Низомиддин Мир Алишер Навоий
Тарихда буюк инсонлар кўп ўтган. Аммо Алишер Навоийдек сўзни инсон қалбининг ҳикмат ва донишмандлик чироғига айлантира олганлари жуда саноқли. Навоийнинг ҳар бир мисра ва байтини ўқиб, олам-олам маъно оламиз, унинг беқиёс заковатидан ҳайратга тушамиз. Шунинг учун Мавлоно Лутфий Алишер Навоийнинг ҳали болалигидаёқ битган:
Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлгач қуёш
мисраларини эшитиб, «Агар мумкин бўлса эрди, ўзимнинг форси-ю туркийда битган ўн икки минг мисра ғазалларимни шу икки мисрага алмашар эрдим» деб лутф қилган эдилар. Лутфийнинг ушбу эътирофи Навоий тафаккури тенгсиз уммон эканини англатади. Уммонга эса инсон тафаккурининг бўйи етмайди.
Алишер Навоий бутун ҳаёти ва фаолиятини инсоннинг бахт-саодати, халқнинг фаровонлигига бағишлади. Айниқса, Навоий вазирлик даврида бутун кучини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга, уни янада обод қилишга сарфлади. Муаррих Хондамир Алишер Навоий Хуросонда 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча масжид-мадраса, тўғон, ариқ, ҳаммом ва бошқа маиший бинолар қурдирганини қайд этган.
Навоий даврида Ҳирот катта маданий марказга айланди, илм-фан, маърифат гуллаб яшнади. Алишер Навоий шаҳардаги пешқадам алломалар, илм аҳллари ва фозиллар билан тез-тез йиғилишиб, илмий мунозаралар ўтказарди. Айни пайтда мударрисларни моддий жиҳатдан таъминлашни ҳам унутмади. У ўзи қурдирган «Ихлосия» мадрасасига вақф белгилар экан, энг аввало, мударрисларга маош тайинлаш масаласига эътибор бериб, «Икки муттақий олим мударрис бўлғай, ҳар бирининг йиллик вазифаси минг икки юз олтин нақд ва йигирма тўрт юк ошлиқким, сулси арпа ва сулсони буғдой бўлғай», деб «Вақфия» асарида таъкидлаган.
Мутафаккир шоир халқ ғамини ўйлаб, унинг бахт-саодати учун фидойи бўлиб яшашни энг ибратли турмуш деб билган. У халққа иш билан ҳам, сўз билан ҳам, кўнгил билан ҳам фойда келтириш кераклигини айтади:
Наф еткурмакка шиор айладинг,
Ўзунгга ул нафни ёр айладинг.
Нафинг агар халққа бешак дурур,
Билки, бу наф ўзунгга кўпрак дурур.
Навоий бутун умри давомида одилликни севди, адолатни истади. Халқнинг фаровон ҳаётини адолатда кўрди. Мамлакат ва давлатнинг ободлигини фақат адолат таъминлаб беришини алоҳида таъкидлади:
Адл илаки ул халқ ҳаёти бўлмиш,
Хуш ул кишиким, адл сифоти бўлмиш.
Ҳам мулк била адл жиҳоти бўлмиш,
Ҳам адл била мулк саботи бўлмиш.
Муҳими, Алишер Навоий ижтиомий келиб чиқиши, мавқеидан қатъи назар кишиларни улуғлади. Инсон дея аталмиш хилқатга буюк ҳурмат билан қаради. Одамгарчиликнинг гўзал хислатларини қадрлаб, унинг ахлоқий ва инсоний фазилатларни ўзининг асарларида мадҳ этди. Яхшиларга қўшилишни, яхшилар суҳбатида бўлиб, ҳар вақт хушмуомалалик, олижаноблик ва инсонийлик билан халқнинг ҳурматини қозониш мумкинлигини куйлади:
Хуб эл била суҳбат тутубон хуб ўлғил,
Яхшини талаб қилғилу матлуб ўлғил.
Ширин сўз ила халққа марғуб ўлғил,
Юмшоқ де ҳадисингни-ю маҳбуб ўлғил.
Навоий дину диёнатни маҳкам ушлаган, бу йўлдан асло адашмаган улуғ сиймо эди. У имон, инсоф, диёнат, саховат, мурувват каби инсоний қадриятларга ҳамиша амал қилиб яшади ва эъзозлади. Бошқаларни ҳам шунга даъват қилди.
Неъматуллоҳ Муҳаммедов,
тарих фанлари номзоди, доцент
Манба:
http://ummat.uz/index.php/bosh-sahifa/maqolalar/item/447-navoiyning-ilk-madrasasi
#UmmatUz
Нет комментариев