Туни билан ухлолмадим. Кечаги пиво хожатга чиқишга қистайвериб, уйқу бермади. Нега ичдима, биламан ичиш яхшию, туни билан ухлатмайди. Эҳҳ, тургим келмаябди, эринчоқлигим тутиб кетди. Ҳали уйқуга тўймадиму...Бирдан эринчоқлик тарк этиб кўчага чиқдим. Лекин негадир ҳожатга боргим келмай қолди. Енгил сездим ўзимни. Атрофга қарасам атроф ёп ёруғ. Қизиқ қачон улгурибди тонг отишга. Қайтиб кириб ухламоқчи бўлдим. Йўқ, ухлаб қоламан. Ундан кириб ювинаман. Ваннага кирдим. Тиш ювиш пастасини олмоқчи бўлдим, во ажаб, қўлим уни тутолмай, ўтиб кетаябди. Ойнага қарадим, рангим ғалати. Жойимга қайтиб бордим. Даҳшат!!! Танам диванимда чалқанча ётарди. Нима бўлди. Наҳот вафот этдим!? Наҳот бу кўчага чиқиб, ваннага кириб келган руҳим? Соатни кўрмоқчи бўлдим, телефонимни олай десам қўлиб ўтиб кетаверди. Шу пайт аёлим уйғонди. Телефонига қарадида, “дадаси туринг, соат 7 бўлибди”, дея диванда ётган танамни турта бошлади. Танам қимирламайди. “Мен бу ердаман” деб олдидан ўтаябман, мени кўрмайди, овозим ҳам чиқмайди. “Турмасангиз сув қуяман” деб чиқиб кетиб, ҳовучида сув олиб келиб танамни юзига қуя бошлади. Танам “миқ” этмади. Ҳавотир аралаш танамни пульсини ушлади, юрагига қулоқ тутди. Даҳшатдан қичқириб юборди. Наҳот ўлган бўлсам. Ишонгим келмади. Бир пасда хонамга ота онам, укаларим қариндошлар тўлиб кетди. Ким ўлик ювувчига, ким гўрковга, ким тобутга югириб қолди. Мен ташқарига чиқдим, ажабоооо учаябман! Ана энди ўлганларни бемалол учратсам керак. Қизиқ, Бугун Брюс Ли билан кўришаман. Йўқ, у билан кейинроқ, Гагарин билан учрашаман, ўлимини сабабини сўрайман... ия, тўхта, русчани ҳам хитойчани ҳам билмайсан, қандай гаплашасан улар билан, дедим ўзимга.... Бирдан миямга бир фикр келди. Намозхон танишлар айтарди: “ўлим олдидан ўлим фариштаси келиб ёмон бўлсанг қийнаб, яхши бўлсанг мулойимлик билан жонингни олади” деб. Лекин ҳеч ким келмадику. Ман на ёмон, на яхши эдим, ўртача. Ҳмм тушундим, демак ўртачаларни жонини индамай олаверади. Уйга қайтдим. Онам ҳушидан кетиб ётибдилар, отам дераза ёнида мункиллаб ўтириб қолибдилар. Ўғлимни жияним уйларига олиб кетаябди. Болам: “дадамни кўраман” деб йиғлаябди. Лекин уни танамга яқинлаштиришмади. Аёлимни изладим. У ўғлимизни хонасига кириб эшикни қулфлаб олиб, “пиқ пиқ” йиғлар. Альбомни олиб суратларимизни бағрига босарди. Олдига келиб ўтирдим. Унга раҳмим келди. Тўхта, нега иму жим ўлиб кетавераман? Ахир бир кун олдин огоҳлантиришмайдими, эртага кунинг битади деб? Ман ўнгимни қилиб олишга бир кун вақт бергин эй Аллоҳим! Ахир ҳали тавба қилмадимку! Бир кун вақт бергин, ман аниқ ўзгараман...
***
Бир кунгина бер, ман ўзгараман, мумкин дунёдаги энг яхши мусулмон бўламан. Қасам ичаман, ман ўзгараман. Қизиқ, бир кун умр берганда нима қилган бўлардим? 1 — Хотиним ва ўғлимга уларни ҳаётидаги энг яхши кунни тақдим этардим. Кунни мен истаганимдек эмас, улар истагандек ўтказардим. Уларни бахт самосида учишини бир марта бўлсада кўрардим. Эҳ шу пайтгача бир марта ширин сўз айтмабмана хотинимга, ўғлимни бир марта тиззамга ўтказиб эркаламабман. Доим эрта кетиб, кеч қайтиб, овқатланиб ухлардим. Лекин шу бир кун берилса уларга бир умрга татийдиган бир кунни тақдим этардим. 2 — Ота онамга телефон қилиб улардан ҳол-аҳвол сўраб, уларни жуда жуда яхши кўришимни айтардим. Тўплаганларимни ярмини олиб бориб, ойижон энди сиз фаррошлик қилманг, дадажон, сиз ҳам уйда ўтиринг, бу сизларга кўп йилларга етади, деб уларни рўзғорини бут қилиб бериб келардим. 3 — Дўстларимга телефон қилиб уларни кечирардим ва кечирим сўрардим, ҳатто қарздорларидан қарзларимни сўрамай кечиб юборардим. 4 — Хушторларим...нақд учтая, улардан ҳам кечирим сўраб, пулга зорларига пул бериб, энди ўзгарганимни, мен аёлига вафодор эр бўлганимни айтиб уларга ҳам насиҳат қилиб келардим. Барибир кечиришмаса керак уларга қилган аҳмоқликларим учун.... 5 — Кимни алдаган бўлсам, кимга кўзбўямачилик қилган бўлсам, ҳаммасига телефон қилиб, уларни алдаганимни айтиб, нега бундай қилганимни тушунтириб, талафотларини тўлаб, кечириб сўраб ўзгарганимни айтардим... 6 — Доим мискинларга, йўқчилларга ёрдам қилишни орзу қилардим. Мана ўша орзуни амалга ошириш муддати келди. Шаҳардаги ҳамма етимхоналар, қариялар уйи, беморхоналарни айланиб, муҳтожларни эҳтиёжини қондириб келардим.... 7 — Тоғамда нечта фарзанди бор, билмайман, аммамни кўрмаганимга кўп йиллар бўлиб кетди, юзини кўриниши ҳам эсимдан чиқиб кетган. Уларга қўнғироқ қилиб, қариндошлик алоқаларини тиклардим. 8 — Масжидга борардим, тавба қилиб тўйиб намоз ўқирдим. Шунча пайт ман ўзимни алдаб келибман, асосийси кўнгил тоза бўлсин, деб. Намоз дейишса мен тижоратчиман, сизларга ўхшаб масжидда ўтирсам менга ким беради, осмондан ташлайдими Худо, дердим. Кечир Аллоҳим, мен ҳамкорларимдан уялардим намозхон бўлишдан, улар устимдан кулишмасин, “ҳа гуноҳларингга тавба қилаябсанми” демасин деб, намоз ўқимасдим, одамлардан уялиб ўқимай юраверибман, лекин Сендан уялмабман, кечир Аллоҳим, манга бир кун бер...ҳаммасини ўзгартираман, ўзим ўзгараман, фақат бир кунгина бер 9 — Қасам ичаманки, ҳеч кимдан ҳафа бўлмасдим, ҳеч кимни ҳафа қилмасдим, биров билан тортишмасдим, нега аввал шундай қизиққон бўлган эканман, сал нарсага осмондан келиб, камига уйга келиб аламимни аёлимдан олиб.... Қанчалар аҳмоқмана....гуноҳларим кўз олдимдан ўта бошлади, улар шунчалар кўп эканки, энди уларни баралла кўра бошладим, оқибатимни ўйлаб додлаб қичқирдим: “Эй Аллоҳ бир кунгина бер!!!!”
***
Бирдан уйғониб кетдим...турсам тер босиб кетган, қўлларим дир-дир қалтираб, юрагим бўғзимда урарди. Атрофга қарадим, ёнимда хотиним ухлаб ётарди, телефонимни ушладим, қўлим бемалол ушлаябди. Соат 5 бўлибди. Туриб битта варақча олдимда 9 та тунда Аллоҳга бажаришни ваъда берганларимни ёза бошладим: 1 — Хотиним ва оиламга жиддий эътибор бериб, уларга кўп вақт ажратаман. 2 — Ота онамга телефон қиламан ва уларга пулларимдан бериб шароитларини яхшилайман. 3 — Дўстларимни кечираман 4 — Хушторларим билан алоқани узаман. 5 — Ёлғон гапирмайман, кўзбўямачилик қилмайман. 6 — Мискинлару етимларга ёрдам бераман. 7 — Қариндошлар билан алоқани тиклайман. 8 — Динни қаттиқ тутаман, Етар шунча ўзимни алдаганим. 9 — Бардошли бўлиб, бировга жаҳл қилмайман, тортишмайман. Шуларни ёзиб, шимимни чўнтагига солдимда, яна ухлаб қолдим. Ишга бордим. Иш куни тугади. Ишдан чиқиб лифтга келдим. Лифтни кнопкасини босиб, кутаябман, қўлимни чўнтагимга солдим. Қоғозча, “нимайкин” деб олдим. Эҳееее...бу ишларни қиламан деб ёзиб қўйгандим, қани бирортасини ҳам бажармабманку.... Эртадан бажаришга киришаман. Лифтга кирдимда қоғозчани ўқиб ҳар бир ёзганимни таҳлил қила бошладим. 1 — Йўқ. Хотиним ва болам? Ҳозир буни мавриди эмас. Шундоғ ҳам иккаласини деб тиниб тинчимайман. Нима етишмаябди уларга! Бир кун пенсияга чиқсам, бекорчи бўламан, доим бирга ёнида бўламан, ҳали безор ҳам бўлишади. 2 — Йўқ. Ота онам ҳали баққуват, ўзларини эплай олади, ҳали қариб бир кишига муҳтож бўлиб қолишса, ўзим олиб келиб қарайман. Ҳозир уларга ёрдамим тегмайди, аксинча уларга ҳалақит қиламан. 3 — Ҳмм кечириш эмиш. Бир иккитасини қарзини кечсам, қолгани ҳам бошимга чиқиб олади. Кечиб юборади деб, ўмаришади. Ҳеч қачон! Аксинча, процентни босиш керак буларга, жуда ўзидан кетиб қарз олганини ҳам унутишди номардлар.... 4 — Хушторларим, уларни камайтириш керак. Учта бу жуда кўп, пулни ҳам евворишади, айниқса анави эри бори жуда пулга ўч...шуниси билан алоқани узаман, қолган иккитаси безиён...улар бўлмаса ҳам ҳаёт зерикарли.... 5 — Мен ҳеч кимни алдамайманку! Бу бизнес, бизнесда эса доим тўғри гапириш ҳам бўлмайди, баъзан молни айбини яшириб, баъзан уни йўқ жиҳатлари билан мақтаб сотиш, бу ҳам керак. 6 — Мискинларга ёрдам эмиш...ўзимга ким ёрдам берди, кеча-кундуз тиним билмай оёққа турдим. Ҳамма ўз аравасини ўзи тортсин. Пул ўзимга ҳам керак. Ҳалиям квартирада тураман, Дача қуриш вақти келмадимикан.... Мискинларни ризқи Аллоҳни зиммасида.... 7 — Қариндошларга телефон қилиш? Нима дейман уларга? Тишимни оқини кўрсатсам, эртага қайсини иши чиқса, эшигимни тагида бўладими? Йўқ, раҳмат, уларни узоқроқ бўлганиям яхши... 8 — Дин албатта яхши. Бундан наф бор. Бой, софдил бизнесменлар билан танишим ҳамкорлик қилса бўлади, ҳар холда улар бизга ўҳшаб алдамайди.... Намозга эса, ҳали бор бизга, ўзимизни тиклаб оламизда, кейин битта ҳажга бориб келиб, намозни кандай қилмаймиз... 9 — Сабрли бўлиш? Андишани отини қўрқоқ қўйиб олиб, бари “бу тортишини билмайди, индамайдику” деб бошимга чиқади. Жаҳл қилмасам, менга жаҳл қилишадику...ўтиравераманми мен ўзгарган деб... Ҳеҳ....биттагина тушдан қўрқиб нималарни ёзибмана....вақт сарфлаб....қўрқоқ! Лифтни эшиги очилди. Машинамни олдига келдим. Энди минаман десам орқамдан кимдир: “- Ака чекишга бирор нарса топиладими”, деди. “Чекмайман”, деб машинамга ўтирмоқчийдим, орқамдан қаттиқ зарб билан урилган пичоқ тинкамни қуритди, Қаттиқ оғриқдан йиқилдим, орқасидан иккинчи ва учинчи зарба....қотилни юзига қарашга ҳаракат қилдим....оххх бу учинчи хушторимни эрику....пойлаб юрган эканда номард...бошимни еди я....Пичоқни улоқтириб қочиб кетди. Чап қўлим ишламаябди....бир илож қилиб телефонимни олишга ҳаракат қилиб чўнтагимга қўлимни тиқдим, қандайдир қоғозча илинди, олиб қарадим, ҳалиги рўйхат....яна бир бор ўқидим...ерга ташладим....кўз олдим қоронғулашиб кетди. Бир кунгина вақт бергин Аллоҳим, ҳаммасини ўзгартираман, бир кунгина бер, ҳаммасига улгураман....кўзим хира кўра бошлади, қаршимда кимдир турарди....Аста кўзимни очдим...Жуда даҳшатли, қўрқинчли кўринишда Ўлим фариштаси экан....Бир кунгина бер, ман бутунлай ўзгарардим.......дунёдаги энг яхши мусулмон бўлардим...... Вақтни ғанимат билинг азизлар! Ҳар сония бизга берилган имконият, тавбани кечиктирманг!
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3
ажойиб хикоя.гап йук.