
— Хўш, нима экан?
Дилрабони қайнонасининг саволи қаршилади.
— Қиз… дейишди… Эшитилар-эшитилмас жавоб берди Дилрабо.
— Нима-а? — Қайнонасининг овози аввалгисидан ҳам гулдираброқ чиқди:
— Тўғри эшитдимми? Қиз, дедингизми?
— Ҳа…
— Ўзи ичингиз тўла қиз экан-да. Шунинг учун айтадилар-да: «Арқоғини кўриб бўзини, онасини кўриб қизини», деб… Вой, вой, саранжом-саришталиккина оила экан, онаси шунақа вазмин, оқила, деб ҳушим кетмасидан аввал нечта қиз, нечта ўғил кўрган, деб сўрашим керак эди?
Дилрабо индамади. Қайнонаси ўзи шунақа: ловуллаб ёнганида жим туриш керак.
— Энди нима қилмоқчисиз?
Дилрабо яна индамади.
— Сиздан сўраяпман, эрингиз билан гапиришдингизми, ахир? Тоҳиржон бир нарса дегандир? У нимаям дерди? Қизларини жонидан ортиқ кўрса, оғзидагини тутса…
Дилрабо яна бирпас индамай турди-да, қайнонасининг гапи бир нуқтага келгач, ўз хонасига кириб кетди. Дилрабо билиб турибди. Яна аллақанча пайт дийдиё қилади. Нима қилсин? Қизми, ўғилми — Худойимнинг бергани-да! Лой ёки чўп қўғирчоқ бўлса экан, одам ўзи ясаб олса?!
Дилрабонинг ечинишига ҳам мажоли келмади. Ўзи ҳам шу гал: «Ўғил бўлар», деб умидланган эди. Айниқса, учинчи қизи — Ўғилой:
— Аям Ҳасан-Ҳусан олиб келадилар, — деб чуғурлайвергач, «Бола — бегуноҳ, унинг дилига худо солади», деб ўйлаб, текширувга дадил-дадил қадамлар билан борган эди. Аппаратнинг олдида ўтирган ёшгина қиз:
— Аниқ кўринмаяпти, билиб бўлмаяпти, — деб анча куйманди-да сўнг:
— Қиз… қизга ўхшаяпти, — деди. Унинг тепасида турган Тоҳиржон:
— Қизми, ўхшаяптими? — деб сўради бетоқатланиб.
— Қиз, ҳа, аниқ қиз! — деган жавобни эшитгач, икковининг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушди. Онаси ўзи:
— Бўлди, болам. Энди тўхтатиб қўя қолинглар, умид билан ўқигансан. Дипломинг ҳам сандиқзада бўлиб кетмасин, сени ўқитган ҳукуматга ҳам хизмат! — деган эди. Дўхтирлар ҳам:
Озгина танаффус қилинг, ўзингизга қаранг, дейишди. Йўқ, қайнонаси оёқ тиради:
Тоҳиржонга ўғил керак, ака-укалари орасида бўйни кисиқ бўлишни хоҳламайман, одамлар олдиндан режалаштириб, кун санаб ҳомиладор бўлар экан, ўғил-қизлиги шунга қараркан, — деди. То ой ўтгунча қистади. Энди тўртинчи қиз неваранинг дарагини эшитиб, тўнини тескари кийяпти.
… Дилрабо кийимларини алмаштириб ҳовлига чиқди. Ошхонага йўналаётган эди, қайнонаси тўхтатди:
— Дилрабохон, элнинг удумларини кўриб турибсиз. Битта қизни жойига қўндириш учун ҳам ота-онанинг сочи оқариб кетяпти. Бундан буёғига ҳар бир қадамни ўйлаб босиш керак. Шу… вақт ўтмасидай қутилиб қўя қолинглар, мени десаларинг! Нима дейсиз? Дилрабо нима десин? Зиёда, Зарина ё Ўғилойга ўхшаган бирорта қоракўз туғилса ёмонми? Улар мана шу бувиларига қанча меҳрибон, дадаларига қанақа меҳрибон.
— Адажонимнинг овқати совуб қолмасин деб ўраб қўйдим. Ойижон, — деган гапларгача билса муштдай боши билан…
— Ҳа, ўйланиб қолдингиз, нима сизга Яна битта молтортар керакми?
Қайнонаси қизларни «молтортар», дея камситар эди.
— Ойижон, ўзингиз ҳам шу жинсга мансубсиз-ку!
Дилрабо бор қаршилигини шу жумлада ифодалади.
— Яна қон босимингиз кўтарилиб кетибди. Нимага жонингизга жабр қиляпсиз? Ахир, сиз вақтида овқатланиб, вақтида дам олишингиз керак. Яна ерга эгилиб кўкат юлиб, соатлаб бошингизни кўтармай кўкат боғлаб ўтирибсизми? Бунақада бола кўкариб кетади ичингизда, биласизми шуни? Сизни ким олий маълумотли аёл, дейди?!
Дўхтир уришган сайин Дилрабонинг елкасига нимадир миниб бораётгандек бўлади. Бошининг орқаси тортишиб оғрийди. Болани олдирмаганига қайнонаси тескари бўлиб қолган. Эри нуқул: — Дилини оғритмаслигимиз керак, бизни якка қўл билан боққан. Ишларига қараш, кўнглини ол, — дейди. Дилрабо тили билан ялай олмайди, жим турса турадики, ортиқча гапи йўқ. Нима қилсин, қайнонасига фақат меҳнати билан ярангиси келади. Қайнонаси болаларини кўкат экиб, кўкатфурушлик қилиб оёққа турғизган. Энди ҳам шу ишини ташлагиси келмайди. — Менга нон берган ҳунарни хор қилмайман. Болаларим, невараларимга қўша-қўша иморат ё сандиқда мол қолдирма
япман. Шу бирпарча ер — кўкатзор ва шу ҳунаримни мерос қилиб қолдиряпман, — дейди. Ҳарчанд қизиқ
Дилрабо болаларини ерга киритгиси келмайди.
— Қиз бола, захга ўтириб қўядими, бирор қурт-қумурсқа чақадими, дея хавотирланади. Бу қилиғи кейинги пайтларда қайнонасини баттар қўзитадиган бўлди. Дилрабо унинг кайфиятини яхшилаш учун қозон-ўчоғидан ортиб, кўкатзорга кирар, юлганларини тозалаб, саралаб боғларди.
— Ишдан одам ўлибдими? Қаерга борсанг, меҳнатинг билан азизсан, — деб қон босимининг ошиб кетганига ҳам қарамай, соатлаб эгилиб юрар, эгилиб ўтирарди. Ҳаммасига сабр қилаётган эди-ю аммо қайнонасидан бунақа гапни кутмаган эди…
Энг тез учадиган нарса нима, деган саволга кўпчилик:
— Хаёл, — деб жавоб беради. Лекин Дилрабо бу саволга:
— Оғиздан чиққан гап, — деган бўларди. Чунки қайнонасининг оғзидан қай кайфиятда қаердадир чиққан гап Дилрабога шамолдан ҳам тез етиб келди.
— Тавба, шу Зуҳро опоқимларгаям ҳайронман… Ўтидан кириб кулидан чиқадиган келинига — Сизга хиёнат қилиб ўтирса-я…
Айтгувчи ўзини ниҳоятда холис тутади, гўё Дилрабога ачинаётгандек, гўё унинг тарафида тураётгандек… Дилрабо ҳам:
— Қўйинг, нима десалар ҳам ҳақлари бор, шундай ўғилни туғиб, менга бериб қўйгандан кейин… — демади. Шундай деса ўша айтгувчининг оғзи юмилиб қўя қоларди. Йўқ, у ҳам бу гапнинг ўзи учун у қадар ёқимли эмаслигини сезиб турса ҳам:
— Нима дебдилар? — дея сўради.
— Ўғиллари — Тоҳиржонга: «Хотинингни, қизларингни яхши кўрасан, биламан. Лекин, кўриб турибсан аҳволни. Бунақа кетаверса, қирққа етмай сочинг эмас, суякларинг ҳам оқаради. Ўғилтўй кўриб, эшигида карнай-сурнай чалдирмаган йигитнинг юрагидаги олов ўчадими? Ҳозир ким кўп: ўтириб қолган қиз кўп. Биттаси билан шеърий никоҳдан ўтиб, ўзингни синаб кўр… дебдилар… Айтгувчининг гапи Дилрабонинг жон-жонидан ўтиб кетгандек бўлди.
— Ҳа, энди қайнонамнинг одатлари шунақа! Кимнингдир ўғил тўй қилиб сарпо кийганини кўрган бўлсалар гапирган қўйган, — деса бўларди Дилрабо. Лекин уни Тоҳир акасининг жавоби қизиқтирди.
— Тоҳиржонми? Кулиб қўйибди, эркак киши-да, хуш ёққан. Мен бу гапни маҳкамроқ туринг, ҳушёр бўлинг, деб айтяпман. Кўзмунчоқдай қизларингиз бор-а, чирқиллаб қолманглар. Ҳа-а, Зуҳро опоқим тағин:
— Қизберганлар — қул, оғзи боғлиқ қул, қизолганлар тили узун бек бўлади, дебдилар… Бек қилмоқчи бўлганларида бу Тоҳиржонни… Дилрабо:
— Бўлди, бас! — деб бақиргиси келди. У қайнонасининг гапларини таниётган эди… Лекин индамади. Ўша айтгувчини кузатгунча ичи ҳам, тили ҳам шишиб кетган
— Ҳа, яна кўршапалакка ўхшаб, қоронғига ўзингни урибсан! Тоҳиржон гапини тугатар-тугатмас чироқни ёқиб юборди. Дилрабо кўзларини қўллари билан паналади. У эрининг овозидаги дўқ-пўписанию, сўроғидаги «кўршапалак» сўзини англади.
— Кўршапалак бўлсам нима қилиб ушлаб ўтирибсиз, ҳайдаб юборинг, тўпимга қўшилай! — деди Дилрабо ҳам заҳарханда билан. У эрининг ҳовлида қайнонаси тарафидан ўқлантириб юборганидан бехабар эди.
— Хотинингга икки кундан буён бир бало бўлган. Туғадигани қизболаю қовоқ-тумшуғи осмонда. Туппа-тузук кўкат териб, боғлаб юрганди, бозорга ҳам чиқаётган эди. Нима жин урганини билмайман, сўроқ-саволимга индамайди. Индамай енгяпти, бор дардини бил, деди.
Ишдан чарчаб келган одамга яримгап —оз, биттаси кўп. Хонасига кириб қоронғуда букчайиб ўтирган хотинини кўриб жазаваси қўзиди.
— Ўзи ҳайдаб юборишга келиб турибсан! Худди азадор аёлдай чеҳрангда бир нур йўқ. Болалар ҳам сиқилиб кетади-ку бунақа-да!
Сиз болаларни ўйнаётганингиз йўқ!
Кимни ўйлабман бўлмаса, энамними?
— Ўзингиз яхши биласиз кимни ўйлаганингизни! Ўн саккиз ёшли парирухсорни ўйлаяпсиз! Онангиз тоғорасини тугиб ўтирганмиш-ку совчиликка боргани, борсин ана, никоҳ эмас, данғиллама тўй қилиб олиб келинг, Рустами Достон туғиб берсин! Қизларингизга келинчакнинг этагини кўтартириб кириб келинг!
Дилрабо қўлига илинган нарсани эрига отгудай важоҳатда эди. Хотинини ҳеч қачон бундай беандиша кўрмаган Тоҳиржон ҳам тўнини тескари кийди.
— Ие, сен ҳамма нарсани билиб қол
ибсан-да! Ер тагида илон қимирласа биласан-да! Худди шундай қилмоқчи бўлиб тургандим ўзим. Фақат ўша парирухсорни қаерга туширамиз? Уйни бўшатиб, омборхонага
кучиб утсакмикин?
Хозир кучасанми мардикор олиб келайми? Мардикор олиб келай-а? Қорнингда бола бор-ку!
Дилрабонинг ранги аввал кўкимтир тусга кирди, сўнг қорая бошлади.
— Йўқол-инг! — дея ингради-ю бир тарафга оғди.
— Сенга нима бўляпти? Э, томоша кўрсатма, ҳазиллашма! — деди-ю Тоҳиржон ерга йиқилган хотинига қараб интилди, ушлаб қололмади. Ёнига чўкка тушиб:
— Ойиси, сенга нима бўлди, ҳазиллашган эдим, қўйсанг-чи! — дея гоҳ пешонаси, гоҳ қўлини ушлар, нима қилишини билмай гарангсир эди.
— Дили, Дилижон, турсанг-чи, нима кераги бор эди шу гапларнинг! — деди-ю хотинининг аҳволи жиддийлигига ақли етди, шекилли:
— Ойи! — деб бақирди.
Қайнонаси Зуҳро опоқи ўчоқда гуриллаб ёнаётган оловга тикилиб ўтирарди. Юзлари қизиб бораётганини сезмасди.
— Бувижон! Сут тошиб кетяпти! Оловни тортинг! — Зиёда югуриб келиб қозонга чўмич солиб сутни шопира бошлади. Зуҳро опоқи оташкуракни ўчоққа тиқиб, ланғиллаб ёнаётган ўтни торта бошлади.
— Қўй, юзингга сакраса, куясан. Ўзим шопираман! — дея неварасининг қўлидан чўмични олмоқчи бўлди.
— Сачратмайман, эҳтиёт бўлиб қиляпман, бувижон, ўзингизга қаранг, калишингизга чўғ кириб кетмасин!
Зуҳро опоқининг ўпкаси тўлди. Ҳалиям жамалак соч қиз деб юрган невараси ишга ярабди. Сут тошганда нима қилиш кераклигини билиб қолибди бинойидек. Сўнг бири ҳовли супуриб, бири ахлатини олиб ишларига қарашаётган невара қизларини кўз олдига келтириб, энтикди. Нимагаям келинининг ҳомиласи қиз эканини эшитиб, бунча ўтланиб кетди? Қиз берган худойим ўғил бермайдими? Сабр лозим эмасмиди кекса одамдан… Мана, энди келинининг қон босими ошиб кетиб, шифохонада ётибди. Беҳуш олиб кетишди. Ҳарчанд даволашсаям, бироз тушармишу яна кўтарилиб кетармиш. Анчадан буён шу аҳволда юрган экан… Зуҳро опоқининг кўзларига ёш келди.
— Бувижон, йиғлаяпсизми? — Зиёда унга тикилиб қолди.
— Йўғ-ей, кўзим ачишяпти…
— Дори томизиб қўяйми?
— Майли қизалоғим…
Зиёда чопқиллаб ичкарига кириб кетди. «Э, худойим, келинимга ўзинг раҳм қил, ўзинг шифо Бер, мен гумроҳ бандангни кечир…» Ўзи билан ўзи бўлиб эшикдан Тоҳиржоннинг кириб келганини пайқамай қолибди. Ўғлининг ранг-рўйини кўриб Зуҳро опоқи қўрқиб кетди.
— Тинчликми, болам? — деди зўрға.
— Ойи… болани… олиб ташлашди…
— Нега? Нимага олиб ташлашади? — Жонҳолатда сўради Зуҳро опоқи.
— Ичида… ўлиб қолибди… Олиб ташламаса, Дилрабо ҳам соғ қолмас экан…
Зуҳро опоқининг бошидан қайноқ сув қуйилгандек бўлди… Анча пайт жим турди-да:
— Майли, болам, бошларинг омон бўлса… Яна кўрарсизлар, ҳали ёшсизлар, — деди: — Мен атала қилай, — деб ўрнидан қўзғалди.
— Ойи… бола ўғил экан, текширув адашган экан…
— А, ўғил…
Ичкаридан Зиёда, Зарина югуриб чиқищди.
Чақалоқ ўғил эканми-а, адажон? Ойим ўғил чақалоқ олиб келарканларми? Урре!
Тоҳиржоннинг тили сўзга келмай турар, Зуҳро опокининг юзларини ёш юварди


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1