,
Муртад аёл ўлдирилмайди, балки унга жазо берилади!
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ҳақорат қилган ёки камситган одам ким бўлишидан қатъи назар, билиб айтган бўлса ҳам, билмай айтган бўлса ҳам, билиб ёки билмай ёзган бўлса ҳам, ҳатто оғзидан тасодифан чиқиб кетган бўлса ҳам – башарти бу иш унинг ўз ихтиёри билан бўлса, муртад ҳисобланади ва, шак-шубҳасиз, кофир бўлади. Зотан, дунёвий қонунларда ҳам қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Бундай ишни қилганда, эр-хотиннинг орасига ўз-ўзидан дарҳол талоқ тушади, тавба қилинса, никоҳни янгилаш керак бўлади. Бу ўша кимсанинг ўзининг кофир бўлиш ҳукмидир. Буни ҳамма билиши лозим!
Бироқ, уни кофир деб эълон қилиш ва жиноятига жазо бериш иккинчи масала бўлиб, уни ҳукумат ижро қилади. Аввал уни маҳокамага тортиб, жинояти исботланиши керак бўлади. Шу ишни қилган эркак қилмишидан тавба қилса, тек қўйилади, акс ҳолда ҳукумат томонидан ўлдирилади. Аёл ўз қилмишидан тавба қилса, тек қўйилади, акс ҳолда ўлдирилмайди, балки тавба қилишга мажбур қилиниб, жазо берилади.
Бизнинг ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий ҳукм шу!
Таниқли ҳанафий олими Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ўзларининг жаҳонга машҳур асарлари “ал-Харож”ларида қуйидагиларни айтганлар:
و أيّما رجل مسلم سبّ رسول الله صلى الله عليه و سلم أو كذّبه أو عابه أو تنقصه فقد كفر بالله و بانت منه زوجته فان تاب و إلا قتل و كذلك المرأة إلا أن أبا حنيفة قال لا تقتل المرآة و تجبر على الإسلام
“Қайси бир мусулмон кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкса ёки ёлғонга чиқарса, ёки у зотни айбласа ёки камситса, дарҳақиқат у Аллоҳга кофир бўлибди. Гарчи тавба қилган бўлса ҳам хотини ундан талоқ бўлган бўлади. Агар тавба қилмаса, ўлдирилади. Фақат Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ хотин киши ўлдирилмайди, балки исломга мажбур қилинади, деганлар” (Абу Юсуф. Китоб ал-Харож. – Байрут: Дор ал-Маърифат, 1979. – Б. 182).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ҳақорат қилган ёки камситган кимсани ислом динидан воз кечган муртад ҳукмидаги кофир бўлади, деб айтдик. Бу ҳақида самарқандлик таниқли фақиҳ, ватандошимиз Шайхулислом ас-Сўғдий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ан-Нутаф” номли фатво тўпламларида бундай дейдилар:
و السابع سابّ الرسول. من سبّ رسول الله صلى الله عليه و سلم فإنه مرتدّ و حكمه حكم المرتدّ و يفعل به ما يفعل بالمرتدّ
“Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкса, у муртаддир! Унинг ҳукми муртаднинг ҳукми кабидир. Муртадга нима муомала қилинса, унга ҳам шуни қилинади” (Шайхулислом Али ас-Сўғдий. ан-Нутаф фи-л-фатово. 2-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1984. – Б. 694).
Демак, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг фатво берилган мазҳабларида аёл киши ислом динидан воз кечиб муртад бўлса, ўлдирилмайди, балки унга тавба қилишга мажбур қилиниб, жазо берилади. Бу ҳақида Бурҳониддин Марғилоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг бутун дунёга ҳанафий мазҳаби бўйича асосий қўлланма бўлмиш “ал-Ҳидоя” номли асарларида бундай деганлар:
و أما المرتدة فلا تقتل … و لنا أن النبى عليه السلام نهى عن قتل النساء… و لكن تحبس حتى تسلم لأنها إمتنعت عن إيفاء حق الله تعالى بعد الإقرار فتجبر على إيفائه بالحبس كما فى حقوق العباد
“Муртад аёлга келсак, уни ўлдирилмайди! Бизнинг далилимиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари аёлларни ўлдиришдан қайтарганларидир. Лекин, исломга келгунча ҳибс қилинади. Чунки, у мусулмонликка иқрор бўлганидан кейин Аллоҳ таолонинг ҳаққига тўла риоя қилишдан ўзини тортган, шунинг учун ҳибс қилиб, унга тўла риоя қилишга мажбур қилинади. Бу худди бандаларнинг ҳаққини поймол қилгани кабидир” (Бурҳониддин Марғилоний. Ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1902. – Б. 577).
Шунинг учун, ҳанафий мазҳабининг барча фиқҳий матн китобларида, шу жумладан, “Мухтасар ал-Виқоя”да ҳам: و لا تقتل مرتدة و تحبس حتى تسلم – “Муртад аёл ўлдирилмайди, қайта мусулмон бўлгунча ҳибс қилинади!”, дейилган (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон: Харитонов, 1911. – Б. 169).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни ўлдиришдан қайтарганлар (Бухорий, 4/3014; Муслим, 3/1744).
Жазони ҳукумат аҳли ижро қилади дейилганининг сабабини шариатга кўра ҳатто бирор инсоннинг қули ёки чўриси зино ёки ўғирлик қилса, унга хўжайинининг ўзи жазо бера олмаслиги, балки уни ҳукумат аҳлига топшириш кераклиги ҳақидаги масаладан ҳам билиб олсак бўлади. Зотан, бирор мамлакатда давлатнинг мустаҳкамлиги, аҳоли ва фуқароларнинг бирдамлиги ҳукумат аҳлига топширилган ишларни уларнинг ўзига қўйиб бериш билан бўлади. Унга ҳукумат аҳлининг ўзи жавобгар ва масъулдирлар! Бу ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий манбаларда алоҳида тилга олинган масаладир. Таниқли тобеъин олим Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи қозилик, ҳукм, шаръий жазо ва қасос олишларни султонга топширилганини айтганлар (Ибн Абу Шайба, 3/10297; 5/28438). Тобеъинларнинг яна бир улуғларидан Ато ал-Хуросоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам шаръий жазони султоннинг ҳаққи деганлар (Ибн Абу Шайба, 5/28440).
Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ҳақорат қилган ёки камситган кимсадан биров қаттиқ ғазабланиб, уни ўлдириб қўйса, ўзини бошқара олмайдиган даражада ғазаблангани боис ўлдирганга шаръан жазо берилмайди. Бир чўри Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бир неча марта ҳадеб сўкавергани учун уни бўғиб ўлдирган хўжайинига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жазо берганмаганлари нақл қилинган (Абу Довуд, 4/4362).
Хуллас, мусулмонлар ақл-идрокли, босиқ ва виқорли бўлишлари керак. Ҳар бир ишни ўйлаб, маслаҳатлашиб қиладиган онгли, фаҳм-фаросатли, ўз динларининг мақсад ва моҳиятини яхши биладиган, билимли-савияли бўлмоқлари даркор. Аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги мусулмонлар тўрт мазҳабнинг бирига амал қиладилар. Биз эса Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабларига амал қиламиз. Ҳанафий мазҳабида эса муртад аёлга ўлим жазоси берилмаган, балки уни тавба қилишга мажбур қилинган. Ундай аёлни ҳукумат аҳлига қўйиб берилади, ҳукумат эса ўзида мавжуд қонунларда белгиланган, масалан: “Миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки даҳрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар”и учун жазолаши керак бўлади. Биз ўз мазҳабимизни яхши билишимиз, ундаги фиқҳий масалаларга амал қилмоғимиз керак. Зотан, минг йиллардан бери бизнинг ота-боболаримиз ҳам, дунёдаги мусулмонларнинг энг кўп қисми ҳам шу мазҳабга кўра амал қилиб келишган.
Аллоҳ таоло ҳаммамизга тавфиқ-ҳидоят, инсоф-диёнат ва илм-маърифат берсин! Валлоҳу аълам!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 1