Шўхлик шаддодликдан қолмаган асар,
Тошдек болишига ботади боши.
Гулдек фарзандлари бўлмаса агар,
Етмасди яшашга сабру бардоши.
Қалб тўла изтироб қандайин кулсин,
Умрини кемирса аламу пушмон.
У шўрлик бошини қаерга урсин,
Ер қаттиқ, олисда бўлса гар осмон.
Хўрликларни енгар қирқ битта жони,
Куйса ҳам чидайди уйга қайтолмас.
Нураб борайверар жисм қўрғони,
Яқинларни аяр, дардин айтолмас.
У ҳам лойиқ эди ишққа севгига,
У ҳам ўз кўнглида яшарди пошшо.
Чидайвериб ёрнинг хиёнатига,
Жабру стамларга этилди ошно.
Эй ишқни кўчага сочувчи инсон,
Бунча хўрладингиз ожизангизни,
Бир куни деворга бошни урган он,
Англайсиз кўрсатган мўжизангизни.
Бунча тошмеҳрсиз бунча тошбғир,
Кўчада хандонсиз, уй зиндонингиз.
Жимитдек жонини кул қилса жабр,
Хуввиллаб қолмасми хонадонингиз.
Соғинмадинигизми зайифангизнинг,
Сизни интиқ бўлиб кутишларини?
Бир кулиб боқсангиз бахтидан масрур,
Сизга хатто жонин тутишларини?
Малҳам бўлинг унинг кўнгил гардига
Лабига ярашсин яна кулгуси.
Елкангизни тутинг қайтсин ортига,
Қачонлардир ташлаб кетган уйқуси.
Ақлингизни йиғинг кеч бўлмасидан,
Ахир у ҳам инсон, омонат жони.
Меҳрингизни беринг гул сўлмасидан,
Хўрламанг, келмасин қахри Худони.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1