Мархум эридан қолган озгина мерос аллақачон тугаган, болалари эса катта бўлмоқда. Уларни кийинтириш, овқатлантириш кундан-кунга қийинлашиб борар, аёл боши билан топган пули хеч нарсага етмасди. У нихоятда содда, баъзи бир аёлларга ўхшаб савдо билан шуғулланишга қобилияти йўқ, бошини қаерга уришни билмас эди. Мана бугун хам шу ахвол, уйдаги камчиликларни тўлдириш учун зарур пул унда йўқ эди. Автобус бекатида турар, атрофни кузатарди. Бир пайт унга яқин жойда бир такси машинаси келиб тўхтади. Таксидан бир киши тушди. Унинг ноодатий кийими, орқасига осиб олган ғалати сумкаси ажнабий эканлигидан далолат берарди. Бундайлар йул кира хақига яхши пул беришини биларди ва умид билан такси хайдовчиси томон юрди. Ажаб эмас, озгина ёрдам қилса. -Ука, мени тиланчи деб ўйламанг, илтимос. Аллох розилиги учун менга ёрдам беринг, мен очликдан ўлимга розиман, аммо, болаларимнинг қийналишларига чидай олмаяпман. Кутилмаган бу мурожаатдан хайдовчи бироз тараддудланиб қолди. Киссасида пул бор, йўқ эмас, аммо, бу пулларни тишининг кавагида асраб юрганди. Машинасининг шиналари анчадан буён эскирган, уларни янгилаш оддий такси хайдовчиси учун осон эмас эди. Бу пулларни рўзғордан орттириб анчадан буён йиғиб келаётганди. Уйига борса, хар куни хотини жаврайди. -Хой, дадаси, қачон алмаштирасиз, бу қуриб кетгур балонларни. Сал кечга қолсангиз, хаёлимга нималар келмайди, дейсиз. Қачонгача бунақа хавотирда ўтираман. Шу тахлит гапларни дарров эслади ва "ўзинг оғир ахволда бўлсанг, ёрдам беришинг шарт эмас” деган шайтоний ўй кечди хаёлидан. Аммо, дарров "Пулни мана шундай пайтда ишлатмасанг, қачон ишлатасан. Пулинг кўпайганда, мана шундай мухтож инсонни топа олмасангчи? Аллохнинг розилиги қаерларда яширинган эканлигини қаердан биласан”, деб ўнг тараф фариштаси қалбини юмшата бошлади. У чўнтагидаги бор пулини чиқарди ва халиги аёлга берди. -Олинг синглим, бу пул анча вақтга етади, кейин яна Аллох бир йўлга бошлар, -деди-да, пул кўплигидан аёл қайтариб бериши мумкинлигини сезиб, дарров газни босди. Кун бўйи қулоқлари остидан аёлнинг "сен менга ёрдам бердинг, Аллох сенга ёрдам берсин” деб дуо қилгани кетмади ва қалбида "Омин” деб такрорларди. Уйга келгач, хотинига: -Янги балонлар келмабди, келиши хабар қиламиз, дейишди, -деб қўя қолди ва бир неча кун учун бу савол-жавобдан қутулди. Орадан бир неча кун ўтди, бир куни у уйига келиб хотинини манзил ёзилган қоғоз ушлаб ўтирган холатда кўрди. -Бир одам келди, мана шу манзилни бериб, эртага боришингизни айтди. Машинангизга янги балон қўйиб берар экан. У хайрон қолди, ахир, хеч кимга бу хақида оғиз очмаганди. Эрталабгача қандай ухлаганини билмади, биринчи қилган иши ўша манзилга бориш бўлди. Балон учун эмас, қизиқиш уни етаклаб борганди. Манзил ёзилган қоғозни кутиб олган кишига берар экан. хайронлиги икки баробар ортди. Мезбон "ўша такси хайдовчиси сизми” деб қучоқлаб олди, кейин йиғлай бошлади. -Уч кундан бери Расулулох (с.а.в) тушимга кирадилар ва менга, "мана шу манзилдаги бир такси хайдовчисини балонларини алмаштириб бер ва бунинг эвазига менинг шафоатимга эга бўлгин”, дейдилар. Эй биродар, сиз қандай хайрли иш қилдингизки, пайғамбаримиз (с.а.в.) уч кундан бери мени бу ишга буюрмоқдалар. Энди йиғлаш навбати хайдовчига келганди. Кўзларини юмди, қалб кўзи билан пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в.) нинг ризолик тўла нигохларини хам, йўлдаги аёлнинг миннатдорчилик уфуриб турган кўзларини хам бир лавхада кўриб, хис қилиб турарди. Қулоқлари мезбоннинг тинмай "Субхоналлох” деяётган сўзларини эшитмас, аёлнинг "Аллох сенга ёрдам берсин” деган сўзларини қайта-қайта хаёлида жонлантирар, дуодаги "ёрдам” калимасини аёл қанчалик кичик маънода ишлатган бўлса-да, бу сўз нақадар кенг маънода самода қабул қилинганлигидан хайратда эди . . . ! ! !
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев