узоқ юрарсиз?
-Ойпоччожон, Сизни кўрмак ҳамиша муддаойи аввал. Лекин...Не дейин сизга?....
Бу товуш сеҳридан ҳамма сеҳрлангандек эди.
Амир юзида ўйноқи кулгу билан бу мунозарага чек қўйиб деди:
-Ҳамрони кўрмак истасанг манга айт, Назир поччо. Фойтун бериб Ширбудунга жўнатаман. Мани кўрсанг Ҳамро ёдингдан чиқадирми ё?
Енгил кулги кўтарилди. Амир саф тортган хос аёлларига кўз ташлади. Нигоҳи бир зум менда ушланиб қолди. Дарҳол кипригимни ерга йўналтириб нигоҳимни яширдим. Юзим ловулларди. Оёқ қўлим титрарди. Аста секин аёллар билан сўрашиб келиб менинг ёнимда тўхтаганида юрагим тўхтаб қолгандек бўлди.
-Ваалейкум ассалом. Не ҳолинг бор Гул?-Амир мендан сўраган маҳали бошим айланиб кетди. Лекин бор иродамни йиғиб жавоб бердим. Сафармо ўргатгандек шивирлаб жавоб бердим:
Юзингизни кўрмак умиди билан тирикман Амирим...
Амир кулимсираб нари кетди. Назира поччо ва мендан бошқа заифадан ҳол сўрамади.Шу сабаб хос аёлларнинг бари менга тикилиб қолишган эди. Бибиҳамро ҳам улар қатори менга бир зум тикилиб турдида, нигоҳини бошқа ёққа, Амир кетган томонга йўналтирди. Мен ул парининг кўзларида ҳам рашкни кўрдим.
Сафармо оям манга маъноли қош қоқиб қўйди. У ҳақиқатда ниҳоятда тиришиб мени тайёрлаганди бу тўй учун. Бир ҳафта олдин кунда ярим пиёла қатиққа бироз ун ва тухум қўшиб юзимга, бўйним ва кўкракларимга ҳар кеч суртар, бироз қотгач ювиб юзимга атиргул сувига канакунжут мойи ва мусаллас қўшиб тайёрланган мойли сув сурарди. Қўлларимга узум сиркаси вп сут қўшиб тайёрланган суюқлик суриб, ювилгач бироз қаймоққа туз ва норинж суви қўшилган суртма сурарди. Ўзимни мақташ ноқулай, лекин мени ҳам гўзал деб мақташарди. Сочларим узун эди қизим. Бошимизни у замонлар биз қатиқлаб ювардик. Ёғлиқ бўлиб жиқиллаб кетмаслиги учун қаттиқ зардоби билан ювардик кўпинча. Хуш бўй бўлсин учун, райҳон, зира, хна, атиргул, ялпиз ва узум сиркаси қўшиб дамланган илиқ сув билан чаярдик сочимизни. Бундай дамлама билан чайилган, зардоб ё қатиқда ювилган соч узун бўлиб ўсарди. Таралишида қийинчилик бўлмасди. Мени сочларим текис, қоп қора, йўғон ўримли эди. Шу сочларимни тутам тутам олиб майда майда тариқдек терилган ип қўшиб ўриб чиқди Сафармо. Оппоқ, тор енгларининг учига инжулар қадалган тик ёқа кўйлак ва устидан оқ зарбоф матодан енги калта, бели бурмали або кийдирди.Бўйнимга қатор қатор марварид шодалари тақди.
Қулоғимга нуқрадан (кумуш) марваридлари мўл қилиб ишланган узун нафис балдоқ, қўлларимга ҳам шунга мос инжа ва нозик марваридли билак узук ва узуклар тақди. Юзимга упа ва ғоза билан пардоз бериб, кўзларимга сурма, қошимга куйдирилган бодомдан сурди. Лабимга ол лаб мойи суриб, норинж ҳидли хушбўй сувдан бутун бўй бастимга пуркаб чиқди. Энг охирида эса майин марварид доналаридан ипга тизиб тўқилган тўрдек дўппини кийдирди. Дўппининг бир ёнида инжули иплар шокила бўлиб осилиб турарди. Кейинчалик онам Сафармога бу хизмати учун олдиндан икки тилло танга ва бир узук берганларини билдим. Ҳаққини айтсам, ўша куни менинг пардозим, либосларим ва тақинчоқларим уйғунлиги, ёшлигим, чиройим бир бўлиб ҳамманинг кўзи менда бўлди. Ҳатто чиройда Бибиҳамродан ўзаман деган раққоса Шишахон ҳам менинг олдимга келиб қўлимдан тутиб барчага эшиттириб деди:
-Ваҳ!Мана ой осмондан ерга тушгани!Бу қадар муаттар,нафис ва дилбар гўзал бўлиб етилмиш бу қиз!
Йиғилган хотин халаж мени бошдан оёқ кузатишар,давра тўридаги Бибиҳамро нимтабассум остига яширинган истеҳзо ва рашк,Назира Поччо эса беписанд ва бошқалар каби мен ҳам бир умр дийдор талаб бўлиб ўтишим нақдлигини айтмоқчи бўлгандай маъноли ва кек очиқ аён қиёфада қараб турарди.Менинг эса ўй хаёлим Амиримда эди.
Тўй ўтгач мени Амир тунда хобгоҳига чақирганини Сафармо оғзи қулоғида етказди.
-Тур Тўқсаааан, ҳамбомга олиб кирай сани. Санга курта изор ҳозирлай. Шу кеча бачча қилайтинг кошки...(ҳомиладор бўлсанг демоқчи).
-Энди ҳаяжонимни кўрсанг қизим.Сафармо мени атиргул суви қўшилган сутда ювинтирди. Устидан хушбўй мой қўшилган сувда чайди. Юзларим, бутун баданимга Нил дарёсининг кўкимтир лойини чаплаб бироздан сўнг ювиб ташлагач, яна иссиқроқ сувга мушк, исириқ, атиргул суви ва мой солиб ювинтирди.Нозик ерларимга ҳам биллур шишачадан суюқликлар олиб суртар,бир сўз демай мени Амирга сидқидил тайёрлар эди. Сочларимни қуритиб, махсус тароқда тарагач ҳар ер, ҳар ерига тилларанг иплар тақиб ўраб чиқди. Тилла тусли парча калтача,ёқаси ўйиқроқҳ сариқ ипак так курта(остки кўйлак) кийдириб,кафтдек тилла таппиши бор ғафабанд(бўйинга ёпишиб тургувчи) тилла занжир, тилла билак узук ва узуклар таққач оёғимга қараб ўлчамини чамалаб чиқиб кетди. Бироздан сўнг сап сариқ олтиндек товланиб турган заминдўзи (зар билан буткул ҳамма ерига нақш тикилган,очиқ ери йўқ) зардўзи ковуш олиб кириб кийдирди. Юзим пардозини якунлагач, бир шишачадан йилтироқ тилла кукун олиб сочларимга сепди. Юзим, бўйним ва қовоқларим устига ҳам енгил пуркаб Ёсуман ҳидли ифор сепиб ишини охирига етказди.
Намозшомдан сўнг мени Амир бўлмаси томон икки ҳабаш ахта қул Сафармо ҳамроҳлигида кузатиб боришди. Амирнинг икки хобгоҳи бўлиб Аркда бири ташқи бўлмада эди. У ерда аёлсиз, ўзи ором оларди. Яна бири Ҳарам бўлмасида бўлиб, у ерга Ҳарамидаги каниз ёки хос аёлларидан бири билан тунаб қоларди. Моҳи Хоссадаги қароргоҳида эса асосан ажнабий канизлар бўлиб у ерга камдан кам боради деб эшитгандим. Амир хобгоҳида мени қолдириб кетишгач анча, қарийб бир соатдан ошиқроқ ёлғиз қолдим. Вақтли турганим, тўй, тўйдан сўнг ҳаммом ва тайёргарликлар толиқтирган эканми кўзим илинибти. Туш кўрдим. Тушимда Амир мени даст кўтариб Арк ҳовлисида олиб юрганмишу, барча хос аёлу канизлар, чўрилар менга ҳавас қилишаётганмиш. Ҳатто Бибиҳамро ҳам кулиб турганмиш. Амир эса қулоғимга шивирлармиш:.... Гул.... Гулим....
Амир Сайид Олимхон мени илк кечада ҳам Гул дея чақирганди. Юзимга урилаётган оловли нафасдан ҳушёр тортдим. Ёнгинамда Амир ёнбошлаб ётарди. Бир қўли билан болишга суяниб, бир қўли билан менинг сочларимни бармоқлари орасига олиб ўралган тилла иплар, ўримларига завқланиб қарар, юзи бирам чиройли эдики... Уялганимдан юзимни қўлим билан бекитиб олдим.
-Уялма, уялма Гул.
Давоми бор.
Муаллиф: ЗЕЙЛ ЛЕЙЛА МУСТАФАСАЙЯР.
окка Кучирган Зайнаб умми


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев