Дунёда яшашга қўймасангиз гар,
Шу сизга буюрсин, қайтиб бераман.
Аммо аримагай кўнглимдан кадар,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Фитратда туғилдим, вале тарбия
Мудҳиш бир ҳолатга солди-ку соя,
Соф таълим нелигин билмадим, дея,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Ёшликда ғам нима билмай юргандим,
Боғчани энг олий даргоҳ билгандим,
Калима ўрнига қўшиқ ўргандим,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Қувнаб йўл тушганда мактабим томон,
Жамий илмларга изладим имкон,
Аммо нималигин билмадим иймон,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Сўнг олий билим юрт ўзига чорлар,
Муҳаббат аталмиш гўзал баҳорлар,
Устозларим диндан этган безорлар,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Аллоҳга ҳамд бўлсин, қутқарди Ўзи,
Қалбимга сочилди ҳидоят тузи,
Шунда яқинларим бурдилар юзин,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Ароқли тўйларга бормай қолсам гар,
Отамга лаънат дер энг яқин жигар,
Кўзимдан ёш эмас, оққанда заҳар
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Ёдимда ўзини энг зўр эр деган,
Намозхон бўлдингми, дея жеркиган,
Бўғзимга қадалиб, ёвуз шеър келган,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Ҳақ сўз етказилса, марджувон шеърлар,
Ўзингча неларни сўйладинг, дерлар,
Кеча ким эдинг, деб, юз бурган эрлар,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Аллоҳ руҳсат деган оятни билиб,
Ҳаётга тадбиқ эт, десам гар кулиб,
Аёл зоти минар ғазабга тўлиб,
Худога ҳаммасин айтиб бераман.
Ҳаммага тегишли айтилган сўзлар,
Ҳақдан олиб қочманг, жовдирар кўзлар.
Қиёмат келганда кўрасиз, дўстлар,
Худога ҳаммасин айтиб бераман!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1