- Намунча бахилсан? Барибир уни онажонингга бериб юборасан-ку.
- Ҳа, бахилман. Биласанми нима учун? Чунки топаётган пулим – ўтаётган умрим. Қанча маош олишимни биласан-а?
- Адашмасам, икки минг.
- Адашмадинг. Ойлик харажатларим қанчалигини ҳам билсанг керак?
- Бир ярим минг атрофида бўлса керак.
- Бу сафар ҳам адашмадинг. Демак, менга қоладигани беш юз. Шу икки мингни топиш учун бир ойда қанча вақтим кетади, биласанми?
- Ҳа, биламан, икки юз соат атрофида.
- Тўппа-тўғри. Бир соатим учун ўн долларга тўғри келади. Демак, кимгадир юз доллар беришим ўн соат унга хизмат қилишим билан тенг. Ана энди ўзинг ўйлаб кўр. Шу ўн соат ичида нималар қила оламан. Онажонимни аравачасига солиб айлантириб келишим, бирга музқаймоқхўрлик қилишим ҳам мумкин-ку. Ўзимга қоладиган беш юз бояги ҳисоб билан эллик соат дегани. Кунига икки соатдан ажратсам, 25 кун дегани. Тасаввур қиляпсанми?
- Намунча онажоним, онажоним, деяверасан? Нима, она фақат сенда борми? Ҳаммамизнинг ҳам онамиз бор. Шундоқ ҳам ҳамма оналар сени кўрсатишиб, бизни койишгани койишган. Дам олиш кунларингда деярли биргасан-ку. Биз билан ҳам мундоқ бир ёзилиб ўтирмасдан тезда ўша онажонинг олдига чопасан-ку. Етмайдими?
- Етмайди.
- Етади. Фақат сен ошириб юборасан. Динда ҳам тинимсиз бирга бўлсин, дейилмаган шекилли? Бир иш буюрса, “уф” демасдан, дарҳол айтганини қилсин, ўзига чиройли гапирсин, хушмуомалада бўлсин, дейилган. Тўғрими?
- Тўғри.
- Бўпти-да. Яна нима керак? Шуни қилсанг етади-да.
- Мен учун етмайди.
- Нега етмайди? Сенинг бошқалардан нима фарқинг бор?
- Ҳа, дўстим, тушунмайсан-да. Ходимага, онажонимни тайёрланг, ўзим сайр қилдириб келаман, деганимда онажонимнинг кўзлари қанчалар қувнаб кетишини бир кўрсайдинг! Ундай қувончни беғубор гўдаклардагина учрата оласан. Онажоним учун ходиманинг сайр қилдириши билан менинг сайр қилдиришим орасида ер билан осмонча фарқ бор. Тўғри, ходиманинг мендан кўра яхшироқ қарашида, итоат этишида, хизмат қилишида шубҳа бўлиши мумкин эмас. Лекин бу ерда гап хизматнинг сифати эмас, хизматчининг кимлигида. Онажонимнинг, музқаймоқ егим келди, дейишлари сен билан музқаймоқхўрлик қилгим келди, деган маънони англатади. Тушуняпсанми, музқаймоқнинг аҳамияти йўқ. Эътибор биргаликда музқаймоқхўрлик қилишда. Биласанми, шундай онларда ўзимни керакли одам ҳис эта бошлайман. Тушуняпсанми, керакли. КЕ – РАК – ЛИ. Масалан, сенга дўст сифатида ўзимни у қадар керакли ҳис эта олмайман. Чунки мен бўлмасам, бошқаси билан дўст бўлаверасан. Ота сифатида ҳам. Болаларимнинг фарзандлари ёки жуфтлари қайсидир даражада менинг ўрнимни тўлдира олади. Устоз сифатида ҳам. Шогирдларимга мендан бошқа устоз ҳам топилади... Аммо онам фақат мен билангина шундай қувонади. Унинг кўзлари фақат мен билангина шундай чақнайди. Бошқа пайт у қадар чақнамайди. Ҳатто ака-укалариму опа-сингилларим ҳам ўрнимни боса олмайдилар. Мен шуни ич-ичимдан ҳис этаман. Мен ўзимнинг керакли эканимни ҳис этаман. Буни қанчалар бахт эканини биласанми?! Бундай бахтни фақат онагина тортиқ қила олади. Тушуняпсанми?
Мен бу пулни ана шундай бахтли онлар эвазига топяпман. Шунинг учун мен бахилман. У пул меники эмас, онажонимники. Истаганича сарфласин. Истаганича...


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2