Умрим етмас бу жон қарзин узишга,
Сабрингиздан маржон боғич тизишга,
Меҳрингиз уммонида ғарқ сузишга,
Дуойингиз давлат!-дедим, отажон,
Пойингизни жаннат билдим, онажон.
Куйлаяпман, қароқларим тўла ёш,
Бир юракка мингни кўтарган бардош,
Бирингиз ойимсиз, бирингиз қуёш,
Дуойингиз давлат!-дедим, отажон,
Пойингизни жаннат билдим, онажон.
Сочингиз қорасин ўғирлаб йиллар,
Пешонага изин қолдирди йўллар,
Умрим тилар, доим дуода қўллар,
Дуойингиз давлат!-дедим, отажон,
Пойингизни жаннат билдим, онажон.
Жонин бериб, миннат нима билмаган,
Оқ сутига иззат талаб қилмаган,
Бахтим кўриб, кўзда ёшсиз кулмаган,
Дуойингиз давлат!-дедим, отажон,
Пойингизни жаннат билдим, онажон.
Қўл етмас тоғлардан лолалар терай,
Босган изларингиз гулларга ўрай,
Бир тола оқ сочингизга жон берай,
Дуойингиз давлат!-дедим, отажон,
Пойингизни жаннат билдим, онажон.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев