«Иҳёу улмуддин» китобида Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ тавба қилувчиларни 4 табақага бўлиб, уларни қуйидагича келтириб ўтадилар:
1. Энг юқори мақомдаги тавба қилгувчилар, улар гуноҳ маъсиятдан тавба қиладилар ва тавбаларида умрларининг охирларигача бардавом бўладилар. Унинг эгаси барча яхшиликларни кўпайтириб, ёмонликларнинг ўрнига яхшиликларни тўлдириб боради, аввал қилган гуноҳларига энди яхшиликларни тўлдириб бораверади. Натижада бу тавба - тавбатан насуҳа деб аталади, ва бу тавбага эришган нафсни эса, «нафсул мутмаинна», яъни хотиржам сукунатга, ҳаловатга эришган нафс дейилади. Мана шу нафснинг эгаси эса, албатта жаннатга доҳил бўлади.
2. Иккинчи тавба қилувчилар шуки, улар тавба қиладилар ва тавба қилганларидан кейин катта-катта ибодатларда мустақим тура оладилар, ва катта-катта гуноҳларни ҳам тўлалигича тарк эта оладилар, лекин шу билан биргаликда, одатланиб қолган баъзи бир гуноҳлари бор, у гуноҳларни тарк этолмайдилар, қасд қилмаса ҳам атайлабдан, азми қарор қилмаса ҳам, ўзидан ўзи шу гуноҳни қилганлигини билмай қолади. Балки бунга мубтало бўлиб қолганлигидан шу гуноҳни содир этиб қўяверади. Чунки ҳар кунлик ҳаётий тартиби шу билан бирга бўлганда, ўшандан ажралмоқлиги ўта қийин бўлади. Аммо бу гуноҳи кабира эмас, лекин бу борада азму қарор билан гуноҳни қилмайди, балки хатоан, билмасдан, унутган ҳолда қилиб қўяди. Шу гуноҳни содир этадию тезда ўзини ўзи маломатга олади.
3. Бу табақадагилар тавба қилади ва тавбасида бир муддат бардавом ҳам бўлиб туради, сўнгра унинг шаҳватлари баъзи бир гуноҳларга етаклаб боради, ўзи ўша гуноҳни қасд қилган ҳолда амалга оширади, боиси улар шаҳватини бўйсундиришликдан ожиз бўлганлиги туфайли шу гуноҳни содир этади, шу билан биргаликда тоат-ибодатларда ҳам бардавом бўлиб туради. Аммо катта гуноҳлардан сақланади. Бу гуноҳларни қилишликка қудрати ҳам, имконияти ҳам бор бўлган тавба қилувчилар табақасидир.
4. Бу табақадагилар тавба қилади, бир қанча муддат шу тавбасига амал ҳам қилиб юради. Сўнгра эса секин-секин гуноҳга киришишни бошлайди. Бир гуноҳ эмас, балки бир неча гуноҳларни содир этишликка бемалол кириша олади. Гуноҳларни содир этиб бўлганидан кейин эса, ўзини ўзи маломат ҳам қилмайди. Ўзига ўзи «гуноҳкор бўлиб қолдингку» деган сўзни айтмайди. Гўёки шу гуноҳни қилишлиги унинг учун шартдек бўлиб қолган, шу гуноҳни қилса кўнгли хотиржам бўлади.
Исҳоқ Муҳаммад,
«Тўхтабой» жоме масжиди
имом-хатиби
Манба:
http://ummat.uz/index.php/tasavvuf-menyu/ruhiy-tarbiya/item/467-tavba-qiluvchilar-4tabaqadir
#UmmatUz
Нет комментариев