------- -------
361/3. Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга охирги кирувчи киши шундай кишики, гоҳида юриб, гоҳида юзи билан судралади. Гоҳида дўзах олови унга таъсирини ўтказади. У ердан ўтганидан кейин дўзах томонга ўгирилиб: «Мени сендан омонда қилган Зот баракотлидир. У Зот аввалги-ю охиргилардан бирортасига бермаган нарсани менга ато қилди», дейди. Унга бир дарахт кўрсатилади. У: «Эй Раббим, бу дарахтни менга яқинлаштир, унинг соясида сояланиб, сувидан ичаман», дейди.
Аллоҳ азза ва жалла: «Эй одам боласи! Балки ундан бошқа нарса сўрасанг, уни берардим», деса, у: «Йўқ, эй Раббим», деб ундан бошқасини сўрамасликка аҳд қилади. Рабби узрини қабул қилади. Чунки унда сабр йўқлигини билади. Ва дарахтни яқинлаштириб, соясидан нафлантиради ва сувидан ичиради. Сўнгра у: «Аввалгидан яхшироқ дарахтни менга яқинлаштир, унинг сувидан ичиб, соясидан наф олай, Сендан бошқасини сўрамайман», дейди. Аллоҳ: «Эй одам боласи, ундан бошқасини сўрамасликка аҳд қилмаганмидинг, балки уни сенга яқинлаштирсам, яна бошқасини сўрарсан?!» деса, у бошқасини сўрамасликка аҳд қилади. Рабби эса узрини қабул қилади. Чунки унда сабр йўқлигини билади ва у дарахтни яқинлаштирса, соясидан наф олиб, сувидан ичади. Кейин унга аввалги икки дарахтдан ҳам яхшироқ дарахт кўрсатилади.
У киши: «Эй Раббим, бу дарахтни менга яқин қил. Соясидан наф олиб, ундаги сувдан ичайин. Сендан ундан бошқасини сўрамайман», деса, Аллоҳ: «Эй одам боласи! Ундан бошқасини сўрамайман, деб аҳд бермаганмидинг?» дейди. У киши: «Тўғри, эй Раббим! Энди бундан бошқасини сўрамайман», дейди. Рабби унинг узрини қабул қилади, чунки унда сабр йўқлигини билади. Ўша дарахтга яқинлаштирса, у киши жаннат аҳли овозини эшитади. Ва: «Эй Раббим! Мени унга киритгин», дейди. Аллоҳ таоло: «Эй одам боласи! Мен билан сенинг ўртангдаги саволни нима тўхтатади? Мен сенга дунё, унинг мислича нарса берсам, рози бўласанми?» дейди.
У киши: «Эй Раббим! Ўзинг оламлар Рабби бўла туриб, мени масхаралайсанми?» дейди», дедилар. Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бу сўзни айтиб кулдилар-да: «Нима учун кулганимни сўрамайсизларми?» дедилар. Атрофдагилар: «Нима учун куляпсиз?» дейишди. Шунда у зот айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кулганларида саҳобалар: «Нима учун куляпсиз, эй Аллоҳнинг расули?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(У) «Оламлар Рабби бўла туриб, мени масхара қиляпсанми?» деб айтган пайтда оламлар Рабби кулгани учун кулмоқдаман», дедилар. Аллоҳ: «Мен сени масхара қилиб кулганим йўқ, балки хоҳлаган нарсамга қодирлигим учун кулмоқдаман», дейди», деб айтдилар».
Сахих муслим
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 1