(Укиб куришингизни тавсия килардим)
_____Шоҳида тиқилинч автобусда базўр уйига етиб келди. Дарвозадан кираркан, ичкаридан қайнонасининг шанғиллаган овози эшитилди:
----Ҳой, уйда копток ўйнамаларинг, ҳаммаёқни чангитиб юборасанлар. Маҳмуд, китоб-дафтарларингни йиғиштириб ол, ёйилиб ётмасин.
Шоҳида ҳафсаласи пир бўлиб, этигини ечаркан кўнглидан ўтказди: "Ишдан чарчаб келганингда уй жим-жит бўлса-да. Қачон қарасанг бақир-чақир, бу уйда ҳечам тинчлик бўлмасаканда”. Шу пайт кичкинтойи уни кўрди-ю, қувониб қичқирди:
---- Ака, ойим келдилар!
Болалар ҳар доимгидай чопиб чиқишди-да бирин-кетин сўроққа тутишди:
----Ойи, ойлик олдизми?
___Мактабимизга цирк келаркан, пул беринг!
____Боғчамга овқат пулини тўларкансиз!
Шоҳида бу хилдаги сўроқларга ўрганиб кетганиданми "Хўп-хўп” дедида, қайнонаси билан сўрашиш учун ичкарига кирди.Сочларига батамом оқ тушиб, ажиндан юзлари буришган Сожида хола келинига пешвоз чиқди.
____Ойи, болалар қийнаб қўйишмадими? –сўради салом бераркан Шоҳида.
____Э, буларни қўяверинг, унақа-бунақа тўполончи бўлишмади-да. Ҳали бир-бири билан гап талашади, ҳали... –қайнонаси икки қўлини белига қўйганча шикоятини бошлаб кетади.
Шоҳида бундай шикоятларга ўрганиб қолгани учун индамайгина ошхонага йўналди. Тоғорачага картошгка, пиёз солиб арта бошлади.
____Ойи, нима овқат қилай? –овозини баландлатиб сўради.
____Нима ҳам қилардиз, болам. Макаронми, мошхўрдами қилаверинг.
Шунда қизининг норози овози эшитилди:
____Уф, яна макаронми?
____Унақа овқат танламаларинг. Овқатнинг уволи тутади-я...
Қайнонасининг насиҳат дафтари очилиб, уруш вақтида одамлар лавлаги егани борми, болалар очликдан шишиб, одамлар кўчаларда ўтларни ейишгани борми эринмасдан невараларига худди эртак айтгандай уқтира бошлайди. Гапининг сўнггида:”Ҳозирги тўқ, тўкин-сочин замонга раҳмат деларинг. Устиларинг бут, қорниларинг тўқ, шукур қилларинг”, –деб қўяди.
Болалар ҳам бувиларининг ҳикояси таъсир қилибми жим бўлиб қолишади. Лекин нимагадир Шоҳиданинг кўнгли ғашланаверади. Эри хизмат сафарига кетганига бир ҳафта бўляпти-ю, ҳамон қўнғироқ қилгани йўқ. "Балки эрта-индин келиб қолсалар керак”, дея ўзини тинчлантирди. Хаёл билан пиёз тўғраркан қайнонаси кириб келди.
____Болам, пиёз ҳам палон пул бўлиб кетибди. Бугун қўшни хотинлар бозорга тушган экан, қишни чиқариб олиб, янги пиёз узилгунча аяб ишлатиб турмасангиз бўлмайдиганга ўхшайди.
Шоҳиданинг сабр косаси тўлди. Ҳозиргина беғам эрини жиғибийрони ошиб эслаётганди, қайнонасининг тергаши фиғонини ошириб юборди.
____Ойи, бугун манти қиламан. Анчадан бери ҳадеб мошхўрда, макарон еявериб болаларнинг ҳам жонига тегди.
Шоҳида бу гапи билан қайнонасининг ғашига тегиб, намунча кўп гапираверасиз, ўзимам нима қилишимни яхши биламан демоқчи бўлганди.
Содда қайнонаси бўлса қўлини беозор силтади-да:
____Майли, нима қилсангиз қилаверинг. Менга барибир, фақат картошка аралаштиринг, ўғлим қайтгунича гўштни тежаб турайлик, –деб ошхонадан чиқиб кетди. Шоҳида жаҳл билан артаётган картошкани сувга ташлаган эди суви сачраб, доғланган ёғга тушди. Ёғнинг хунук жизиллашидан
Шоҳиданинг ғашлиги ортди.
Картошка аралашган бўлса ҳам манти мазали бўлганди. Қайнона-келин, болалар ҳаммалари дастурхон атрофида жамулжам бўлиб иштаҳа билан овқатланишди. Шоҳида идишларни йиғиштириб ошхонада юваркан, яна қайнонасининг овози эшитилди:
____Ўчир телевизорни, ток кетади. Ҳадеб видео кўраверсаларинг тарбиянг бузилади.
"Уф.... қачон чакаги ўчаркин-а, бу кампирнинг. Бу уйда на бемалол еб-ичасан, на ҳузурланиб дам оласан. Яхшиям ишхонам бор. Бирпас бўлса ҳам дам олиб, асабларим тинчиб қайтаман”. Шу нолиш билан кўзи уйқуга кетди. Болалари таътилга чиқишгани учун эрталаб бемалол турди-да, уйларни йиғиштириб, чой тайёрлади. Қайнонаси эрталабдан қаергадир отланаётганини кўриб ҳайрон бўлди:
---- Ҳа, ойи, тинчликми, азонлаб қаерга кетяпсиз?
---- Болам, бугун холангизникида йиғин экан. Вақтлироқ бориб қарашай дегандим. Кичкина боғчага кетса, катталари эшикни қулфлаб ўтиришар?
Шоҳида қайнонасини тичлантирди:
---- Бораверинг ойи, кап-катта бўлиб қолишди. Ўзларини ўзлари бемалол эплашади, –Шоҳида қайнонасига: "Мен ишга кетганимда болаларнинг оғирлиги сизга тушмайди”, демоқчидай чертиб-чертиб гапирди. Гўёки қайнонасининг ҳадеб тергайвериши, болаларидан хасрат қилаверишидан ўч олгандай бўлди. Қайнонаси қайта-қайта болаларга тайинлаб чиқиб кетди.
Энди Шоҳида тез-тез ишларини бажариб ишга жўнаши керак. Кичкинасини боғчасига жўнатди-да:
---- Эшикни қулфлаб, балкондан энгашмай ўтирларинг. Телевизорни қўймаларинг, –деб уқтирди.
Автобус кутиб тураркан, кўнгли хавотирга тушаверди: "Тағин уйда ҳеч ким йўқ деб видео қўйишган бўлса-я? Газни ёқишмаганмикин?”. Шу каби турли хаёллар кўнглига қўрқув солиб уйга қайтиб чиқди. Ўғли эшикни очиши билан ичкарига яна бир-бир назар ташлаб, яна болаларига тайинларкан чопиб зиналардан тушиб, келаётган автобусга югурди. Автобусда кетаётиб ҳам хаёли болаларида бўлди. Ишга борган заҳоти қўнғироқ қилиб, улардан нима қилишаётганини суриштириб, кўнгли жойига тушди.
Шоҳида биринчи маротаба ишга кечикиб келди, биринчи маротаба қўли ҳеч нарсага бормай, ҳар ярим соатда болаларига қўнғироқ қилавериб, ишида ҳам унум бўлмади. Сабаби, умрида биринчи маротаба қайнонаси азонлаб уйни тарк этиб, фарзандлари қаровсиз қолганди. Шоҳида шу бугун бақироқ, бўлар-бўлмасга ҳасрат қилиб тергайверадиган, ўзининг кўнглида "шанғи” деб ном олган қайнонасининг нақадар керакли, қадрли инсон эканини, оиласининг, турмушининг пойдевори эканини чуқур англаб етди. "Тавба,– деди ўзига ўзи.– ойим бир кун уйда бўлмасалар қай аҳволга тушишимни ўйлаб кўрмаган эканман. Яхшиямки шулар бор эканлар, бўлмасам юрак ўйноқда ишлолмай уйда ўтириб қоларканман-да”. Шоҳида чуқур ўйга толиб, кечаги, қайнонасига нисбатан қилган муомаласини эслаб ўзини ёмон кўриб кетди.
Соатга қаради, бешга яқинлашиб қолибди. "Вой ўлай, кичкинамни боғчадан оладиган вақт бўлибди-ку!”. Яна уйга қўнғироқ қилди. Энди гўшакни қайнонаси олди.
---- Алло! –Сожида холанинг ўткир овозини эшитиб Шоҳида хурсанд бўлиб кетди.
---- Ойи! Ассалому-алайкум. Яхши келдингизми?
---- Валайкум ассалом, келдим!
Шохида қайнонасига "йиғинга яхши бориб келдингизми, қийналмадингизми” каби саволлар билан унинг кўнглини кўтармоқчи бўлди. Лекин Сожида хола унга гап бермай сайрай кетди:
---- Келсам денг, ваннанинг сувини очиб қўйишибди, бекорга оқиб ётган экан, телевизор вангиллаб ётибди. Ҳозир боғчага Маҳмудни жўнатдим... –Қайнонасининг ҳар бир гапи Шохиданинг кўнглига хуш ёқарди.
Ишдан чиқиб уйга ошиқаркан қалби ҳар қачонгидан ҳам шод эди. Шунча йиллардан бери маънисиз, ҳаловатсиз деб ўйлаб юрган турмуши аслида жуда ширин кечаётганини, фарзандларига бош-қош бўлиб, ёмон йўлдан қайтариб, ҳамиша тергаб турувчи қайнонаси борлигидан хурсанд бўлиб борарди. Дўкон ёнидан ўтаркан хаёлига бир фикр келди. Қайнонаси учун новвотнинг "дури”дан сотиб олди. Уйига яқинлашаркан унинг овози баралла эшитилиб турарди. "Демак, болаларим ҳаммаси уйда, тинч-хотиржам ўтиришган экан”.
Эрталаб ишга отланаркан қайнонасидан ҳазил аралаш сўради:
---- Ойижон, ишқилиб бугун ҳеч қаерга бормайсизми?
---- Э, болам, бораман десам жуда юришим кўп. Лекин буларни ташлаб кетиб бўладими? Кеча меҳмондорчиликда нинанинг устида ўтиргандек ўтирдим ўзимам.
Шохида сумкасидан новвотни олди:
---- Ойижон бу сизга, чой билан ичинг, қувват бўлади.
Сожида хола узоқ вақт қўлидагига тикилиб турдида:
---- Нима қилардиз овора бўлиб, –деди овози юмшаб, –ҳали болаларизга бўлиб берарман.
---- Йўқ ойижон, ўзингиз енг, қон бўлади. Болалар сиздек бўлгунча ейишаверади.
Сожида холанинг кўзларида ёш ғилтиллади. Бу севинч ёшлари қўлига сара новвот тушганидан эмас, балки келини қайнонасига илингани, "Сиздек бўлгунча” деган сўзлари билан нақадар қайнонасининг қадрига етиб, меҳрибонлик кўрсатаётганидан қалби ғурурга тўлганининг нишонаси эди.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев