Бир югурдим, бир юрдим
Қийналиб кетди жоним
Ташвишларга тупурдим
Пешонамга бир урдим
Ҳаёт деркан отини
Еркан одам зотини
Кесиб қўйишар экан
Лочиннинг қанотини
Кимга айтдим додимни
Тез улоқтир тошингни
Тутиб турай бошимни
Энди харсанг отсанг ҳам
Кўрмайсан кўз ёшимни
Синайвер бардошимни
Рост дедим - хато бўлди
Оқ дедим -қаро бўлди
Вужудимда минг чандиқ
Инградим - наво бўлди
Шоиринг адо бўлди
Ғам емагин биродар
Еярга ошинг бўлса
Дўппи топилиб қолар
Елкангда бошинг бўлса
Ётга айтма арзингни
Достон қилма дардингни
Қадрига ет қадрингни
Елкангда бошинг бўлса
Ҳар иш Худога осон
Иқбол топиб, бўл омон
Дардинг олай, қадрдон
Елкангда бошинг бўлса
Бу кунлар ўтар-кетар
Омад кулган кун келар
Бегоналашма, жигар
Елкангда бошинг бўлса
Жўр бўлма ҳар овозга
Кеккайма шай парвозга
Қўйиб тур жойнамозга
Елкангда бошинг бўлса
Ҳар иш Худога осон
Иқбол топиб, бўл омон
Дардинг олай, қадрдон
Елкангда бошинг бўлса
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 5