Беҳуда андиша тўрачилик ва иккиюзламачиликка олиб келади.Тошкент фармацевтика институти олимлари ярани битказувчи дори ихтиро қилди. Жорий ҳафтада матбуот мана шу ҳақда ёзди.
“Миллион” жамоаси пардасиз ҳазил ва уятсиз кинояларда айбланди
“Миллион” жамоасининг икки ярим йиллик танаффусдан кейин Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида намойиш этган томошаси танқидга учради.
Шоу бизнесга ихтисослашган “Даракчи” нашрига кўра, “Миллион” жамоаси концерт давомида тишга тегадиган қалтис ҳазиллар, пардасиз гаплар ва уятсиз кинояларни меъёридан ошириб юборган.
Масалан, “Энг харидоргир маҳсулот”, “Соҳибжамол ва махлуқ”, “Қизлар билан танишиш”, “ЙПХ ходимининг рулдаги аёл билан суҳбати” каби саҳналарда қалтис “шама”ларни учратиш мумкин.
“Миллион”чиларнинг илгари ҳам чиқишларидаги айрим очиқ-сочиқ ҳазиллари учун танқидга учрагани сир эмас. Халқимиз бекорга “яхши отга бир қамчи, ёмон отга миллион... узр минг қамчи” демаган. Ёки уларга яна бир-иккита қамчи керакмикан?” деб ёзади шоу бизнес нашри.
Беҳуда андиша тўрачилик ва иккиюзламачиликка олиб келади
Бугунги кунда матбуотда турли муаммолар тўғрисида таҳлилий ва танқидий материаллар камайди, газеталар фақат бир хил мавзулар атрофида ўралашиб қолди (“Оила даврасида”, 5 январь).
“Андишали халқмиз. Ўз қўшнимиз, маҳалладошимиз, ҳамкасб ё раҳбаримизнинг юзидан ўтолмай, уларнинг ҳамма найрангларидан ҳамиша кўз юмиб, мум тишлаб туришга одатланганмиз. Соғлом ақл асосида фикрлайдиган онгли инсон ҳуда-беҳуда ана шу “андиша”ни баҳона қилиб турса, атрофда ўзибўларчилик, тўрачилик, иккиюзламачилик каби ўта хатарли иллатлар урчиб кетишига жуда қулай шароит ҳозирламайдими?” дея савол қўяди газета.
Қайд этилишича, қуюшқондан чиққанларни адолат халачўпи билан тўғри йўлга солиб қўйиш матбуот билан бирга ҳар бир фуқаронинг вазифаси cаналади.
Мақолада давлат ташкилотларидан ахборот олиш борасидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилган: “Вазирликлардан бирига берган хатимизнинг жавоби масъул шахс имзолагандан кейин уч ой ўтгач, бизга етиб келди. Орадаги масофа ошиб борса уч чақирим… Яна айрим ташкилотлар борки, улардан маълумот олишдан кўра, парвоз қилаётган туяни учратиш осонроқ”.
Тошкент фармацевтика институти олимлари ярани битказувчи дори ихтиро қилди
Тошкент фармацевтика институти олимлари ярани битказувчи дори воситасини ихтиро қилди.
Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари Интеллектуал мулк агентлигига таяниб хабар беради.
Мазкур ихтиро фармация ва амалий тиббиётда таъсир кўрсатиш доираси кенг бўлган дори сифатида қўлланиши мумкин.
Олимлар ушбу ихтиро орқали яралар юзасида тўқималар регенерацияси даврини қисқартириш ва малҳамнинг жароҳатни битказиш таъсирини оширишни мақсад қилган. Ихтиро муаллифларига тегишли патент берилган.
Матбуот: Юзлаб бемаза фильмларга топилаётган пул тарихий картиналарга топилмайдими?
Ўзбек томошабини тарихий мавзудаги бадиий фильмларни соғинган ва телевизорда чет эллик эмас, ўзбекистонлик тарихий шахслар ҳақида кўпроқ фильм намойиш этилишини истайди (“Ҳуррият”, 4 январь).
Мақола муаллифининг нега тарихий фильмлар олинмаётгани ҳақида саволига режиссёр Зулфиқор Мусоқов “Пул йўқ, шунинг учун тарихий фильмлар олмаяпмиз” деб жавоб берган.
“Ажабо, қўпол қилиб айтганда, юзлаб бемаза фильмларга топилаётган пул наҳотки буюк тарихимизни ёритишга топилмаса?” деб ёзади муаллиф А.Қодиров.
Қайд этилишича, режиссёрлар шахсий манфаатни бир четга суриб, Ўзбекистон шуҳрати учун тарихий фильм ишлашга бурчлидир. http://www.ozodlik.mobi/a/28216721.html

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев