Қадимда бир подшоҳ бўлган экан.Бир куни подшоҳ:
~ Шаҳримни тиламчи ва гадойлар босиб кетди! Шунинг учун, кимда ким тиламчи ва гадойга садақа берса, қўллари чопилсин, - деб фармон чиқарибди.
Ҳеч ким гадойларга садақа бермай қўйибди..
Кунлардан бир кун, ана шу шаҳарга карвонини қароқчилар талаган бир савдогар келибди. У:
~ Ёрдам беринг эй одамлар, қорним оч, чанқадим,- деб бақира бошлабди.
Лекин ҳеч ким савдогарни нолаларини эшитмабди. Савдогар йўлида учраган биринчи уйни эшигини тақиллатибди..
Дарвозани чиройли бир қиз очибди ва:
~ Ассалому алайкум ота келинг,- дебди.
~ Ҳолим йўқ қизим, бир қултим сув билан, бир бурда нон бер,- деб сўрабди у киши.
Қиз: ~.Хўп бўлади ота,- деб уйга кириб кетаётиб, шоҳнинг фармони эсига тушиб қолибди, орқасига қайтиб, у кишига:
~ Ота, бизнинг юртимизни фармонидан беҳабар кўринасиз?
~Подшоҳ, ким тиламчига садақа берса, қўллари кесилсин деб, фармон чиқарган,- дебди. Шунда бояги киши:
~ Қизим, мен тиланчи эмасман, мен савдогарман, оч қолдим, савоб бўлади,- дебди.
Қиз нима бўлса бўлди деб, у кишига сув, нон берибди..
Бундан шоҳнинг айғоқчилари ҳабар топиб, қизнинг қўлларини чопишларини буюрибди ва шўрлик қизнинг қўлларини чопиб ташлашибди..
Орадан анча вақт ўтиб, шоҳ юртини кезиб юрса, бир хонадондан дардли, мунгли ва ширали овозда айтилаётган қўшиқ эшитилибди..
Подшоҳ вазирларидан бу қўшиқ айтаётган қиз кимлигини сўрабди. Шунда вазирлари қизнинг қўли йўқлигини айтишибди.
~ Нега?- деб ажабланиб сўрабди подшоҳ.
~ Сизнинг фармонингизга биноан, унинг қўлларини чопиб ташлаганмиз,- деб жавоб беришибди вазирлари.
Шоҳ қизни кўргиси келиб, унинг уйига кирибди ва чиройда тенгсиз бу қизни бир кўришда севиб қолибди. Шунда шоҳ, «эҳ қанчалар разил шоҳман-а?» деб, қилган гуноҳини ювиш мақсадида қизга уйланмоқчилигини айтибди.
Қиз қанчалик қарши бўлса ҳам, уни шоҳга узатишибди..
Орадан вақтлар ўтиб, қиз подшоҳдан ўғил фарзанд кўрибди-ю, барибир подшоҳда кўнгли йўқ экан.
Қиз ҳаёлида « барибир қочиб кетаман » деган ўй бўлиб, бир куни боласини олибди-ю, қочиб кетибди.
Қиз тоғу-тошлардан ўтиб, жуда ҳолдан тойибди ва анҳор бўйига келибди. Сув ичай деса, қўллари йўқ, бир амаллаб сув ичаман деб, сувга энгашибди. Шу пайт белига боғлаган боласи анҳорга тушиб кетибди.
Олай деса қўллари йўқ, дод деб йиғлаб:
~ Эй Аллоҳим, дардим Ўзингга аён, Ўзинг қўлла,- деб бақириб нола қилибди
Шунда Тангри, икки фариштани одам шаклида ёрдамга жўнатибди.
Фаришталардан бири сувга дуо ўқибди, сув орқага оқа бошлабди.
Иккинчи фаришта эса:
~ Эй маъсума аёл, қўлингни сувга тиқ,- дебди.
У қўлларини сувга тиққан экан, қайтадан қўллари чиқиб боласини судан олибди ва Аллоҳга ҳамду-санолар айтибди.
Бояги одам шаклидаги фаришталар орқаларига қайтиб кетаётсалар аёл:
~ Эй яхшилар, кимсизлар? Ҳаққиларингизга нима деб дуо қилай?- дебди.
~ Бизни танимадингми?
~ Биз бир бурда нон ва бир қултим сувмиз,- деб жавоб беришибди...
Мана азизлар, қиссадан ҳиссани ўзингиз чиқариб оласиз деган умиддаман.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 26