Оқибат, кўнглимдаги ҳаммадан қизғонган туйғуларим сенга етиб-етмай ҳавода учиб ғойиб бўлди… «Севаман» деган биргина сўзни айтмоқ мақсадида, узоқ йиллар ўзимни тайёрладим. Натижа кутганимдек бўлмади. Эслагин: сен-менга, мен-сенга суянардик. Кўнглингни тўлдирган дарду ҳасратингни айтмасанг ҳам, юз-кўзларинг аниқ ифода қилиб турарди. Ҳаётда бўлсин, дўсту душманлар орасида юриб, ҳар хил хунрезликларни, хиёнатларни кўриб турсам ҳам, кўнглимга гард, юрагимга доғ туширмадим… Чунки у ерда фақат Сенгагина бўлган муҳаббатим яшарди… Энди-чи? Энди ўша ишқ айлаган маконда – бўшлиқ ҳукмрон! Шу сабаблими ёки бошқа асрори борми, қўлим ишга бормайди, бошим айланади, аниқ фикрлардан чалкашганим-чалкашган…
Мен худди ўрмонда узоқ вақт ёлғизлик ва телбаликда умргузонлик қилиб, йиллар ўтгач одамлар орасига келиб қўшилган, кўпчилик орасида тамомила бегона кимсага ўхшайман. Буларнинг бари тақдири азалнинг пешонамга катта ҳарфлар билан муҳрлаб кетган қисмат ёзуғи. Ҳар гал уйга бормоқ учун йўлга чиққанимда, беихтиёр кўз олдимда сен пайдо бўласан. Отам, онам, ака ва укаларимни, дўсту биродарларимнинг ҳолидан хабар олгани, уларни зиёрат этгани бораётган бўлсам ҳам, юрагимнинг туб-тубларида биринчи сени учратсаму ўтли нигоҳларингга тўйиб-тўйиб боқсам, шамолнинг алласида учаётган узун сочларингни силасам, деган хаёллар оғушида юраман… Ва, бунга хос исм топгандекман – ОРЗУ! Бу фоний дунёда орзусиз инсон йўкдирки, бир дам севгилисининг дийдорини истамаган бўлсин. Ҳар қандай эзгу ниятларимиз орзулар бағрида етилади, пишади. Худди дарахт туккан меваси пишгани каби…
Кўзларим йўлингда паришон эди. Ахир кўнгил мисли дарё, борлиқ, Худонинг уйи бўлса, шундай яшашни ўзингга эп кўрасанми? Мен ҳозир сендан олис бир юртда, хонамда ўтириб, ёзувлар билан дил изҳорим безамоқдаман. Ёзишимга бирдан-бир сабаб – СОҒИНЧ! Соғинч кўзга кўринмас, қўлга илинмас ботиний дард эканки, мени ўз комига бутунлай асир этди. Ипсиз боғлади. Шу сабабдан тўлган юрагимни, оғриқдан зўриққан қалбимни бўшатаяман. Водариғ! Юрак, кўнгил ва борлиғим, кимсасиз оролдек ҳувиллаб ётса-ю, шунча сўз ва нидолар булоқ янглиғ қайдан тошаётган экан-а? Ажабо, ҳайронман. Яратганнинг инояти ила шундай аросат ботқоғига ботиб қолган бўлсам, Тангримдан сўрайман, мени бундай азобдан халос эт! Қилган гуноҳим бўлса, ўзинг кечиргил! Ёлвораман…
Ишон, сени жуда соғиндим...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев