Бу ҳақда анчадан буён ёзаман деб ният қилиб юргандим.
Мавриди бугун келди чоғи.
Бир куни ҳамкасбим "фалончи" (номини ёзмай қўяқолай , каналда ҳам умумий танишларимиз анча кўпайиб қолди) :"Опа , буни кўринг?!" дея телефонини тутқазди. Қарасам инстаграмм тармоғига жойланган видео. Қизиқувчанлигим устун келдими видеони синчиклаб кузата бошладим.
Видеода ўттиз беш ёшлар атрофидаги жувон ясатиғлик дастурхон атрофида эрига бир каттароқ ликобча ҳажмида қутича тутқазди.
Ҳайрон бўлиб қараб турибман.
Эр бўлмиш "Бу нима?" дегандек қош учириб, шивир - шивир қилиб қутичани оча бошлади. Қути ичи сомонча шаклидаги алламбало қийқимлар билан тўла экан. Йигит қийқимларни у ёқ, бу ёққа суриб орасидан болалар сўрғичини олди . "Яна бор" - имлади жувон қутичага қарата. Йигит бу сафар қути ичидан бантикча тақилган ярим қарич узунчоқ ўрам олди. "Очинг!" - юзлари лов- лов ёнганча кулимсираб ишора қилди жувон. Ўрам орасидан ҳомиладорликни аниқловчи тест чиқса керак дегандим , ҳақиқатда шундай бўлди . Ундан кейин "уялиб кетган" жувон эрининг кўксига "бахтдан яшнаб кетган" юзларини яширди. Орада кўз ёшларини вақти - вақти билан артиб қўярди.
Энг қизиғи ўша жувон ҳам , эри ҳам ана шу воқеаларни тасвирга олаётган қурилма (телефон бўлса керак ҳойнаҳой) экрани, яъни биз томошабинларга тез- тез кўз қирларини ташлаб , бу жараён олдиндан саҳналаштирилганини фош қилиб қўйишганди.
Шу ерда ўринли бир савол туғилади:
- Шу томоша кимга керак ? Нима учун керак ?
Тўғри , фарзанд- олий неъмат . Унинг дунёга келиш хабари - хуш хабар! Бироқ бу хушхабарни бу таҳлит тармоққа жойлаш , сохта ( ҳа майли балки ростдир) "севинч кўзлари"ни тўкишни кўз-кўзлаш тирикликнинг олий шарти эмасдир?
Аёл ёш келинчак бўлса "Ҳа ёшда , бир кун ақли кириб қуюлиб қолар" десангиз . Унинг мактаб ёшидаги қизи борлигини "подписчиклари" билишади ахир.
Бу видеони кўриб ўзимча битта хулосага келдим. Битта боласи билан аввалги эридан ажралишган жувон "Иккинчи қайта уйланмаган йигитга турмушга чиқиб мана қанақа бахтлиман" дея дунёга жар солмоқчи, шу билан ҳовурини , биринчи турмуши бўлмаганини аламини босмоқчи шекилли.
Асабим бузилганини сезган ҳамкасбим мени юпатмоқчи бўлди: "Эътибор берманг , бунақа видеолар "инста"да қалашиб ётибди".
Ёшлик вақтимизда "Отанг- бозор, онанг - бозор!" деган кўп маъноли ибора бўларди. Мени кечиринг- у ҳозир шу ибора "Отанг- телефон, онанг- телефон!" деган иборага муносиб тарзда ўзгартириб қўйилгандек.
Аслини олганда ҳар қайси техника воситаси инсон омилига хизмат қилиши шарт, миллий менталитет деган қадриятни издан чиқариши мумкин эмас!
Мен ортиқча вақтимни телевизор кўришга кўпда сарфламайман. Сабаби экран қаршисида ўтириб анча- мунча кўрсатув, сериал , рекламаларни "ҳазм" қила олмай кайфиятим бузилади.
Битта кичик мисолни айтай. "PLAN BABY" деган ҳомиладорликка етакловчи дори воситасини биргина рекламасини олинг. Бефарзандликдан тушкунликка тушган ёшгина эр- хотинга бир гуруҳ "амакилар" дори воситасидан фойдаланишни тавсия қилиб таскин беришади.
Яна қанақасига денг ?! Зар чопонларни кийиб олган 50- 60 ёшлар атрофидаги (қайтариб айтаман) "амакилар" карнай-сурнайларни "ғат- ғатағууу" қилиб чалиб , орада "Plan babyyy" дея муқом ва тагдор қочирим қилиб ёшларга кўз- қошларини учириб- учириб қўйишади.
Хуллас , куёв бола билан бирга ҳисоблаганда қайси дори воситаси ҳомиладор бўлишда самарали эканлигини маслаҳат бераётган тахминан ўн чоғли етуклик ёшидаги ( қариб қуюлмаган , узр-да энди )эркаклар ва улар орасидаги ҳижолатомуз ўтирган келинчакни кўриб ёқа тишлайман. Тавба қилдим ?! Шу реклама ғоясини ўйлаб топган , тасвирга олган , эфирга узатганлар оддийгина бир нарсани : шарм- ҳаё, ўзбекона ибони наҳот унутган бўлсалар ? Бу нарсаларни эътиборга олмаслик учун ҳаётдан қанчалар йироқлашиб кетиш лозим бўларкан ?
Кези келганда тилимнинг бағоят аччиқлигини ўзим ҳам биламан. Ана шу "гармдори" тилим билан таъкидлашни истар эдим- ки , бу ёшдаги , умуман олганда соҳага тегишли бўлмаган эркак кишининг иши эмас эфир орқали бу таҳлит маслаҳатларни бериб юриш! Назаримда бу ҳеч қандай андоза ва қолипга сиғмайди. Реклама ролигини ( ёки ҳалиги "хушхабар саҳнаси"ни кўраётган минглаб инсонлар , айниқса ёшлар бундан қандай сабоқ , ўрнак (маълумот) олишлари мумкин? Бу таҳлит видеолар билан онгга сингадиган нарсани сабоқ дейиш тўғримикан ўзи ?
"Ҳозир замон илгарилаб кетган" деган иддаоларга бир қўшиқ сўзи билан "Замон ўзгармаган , замон жойида, ҳамон жойида" дея жавоб қайтарган бўлардим.
Мен ўзим туғилиб ўсган оилани анчайин тушунган , замонавий оила деб биламан. Бироқ менинг замондан анчайин илгарилаб кетган олим адамлар эсимни таниган чоғимдан кўчадан бирор киши чақириб келса аёл киши жавоб қайтармаслиги , уйда дўстлари бўлган кезда чойнак ташиб кўзга чалинишимиз одобдан эмаслиги ҳақида ҳамиша уқтириб , ҳаёт дарсини берган ҳамиятли эркак бўлганлар. Яқин қариндошимизнинг айтиши бўйича адамлар "Қизимни узатаяпман" дея тўйимга таклифнома берганларида , кўпчилик оғайнилари "Дўстимизнинг қизи борлигини уйида шунча меҳмон бўлиб ҳам энди билибмиз" дея ҳайрон елка қисишган
экан .
Бу таҳлит тарбия қон- қонимизга сингиб кетганлиги ва ҳамиша фойдамга роль ўйнаганлигини ҳали ҳануз ҳис қиламан.Ҳали - ҳануз тарбиянинг шу йўлини тутган адамлардан миннатдор бўламан.
Менимча замонавийлик ва миллий менталитетлик туйғуси ҳамиша бир-бирини тўлдириши лозим бўлган туйғу...
Сизнинг бу борадаги фикрларингизни билиш эса мен учун ҳам қизиқ...
Хазонрезги


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев