--------
Мехрибон ва рахимли Аллох номи билан.
Инсон Аллоҳ таолога ибодат қилар экан, унинг мартабаси ибодати миқдорича кўтарилаверади. Аллоҳ таоло бандаларини бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам юксак мақомларга эришишлари учун нималар қилишлари кераклигини баён қилган. Жумладан, Қуръони каримда бундай мармаҳат қлинади: “Тунда (ярим кечасида) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг. Шоядки, Роббингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (“Исро” сураси, 79-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиш билан кечанинг маълум бир қисмида ўқиладиган таҳажжуд намозига тарғиб қилмоқда. “Муззаммил” сурасининг аввалги оятлари ҳам таҳажжуд намозини ўқиш қанчалик муҳим эканини таъкидлайди:
“Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!) Яъни ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг! Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!”
(“Муззаммил” сураси, 2,4-оятлар).
Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар бир йил кечалари қоим бўлдилар, ҳатто оёқлари шишиб кетди. Аллоҳ таоло суранинг охирини нозил қилиш билан енгиллик қилди. Кечалари қоим бўлиш фарзликдан ихтиёрий амалга айланди.
Аллоҳ таоло: (Эй Муҳаммад!) Албатта, Роббингиз сиз ва сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (миқдори)ни Аллоҳ белгилар. У саноғига ета олмаслигингизни билиб, тавбаларингизни қабул этди... (“Муззаммил” сураси, 20-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз кечасидаги намоздир”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадис тунги таҳажжуд намозининг қай даражада юксак эканини баён қилади.
Тунги намоз қандай ўқилади? Унинг миқдори қанча?
Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозлари ҳақида сўрадилар. Оиша онамиз: “Бомдоднинг икки ракатидан ташқари (Бомдод намози вақти киришдан олдин) етти, тўққиз ва ўн бир ракат эди”, – дедилар”
(Имом Бухорий ривояти).
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам имкониятларига қараб, витрдан ташқари тўрт, олти ёки саккиз ракатдан иборат тунги намоз ўқиганлар. Бу Бомдод намози вақти киришидан олдин бўлган. Ундан кейин, яъни бомдод намози вақти киргандан сўнг бомдод намозининг икки ракат сунатини ўқиганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар, қуйидагиларни айтар эдилар: “Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару Ер ва улардаги барча нарсани қоим қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин. Осмонлару Ернинг ва улардаги нарсалар Сеникидир. Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир. Дўзах ҳақдир. Набийлар ҳақдир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдир. (Қиёмат) соати ҳақдир. Эй Роббим! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккул қилдим. Сен ила хусумат қилдим (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тортишдим). Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг аввалу охир, сиру ошкор бўлган гуноҳларимни мағфират қил. Муқаддам ҳам Ўзинг¬сан, охирги ҳам фақатгина Ўзингсан. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Фарз амалларидан кейин ана шундай нафл ибодатларни амалга оширишимиз даражаларимиз кўтарилиб, Аллоҳнинг розилигига эришишимизга сабаб бўлади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев