Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.
Бу мавзу тўғрисида кўплаб маълумотлар келтирилган бўлсада, лекин, кўпчилик қандайдир сабаблар туфайли мазкур маълумотлардан бехабардир. Хоссатан Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу масалага энг кўп одилона ва мўътадиллик билан муносабат билдирганлар. Буни айтаётганим бежиз эмас. Тўғри, аввалгига нисбатан ҳозирги кунимизда бу борадаги муаммолар анча-мунча ижобий ечимини топган. Лекин, шундай бўлсада барибир энг кўп мурожаат қилинаётган саволлардан бири, бирор кишини вафот этиши муносабати билан уюштириладиган эҳсонлар тўғрисидадир. Шунинг учун ҳам ушбу масалага яна бир маротаба мурожаат қилиб, имконият даражасида халқимизни шу
борадаги баъзи бир тушунмай турган масалаларига озгина бўлсада ойдинлик киритиш учун ҳаракат қиламиз. Чунки бу тўғрисидаги тушунчалар ҳар хил. Сабаби эса, бир-бирига хилоф бўлган турли-туман маълумотларни билиб-билмасдан тарқатилиши ёки қасддан етказилишидир. Шунинг учун ҳам оддий халқ қайси маълумотлар тўғри ёки нотўғри эканлигини ажрата олмасдан, кўпгина машаққатларга дучор бўлади. Натижада эса кимдир бор мол-мулкини совуриб, қарз олиб бўлса ҳам ўтганларни хотирлаб, эҳсон қилишга киришса, бошқалари «бундай эҳсонлар мутлақо ҳаром, ундаги таомни еб бўлмайди, чунки у бидъатдир, қолаверса, етим ва сағирларни ҳаққидир» дейди. Аслида ўзи қандай бўлиши керак?
Албатта, барча муаммоларни илм ва маърифат билан муолажа қилишлик энг тўғри ва манфаатли йўлдир. Қолаверса, бу борада холислик катта аҳамиятга эгадир, чунки юқоридаги даъвони қилаётганлар ҳам ўзларининг мазкур даъволарига баъзи бир шаръий далиллардан ҳужжат келтирадилар. Лекин буларнинг барчаси маълум бир мақсадлар ва режалар учунгина йўналтирилганлигини айтиб ўтишимиз керак. Қуйида эса мазкур муаммоларни шаръий ва холисона ечимини топишга ҳаракат қиламиз.
Ҳақли равишда мазкур маросимларга нисбатан инсонлар қандай муносабатда бўлишига қараб, уч тоифага бўлинади десак хато бўлмайди.
Биринчи: Динда ғулувга кетганлар (яъни мўътазилий ва бир қанча бемазҳабларга ўхшаш).
Иккинчи: Диний илм ва ҳукмлардан бехабар бўлганлар (ёки бидъату хурофотларни диннинг аслидан ажрата олмайдиганлар).
Учинчи: Бу борада мўътадилликни лозим тутганлар (яъни аҳли сунна вал жамоа эътиқодидагилар).
Динда ғулувга кетганлар шариатнинг далилларига холислик билан назар солмайдилар, балки бу борада фақатгина ўзларининг ғоялари, мақсадлари ва тутган йўлларини қувватлайдиган далилларнигина оладилар, ва ўзларининг тутган йўлларига қарши бўлган ҳар қандай мазҳабларга ва уларнинг далилларига эса мутлақо муросасиз муносабатда бўладилар, бундан ташқари улар тўғрисида ҳар-хил салбий фикрларни ҳам тарқатишдан қайтмайди. Ҳозирги кунимизда ҳудди мана шундай фикрдаги баъзи бир гуруҳ ва жамоа аъзолари (бемазҳаблар) халқни ўртасида ҳар хил фитналарни кўпайишига сабабчи бўлаяптилар. Диний илмлардан бехабар бўлган баъзи бир кишилар ҳам уларнинг бу даъволарини гўёки Қуръон ва ҳадис билан қувватлаганликлари учун сўраб-суриштирмасдан уларга эргашиб кетаяптилар. Энг ачинарлиси, эргашувчиларга бу борадаги тўғри, эътиборли ва мўътадил бўлган маълумотларни Қуръон ва ҳадис билан қувватлаб келтирсангиз ҳам барибир қабул қилмайди. Чунки инсоннинг табиатида кўпинча ўзига тақдим қилинган биринчи ва илк маълумотларга қаттиқ ёпишиб олишлик, яъни мутаассиблик бор. Албатта, бу жаҳолатдан ва илмсизликнинг аломатларидандир. Уларнинг даъволари бўйича «инсон вафот этгандан кейин унинг руҳига савоб йўллаш учун қилинадиган ҳар қандай иш бидъат ва ўлган инсон учун ҳеч қандай фойдаси йўқ» дир. Шунинг учун ҳам улар ўзларининг бутун вужудларини, имконият ва қобилиятларини гўёки мазкур бидъатларни йўқотишликка қаратади. Ҳаттоки баъзи бир ҳолатларда киши вафот этганлиги туфайли етган мусибат бир четда қолиб, қавм-қариндошлар ўртасида ҳар хил маросим ва эҳсонлар тўғрисида тортишувлар ва можаралар авжига чиқади. Иш шу даражага етиб борадики, бир-бирларига қўл силтаб, алалоқибат юз кўришмас бўлиб кетишади. Аслида эса мана шундай ҳолатларда бирор аҳли илм устозлардан шу масалалар тўғрисида маслаҳат олсалар эди, барча муаммолар ўзининг ижобий ва шаръий ечимини топган бўлар эди.
1) Диний илм ва ҳукмлардан бехабар бўлганлар (ёки бидъату хурофотларни диннинг аслидан ажрата олмайдиганлар).
Юртимиздаги оддий халқнинг аксарияти ушбу тоифага мансубдир. Уларнинг фикрича дину диёнат гўёки олдиндан ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган ҳар хил урф-одатлардан иборатдир. Албатта, бу борада улар ноҳақдирлар, чунки шариат ота-боболардан қолиб келаётган урф-одатлар ва ҳар хил бидъату хурофотлардан иборат эмас, балки шариат ўзининг асл ва асосий манбаси бўлмиш, Қуръон ва ҳадиси шарифдан олинади. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одатлар агар шариатнинг аслига хилоф бўлмаса олинади. Аксинча бўлса рад этилади. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, оддий халқ ҳар қандай шароитда ҳам қилиниши шарт деган маросимлар улар айтганичалик зарур эмас. Энг ачинарлиси, бу борадаги мақсад ва ниятлари ҳам кўпинча савоб умидида эмас, балки кўр-кўрона тақлид ва ёки одамларнинг гап-сўзларидан қўрқиш ва яна қандайдир ноўрин тушунчалар сабабидан амалга оширилади. Ҳаттоки бу борада вафот этган инсоннинг қолдирган мол-дунёсига тегишли бўлган шаръий ҳукмлар мутлақо унутилиб, балки уни ҳар хил маросимларга сарфланади. Бу борада етим ва сағирларнинг ҳам ҳаққига риоя қилинмайди. Гоҳо маҳалладаги оқсоқоллар ва бошқа ёши катталар аралашиб мажбурлаб бўлса ҳам эҳсон қилишга кўндиради. Албатта бу борада уларнинг ҳаммага машҳур бўлган энг асосий қуроли сифатида ишлатадиган сўзлари , жумлалари бор: «отанг ёки онанг ўладию ош бермайсанми?» , «отанг ёки онангни ҳурмати битта ошчалик эмасми?», «халқ нима дейди?», «ота-онангни руҳи чинқирайди» ва ҳоказолар. Албатта мана шундай қистовлардан кейин аксарият одамлар қарз олиб бўлсалар ҳам эҳсон қиладилар. Ва лекин бундай ноўрин ниятлар ва қистовлар сабабидан амалга оширилаётган эҳсонни ҳеч қандай савоби йўқлигини ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Аслида етим ва сағирларни ҳаққи бўлган, ота-онасидан қолган меросни ҳам мана шундай маросимлар туфайли талон-тарож қилишдан ёки ҳавога совуришдан қайтмайдилар.
2) Бу борада мўътадилликни лозим тутганлар.
Ўз-ўзидан маълумки бу жамоа ҳидоятдадир. Яъни барча амалларда бўлгани каби мазкур масалада ҳам шариатнинг аҳкомларига мурожаат қилади ва унда ғулувга кетиш ёки сусткашликка йўл қўйишдан сақланиб, мўътадилликни лозим тутади. Юқоридаги икки тоифа ҳақида маълумот берганимизда гап чўзилиб кетишидан сақланиш учун уларнинг далил ва ҳужжатларини келтирмадик. Менимча ҳар қандай холис ва инсофли мўмин-мусулмон учун учинчи тоифа бўлган аҳли сунна вал жамоанинг мазкур маросимлар ва эҳсонлар тўғрисидаги далилларини келтиришликни ўзи кифоя қилади. Бунинг учун эса, аҳли сунна вал жамоа эътиқодидагиларнинг асосий китобларидан бири бўлмиш , «Шарҳи «Ақидатут Таҳовия» китобидаги матнни келтирамиз:
«Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир».
Ушбу матнга қуръондан далил.
وَاَلَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إنَّك رَءُوفٌ رَحِيمٌ
«Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар. (Ҳашр сураси 10 оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.
Суннатдан далил:
Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлинганидан кейин устида туриб, «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади», дер эдилар».
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга мисолдир:
«Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз, нима дейсиз?» деб сўрадилар.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар: «Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю, кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз».
Садақанинг савоби етишига далил:
1. «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан сада¬қа килсам, унга ажри (савоб) бўладими?» деб сўради. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа!» деб жавоб бердилар».
Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.
Демак, вафот этганларни номидан садақа қилишлик суннатда собит бўлган, албатта бу ўринда садақанинг барча турлари бўлиши мумкин. Яъни моддий ёки маънавий садақалар. Бу эса тўғридан-тўғри мол-дунёни шариат буюрганидек қилиб, жойларига тарқатишлик билан ёки бирор савобли ишларни амалга оширганидан сўнгра, унинг савобини вафот этганларни номига аташлик билан ҳам бўлиши мумкин.
2. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз сол¬лаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам мен йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам, у кишига манфаат берадими?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб бер¬дилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: «Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа», деди».
Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган.
Манабу ҳадисда эса айнан садақанинг бир тури тўғрисида далил келтирилаяпти. Демак, садақа қилмоқчи бўлган киши ўзининг шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолатда садақанинг бирор турини амалга ошириши мумкин. Бу борада ўша юртдаги урф-одат ҳам эътиборга олиниши зарар қилмайди. Масалан: бизнинг юртимизда кўпинча халқни чақириб, уларнинг олдига дастурхон ёзиб, эҳсон уюштиришлик одатга айланган. Албатта, бу ҳам тўғри ният билан бўлса, ҳадиси шарифдаги кўрсатмага мувофиқ бўлаверади. Лекин эҳсонни айнан шу кўринишига қаттиқ ёпишиб олмаслик керак, балки кўпчиликка манфаати етадиган ҳар қандай савобли ишларни амалга ошириш ҳам ҳадиси шарифдаги кўрсатмага мувофиқ бўлаверади.
Мазкур далилларини ўзи билан кифояланамиз, чунки бу борада яна бир қанча далиллар бор, агар уларнинг ҳаммасини келтирадиган бўлсак, гап чўзилиб кетади. Мазкур далиллардан эса қуйидаги хулосаларни олишимиз мумкин.
1) Вафот этганларни ҳаққига дуо, истиғфор ва садақаларнинг савоби етади.
2) Албатта мазкур ишлар шариат кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
3) Бу борада ният тўғри бўлиши керак.
4) Бундай эҳсонларни қилиш мажбурий эмас.
5) Эҳсон ва садақотлар ўзларининг эҳтиёжларидан ортиқча бўлиши керак.
6) Эҳсон ва садақотлар учун қарз олмаслик керак.
7) Эҳсон ва садақотлар ҳалол маблағ эвазига уюштирилиши керак.
8) Мазкур садақотлар садақа қилувчининг зиммасидаги фарз садақа бўлмаслиги керак (яъни закот ва садақаи фитр ва қурбонликка ўхшаш).
9) Эҳсон ва садақалар бизнинг халқимизда урф бўлганидек, албатта, дастурхон ёзиб, ош бериш билан бўлиши шарт эмас. Балки бу борада кўпчилик манфаат оладиган ҳар хил хайрия ишларини қилиш мумкин.
10) Эҳсон вафот этган кишининг қолдирган меросидан уюштирилмаслиги керак.
11) Меросхўрлар ўз маблағларидан ёки мерос тақсимланиб , ҳар бир меросхўр ўзининг улушини олганидан кейин, ўзининг улушидан эҳсон уюштириш керак.
12) Етим ва сағирларни ҳаққини поймол қилиб, эҳсон қилинмаслиги керак.
13) Вафот этган кишидан етимлар қолган бўлса, уларнинг ҳаққига мутлақо тегмаган ҳолатда маййитнинг яқин қариндошлари ўзларининг шахсий маблағларидан эҳсон уюштиришликлари мумкин.
14) Мазкур эҳсонлар учун маълум бир кун, ой ёки йилни хослаб олмаслиги керак.
15) Эҳсон қилувчи ўзининг шароитидан келиб чиққан ҳолатда таъзия кунлари ўтгандан сўнгра, хоҳлаган вақтида эҳсон уюштириши мумкин. (Бу борада баъзи бир урф-одатлар ҳам зарар қилмайди. Фақат ниятни тўғри қилиш керак).
16) Таъзия кунлари эҳсон қилинмайди (узоқдан келганлар учун қўни-қўшнилар тарафидан чиқарилган таомлар билан ёки шароитга қараб дастурхон ёзиш бундан мустасно).
17) Эҳсон қилмаганларни маломат қилмаслик керак.
18) Эҳсон холис Аллоҳнинг розилиги учунгина қилиниши керак.
19) Эҳсонни баъзи бир одамларга хослаб қўймасдан, балки иложи борича унга муҳтож бўлганларни таклиф қилиш керак.
Исҳоқ Муҳаммад,
«Тўхтабой» жоме масжиди
имом-хатиби
Манба:
http://ummat.uz/index.php/bosh-sahifa/dolzarb-mavzu/item/457-marosimlar-haqida-mulohazalar
#UmmatUz
Нет комментариев