Ҳайдар ота қийналиб ўсди. Шароит сабабли кеч уйланди. Бу ҳам етмагандек, ўн беш йил деганда фарзанд кўрди. Бир дона ўғил кўрди. Хотини бошқа туғмади. Соғлиғи тўғри келмади. Фарзанди - Паҳлавонни ҳам ёшлари қирқдан ўтганда дунёга келтирганди...
Ота ўғлини авайлаб ўстирди. Невара кўрмай ўтиб кетмай, деб ўғлини ёш уйлантирди. Бир йил ўтмасдан ўғил неварали бўлди.
Ўғлига - қўлидан келадигани - деҳқончиликни ўргатди. Ёши ўтган эса-да ўғли билан бирга ишларди.
Саратон. Экинларни чопиқ қилишяпти. Паҳлавон кўйлагини ечиб ташлаб ишлай бошлади.
- Ўғлим, офтоб уради... - деди етмишдан ошган ота. Паҳлавон эътибор қилмади. Ёш-да, қизиққон. Бироз ишлашгач, ота яна:
- Ўғлим, кўйлагингни кийиб ол, бошингга ҳам бирон нима қўндир, офтоб урса, ёмон...
- Э, дада, қизиқсиз-да, шундай ишлаш қулай, индаманг! - отанинг гапи оғзида қолди, гапи охирига етмади. Бошини сарак-сарак қилиб индамай қўя қолди.
Кун исигандан исиди. Шу пайт далага Паҳлавоннинг олти ёшли ўғилчаси - Бахтиёр ўйнаб келди. Тупроққа ўтириб ўзича бир нималарни минғирлаб ўзи билан ўзи ўйнай бошлади. Паҳлавон бир қаради, икки қаради, бўлмади, ўғлига офтоб ўтади - бориб соя қилиш керак. Ўғлининг атрофига тўртта чўпни суқиб, устига кўйлагини ташлаб чайлача ясаб берди. Ҳайдар ота бақирди:
- Нима керак шу, олиб ташла чайлангни. Қўй, ўйнайверсин, халақит берма!
- Ие, дада! Ғалати-а сиз?! Ахир, офтоб урса касал бўлиб қолади... - ҳали яна гапирмоқчи эди, Ҳайдар ота гапни илиб кетди:
- Болам, боя мениям болам офтобда қолганига куюнаётгандим...
Умархонов Ғиёсхон
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5