(мақтовга сазовор сифатлари ва амали солиҳлари).
--------
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен тушимда жаннатга кирганимни кўрдим. Қарасам, қаршимда Абу Талҳанинг хотини Румайсоъ («Румайсў» ўша хотиннинг лақаби бўлиб, унинг мижжаларида доимо йирингга ўхшаш модда тўпланиб турган) турибди. Шу аснода оҳиста қадам товуши қулоғимга чалинди. «Ким бу?» - дедим. (Фаришта): «Бу Билолдир», - деди. (Балки, Ҳазрат Билолнинг ўзлари: «Бу мен, Билолман»- деб айтган бўлишлари ҳам мумкин). Кейин, мен (жаннатда) бир (муҳташам) қасрни кўрдим, унинг ҳовлисида бир ёш қиз турган эди. «Бу (қаср) кимники?» - дедим. (Фаришта): «Умарники», - деди. Кейин, мен қасрга кириб, уни томоша қилмоқчи бўлдим-у, аммо сенинг (яъни, Умарнинг) рашкчи эканлигингни эслаб, (кирмадим)», - дедилар. Шунда Ҳазрат Умар: «Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсинлар, сиздан рашк қиламанми?!» - дедилар».
Бу ерда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шу мазмундаги бир ҳадисни ривоят қилганлар.
Ҳамза оталаридан нақл қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ухлаб ётганимда (яъни, тушимда) сут ичдим, ҳатто унинг тирноқларим атрофларидан оқиб чиқаёттанини кўрдим. Сўнг, ортиб қолганини Умар ибн ал-Хаттобга бердим», - дедилар. Шунда (саҳобалар): «Буни нимага йўйдингиз, ё Расулуллоҳ?» - дейишди. У зот: «Илмга», - дедилар».
Бу ерда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Жаноб Расулуллоҳнинг Ҳазрат Абу Бакр ва Умар билан бирга қудуқдан сув тортиб олишгани ҳақидаги тушларини такроран ривоят қилганлар.
Муҳаммад ибн Саъд ибн Абу Ваққос оталаридан нақл қиладилар: «Умар ибн ал-Хаттоб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига киришга ижозат сўрадилар. Шунда Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларида бир гуруҳ Қурайш аёллари бўлиб, улар бир-бирларига навбат бермай, бор овозлари билан у зотга сўзлашаётган эдилар. Ҳазрат Умар ичкарига киришга рухсат сўраганларида улар ўринларидан туришиб, шоша-пиша рўмолларини ёпиниб олишди. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ Ҳазрат Умарга рухсат бердилар. У киши ичкарига кириб, Жаноб Расулуллоҳнинг кулиб турганларини кўргач: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни умрингиз бўйи кулдирсин!» - дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳузуримдаги аёлларнинг ичкарига киришга изн сўраганингни эшитишиб, шоша-пиша рўмолларини ёпиниб олишганидан таажжуб қилдингми?» - дедилар. Ҳазрат Умар: «Ё Расулуллоҳ, сиз уларнинг ҳаё қилишларига ҳақлироқсиз!» - дедилар. Сўнг, аёлларга ўгирилиб: «Эй ўзига ўзи душманлар, мендан уялиб, Жаноб Расулуллоҳдан уялмайсизларми?» - деб айтдилар. Аёллар: «Ҳа, шундай, чунки сиз Жаноб Расулуллоҳга нисбатан дағалсўз ва қўполроқсиз!» - дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Эй Ибн ал-Хаттоб! Жоним қўлида бўлган зот ҳақи, агар шайтон йўлингдан чиқиб қолса, (қўполлигингдан) бошқа йўлга бурилиб кетади», - дедилар».
Абдуллоҳ: «Ҳазрат Умар Исломга кирганларидан буён тобора иззатли (қудратли) бўлиб бормоқдамиз», - дейдилар.
Бу ерда Ҳазрат Алининг Ҳазрат Умарни: «Аллоҳ таоло сизни икки дўстингиз билан бирга қилсин!» - деб дуо қилганлари ҳақидаги ҳадис такроран келтирилган.
Бу ерда Жаноб Расулуллоҳнинг Абу Бакр, Умар ва Усмон разияллоҳу анҳум билан бирга Уҳуд тоғига чиққанлари ҳақидаги ҳадис такроран келтирилган.
Зайд ибн Аслам ривоят қиладилар: «Ибн Умар отамдан Ҳазрат Умарнинг баъзи фазилатлари ҳақида сўрабдилар. Шунда отам: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларидан то халифалик Умар ибн ал-Хаттобга ўтгунга қадар (отангиздан кўра) жиддийроқ ва саховатлироқ кимсани кўрмадим», - дебдилар».
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи, ва салламга Қиёмат ҳақида савол бериб: «Қиёмат қачон?» - деди. Жаноб Расулуллоҳ (унга): «Қиёматга қандай ҳозирлик кўриб қўйгансан?» - дедилар. У: «Аллоҳ таоло билан унинг Расулига бўлган муҳаббатимдан бошқа ҳеч қандай тайёргарлигим йўқ», - деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Сен ўзинг севганлар билан биргасан», - дедилар. Биз Жаноб Расулуллоҳнинг «Сен ўзинг севганлар билан биргасан» деган гапларига қувонганчалик ҳеч нарсага қувонмаган эдик. Мен ҳам Жаноб Расулуллоҳни, Ҳазрат Абу Бакр ва Ҳазрат Умарни севаман. Гарчи мен улар қилган солиҳ амалларни қилмаган бўлсам-да, уларга бўлган муҳаббатим туфайли (охиратда) улар билан бирга бўлишимни орзу қиламан!».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан илгариги умматлар орасида гапирувчилар бўлган эди. Агар менинг умматим орасида ҳам шундай бир киши чиқса, у Умар бўлади», - дедилар».
Абу Салама (юқоридаги ҳадисни ойдинлаштириш учун) қуйидагича қўшимча қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан илгари ўтган Бану Исроилга мансуб кишилар орасида, ўзлари пайғамбар бўлмай туриб, гапирувчи кишилар бўлган. Агар менинг умматимдан шундай киши чиқадиган бўлса, у Умар бўлади», - дедилар». (Яъни, бундай кишилар, ўзлари пайғамбар бўлмасалар-да, фаришталар томонидан илҳомлантирилиб, бирор ҳақиқатни каромат қиладилар).
Бу ерда бўри билан чўпон ўртасидаги воқеа ҳақидаги ҳадис такроран келтирилган.
Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ухлаб ётган эдим, (тушимда) кўйлак кийиб олган одамлар менга намоён қилинди. Баъзи кўйлаклар (этаги) кўкракка қадар тушиб турибди, бошқалари эса (калталигидан) кўкракка ҳам етмайди. Сўнг, менга Умар ибн ал-Хаттоб намоён қилинди, у (узун) кўйлак кийиб олган бўлиб, (этагини) судраб борар эди», - дедилар. Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, буни нимага йўйдингиз?» - дейишди. У зот: «Динга», - дедилар». (Яъни, бу ерда кўйлак динга ташбиҳ қилинган бўлиб, у одам авратини ёпиб, шармандалиқдан асрагани каби, дин ҳам одамни парвардигор олдида шармисор бўлишдан ҳамда жаҳаннам ўтидан сақлайди).
Бу ерда Жаноб Расулуллоҳ қудуқ ичига оёқларини осилтириб ўтирганларида Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳум икки ёнларига, Ҳазрат Усмон эса рўпараларига келиб ўтирганлари ҳақидаги ҳадис такроран келтирилган.
Абдуллоҳ ибн Ҳишом: «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрат Умарнинг қўлларини ушлаб туриб (гаплашаётганларида) ёнларида эдик», - дейдилар.
Мисвар ибн Махрама разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Ҳазрат Умар яраланганларида жароҳатлари қаттиқ азоб бера бошлади. Шунда Ибн Аббос у кишидаги безовталикни кўриб: «Эй мўминлар амири, бошингизга шундай мусибат тушган экан, (сабр қилинг!), агар ажалингиз етган бўлса, (охиратингиздан) хавотир олишингизга ўрин йўқ, ахир сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобалик қилдингиз, саҳобалик қилганда ҳам, жуда яхши саҳобалик қилдингиз. Сўнг, сиз у зотдан айрилиб қолдингиз, у зот сиздан рози бўлиб кетдилар. Кейин, сиз Абу Бакр разияллоҳу анҳуга саҳобалик қилдингиз, саҳобалик қилганда ҳам, жуда яхши саҳобалик қилдингиз. Сўнг, сиз у кишидан (ҳам) айрилиб қолдингиз, у киши сиздан рози бўлиб кетдилар. Кейин, сиз уларга (яъни, Ҳазрат Усмон ва Ҳазрат Алига) ҳамсуҳбат бўлдингиз, ҳамсуҳбат бўлганда ҳам, жуда яхши ҳамсуҳбат бўлдингиз. Агар сиз уларни тарк этиб, улар сиздан айрилиб қолсалар, сиздан рози бўлиб қоладилар», - дедилар. Ҳазрат Умар (Ибн Аббосга жавобан): «Сен менга айтган гапларинг, яъни Жаноб Расулуллоҳга саҳобалик қилганим ҳамда у зотнинг мендан рози бўлиб кетганлари - бу Аллоҳ таолонинг менга қилган инояту марҳаматидир. Сенинг менга айтган кейинги гапинг, яъни Ҳазрат Абу Бакрга саҳобалик қилганим ҳамда у кишининг мендан рози бўлиб кетганлари ҳам Аллоҳ таолонинг менга қилган инояту марҳаматидир. Аммо, сен кўриб турган мендаги безовталик (сен ўйлаганча жароҳатим оғриғидан эмас, балки) сен ва сенинг дўстларинг (келажаги ҳақида) хавотирланаётганимдандир. Аллоҳ таоло ҳақи, агар менинг Ер куррасидек олтиним бўлганда ҳам, уни (охиратда) Аллоҳ таолонинг азобидан халос бўлишим учун берган бўлар эдим!» - дедилар».
"Ал-Жомъе Ас-Саҳиҳ" китобидан..


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев