
Дўзах тўлиб қолган эмиш. Ҳаётлик чоғида қилган гуноҳлари туфайли Дўзахга юборилган одамлар ичкарига киролмай, навбат кутиб туриб қолишибди. Аҳвол шу даражага борибдики, Шайтон уларни Дўзахга сиғдириш учун астойдил бош қотиришга мажбур бўлибди. Дўзахдаги назоратчи шайтонваччалардан суриштирса, улар атиги биттагина бўш жой борлигини айтибдилар. Шайтон жаҳаннам тўридаги бу жойга энг гуноҳкор одам ташланиши керак деб ҳисоблаб, одамлардан: - Орангизда одам ўлдирган, қотил кимсалар борми? - деб сўрабди. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, у гуноҳкорлардан ҳаётлик чоғларида қандай гуноҳ ишлар қилганликлари ҳақида бирма-бир сўрай бошлабди. Аммо уларнинг берган жавобларидан Шайтоннинг кўнгли тўлмай, ҳеч қайси гуноҳкорни жаҳаннам тўридаги сўнгги бўш ўринга ташлашни лозим кўрмабди. Шу пайт Шайтоннинг нигоҳи гуноҳкорларга қўшилмай, бир чеккада сукут сақлаб турган одамга тушиб, унга ҳам ўша саволини берибди: - Сен нима гуноҳ қилгансанки, бу ердасан? - Мен... ҳеч қандай гуноҳ иш қилмаганман, - дебди ҳалиги киши. - Ҳаётлигимда жуда яхши одам эдим. Бировларни ноўрин ранжитмадим, ҳеч кимнинг ҳақига хиёнат қилмадим. Менимча, бу ерга мени янглиш юборишди. Ҳа, ҳа, улар мени Дўзахга адашиб юборишди. - Бу ёқларда адашишмайди! - деди Шайтон қатий. - Эслаб кўр, ҳарқалай қандайдир гуноҳ иш қилган бўлишинг керак. Одам зоти ҳаёти давомида қандайдир хатога йўл қўяди, гуноҳ ишлар қилади. - Мен ҳеч қандай гуноҳ қилмаганман! - деб ўз сўзида туриб олибди «яхши» одам. - Ҳаётда ўз биродарларига хиёнат қилган жуда кўп одамларни кўрдим, аммо мен улар каби бўлмадим. Етимларнинг ҳақини ейишганда уларга қўшилмадим. Атрофимда ёмонлик қилишни касб қилиб олган, ўзгаларга зулм ва зуғум қилувчи қанчадан-қанча одамлар бор эди. Мен уларга қўшилмадим. Нафс йўлига юрмадим. Доимо ёлғиз, ибодат билан машғул бўлдим. Ўйлайманки, ҳеч қандай гуноҳ ишга қўл урмадим. - Шунча гуноҳ ишларга гувоҳ бўла туриб, наҳотки ҳеч нарса қилмаган бўлсанг? - ажабланибди Шайтон. - Ҳэч нарса қилмаганман! - такрорлабди «яхши» одам. - Унда ичкарига марҳамат қилсинлар! Чунки бу ўринга сендан муносиброғини топа олмайман, - дебди шайтон ва малайларига уни жаҳаннамнинг энг тубига ташлашларини буюрибди... Алқисса, гуноҳ ишларни қилувчиларгина эмас, балки уларнинг қилмишларини кўриб-билиб туриб, тўғри йўлга бошламаган, бу йўлдан қайтармаган, ўзини билиб, ўзгаларга бепарволик қилган кишилар ҳам бирдек гуноҳкордирлар.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 9