17 aprel 2021
Савол: қазо рўзаларни тутаётганлар қандай ният қилишади?
Жавоб: қазо рўзаларни тутаётганлар субҳи содиқдан аввал ният қилиб олишлари, ниятда қандай рўзани, қайси куннинг қазосини тутаётганини тайин қилишлари шарт. Ифторлик пайтида «Эртага ҳам қазо рўза тутаман» ёки «Эртага қазо рўза тутишни ният қилдим» деб ният қилиш ҳам мумкин. Қазоси кўпайиб кетса ёки неча кунлиги эсида бўлмаса, «зиммамга энг аввал вожиб бўлган Рамазоннинг қазосини ёки зиммамга энг охирги вожиб бўлган Рамазоннинг қазосини тутишни ният қилдим» деса, кифоя қилади.
Савол: каффорат рўзасини тутувчилар қандай ният қилишади?
Жавоб: каффорат рўзасини тутувчилар субҳи содиқдан аввал ният қилиб, ниятда қайси каффорат эканини тайин қилишлари шарт. Ифторлик пайтида «Эртага ҳам каффорат рўзасини тутаман» ёки «Эртага каффорат рўзасини тутишни ният қилдим» деб ният қилиш ҳам мумкин. Мисол учун, «Рамазон рўзасининг каффоратини», «Зиҳорнинг каффоратини» ёки «Қасамнинг каффоратини ният қилдим» дейишлари каби.
Савол: қайси амаллар рўзани бузиб, қазо ва каффоратни вожиб қилади?
Жавоб: рўза бузилган ҳар қандай ҳолатда қазосини тутиш вожиб бўлади, лекин қуйидаги ҳолатларда қазо билан бирга каффорат ҳам вожиб бўлади?
– рўзани суратан бузиш (томоқдан бирор нарса ўтиши, икки йўлдан бирига жимоъ қилиш). Томоқдан бошқа йўлдан, масалан, бурун, қулоқ, аёлнинг олди, эркагу аёлнинг орқасидан дори ёки шу каби нарса кирса, фақат қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди .
Шунингдек, олд-орқадан бошқа жойга жимоъ қилиниб, маний тўкилса ҳам қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Агар маний тўкилмаса, қазо ҳам лозим бўлмайди.
– рўзани маънан бузиш (баданга манфаат бер, озуқа ёки даво бўладиган, лаззат ҳосил қиладиган, инсон таъби ейишга мойил бўладиган нарсаларнинг томоқдан ўтиши). Озуқа ёки даво бўлмаган, инсон таъби ейишга мойил бўлмайдиган (тош, кесак, тиш ковагидаги каби) нарсалар томоқдан ўтса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Зеро, бу ҳолатлар ейиш бўлса ҳам, озуқа ейиш ҳисобланмайди (доимо кесак еб юрадиганлар бундан мустасно);
– рўзани қасдан бузиш (адашиб эмас).
Таҳорат ёки ғусл қилаётганда беихтиёр томоқдан сув ўтиб кетса, қазо лозим бўлиб , каффорат вожиб бўлмайди.
Рўзадорлигини унутиб, еб-ичиб қўйса, ёғаётган ёмғир томчиларини ютиб юборса қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлмайди.
– рўзани ўз ихтиёри билан бузиш (мажбурланиш бундан мустасно). Бировнинг мажбурлаши туфайли рўза очилса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди;
– рўзани заруратсиз бузиш (зарурат юзасидан бузиш бундан мустасно). Рўзани очишга қаттиқ ташналик, очлик, беморлик каби зарурат пайдо бўлса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди;
– рўза бузилгандан кейин рўзани очишни мубоҳ қиладиган ҳолат бўлмаслиги. Масалан, рўзани қасддан очгандан кейин ҳайз ва нифос келиб қолиши, қаттиқ ташналик, очлик, оғир касаллик каби ҳалок қиладиган ёки бирор аъзога талафот еткизадиган даражада ҳолат юзага келиб, рўзани очиб юборилса қазо лозим бўлиб, каффорат соқит бўлади.
– рўзани мусофир ё бемор бўлмай туриб бузиш. Агар мусофир ё бемор бўлатуриб рўза тутса - ю , кейин рўзасини очиб юборса, қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.
– Рамазон рўзасини адо қилаётганда рўзани очиб юбориш. Бундан бошқа рўзалар бузилса, шунингдек, Рамазоннинг қазо рўзаси бузилса ҳам каффорат вожиб бўлмайди.
– cубҳи содиқдан аввал ният қилинган рўзани бузиш.
Субҳи содиқдан кейин ният қилиб, кейин рўзасини очиб юборса, каффорат вожиб бўлмайди.
– бирор шубҳа туфайли рўзани очиш. Агар қуёш ботди деб ўйлаб, ифторлик қилган бўлса, субҳи содиқ кирмади, деб еб-ичган бўлса, қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.
Савол: рўзанинг каффорати қандай адо этилади?
Жавоб: 1) бир қул озод қилиш; 2) қулга имконияти бўлмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиш (алоҳида бир кун қазоси ҳам тутилади); 3) бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмиш кишини эрталаб ва кечқурун таомлантириш;
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули !» деди. « Сени нима ҳалок қилди?» дедилар. «Рамазонда хотинимга яқинлик қилиб чиқиб қўйдим», деди. «Озод қилишга қул топа оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Икки ой кетма - кет рўза тута оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. Сўнгра кутиб ўтирди. Шу пайт Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир замбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга) «Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзимдан ҳам фақирроққами? Аллоҳга қасамки, унинг (Мадинанинг) икки чети орасида биздан кўра муҳтожроқ хонадон йўқ», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра: «Бор, уни аҳлингга таом қилиб бер», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Савол: зиммасига каффорат лозим бўлган киши икки ой кетма-кет рўза тутмай, олтмишта мискинни таомлантирса ҳам бўладими?
Жавоб: рўза тутишга қодир бўлатуриб таомлантириш билан каффорат адо бўлмайди.
Каффоратни адо қилиш учун аввало бир қул озод қилиш керак. Бунга имкони бўлмаса, икки ой кетма-кет рўза тутиши керак. Бунга ҳам қодир бўлмаса олтмишта мискинни таомлантириши керак.
Савол: Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиққача ният қилишга улгурмаса нима қилади?
Жавоб: Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал рўза тутишни ният қилиши шарт. Агар субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шунинг учун саҳарликка тура олмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин «Эртанги куннинг қазо ва каффоратини тутишни ният қилдим», деса кифоя. «Эртага рўза тутаман, иншааллоҳ», деса нияти дуруст бўлади.
Савол: икки ой каффорат рўзасини тутаётган киши ўртада бемор бўлиб қолса нима қилади?
Жавоб: беморлиги туфайли каффорат рўзани охиригача тута олмай қолган киши соғайиб кетгач, бошидан бошлаб икки ой рўза тутади. Каффорат рўзасини тутаётган эркак ёки аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб юборса, яна қайтадан бошлайди. Лекин аёлнинг ҳайз кўриши бундан мустаснодир. Нифос эса мустасно эмас.
Савол: қасддан бир неча рўзасини очиб юборган кишига неча марта каффорат лозим бўлади?
Жавоб: бир Рамазон ойининг бир неча кунлик рўзасини қасддан очган кишига битта каффорат кифоя қилади. Бир неча Рамазон ойининг рўзаларини қасддан очган кишига ҳар бир Рамазон ойи учун алоҳида-алоҳида каффорат лозим бўлади.
Уламолар бир Рамазон ойининг бир кунида бир неча бор еб-ичиб қўйиб, рўзасини қасддан очиб юборган кишининг битта каффорат тўлаши борасида иттифоқ қилишган.
Савол: каффорат вожиб бўлишини билмай, Рамазоннинг рўзасини қасддан бузиб қўйган кишига ҳам каффорат лозим бўладими?
Жавоб: Рамазон рўзасини қасддан бузган кишига каффорат лозим бўлади. Бунинг ҳукмини билмаслиги узр саналмайди. Ким икки йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еб-ичиб қўйса, зиммасига қазо ва каффорат лозим бўлади.
Бунда аввало бир қул озод қилади. Бунга имкони бўлмаса, икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради.
Савол: эр аёлини мажбурлаб яқинлик қилса, аёлга ҳам каффорат лозим бўладими?
Жавоб: аёл ҳам бошидан хоҳлаб рози бўлса, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлади. Агар аввалида рози бўлмай, эр яқинликни бошлаб юборганидан кейин рози бўлса қазо лозим бўлиб каффорот лозим бўлмайди.
"Мўминнинг қалқони" китобидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1