Ёхуд
Кундалигимдан тўкилган сатрлар...
Инсон дунёга келар экан, кўп нарсаларни тушунишга, англашга уринади ва кун сайин билганлари ошиб, эскилари унутилиб боради. Албатта бу сирли оламда ҳаммамизнинг билганимиздан кўра билмаганларимиз кўпроқ. Билиш ва билмаслик нисбати зеҳнда мусобақалашиб, ҳар хил ҳаётий тенденцияларни, ҳақиқатларни, қарашларни юзага келтиради. Баъзида биз англолмаётган нарсалар ҳаётимизда ўз ёрқин ифодасини топган бўлса, гоҳи синчков ақлимиз ҳали китобларда ёзилмаган, ҳеч қайси зеҳн кашф этмаган илмларни тушунгандай бўлади.
Менда ҳам онгимда билиш ва билмаслик нисбати доимо бир муносабабтда рўбарў келади, ақлим махражида билиш жойланса, суратида билмаслик ўрин эгаллайди. Бу бир дугонам билан боғлиқ меҳр топишмоқларим, десам ҳам бўлади. У шундай қизки, доим у ҳақида ўйласам, кўнглимни хотиржамлик эгаллайди. Менга тикилган нигоҳларидан мамнуниятни англайман. Биз у билан дўст ҳам, дугона ҳам эмасмиз. Биз у билан ундан-да қадрлироқ инсонлармиз... Дугонам иккимизнинг ( қаҳва ранг қароқларимиз бир хиллигини ҳисобга олмаганда) икки хил дунёқарашли, қизиқишларимиз ва ё каръера билан боғлиқ фикрларимиз ҳам турфа хил бўлган характер соҳибаларимиз. Масалан, мен сутли қаҳвани хуш кўрсам, у қора қаҳва ичади. Менга денгиз гулларидан тайёрланган италянча атирлар ёқса, у настарин ҳидли, нозик, енгил ифор, француз атирлардан фойдаланади. У журъат, дадиллик, жиддийлик билан “либосланган” бўлса, менда унда бор бу жиҳатларнинг ҳеч бири йўқ. Аксинча, менда унда кузатилмайдиган романтика, ўта ишонувчанлик ва бироз қўрқоқлик мавжуд. Аммо бизнинг битта ва жуда катта ўхшашлигимиз борки, у барча қарама-қаршиликларни¬ босиб кетади. Биз учун БАХТ деган тушунча ушалиши даргумон орзуларга тўла келажак ёки ширин дамлар ортда қолган ўтмиш билан боғлиқ эмас, биз учун бахт бу – ҳар оннинг ШУКРОНАСИ, ҳар дамнинг ризолигидир. Бу гапларим, қандайдир бадиий нутқ қолипига солинган ё мақола учун мўлжалланган баландпарвоз сўзларга ўхшаб туюлар, лекин энг самимийси биз бахтни ҳарир пардалар ортидан мўралаб кутмаймиз, билъакс, ҳар кунимиздан, ҳаётимиздан ўзимиз учун бахтчалар ясаб оламиз ва завқланиб яшаймиз...
У билан баъзида соатлаб фалсафий, руҳий мавзуларда талашиб-тортишиб баҳс қиламиз, ўз фикримизни тушунтириш учун ҳатто казо-казо китобларни ҳам далил учун ўртага ташлаймиз, баъзида эса чала кўрилган тушимиз давоми нима бўлиши мумкинлиги-ю, гулламай қўйган митти кактуснинг бетоблиги ва ё... ёғишдан тўхтаган ёмғир ҳақида майин суҳбатлашиб ўтирамиз. Айтмоқчиманки, биз дугонам билан яшашнинг нақадар ёқимлилигини, ўзинга яқин инсонлар дийдори қанчалар тотлилигини бир-биримиз ёрдамимизда тушунамиз. Гарчи аллақачон камолга етиб, мутахассисликларга эга бўлиб улгурган бўлсак-да, иккимизда ҳам ўша болалик қилиқлар ҳали-ҳамон сақланиб қолгани ажабланарли (бу балки бизнинг бугунги катта қиз чоғимизга ярашмас ҳам). У момқалдироқ ваҳимасидан чўчиб мени ортимга бекинганда мириқиб кулганим каби, совун кўпиги кўзларимни ачитганда, йиғлаб юзимни юваётганимни кўриб дугонам ҳам мазах қилишдан тўймайди Ана шундай икки “гўдак қиз” ҳали ҳам арғимчоқ учиб, катта ҳаётнинг кичик йўлкаларида пок орзулар этагидан тутиб яшаяпти. Баъзида ўзимизга ўзимизнинг ғашимиз келади. Оналаримиз койигани каби “ўзингни катта қизлардек тут!” деб ўзимизни койиб ҳам қўямиз. Бироқ яна бир-биримизга қараб, “нима бўпти катта қизлар нонуштада пишлоқ еса, ширин чой ичса...” деб таскин ҳам бериб, кинойига оламиз.
Хуллас калом, ҳаёт топиш ва йўқотишдан иборат бўлганидек, шу садоқатли дўстим менинг топганларим орасида энг маҳбуби десам ҳам бўлади. Яратган инсонни яратар экан, унга жисм бериб, ўз руҳидан руҳ пуфлайди. Шу боисдирки, башарият табиатида Буюк Яратгувчининг меҳри-муҳаббатидан қатралар мавжуддир. Инсон бир –биридан меҳр олиб, меҳр бериб, кўнглидаги туйғуларни парваришлаб, кимгадир (кимларгадир) кераклигидан бахтиёр бўлиб яшайди. Менинг ҳам кўзимга баъзида дунё қоронғу бўлиб кетганида, оламда ўзимни ёп-ёлғиз ҳис қилганимда ёки ўткинчи лаҳзалар азиятидан азобланганимда, мана шу чин дуонамнинг далдалари ва меҳри мени ёруғликка чиқаради, юрагимнинг қоронғу хоналари пардаларини кўтаради, сўлиб бораётган орзуларимга умидбахш сўзлари билан сув қуяди. Бизни шу соф дўстлик ришталари билан сийлаган - жоним қўлида бўлган Зотга ҳамдлар айтаман ва қадрдон инсонимнинг икки дунёда ҳам ёнимда йўлдош бўлишини тилаб қоламан!..
М.Т
Тошкетн. 2013. Қишнинг хотима кунлари.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 2