***
Албатта, Президент ҳокимларни “менинг вакилларим” деганда халқни қонун доирасида бошқариш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жойларда адолат ўрнатиш учун ҳокимларни вакил қилди. Халқни сиқиб, сувини ичиш, устига бульдозер билан ҳайлаш учун эмас.
***
Бу хатти-ҳаракатлар ислоҳотларга эмас, уларга қарши ҳаракатлардир. Халқнинг бошқа чораси қолмаса, қонуний йўл билан ҳокимларга бас келолмаса, Яккабоғдаги ҳолатлар юзага келади. Бунақа зўравонликлар охири ижтимоий буҳронларга олиб боради.
***
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча марта: “Ҳокимлар – менинг жойлардаги вакилларим. Уларни ўзим ҳимоя қиламан”, - деганди. Бироқ, шу билан бирга, ёдимиздаки, Шавкат Мирзиёев: “Тадбиркорлар – менинг ҳимоямда”, “Шу халқимиз биздан адолат истайди”, “У узоқ сабр қилди зўравонликларга, унга раҳмат айтишимиз керак сабри учун”, “Мен халқимиз томонидаман, ҳокимият – халқнинг хизматкори”, деб ҳам кўп бора айтди.
Подшоҳ саройидаги базмларнинг гули бўлган, император эҳтиром қилган Александр Пушкин: “Император ҳимоясидан қонун ҳимояси афзал”, - деганди. Чунки император бугун яхши кўриши, эртага ёқтирмай қолиши мумкин. Мамлакатда қонун ишлаши керак.
***
Шубҳасиз, “шоқол”, “мараз” дегани ҳақоратдир, “ҳезалак” дейиш шахснинг эркаклик қобилиятига шубҳадир, шаънига исноддир. Жиноят кодексининг 139-моддасида кўзда тутилган, озодликдан маҳрум этилишга сабаб бўладиган жиноятдир. Буни кўриб ўша мажлисда ўтирган қонун назорати юкланган ташкилот раҳбарларининг ҳеч нарса юз бермаётгандай, жим ўтириши ҳуқуқий давлатга мос иш эмас. Бир ёнда ҳокимият вакилларининг истаган одамини “мараз”, “шакал” ё “хезалак” деган ҳақорати оқибатсиз қолаётган бир пайтда яна бир мансабдор - Халқ таълими вазири бор-йўғи “газета ва китоб ўқимаган” дегани учун етмиш ёшли журналистни ҳақоратда айблаб судга бергани ва бу даъвони судлар жон деб қабул қилганини унутганимиз йўқ.
Ҳокимларнинг мажлисларда осонгина “қаматаман”, “ол, мана буни олиб бориб тиқиб қўй, кўзи очилсин” дейиши ҳам ҳайратлидир. Эй, биродарлар, бугун буларнинг барчасини дунё кўриб турибди. Шу мажлисда ўтирган прокурор ёки полиция раҳбари: “Узр, сизда бировни қаматишга ҳукм қилиш ваколати йўқ”, деб айта олмайдими?!
***
“Ҳоким”, “ҳокимият”, “ҳукумат” сўзларининг ўзаги “ҳукм” сўзидандир, ҳукм эса – қонундир. Ҳокимият қонунни жорий этиш учун, қонуний бошқариш учун таъсис этилгандир, прокуратура қонун ижросини назорат қилиш учун фаолият юритиши белгиланган, ички ишлар идоралари қонубузарларга қарши туриши керак. Яъни буларнинг барчаси аслан ва моҳиятан халқнинг ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, рўёбга чиқариш учунгина воқедир.
Ҳоким қўл остидагиларни “мараз”, “хезалак” деб ҳақоратласа, прокурор қонунга кўра эмас, ҳоким “олиб бориб, тиқиб қўй” деганни қамаса, милиция бошлиғи фермерларни ичкариси етмиш-саксон градус қайнаб турган, кондиционерсиз автобусга уч соатлаб қамаса, савол туғилади халқни “ҳимоячилар”нинг ўзидан ҳимоя қилиш зарурати юзага келмадими?!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 3