Муаллиф: Саида АЗИЗ
Ўн икки ёшимда онамдан жудо бўлдим. Меҳрибон волидам тўрт қоракўзини фоний дунёга ташлаб кетди. На фарзандларининг камолини кўрди, на ўзи роҳат топди. Ҳанузгача онам қандай қилиб саратонга чалинганини билмайман. Кундан-кунга ранги сомондек сарғайиб кетаётган онамнинг чуқур нафас олишлари, нур қолмаган кўзлари билан тўрт фарзандига умидсиз нигоҳ ташлашлари, дадамга: "Болаларни эҳтиёт қилинг", деб қайта-қайта тайинлаганлари ҳамон хаёлимдан кетмайди. Гоҳида тунда нариги хонада ётган онамнинг йиғи товушидан уйғониб кетардим. Ўн икки ёшли қизалоқ учун онасининг йиғиси қандай туйилади? Онамнинг кечалари нола қилиб чиқишига сабаб борлигини ўшанда билмасдим. Билганимда мен ҳам унга қўшилиб йиғлармидим? ...
Кунларнинг бирида дадам онамни яна дўхтирга олиб бордилар. Бемажол онамни кўтариб, машинага ўтқазгани ёдимда. Онамнинг нигоҳлари эса бизда тўрт норасида жужуқларида. Ўша куни улар алламаҳалгача қолиб кетишди. Ҳовлида изғиб юрарканман, ота-онамнинг келмаётганидан хавотирланардим.
Қолаверса, кичкина синглим онамни кўрмаса дарҳол йиғлашга тушарди. Вақт шомга яқинлашган пайтда кўчага чиқдим. У ёқдан бу ёққа юриб кута бошладим, ниҳоят, узоқдан машинамиз кўриниши билан нотинч кўнглим тинчланди. Аям ҳам, дадам ҳам тунд қиёфада, кўзларида ғам зоҳир эди.
- Ассалому алайкум, - деганча уларга пешвоз чиқдим. Дадам онамни даст кўтариб:
- Қизим, уйга кир, кўчада турма, - деганча ичкарига одимлади. Онам ҳам менга кулимсираб қарарканлар:
- Укаларинг қани? - деб сўрадилар. Онамнинг қизарган кўзларига боқиб йиғлаганларини билдим. "Яна йиғлабдилар-да...." хаёлимга келган сўз шу бўлди.
Ҳовлига киришлари билан синглим ва укам югуриб келишди.
Дадам аямни уйга олиб кириб, авайлаб ётқиздилар. Онам дадамга меҳр билан боқаркан:
- Дадаси болаларнинг ҳам қорни очиб кетгандир, бирор овқат қилиб беринг, - дея мулойим гапирди.
- Хўп, хўп, хозир, - деганча дадам ўрнидан турди.
- Маржона, бор, сен ҳам дадангга қараш, - аям менга кўзлари билан имо қилдилар. Онамнинг ёнидан кетгим келмасди. Лекин ноилож ўрнимдан турдим. Ўша куни дадам бизга палов дамлаб бердилар.
Болалар хурсанд бўлганча дастурхон атрофига йиғилдик. Онам эса бизга термилиб ётардилар. Унинг кўзидан дувиллаб ёш оқарди.
- Ая, сизга нима бўлди? - деб ёнларига бордим. Онам қўлимни ушладилар-у, лабларига босдилар, елкалари силкиниб йиғладилар. Қолганлар ҳам онам икковимизга тикилиб қолишганди.
- Аяжон, йиғламанг, - деганча укам онамга яқинлашди. Дадамнинг ҳам кўзида нимадир йилтиллаганини пайқадим. Онам бечора ҳар биримизни бағрига босиб, юзимиздан ўпиб қўйди.
- Бўлди, энди кириб ётинглар. Эртага вақтлироқ туришинглар керак, - дедилар аллақандай сирли оҳангда. Мен ҳайрон эдим. Эртага дам олиш куни бўлса нега вақтли турамиз? Ахир, мактаб ҳам, боғча ҳам йўқ бўлса....
Ярим кечаси момоқалдироқнинг гумбурлашидан чўчиб уйғониб кетдим. Кўрпадан чиқмай қоронғи уйга қўрқув аралаш боқдим. Нариги хонадан онам билан отамнинг ғўнғир-ғўнғири эшитилиб турарди.
- Дадаси, илтимос, болаларга яхши қаранг. Улар менинг сизга топширган омонатларим. Уларга бир гап бўлса руҳим тинчимайди...
- Бўлди қил, ҳали ҳаммаси яхши бўлади.
- Йўқ, яхши бўлмайди. Дўхтирнинг икки кунлик умри қолди, деганини эшитдингизку.
- Дўхтирлар Худо эмаску... - деди дадам овозини бир парда кўтариб. Онам чуқур хўрсинди.
- Йўқ, дадаси, ўзим ҳам сезиб турибман. Кеча тушимга онам раҳматлик кирибдилар. Қизим сени олиб кетгани келдим, дедилар. - Яна онамнинг овози йиғи аралаш чиқди: - Илтимос, болаларимни эҳтиёт қилинг. Уйланманг, демайман фақат яхши аёлга уйланинг, болаларимга оналик қилсин. Илтимос...
- Унақа гапларни гапирма. Мен ухлайман, - деди отам тўнғиллаб.
- Хўп, майли, дам олинг, - онам заиф овозда жавоб қайтарди. Суҳбатнинг давомини эшитолмадим, ухлаб қолибман...
Тонгга яқин кимдир юзимни силаётганини билдим. Кўзимни очдим, бошимда онам турардилар. Ҳайронман, қандай бу хонага юриб ўтди экан.
Ташқарида ёмғир қуярди.
- Ая, дедим кўзларимни ишқалаб.
-Ухлайвер, қизим, ухлайвер...
Онам ҳар биримизнинг юз кўзимиздан ўпиб чиққач, жойнамоз ёзди. Ўтириб, намоз ўқиди. Сўнг эшитилар овозда дуо қилганини эслайман.
- Илоҳо, Раббим, менинг умримни оляпсан. Фақат менинг қолган умримни болаларимга бергин. Уларни ўзинг паноҳингда асра. Ҳар бирининг бахтини бергин. Худойим, шундагина мен сендан рози бўламан... - онам шилқ этиб ёнбошларига йиқилиб тушдилар . Ёмғир тезлашди. Шамол деразани очиб юборди. Қўрқиб кетиб, онамнинг ёнига югуриб бордим. “Ая”, дея қўлларим билан онамни турғазмоқчи бўлдим. Йўқ , онам қайтиб турмади. Жойнамозда жон берди онам...
Пешинда онамни тобутга солишди. Ёғиб турган ёмғир бирданига тинди. Қуёш чарақлаб кетди. Аммо ҳовлимизда йиғи-сиғи авжига чиққанди. Мен эса йиғлолмасдим. Йиғлагим келарди, аммо бўғизимда тош туриб қолгандек эди. Онамнинг ўлганини ҳис қилиб турардим. Энди у бизни кўргани келмаслигини, юз кўзимизни силамаслигини сезардим. Бироқ яна нимагадир ишонгим бор эди... Нимага? Билмайман.
Синглим ва укамни аммамнинг уйига олиб кетишди.
Онамсиз кунларимиз бошланди. Дадам қийналдилар. Ҳам ишга бориш керак, ҳам уйдаги болаларга қараш лозим. Аммаларим укасининг қийналиб кетганини кўриб, уни уйлантириб қўймоқчи бўлишди.
- Ёш болаларинг бор, уйлансанг айб эмас, - деди кичик аммам кескин оҳангда.
Бу ёғига ҳаммаси тезлик билан ҳал бўлди. Аммаларим топган аёл уйимизга келин, бизга эса она бўлиб келди.
- Бу аёлни ая денглар, - дейишди аммаларим бизга қараб. Қошлари ёйсимон, кўзлари чуқур, аммо совуқ нигоҳ ташлаб турувчи, озғин аёлни мен хушламадим.
- Мен ая демайман, - дедим. - Аёл менга нигоҳини қадади. Совуқ қарашдан вужудим титраб кетди. Кўзимни олиб қочдим. Билишимча, унинг болалари йўқ экан.
- Боласи йўқ аёл сизларга меҳрибон бўлармикан? - деди онамнинг синглиси бизни бағрига босаркан.
- Почча, битта қизингизни бизга берақолинг. Биласиз, уч ўғлим бор, қизим йўқ. Опамдан қолган ёдгорлик, деб боқардим, - деди холам отамга ўтинч билан боқиб. Лекин дадамнинг ўрнига ҳалиги аёл жавоб қилди:
- Мавлудахон, болалар ўзимизники. Боқишга ўзимизнинг ҳам қурбимиз етади. - Холам индамай лаб тишлади. Дадам ҳам сўз демади. Холам кўзида ёш билан уйимиздан чиқиб кетди.
Янги онам билан кунларимиз бошланди. Аввалига ёмон аёлга ўхшамасди. Уни “ая”, дегим келарди-ю, лекин айтолмасдим. Бирибир, ўз онам эмасда. Дадамнинг ҳам болаларидан кўнгли тинчиди шекилли, ишга бехавотир бориб келадиган бўлди. Дадамнинг ёнида қизим, қизим, деб эркалайдиган аёл у кетгандан сўнг заҳрини сочишни бошларди.
ДАВОМИ👆
Бир куни мактабдан келсам, синглим лой еб ўтирибди. Уч ёшли гўдакка қарамаган ўша аёлдан нафратланиб кетдим.
- Мафтуна, қўлингдагини ташла, - деганча қўлига ёпишдим. Синглим йиғлаб юборди. Унинг йиғисини эшитиб, ичкари уйдан ўгай онам чиқиб келди.
- Падарингга лаънатлар, ухлагани ҳам қўймайсанлара... – қарғанди ўзига ўзи. Кейин менга ўшқирди: - Нимага йиғлатяпсан?
Унинг юзидаги қаҳрни кўриб, қўрқиб кетдим.
- Лой еб ўтирибдику, қарамайсизми? - дедим унга.
- Нима, мен сенга хизматкорманми? Менга деса бошқа нарса емайдими? - дея у қўлимдан чимчилаб олдида, - Ўт бу ёққа. Бор, кийимингни алмаштириб чиқ!.... - деб бақирди. Қўлим оғриб кетди. На дадам, на аям менга бундай муомила қилишмаганди. Ўгай аям эса йиғлаётган синглимнинг юзига бир шапалоқ урдида “Ўчир овозингни” деб кўтарганча уйга кириб кетди. Шунда.... Онамни соғиниб йиғладим. Онамдан айрилган куним кўз ёшимни қизғангандим. Ана шу томчилар бугун тўкилиб тушди. Ич-ичимдан нимадир отилишга шай бўлиб келарди. Онамсиз ҳовлига боқдим. Ҳозир қаёқдандир пайдо бўладигандек, онамни чақирдим: “Аяжон!...” Лекин бу овозни ўзимдан бошқа ҳеч ким эшитмади.
Кечқурун дадам ишдан келгач, унга бўлган воқеани айтиб бердим. Дадам ғазаб билан ўгай онамга боқдида “Маржонанинг гапи тўғрими?” дея ўшқирди. Ўгай онамнинг бирдан кўзлари олайиб менга қаради.
- Вой тавба, нима қилибман? Дарров қизингиз мени ҳайдашга тушяптими? Менинг нима гуноҳим бор? Эртадан кечгача уйингизни ишини қилиб ўтирсам, болаларга қарасам... Овқат билан андармон бўлиб Мафтунага қарамай қолибман. Югуриб келсам, лой емоқчи бўлиб ўтирган экан ....
- Емоқчимас, еб ўтиргандику!.... - чинқириб юбордим мен.
- Алдама! - деди ўгай онам менга яна қаҳр билан боқиб.
- Мени ўйиб олганингизчи? У ҳам ёлғонми?
- Вой вой, мана бу қизни? Дадаси, ўлиб кетай агар, шу қизингизга теккан бўлсам. Мен ҳам ўн йил туғмаган аёлман. Нимага энди болага эришганимда болани ураман? Ахир... - у шундай деганча йиғлаб ётоқхонага кириб кетди. Мен эса дадамга тикилиб ўтиравердим. Дадам унинг нималар қилаётганини билсинда.
Лекин кечқурун ўгай онамнинг дадамга айтаётган гапларини эшитиб қолдим.
- Дадаси, Маржона онасини унута олмаётгани учун мени сизга ёмон кўрсатмоқчи. Унга парво қилманг, хўпми? Эсингиздами, опангиз ая дегин десалар, демайман деб гапирганди. Ҳозир ҳам мени ая деёлмаяпти. Ё кимдир унга ўргатяптимикин? Балки холаси ўргатаётгандир.....
- Билмадим, лекин болаларнинг кўнглига қарагин, хўпми? - дедилар дадам.
- Вой шу болалар учун хонадонингизга келдимку...
Мен ўрнимга ётарканман, яна онамни эсладим. Ёдимга онамнинг ўгай она ҳақидаги эртаги тушди. Бу эртакни узун қиш кечаларидан бирида айтиб бергандилар. Нима эмиш, бир ўгай она ўгай қизига оғир юмушларни буюрар экан. Қизча ишни бажаролмаса, аямасдан калтакларкан. Қизчанинг чол отаси уни ҳимоя қилолмаскан. Қиш кунларининг бирида ўгай она қизига челак тутқазиб, шунга сув олиб келгин, деб буюриб, кўчага ҳайдабди. Қаҳратон қиш совуғида қиз у ёққа зир югурибди, бу ёққа зир югурибди, аммо сув тополмапди. Ахир ҳаммаёқ музлаб қолган эканда.Сой бўйига бориб, музнинг эришини кута бошлабди. Аммо қани энди муз эриса.... Қизчанинг қўллари музлаб қолибди. Юзларини совуқ шамоллар чимчилабди. Лекин қиз ўрнидан турмай музнинг эришини кутаверибди. Уйга бориб, калтак егандан кўра, совуқдан қотиб қолишни афзал билган эканда, шўрлик. Шу пайт осмонда тўлин ой пайдо бўлибди. Қиз ойга қараб: “Оймоможон, мени бағрингга ол”, дея ялинибди. Ойнинг нурлари қизнинг ёнига тушибдида, уни осмонга кўтариб олиб чиқиб кетибди. Қиз ҳамон оймомо билан бирга яшаркан”, деб эртагини тугатарди онам. Мен эса қизиқиб “Ўгай онасига нима бўлибди?” деб сўрасам, онам чуқур хўрсинганча “Ўгай оналар ҳамон ерда яшаётган эмиш”, дея жавоб бергандилар. Онамнинг эртаги менинг ҳаётимда ҳақиқатга айланаётган экан.
Ўша воқеадан сўнг ўгай онам мени калтаклайдиган одат чиқарди. “Агар отангга айтсанг, бундан ҳам баттари бўлади!” дерди. “Онасиз етим шум етим” бўлиб вояга етардик.
Синглим билан укамга менчалик зуғум ўтказмасди. Нега мени бунчалар ёмон кўрарди, билмайман. Бора бора отамга ҳам ўгай онам ҳақида гапирмай қўйдим. Истамасдим.
Дадам барибир уни уришмайди, аксинча... унга қўшилиб мени турткилайди.
Йиллар ўтгани сайин ўгай онамга нисбатан кўнглим совуб бўлди. Уни кўрсам титрайдиган даражага келдим. Не ажабки бизга бераётган зуғумлари эвазига Тангрим ҳам унга фарзанд бермасди. Эртакдагидек қаҳратон қишда сув олиб келгани жўнатмасада, лекин ундан баттар ишларни бажарардим. Кўп маротаба онамни эслаб йиғлардим. Ўгай онамнинг омбурдек қўлларидан кўкариб кетган билагимни, тарсакисидан зада бўлиб қолган юзимни силаганча онажонимни ёдга олардим. Бора бора одамови бўлиб қолдим. Ҳеч ким билан гаплашгим ҳам келмасди. Кўзларимга дунё тор бўлиб кетган пайтлар кўп бўларди. Кичкинтой Мафтуна эса уни ўз онасидек яхши кўрарди. “Нега мени бунчалар ёмон кўрасиз”, деб ёшли нигоҳ билан боқардим унга. Ўгай онам эса жавоб бермасди. Мен уни ҳеч қачон “ая” деёлмадим. Ўгай онам дадамга айтиб мени мактабни тугатгач, уйдан кўчага чиқармасди. Куни билан ҳовлининг ишларини қилардим. Дугоналарим қатори яйраб яшнолмасдим. Начора, қисмат шундай кўргуликни битганидан сўнг нима ҳам қила олардик?
Ўн олти ёшга чиққанимда уйимизга мени сўраб совчилар келишди. Ўгай онамнинг дугонасининг ўғлидан.
- Қиз болани жойи чиққанида узатиб юбориш керак, - деди ўгай онам дадамга қараб. - Яхши бор, ёмон бор.Ўзимнинг яқин дугонам, ўғли ҳам яхши. Узатиб қутуламиз.
- Ўйлаб кўриш керак. Маржона ҳали ёшку, - деди дадам унинг гапига жавобан.
- Вой, ёшлиги қолдими? Мактабда ўқимаса, ишламаса, уйда ўтириб нима қилади? Вақтлироқ турмуш қургани маъқул.
- Ўзидан сўрадингми?
- Қиз бола тегаман демайдику... Отасисиз, сиз нима десангиз рози бўлади.
Дадамга йиғлаб эрга тегмаслигимни айтдим. Йўқ, аввалига мен томон бўлган дадам бир кундан кейин ўзгарди-қолди. Ўгай онам аммаларим орқали дадамни кўндирди. Мажбурлаб узатадиган бўлишди. Йигит билан ҳам учрашувга чиқмадим. Э Худо ,ўзи шундай бўлса, дугонаси қандай экан, деб ўйладим. Ростда ахир дўстингга қараб сенинг кимлигингни айтаман, дейишганку... Ўгай онанинг кўргуликлари етмагандай, энди қайонамникига ҳам чидашим керак эди.
Нон синдиришган куни ўгай онам менга мазахомуз кулиб: “Мени уялтирмагин тағин. Борган жойингда елиб-югуриб хизмат қилгин”, деди Ундан нафратландим. Ўша куни ўзимни ўлдирмоқчи бўлиб, қабристонга бордим. Онамнинг қабри пойида тиловат қилиб, йиғладим.. Дарду ҳасратларимни тўкиб солдим онамга.
- Мени кечиринг онажон, мен ҳам сизнинг ёнингизга бормоқчиман, дедим. Гапимни тугатмасимдан ҳамма ёқ чанг тўзон бўлиб кетди. Кўзларимни очиб, атрофга боқолмай қолдим. Ўрнимдан ҳам туролмасдим. Назаримда, шамол мени учириб кетадигандек...
Қабристонда хунук манзара пайдо бўлди. Шамолнинг гувиллашидан қабристонда қабрлар ҳам тилга киргандек туйилди менга. Юрагим орқага тортиб кетди.
- Қизим, гапингиз онангизга ёқмади, - деди биров ортимдан. Ўгирилдим. Қабристон қоровулига кўзим тушди. - Бу дунёда яхши инсонлар ҳам бор. Яхши ният билан ўша хонадонга келин бўлинг. Онангизнинг руҳи сизни асрайди, - деди яна ҳалиги одам.
Тўйим бўлди . Йиғлаб йиғлаб келин бўлдим. Бу дунёдан совуб кетгандим. Ўгай онам менга ҳеч қандай сеп қилмади. Аммаларим дадамга айтиб у бу нарса олиб беришди. Шунда ҳам онам бобиллаб бердилар. Назаримда, мен борган хонадон эгалари ҳам худди ўгай онамдек эди. Бировларнинг меҳр билан боқишларига ҳам шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолгандим. Бироқ қайнонам ҳушмуомила аёл экан. Фақат “қизим қизим” лаб гапирарди. Эрим ҳам менинг кўнглимга қарарди. Гоҳида бу ҳолатлар менга омонат бахтдек туюларди. Қўрқардим. Ўгай онамга ўхшаган яна кимдир мени бу бахтдан жудо қилиши мумкинлигидан чўчиб яшардим...
#хикоя
Тўйимизга олти ой бўлсада, бўйимда бўлмасди. Кечалари йиғлаб Худойимга илтижо қилардим. Қайнонамнинг ёнида менинг юзимни ёруғ қилишини ўтиниб сўрардим. Қўшни келинлардан, келинчак олти ой ичида ҳхомиладор бўлмаса қайнонасининг кўзига ёмон кўриниши мумкинлигини эшитгандим. Қайнонам мени ёмон кўриб қолса, нима қиламан, деган хадик менга тинчлик бермасди.
Кунларнинг бирида овқат қилаётганда кўнглим беҳузур бўлиб, ўқчиб юбордим. Ошхонадан чиқдиму, ҳовли этагига қараб югурдим. Менинг аҳволимни кўриб, қайнонам уйдан чопиб чиқдилар.
- Маржона, сизга нима бўлди?
- Билмадим, овқат қилаётиб бирданига... - гапимни охиригача тугатолмадим. Яна кўнглим беҳузур бўлиб, қайт қилдим. Қайнонамнинг чеҳраси ёришди.
- Вой, ўзим ўргилай сиздан... Боринг дамингизни олинг, ўзим қиламан овқатни, - деганча капгирни қўлларига олдилар. Кечқурун эрим кириб келдида, мени бағрига босди. Мен ҳамон тушунолмасдим.
- Нима гап? Тинчликми? - дедим унга ҳайрон бўлиб.
- Фарзандли бўларканмизми? - кўзларида қувонч порларди унинг. Қайнонамнинг нега шодланганини энди тушундим.
Эртаси куни ўгай онам келдилар. Кулиб кутиб олдим.
- Қалай, яхши ўтирибсанми? - деб сўради у мендан. Унинг гапи оҳангида ҳам эътибор бермадим.
- Ҳа, раҳмат. - Ичкаридан қайнонам чиқиб келдилар.
- Қудажон, келинг келинг, - деб пешвоз чиқди ўгай онамга.
- Ҳа , оғзингиз қулоғигизда, тинчликми, ишқилиб? - сўради онам ўпишиб кўришаркан.
- Набирали бўларканмиз, Худо хоҳласа.
- Нима?! – ўгай онамнинг кўзлари чақчайиб менга қаради. Мен уялиб бошимни ерга эгдим. Хушхабар ўгай онамга ёқмаганини ич-ичимдан сезиб турардим.
- Мақтанишга ҳали эртамасмикан? - дея менинг сезгимни тасдиқлаб, қошини чимирди ўгай онам.
Ўгай онам кетгач, ошхонага кирдим. Бирданига белим оғрий бошлади. Ҳеч қандай оғир иш қилганим ҳам йўқ. Аммо .....
Ўгай онам айтгандек, биз эрта мақтаниб қўйган эканмиз. Болам тушиб қолди. На йиғлашни, на кулишни биламан. Қайнонам дарҳол дўхтирнинг ҳузурига бошлаб борди.
- Ҳали ёшсиз. Бачадон яхши ривожланмаган экан. Даволанмасангиз, бола тушаверади, - деди оқ халатли аёл.
Шундан сўнг бир йил давомида бўйимда бўлмади. Даволандик. Лекин самараси кўринмасди. Қайнонам эса “Худо насиб қилгани бўлади”, деб мени овутарди. Вақт ўтиб борарди. Турмуш қурганимизга икки йил бўлсада, ҳомиладор бўлолмасдим. Мен қатори келин бўлган қўшни аёлларга ҳавас қилардим. Улар бир йил бўлмасдан туриб, ўғил қизини қўлларига олишганди . Йиғлашдан ўзга чорам йўқ эди.
Бир куни қайнонамнинг дугоналари бизникига йиғиладиган бўлишди. Албатта, улар орасида ўгай онам ҳам бор эди. Елиб югуриб хизмат қилдим.
- Ҳа , ҳалиям бўйида бўлмаяптими? - ичкари уйдан шанғиллаб чиққан овоз эгасини танидим. Ўгай онам. Ичимда нимадир чирт этиб узилгандек бўлди. “Худо бериб қолар”, дедилар қайнонам хижолат томуз оҳангда. Шу гапини ҳамманинг ёнида сўрамаса ҳам бўлардику, дея ҳаёлимдан ўтказдим.
- Э, нима қиласан, бундай келинни? Жавобини бериб юбор.
- Вой, ўз қизингизни айтяпсизми? - дейишд ўтирганлар.
- У менинг қизим эмас! Тавба қилдиму, шу қизни роса ёмон кўраман.
- Нимага?
- У онасига ўхшайди. Эрим шу қизини кўрса, хотинини эслайверади. Шу сабаб ҳам тезгина эрга берворудимда...
- Назира, бўлди қил, - деди қайнонам жаҳл билан.
- Тўғри гапни айтяпман. Нима қиласан туғмас келинни?
- Ажрашса яна сенинг уйингга қайтиб борадику.. -деди бир аёл.
- Майли , кунини кўрсатаман .
- Назира, ҳеч ким сенинг бепушт аёл эканлигингни юзингга солмаяптику... Менинг келинимку биттасини тушириб қўйди. Сен умуман туғмас аёлсанку! - қайнонамнинг мана шу гапи ўгай онамга қаттиқ тегди.
- Бу нима деганинг? - деб ўшқирди қайнонамга.
- Келиним билан нима қилишимни маслаҳат бермай қўя қол. Мен уни ўз қизимдек яхши кўраман, қайнонамнинг ҳар бир жумласи дилимга таскин бағишларди.
- Иккинчи уйингга қадам қўймайман! - бақирганча ўрнидан турди ўгай онам.
- Келмасанг кўнглим ёз, - ичкарига сув қуйгандек жим бўлиб қолди. Ўгай онам жаҳл билан ўрнидан турди-ю, чиқиб кетди
ОХИРИ
👆👇
Мен эса қувонишни ҳам, куйинишни ҳам билмасдим. Шу қадар тубан аёллар ҳам борми? Бегона бўлганим билан эрининг қизиманку...
Бунчалар юраги тор бўлади одамзоднинг? Онамга ўхшаганим учун мени ёмон кўраркан. Э Худо, отам билан юз кўрмас қилгани каммиди, энди оиламдан ҳам жудо қилмоқчими? Мен унга нима ёмонлик қилдим, ахир? Ўша куни қайнонамни қучоқлаб йиғладим.
Ойижоним: “Қизим , ҳаммаси яхши бўлади”, деб таскин бердилар менга. Назаримда, онам тирилиб қайтиб келгандек эди.
Худога шукр, ҳозир икки фарзанднинг онасиман. Катта фарзандим туғилганда ўгай онам бешик олиб келмади.
Отам икки аммам билан келиб кетишди, холос. Қайнонамнинг ўзи бешик ясатириб, амма холаларимни чақириб, бешик тўйи қилиб бердилар.
Қайнонамга қанча таъзим қилсам, шунча оз. Ҳамма қайноналар худди менинг ойижонимдек бўлишларини хоҳлардим. Худойимдан қайнонамга узоқ умр тилайман. Борингизга шукр, қайнонажон!
ТАМОМ
Маржонанинг сўзларини Саида оққа кўчирди.
Saida_Aziz_Ijodi


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 5